Jump to content

Ислом

From Vikipediya


Дин

Ўз-ўзини диний англаш турлари

Монотеизм  · Дуализм  · Политеизм  · Деизм · Теизм  · Ицизм · Пантеизм · Пандеизм

Ибтидоий динлар

Тотемизм  · Анимизм  · Фетишизм  · Шомонизм

Дунё динлари

Буддизм · Баҳоийлик

Иброҳимий динлар

Яҳудийлик · Христианлик · Ислом

Дҳармик динлар

Ҳиндуийлик · Жайнизм · Сикҳизм · Буддизм

Узоқ Шарқнинг анъанавий динлари

Даосизм · Конфуцийлик · Синтоизм

Бошқа динлар

Тангричилик  · Зардуштийлик

Асосий ғоялари

Тангри · Руҳ · Гуноҳ  · Муқаддаслик · Руҳ фалсафаси · Иймон  · Догма · Муқаддас китоблар  · Ўлимдан кейинги ҳаёт  · Ибодат  · Ибодатхона

Динларнинг рўйхати

г · м

Ислом (арабча: اَلْإِسْلَامُ, ал-’Ислāм — „бўйсуниш“, „итоат этиш“) — жаҳонда кенг тарқалган уч диндан (христианлик ва буддавийлик билан бир қаторда) бири. Ислом динига эътиқод қилувчилар арабча „муслим“ („садоқатли“; кўплиги „муслимун“) деб аталади[1]. „Муслим“, „муслимун“ сўзининг бошқа халқлар орасида ўзгача талаффуз этиш (масалан, форсларда — мусалмон, ўзбекларда — мусулмон, қирғиз ва қозоқларда — мусулмон, Украина ва Россияда — басурман) натижасида бу динга эътиқод қилувчилар турли ном билан аталади, лекин буларнинг ичида ҳозир мусулмон ибораси кенг тарқалган.

Жаҳонда дунё аҳолисининг 24,9%и, яъни 1,1–1,8 миллиард киши Исломга эътиқод қилади[2][3]. Мусулмонларнинг 2/3 қисмидан кўпроғи Осиёда яшайди ва бу қитъа аҳолисининг 20%идан ортиқроғини ташкил этади. Қарийб 30% мусулмонлар Африкага тўғри келади (қитъа аҳолисининг деярли ярми). Дунёда мусулмон жамоалари мавжуд бўлган 120 дан ортиқ мамлакатдан 40 дан зиёдида мусулмонлар аҳолининг кўпчилигини ташкил қилади — Шимолий Африка, Ғарбий Осиёнинг барча мамлакатларида (Кипр, Ливан, Исроил, мустасно), Сенегал, Гамбия, Нигер, Сомали, Афғонистон, Покистон, Бангладеш, Индонезия ва бошқа баъзи мамлакатларда аҳолининг 80%дан ортиғи мусулмонлардир; бир қанча мамлакатларда мусулмонлар аҳолининг ярмидан 80%игача ташкил қилади (Гвинея, Мали, Ливан, Чад, Судан). Малайзия ва Нигерияда қарийб ярми, баъзи бир мамлакатлар (Гвинея-Бисау, Камерун, Буркина-фасо, Серра-Леоне ва бошқа)да мусулмонлар озчиликни ташкил қилса ҳам, таъсир доираси кучли. Мусулмонларнинг сони жиҳатдан энг йирик давлатлар — Индонезия, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш; мусулмонларнинг анчаси Марказий Осиё мамлакатлари, Хитой, Таиланд, Эфиопия, Танзания, Кипрда, Европанинг айрим мамлакатлари (Босния ва Герсеговина, Албания, Буюк Британия, ГФР, Франсия ва бошқа), Америка қитъаси мамлакатлари (АҚШ, Канада, Аргентина, Бразилия, Гаяна, Суринам, Тринидад ва Тобаго)да, Австралияда, Фижи оролларида яшайди.

Давлатлар аҳолиси таркиби ислом динида эътиқод қилувчи 10%
Яшил: сунний минтақалар, Қизил: шия ��интақалар, Кўк: Ибодийлар (Уммон)

Ислом ВИИ асрда Ҳижоз (Ғарбий Арабистон)да пайдо бўлди. Унинг асосчиси Муҳаммад саналади. Ислом динининг пайдо бўлиши хусусида Ислом манбаларига асосланган диний анъанада у илоҳий ҳодиса, инсонларни тўғри йўлга солиш учун Аллоҳ таоло томонидан юборилган охирги таълимот деб ҳисобланади. Ислом талқинида дастлаб яҳудий ва христианлар ҳам айнан мусулмонлар эътиқод қилган худога ишонганлар. Шу Худо, яъни Аллоҳ одамларга пайғамбарлар ва элчилар юборган, аммо инсонлар пайғамбарлар таълимотини бузганлар. Шунинг учун Аллоҳ инсонларга охирги расул этиб Муҳаммадни танлади, унга ўзининг каломи — Қуръон нозил қилди. Муҳаммад олдин ўз ҳамшаҳарларини, сўнг барча арабларни кўплаб қабила худоларига сиғинишдан воз кечиш ва ягона Худо — Аллоҳга эътиқод қилиш, солиҳ ҳаёт кечириш, у дунёда жаннатга тушиш учун бу дунёда эзгу ишлар қилишга даъват этди. Қуръонга кўра, араблар ва яҳудийларнинг умумий бобокалони Иброҳим Аллоҳга биринчи бўлиб имон келтирган. Демак, Ислом батамом янги эътиқод эмас, балки Иброҳимга нозил бўлган динидир.

Исломнинг турли тармоқлари

Муҳаммадга, 40 ёшида (милодий 610-йил) ваҳий (илоҳий кўрсатма) келишни бошлади, бироқбир неча нуфузли яқин қариндошларини ҳисобга олмаганда, Макканинг кўпчилик аҳолиси, айниқса, Қурайш қабиласининг зодагонлари унинг тарғиботларига очиқдан-очиқ қарши чиқдилар. Муҳаммадни ёлғончига чиқариб жуда катта зулм кўрсатилди. Дастлаб бир гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижрат қилишди, Ясрибдаги Бану Авс ва Бану Ҳазраж қабилаларининг вакиллари 622-йилда мусулмон жамоасини ўзига қабул қилиш, Муҳаммадни пайғамбар ва Аллоҳни ягона деб тан олишди. Ҳижрат номини олган бу воқеа Ислом тарихида бурилиш ясади. Кўчиб ўтган кишилар муҳожирлар (кўчиб келганлар), Мадинада Исломни қабул қилганлар ансорлар (тарафдорлар) деб аталдилар. Мадина ва Макка ўртасида бошланган кураш 8 йил давом этди (қаранг Бадр жанги, Уҳуд жанги, Хандақ жанги ва бошқа). 628-йилда Макка зодагонлари Муҳаммад билан келишишга мажбур бўлдилар (қаранг Худайбия сулҳи). 630-йилда мусулмонлар қўшини ҳеч қандай қаршиликсиз Маккага кириб борди. Макка аҳолиси ёппасига Ислом динини қабул қилди ва Муҳаммадни Аллоҳнинг элчиси деб эътироф этди. Ана шундан бошлаб Макка Ислом дини марказига, Каъба мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳига айланган. Муҳаммад вафот этган 632-йилда Арабистон яримороли тўла бирлаштирилган, унинг аксарият аҳолиси Ислом динини қабул қилган эди. Арабистоннинг сиёсий, иқтисодий, этник ва маданий жиҳатлардан бирлашишида Ислом дини муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Муҳаммад вафотидан сўнг, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб пайғамбарнинг ўринбосари (халифа) сифатида ҳукмронлик қилдилар. Улар ва улардан кейинги халифалар ВИИ-ВИИИ асрларда Ироқ, Фаластин, Сурия, Эрон, Мовароуннаҳр, Миср, Шимолий Африка, Пиреней яримороли, Шимолий Ҳиндистонни фатҳ қилишди. Бир асрдан камроқ вақт давомида Шимолий Хитойдан Испаниягача, Кавказортидан Ҳинд океанигача бўлган катта ҳудудни забт этдилар ва Ислом динини ёйдилар (қаранг Араб халифалиги).

Исломнинг муқаддас китоби Қуръондир. Мусулмончиликда бу китобнинг бутун мазмуни Аллоҳнинг ваҳий қилган далолати деб тушунилади. Исломнинг ақидалари, эътиқод талаблари, ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрлари, чеклаш ва таъқиқлари Қуръон билан бирга унинг тафсирларида, ҳадис тўпламлари ва шариат қўлланмаларида, шунингдек, ВИИИ-ХИИ асрларда вужудга келган илоҳиёт адабиётларида ўз ифодасини топган.

Исломнинг асосий ақидаси — „Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг расули“. Ислом илоҳиётининг илк шакли — калом бўлиб, ВИИИ асрда Араб халифалигида вужудга келган. Мутакаллимлар Ислом дини ақидаларини ишлаб чиққанлар.

Ислом дини 5 „асос“ ёки „устун“ (аркон ад-дин ал-исломий)га эга:

Шулардан биринчиси иймон ва қолганлари ибодат деб эътироф этилган. Имон 7 ақидани — Аллоҳга, унинг фаришталарига, муқаддас китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, тақдир (яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг иродаси билан бўлиши)га ва ўлгандан кейин тирилишга ишонишни ўз ичига олади. Исломда рўза ҳайити, қурбонлик ва қурбон ҳайити, ақиқа, мавлид каби ўзига хос диний маросим ва байрамлар таркиб топган. Бундан ташқари, маҳаллий халқларда Исломгача мавжуд бўлган урф-одатлар, жумладан, фол очириш, дам солдириш, азиз-авлиёларга, муқаддас жойларга сиғиниш ҳам Ислом маросимчилигига мослашиб кетган. Бу нарса, айниқса, Марказий Осиё мусулмонлари орасида ҳали ҳануз сақланиб қолган. Аслида, Ислом ақидасига кўра, жойларга сиғиниш, шахсларга сиғиниш, фол очиш ва фол очдириш, ҳаром қилинган, яъни Аллоҳ таолодан ўзгасидан кўмак сўраш таъқиқланган.

Исломда илк даврдан пайдо бўлган энг биринчи йирик муаммо — олий ҳокимиятни эгаллашга пайғамбардан кейин ким ҳақлироқ, деган масала бўлди. Али тарафдорлари „шиа“ номини олиб, Исломда биринчи бўлинишни бошлаб бердилар. Учинчи халифа Усмон айнан шу бўлинишнинг қурбони сифатида жон таслим қилди. Икки тараф — суннийлик ва шиалик ўртасидаги кураш асносида хорижийлар деб аталган учинчи йўналиш ҳам пайдо бўлди, аммо Ислом тарихи узра суннийлик (90%дан зиёд) асосий йўналиш бўлиб келди. Ўрта асрларда ҳукмронлик қилган аббосийлар, салжуқийлар, айюбийлар, мамлуклар, усмонли турклар, темурийлар сулолалари суннийликда эдилар. Ҳозирги кунда ҳам суннийлар мусулмонларнинг мутлақ кўпчилиги (93%)ни ташкил этади. Бирдан-бир давлат — Эронда шиалик расмий диний йўналиш сифатида қабул қилинган. Ироқ, Ливан, Шимолий Яман, Озарбайжон ва Афғонистонда шиаларнинг йирик жамоалари мавжуд. Уммон ва Шимолий Африкада хорижийларнинг баъзи тоифалари сақланиб қолган.

Мусулмон ҳуқуқшунослиги — фиқҳда 4 сунний (ҳанафийлик, шофиъийлик, моликийлик, ҳанбалийлик) ва 1 шиа (Жаъфарийлик) мазҳаблари шаклланган. Мазҳаблар диний фирқалардан фарқ қилади. Фирқалар, асосан, географик ва иқлимий омиллар ҳамда Исломни қабул қилган халқларнинг олдинги маданияти, анъаналари ва диний тасаввурлари таъсирида вужудга келган. Уларнинг аксарияти шиа йўналишига мансуб бўлиб, энг йириклари — имомийлар, исмоилийлар ва зайдийлардир. Исломда илк даврлардан шариат (барча тўла риоя қилиниши керак бўлган қонунчилик) билан тариқат (фақат айримлар Аллоҳ хайрихоҳлигига муяссар бўлиши мумкинлиги) ёнма-ён ривожланиб келган. Тариқат асосчилари — муршидларнинг „валийнеъмати“ асрлар оша ҳозирги авлодгача етиб келади, деган тушунча бор. ВИИИ-ИХ асрларда Исломда диний-фалсафий оқим — тасаввуф пайдо бўлди. Шарқда энг машҳур бўлган тасаввуф тариқатлари — нақшбандийлик, қодирийлар, шозилийлардир.

Ислом динининг муҳим хусусиятларидан бири — уни қабул қилган халқлар вакиллари учун Ислом ақидаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш имкониятини берганидадир. У ўзига хос 3 тараққиёт босқичи ёки даврни ўтади. Биринчисини, шартли равишда, Қуръон даври деб аташ мумкин. Қуръони Каримда ўз аксини топган Арабистон аҳолисининг диний онги даражасини ифода этувчи диний-сиёсий ва ижтимоий қарашлар, ҳуқуқий ва ахлоқий мезонлар бутун мусулмон олами учун ҳозиргача шак-шубҳасиз умумий қадрият ҳисобланади. Деярли 4 аср давом этган иккинчи давр Исломда умумисломий аҳкомлар ҳукмронлиги остида турли фикрлар йўл қўйилгани билан ажралиб туради. Исломдаги йўналишлар, мазҳаблар ва фирқалар ана шу даврда пайдо бўлди. Мусулмонларнинг диний бирлиги ҳал қилиб бўлмайдиган муаммо бўлиб қолди. Х-ХИ асрларда анъанага содиқ суннийлар билан имомий шиалар, мўътазилийлар ҳамда ашъарийлар ўртасида муносабатлар, айниқса, кескинлашиб кетди. Халифа Қодир (991–1031) анъанавий Исломни қонун асосида барча учун мажбурий бўлган давлат дини деб қарор топтиришга уриниб кўрди. Шу мақсадда анъанага содиқ илоҳиётчилар имзолаган „Диннинг қодирий рамзи“ эълон қилинди. Унда „ҳақ дин“ деб эълон қилинган анъанавий диний таълимотнинг асосий қоидалари муфассал баён қилиб берилди, ундан четга чиқиш жазолашга лойиқ эътиқодсизлик деб қаралди, бироқ бу тадбир ҳам Исломда диний бирлик ўрнатилишига олиб келмади. Ғоявий кураш кейинги асрларда ҳам давом этди. Исломдаги учинчи тараққиёт босқичи мусулмон дунёси „чекка“ ўлкаларининг аҳамияти ва ўрни ортганлиги билан боғлиқдир. Батамом ўзга маданий анъаналарга эга бўлган халқлар мусулмон дунёсининг маънавий ҳаётига қўшилгач, Исломга ўз диний-ахлоқий тасаввурлари, ҳуқуқий меъёрлари ва одатларини олиб кирдилар. Мовароуннаҳр, Эрон, Шимолий Африка, Ҳиндистон, Индонезия каби йирик тарихий-маданий минтақаларда Ислом ўзига хос хусусиятлар касб этади.

Исломнинг ривожланишига Мовароуннаҳрда етишиб чиққан алломалар катта ҳисса қўшди. Имом Бухорий китоб ҳолига келтирган ҳадислар тўплами — „Ал-Жоме ас-Саҳиҳ“ Ислом динида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Бухорий ва унинг сафдошлари Ислом илоҳиётининг барча йўналишлари бўйича муҳим тадқиқотлар қилдилар. Жумладан, Ислом назариётчилигида юқори баҳоланадиган „Илал ашшариат ва Хатм ул-Аслиёт“ рисоласини таълиф этган Ҳаким Термизий, Ислом ҳуқуқшунослигини ўрганишнинг асосий қўлланмаси ҳисобланган „Ҳидоя“нинг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний, Ислом ақидаси асосларини муайян тартибга солган, калом илмида мактаб яратган Имом Мотуридий (қаранг Мотуридийлик), буюк фақиҳ Абу Лайс Самарқандий, мусулмон дунёсининг энг эъзозли мухаддисларидан Исо Термизий, қомусий илмлар соҳиби, хусусан, тафсир, ҳадис, шариат қонуншунослигида салмоқли асарлар битган Замахшарий, тасаввуфда ўзига хос из қолдирган Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳдуми Аъзам, Нажмиддин Кубро, Сўфи Оллоёр, Хўжа Аҳрор, Абдухолиқ Ғиждувоний ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин. Улар мусулмон эътиқодини халқ дунёқараши билан уйғунлаштирганликлари туфайли Ўрта Осиёда маданий ҳаётнинг адабиёт, меъморлик, мусиқа каби соҳаларида тараққиёт юзага келди.

Ислом дини мусулмон мамлакатлари санъатида ўз изини қолдирди. Меъморлик соҳасида бу жараён янги иморат турлари (масжид, минора, хонақоҳ, мадраса ва бошқа)нинг пайдо бўлишига ҳамда кенг тарқалишига сабаб бўлди. Ислом дини пайдо бўлган даврда авж олган бутпарастлик, суратпарастликни олдини олиш мақсадида Муҳаммад сураткашликни қаттиқ таъқиқлаб қўйган эди. Шу асосда Исломнинг йирик мутафаккир ҳуқуқшунослари ҳам тасвирий санъатнинг бу турини таъқиқланган ишлар қаторига қўшганлар. Бундан улар амалий санъат турлари, нақш, безак ва ўсимликлар суратини истисно қилишган. Исломда инсон суратини чизиш ёки унинг ҳайкалини ясашнинг тақиқланишига асосий сабаб — пайғамбар ва азиз-авлиёларнинг расмларини чизиб ёки ҳайкалларини ясаб, уларга сиғиниб кетиш хавфининг мавжудлиги бўлган. ХХ-ХХИ асрларга келиб, Ислом дунёси уламоларининг бу санъатга муносабатларига яна бир карра аниқлик киритилди: илоҳийлаштириш ва одамларнинг сиғиниши мақсадида инсон расмини чизиш мумкин эмаслиги эътироф этилди. Уламоларнинг берган фатволарига кўра, мусулмонларга фаҳш ва уят нарсаларни ифода этувчи расмлар, бут, санам ва икона тасвирлар қатъиян таъқиқланган.

Мусулмон Шарқи ВИИИ-ХИ асрларда тараққиётда Ғарбдан олдинда эди: ғарб олимлари мусулмон файласуфлари ва табибларидан сабоқ олишган; ғарб савдогари Ислом дунёсидаги савдонинг кўламига ҳавас билан қараган; шарқ товарлари ғарбда зеб-зийнат моллари ҳисобланган. Шарқ шаҳарларининг бойлиги ва ҳашамати ғарб учун афсонадек туюлган. Буларнинг барчасида асосий мафкура вазифасини бажарган Исломнинг ижобий хизмати буюк, албатта, аммо ХИИ-ХИИИ асрлардан кейин мусулмон дунёси дастлаб турғунлик, сўнг таназзулга юз тута бошлади. Баъзилар консерватив (қотиб қолган) дин сифатида Ислом тараққиётга тўсиқ бўлди, дея унга катта айб қўймоқчи бўладилар. Аслида сўнгги ўрта асрларда юз берган мусулмон дунёсининг тушкунлиги жуда мураккаб ижтимоий-иқтисодий омиллар билан боғлиқ бўлиб, ўша даврдаги Исломнинг ўзи ана шу тушкунликнинг муайян шаклидаги ифодаси эди.

ХИХ аср бошидан ХХ асрнинг 2-ярмигача ўтган бир ярим асрлик давр Исломнинг ривожланишида муҳим бурилиш босқичи бўлди. Шарқ мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий тузилишидаги ўзгаришлар янги синф — миллий буржуазиянинг вужудга келиши, миллий-озодлик ҳаракатининг авж олиши — буларнинг ҳаммаси Исломнинг жамиятдаги мавқеига бўлган қарашларда ҳам, ижтимоий ҳаётдаги янгиликларни Ислом нуқтаи назаридан баҳолашда ҳам ўзгаришлар ясади. Ислом диний-фалсафий ва ҳуқуқий меъёрларининг янги тарихий шароитга мослашиш жараёни ХИХ аср ўрталаридан бошланиб, ҳозиргача давом этмоқда. Бу жараённи кўпгина тадқиқотчилар „Ислом ислоҳотчилиги“ деб атайдилар, у христиан реформациясидан тубдан фарқ қилади. Бу тафовут, биринчидан, шундан иборатки, мазкур жараёнлар турли даврларда, турлича муайян тарихий шароитларда рўй берди. Иккинчидан, „Ислом ислоҳотчилиги“ дунёвий ҳаётнинг турли жиҳатларини диний нуқтаи назардан қайта баҳолашда намоён бўлди ва соф илоҳиётга доир масалаларга дахли бўлмади. Учинчидан, Исломда христианларникига ўхшаш черков билан руҳонийларни боғлаб турувчи тизим бўлмаганидан Исломдаги ислоҳотлар хусусиятига жиддий таъсир қилди.

Ўрта асрларда таркиб топган мусулмон суд тизимида катта ўзгаришлар юз берди. Мусулмон ҳуқуқи тизимининг ўзи ҳам муайян даражада ўзгарди: шариат судлари ҳуқуқи аста-секин чеклана борди; ХИХ аср ўрталарига келиб, Усмонийлар империяси ҳудудида шариат судлари ва дунёвий судларнинг ваколати бутунлай чегаралаб қўйилди. Бир қанча мамлакатларда шариатда кўзда тутилмайдиган жиноят кодекслари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар жорий қилинди. Мисрда Муҳаммад Алининг ислоҳотлари ва Усмонийлар империясидаги танзимот сиёсати (ислоҳотлар) туфайли Исломнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеида муайян ўзгаришлар рўй берди.

Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш талаблари мусулмон илоҳиётчилари ва ҳуқуқшуносларини исломнинг бир қанча анъанавий қоидаларини янгича талқин этишга мажбур эта бошлади, бироқ бу жараён осон кечмади ва узоққа чўзилиб кетди. Бу жумладан, мусулмон мамлакатларида банк тизимини яратиш жоизми (ёки гуноҳми) деган масала юзасидан бошланган мунозарада ўз аксини топди. Мусулмон мамлакатларида тадбиркорликнинг авж олиши шариат қоидаларини ҳам, мусулмончиликдаги бошқа анъанавий тамойилларни ҳам янгича талқин қилишга олиб келди. Ижтимоий онг соҳасида рўй берган ўзгариш жуда муҳим рол ўйнади. Бу, аввало, миллий ўзини англаш жараёнига тааллуқлидир. Шу жараён давомида исломнинг барча мусулмонларнинг бирлиги тўғрисидаги анъанавий қоидаси янгича маъно касб этди. Жамолиддин ал-Афғоний мусулмонларнинг бирдамлиги ғоясини кўтариб чиқди. М. Абду, Жамолиддин ал-Афғоний, Рашид Ризо ва бошқанинг ғоялари миллий-озодлик ҳаракатларига туртки бўлиб кўпчилик мусулмон давлатларининг сиёсий мустақиллигига эришувида ижобий рол ўйнади. Айни вақтда ислом бирдамлиги ғоясига асосланган халқаро Ислом ҳаракати шакллана бошлади: 1926-йилда биринчи халқаро мусулмон ташкилоти — Ислом олами конгресси (Муътамар ал-алам ал-исломи) ташкил қилинди. Шунингдек, Исломнинг гўё Муҳаммаднинг замонидаги „асл“ тамойилларига қайтишга даъват этишга турли фундаменталистик оқимлар (қаранг Ваҳҳобийлик) ва уларнинг таркибида ўз ғоялари учун курашда террор усулига таянувчи гуруҳлар, экстремистик тўдалар пайдо бўлди. ХХ асрнинг 2-ярмида жамиятда ижтимоий адолат ўрнатиш масаласида ҳам Ислом омилидан фойдаланишга қаратилган уринишлар содир бўлди (Эрон Ислом инқилоби, Ливия Жамаҳирияси ва бошқа).

Бир қатор мамлакатлар (МАП, Қувайт, Саудия Арабистони, Эрон, Покистон, Афғонистон ва ш. к.)да Ислом давлат дини (ёки расмий дин) сифатида тан олинган. Айрим мамлакатларда „Ислом“ сўзи давлатнинг расмий номи таркибига киритилган: Эрон Ислом Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Афғонистон Ислом Республикаси, Мавритания Ислом Республикаси ва бошқа Осиё, Африка қитъасидаги баъзи мамлакатларда Исломнинг тарқалишига мусулмон партиялари таъсир қилмоқда, улар кўпинча сиёсатда муҳим рол ўйнамоқда. Эрондаги Ислом Республикаси партияси, Индонезиядаги Бирлик ва тараққиёт партияси, Малайзиядаги Панмалайзия ислом партияси, Ҳиндистон ва Покистон Жамоати ислом партияси бунга мисол бўла олади. Бир қанча мамлакатларда диний-сиёсий ташкилотлар (шу жумладан, қонундан ташқаридаги ташкилотлар — „Мусулмон биродарлар“, Ислом озодлиги партияси) тарқалган, кўпгина диний билим юртлари (қорилик мактаблари, мадраса, мусулмон университетлари), ислом жамиятлари, миссионерлик ташкилотлари, тижорат корхоналари (ислом банклари, суғурта компаниялари) ишлаб турибди.

Мусулмон суд ишларини олиб бориш тизими сақланиб қолмоқда. ХИХ асрнинг 70-80-йилларидаги шариатнинг илгари амалиётда бекор қилинган баъзи бир қоидаларини тиклашга уриниб курилди (масалан, Покистонда; Суданда Президент Ж. Нимейри даврида, араб монархияларида жиноий ишлар учун тан жазолари бериш).

Ўтган аср 70-йилларининг охири – 80-йилларининг бошида халқаро ишларда ҳукумат даражасида ёки ноҳукумат даражасида иш олиб борувчи халқаро мусулмон ташкилотлари муайян мавқега эга бўла бошлади. Бундай ташкилотлардан энг нуфузлиси Ислом конференсияси ташкилоти (Муназзамат ал-муътамар ал-исломи) бўлиб, у 1969-йилда тузилган, унга 55 мамлакат (Ўзбекистон Республикаси 1996-йилдан) аъзо. Халқаро ноҳукумат мусулмон ташкилотлари орасида Ислом олами уюшмаси, Ислом олами конгресси, Ислом олами ташкилоти, Европа ислом кенгаши, АҚШ Олий Ислом кенгаши ва бошқани кўрсатиш мумкин. Улар, асосан, Исломни тарғиб қилиш ва ёйиш, диний арбобларнинг халқаро учрашувини ташкил қилиш, турли мамлакатлардаги Ислом жамоаларига ёрдам бериш билан шуғулланади.

Ислом Туркистон мустамлакачилик даврини бошдан кечирган пайтда, айниқса, шўролар даврида турли таъқиб ва ҳар томонлама чеклашларга дуч келди, уламоларнинг тақдири аянчли бўлди. Исломга оид бебаҳо китоблар йўқотилди, муборак ёдгорлик ва қадамжолар оёқости қилинди, дин пешволари энг хавфли ёв, мухолиф сифатида маҳв этилди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин, Ислом дини ҳаётда муносиб ўрнини эгаллай бошлади. Мусулмонларнинг диний ибодат ва маросимларни адо этишлари учун шароит яратиб берилди. Қуръони карим 2 марта ўзбек тилида чоп этилди (1992, 2001-йиллар), ҳадис тўпламларининг таржимаси, Ислом уламоларининг юзларча китоблари яна халққа етказилди. Ҳозирги пайтда Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги бешта жумладан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф („Тафсири Ҳилол“, 1992-2005), Олтинхон Тўра, Алоуддин Мансур („Қуръони карим“нинг ўзбекча изоҳли таржимаси (Тошкент, 1991)), Шайх Абдулазиз Мансур („Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири“, 2004), муфтий Усмонхон Алимов („Тафсири Ирфон“) каби ўзбек олимлари томонидан тайёрланган маънолар таржималари ва тафсирлари нашр этилган. Ислом тарихи манбалари ва маросимларини ҳар томонлама, илмий, холисона ўрганишга киришилди, мутахассис кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Шу мақсадда Тошкент давлат шарқшунослик институтида исломшунослик кафедраси очилди (1992), деярли барча вилоятларда диний ўқув юртлари фаолият кўрсата бошлади, Тошкент Ислом университети ташкил қилинди (1999), унинг таркибида Исломшунослик илмий тадқиқот маркази ишлаб турибди.

Ислом тарихи, манбалари, ақидалари, маросимлари, Қуръони Карим, Муҳаммад ҳаёти ва фаолияти, пайғамбар ҳадисларини ўрганиш, тадқиқ қилиш Исломшунослик фанининг асосий вазифаси ҳисобланади. Бу соҳадаги тадқиқотлар Ислом тарқалган мамлакатларда, хусусан, Мовароуннаҳрда Ислом ва унинг ёзма манбалари пайдо бўлгандан буён олиб борилади. Мусулмон дини тарихи ва Қуръонни ўрганиш Америкада (Г. Грунебаум, Х. Гибб, М. Вотт ва бошқа), Европада (И. Голдсиер, Л. Каэтани, А. Массе, Р. Шарл), жумладан, Россияда (А. Э. Шмидт, В. В. Бартолд, И. А. Крачковский ва бошқа) ХИХ аср ўрталаридан кенг тус олди. Шўролар давридаги тадқиқотларда Исломга, асосан, ягона марксистик мафкура нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёндошилди. Исломнинг инсоният тамаддуни тарихидаги аҳамиятини оммага тушунтиришда, Турон заминида етишиб чиқиб исломий илмлар хазинасини бойитган улуғ алломаларнинг меросини халққа етказишда Эшон Бобохон Абдумажидхон ўғли, муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, Алихонтўра Соғуний, марҳум шайхлар Исмоил Махдум (1893–1976), Абдуғани Абдулло (1928–1999) ва Юсуфхон Шокиров (1926–2000)ларнинг хизмати каттадир. ХХ аср охирларидан бошлаб мамлакатимизда Ислом бўйича обектив тадқиқотлар олиб бориш имконияти туғилди. Ўзбекистонлик олимлар Ислом манбашунослиги, Қуръон таржимаси ва тафсири, Исломдаги мазҳаблар, оқимлар, машҳур муҳаддис ва фақиҳлар, халқаро Ислом ташкилотлари, диний бағрикенглик, диний экстремизмга оид бир қанча асарлар ёздилар (марҳум М. А. Усмонов, шунингдек, Н. Иброҳимов, Ҳ. Кароматов, А. Мансуров, А. Ҳасанов, З. Ҳусниддинов, З. Исломов, У. Уватов, Б. Эшонжонов, Б. Абдуҳалимов, А. Жузжоний, А. Мўминов, А. Азимов, Р. Обидов ва бошқалар).

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида „Мовароуннаҳр“ нашриёти фаолият кўрсатади, „Ислом нури“ газетаси, „Ҳидоят“ журнали нашр этилади.

Этимологияси

Ислом сўзи, араб тилидаги Аслама сўзининг уч-ҳарфли с-л-м ўзагидан олинган бўлиб, ўзбек тилидаги луғавий маъноси „қабул қилиш, таслим бўлиш, итоат этиш ёки тобе бўлиш“дир. Шу ердан Исломнинг маъноси, Аллоҳга иймон келтириб унга итоат қилиш, иймон келтирганлар эса, буни унга ўзларининг ибодати, унинг буюрган амалларини бажариши ҳамда политеизм (кўпхудолик)ни инкор этиш билан намойиш этишлари лозим. Бу сўз Қур’онда бир нечта маъноларда келган. Баъзи оятларда Исломнинг сифатларидан бир бу инсондаги ички пушаймонлик деб урғу берилади:“Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмоқчи бўлса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир.”[4] Бошқа бир оятда “Ислом'” ва “дин” атамалари ўзаро боғланади:"[5] Яна шунингдек, бошқалар наздида, Ислом иймоннинг фақатгина тилдаги тасдиғи бўлибгина қолмай, балки бу Аллоҳга қайтиш фаолиятидир[6].

Исломнинг беш устуни

Мусулмонлар масжидда ибодат қилишмоқда
  1. Иймон.
  2. Ҳар куни беш маҳал намоз ўқиш.
  3. Рамазон ойида 30 кун рўза тутиш.
  4. Закот бериш. Закот Исломда молиявий ибодатдир, яъни бойлиги нисобга (муайян мииқдорга)етган мусулмоналрнинг йилда бир марта ҳақдорларга бериши фарз.
  5. Ҳаж қилиш. Бу амал моддий жиҳатдан қурби етадиганларга фарздир.

Демографияси

Жаҳонда қарийб 1,1–1,8 миллиард киши Ислом динига эътиқод қилади. Мусулмонларнинг ⅔ қисмидан кўпроғи Осиёда яшайди ва бу қитъа аҳолисининг 20 %идан ортиқроғини ташкил этади. Қарийб 30% мусулмонлар Африкага тўғри келади (қитъа аҳолисининг деярли ярми). Дунёда мусулмон жамоалари мавжуд бўлган 120 дан ортиқ мамлакатдан 40 дан зиёдида мусулмонлар аҳолининг кўпчилигини ташкил қилади — Шимолий Африка, Ғарбий Осиёнинг барча мамлакатларида (Кипр, Ливан, Исроил мустасно), Сенегал, Гамбия, Нигер, Сомали, Афғонистон, Покистон, Бангладеш, Индонезия ва бошқа баъзи мамлакатларда аҳолининг 80% идан ортиғи мусулмонлардир; бир қанча мамлакатларда мусулмонлар аҳолининг ярмидан 80% игача ташкил қилади (Гвинея, Мали, Ливан, Чад, Судан). Малайзия ва Нигерияда қарийб ярми, баъзи бир мамлакатлар (Гвинея-Бисау, Камерун, Буркинафасо, Серра-Леоне ва бошқа)да мусулмонлар озчиликни ташкил қилса ҳам, таъсир доираси кучли. Мусулмонларнинг сони жиҳатдан энг йирик давлатлар — Индонезия, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш; мусулмонларнинг анчаси Марказий Осиё мамлакатлари, Хитой, Таиланд, Эфиопия, Танзания, Кипрда, Европанинг айрим мамлакатлари (Югославия, Албания, Буюк Британия, Германия, Франсия ва бошқа), Шимолий ва Жанубий Америка қитъаси мамлакатлари (АҚШ, Канада, Аргентина, Бразилия, Гаяна, Суринам, Тринидад ва Тобаго)да, Австралияда, Фижи оролларида яшайди[7].

Исломда бўлиниш

Суннийлик (сунна сўзидан) — ислом динидаги 2 асосий йўналишдан бири ва энг кенг тарқалгани. Жаҳондаги барча мусулмонларнинг тахминан 93 % и Сунний (қолган 7 % и шиаликка) мансуб (2004). Суннийлик тарафдорлари, асосан, Осиё ва Африкада (Покистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Хитой, Афғонистон, Туркия, Арабистон яримороли ва Форс кўрфази атрофидаги араб мамлакатларида, Сурия, Ливан, Иордания, Шимоли-шарқий ва Ғарбий Африка мамлакатларида), Болқон мамлакатлари, Кипр ва АҚШда яшайди.

Ислом дастлабки даврда ҳеч қандай йўналиш, мазҳаб ва оқимларга бўлинмаган. ВИИ асрнинг ўрталарида турли сиёсий сабабларга кўра, мусулмонлар сафида бўлиниш пайдо бўлди. Аввал шиалар, кейин хорижийлар мусулмонлар оммасидан ажраб чиқдилар. Улар ўзининг ҳақлигини исбот қилиш учун ўз фикрини, йўналишини ҳимоя қила бошлади, шу тариқа ҳар гуруҳнинг ўзига хос ақидаси шакллана борди.

Суннийлик бўйича Абу Ҳанифа (Имоми Аъзам)нинг „ал-Фиқҳ ал-акбар“ асари энг нодир илмий мерос саналади. Бу ишда Абул Ҳасан Ашъарий билан Абу Мансур Мотуридийларнинг хизматлари беқиёсдир. Суннийлик йўналишида шу икки аллома асос солган ақидавий мактаблар барча сунний уламолар томонидан эътироф этилган. Суннийлик тамойиллари, асосан, қуйидагилардан иборат:

  1. Мавжудотларнинг ғақиқат ва моҳияти бор нарса бўлиб, уларни билиш мумкин. Билиш воситалари — бешта сезги аъзолари, илоҳий манбалар ва ақл.
  2. Олам қадим эмас, балки қачондир Аллоҳ тарафидан яратилган.
  3. Бутун борлиқни яратган Аллоҳнинг зоти битта, у ўзига хос азалий ва абадий кўпгина сифатларга эга.
  4. Зотий сифатлари саналмиш илм, қудрат, ҳаёт, ирода, эшитиш, кўриш, гапириш Аллоҳнинг азалий ва абадий сифатларидир. Унинг зоти ҳам, сифатлари ҳам ўзи яратган махлуқот ва мавжудотларнинг сифатларига асло ўхшамайди. Унинг сифатлари нуқсонсиз, баркамолдир.
  5. Аллоҳнинг исмлари кўп. Ҳадисда 99 та гўзал исмлари зикр этилган (қаранг ал-Асмо ал-Ҳусно).
  6. Аллоҳнинг адолатли экани. Ҳидоят ва залолат йўлларини кўрсатиб қўйгач, адашган ва куфр йўлини танлаганларни жазолаши адолат ҳисобланади. Борди-ю, залолат йўлидан асраб қолса — бу Унинг фазли, марҳамати. Асрамаса, адолати ҳисобланади.
  7. Пайғамбарларнинг ҳаммасини барҳақ деб тасдиқ этиш. Уларнинг адади гарчи баъзи ҳадис ва ривоятларда кўрсатилган бўлсада, муайян бир адад қатий деб ҳисобланмагани маъқул. Пайғамбарларнинг биринчиси — Одам, охиргиси — Муҳаммад
  8. Пайғамбарларнинг мўжизаларини ҳақ деб эътиқод қилиш. Шунингдек, авлиёларнинг кароматлари ҳам ҳақ ва ростдир. Ҳеч бир авлиё пайғамбар даражасига ета олмайди.
  9. Исломнинг беш рукни — иймон калимаси, намоз, рўза, закот, ҳаж ҳар бир мусулмон зиммасига фарзи айн экани. Фарзлардан бирортасини узрсиз тарк эца, ёки шаръан тақиқланган ишларга қўл урса, қаттиқ гуноҳкор бўлиши, лекин кофир бўлмаслигини тасдиқ этиш.
  10. Иймон — Муҳаммад Аллоҳ томонидан келтирган барча хабар ва маълумотларни ҳақ ва рост эканига тил билан иқрор этиб, дил билан тасдиқлаш деб билиш. Солиҳ амалларни кўп қилганда имон нури кўпайиб, гуноҳ ишларни кўп қилганда иймон нури озайиб туришини тасдиқлаш ва ҳоказо.

Суннийликда 4 та диний-ҳуқуқий мазҳаб (ҳанафийлик, моликийлик, шофиъийлик, ҳанбалийлик) мавжуд. Суннийлик исломда анъанавий эътиқод йўли деб эътироф этилиб келган.

Суннийлик билан шиалик ўртасида ҳокимият масаласида, айрим диний маросим ва анъаналарда бирмунча тафовутлар бор. Ўзбекистон аҳолисининг аксарият қисми суннилйикка эътиқод қилади.

Адабиётлар

  • Каримов И., Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда, Т., 1999; Каримов И., Ўзбекистон ХХИ аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, баркамоллик шартлари ва тараққиёт кафолатлари, Т., 1997; Қуръони карим, Т., 2001; Ҳадис (АлЖомиъ ас-саҳиҳ), 1-4-ж.лар (2нашри), Т., 1997; Ҳидоя (1-ж.), Т., 2000; Соғуний А., Тарихи Муҳаммадий (1-2-китоб), Т., 1997; Ҳасанов А., Қадимги Арабистон ва илк ислом (1-китоб: Жоҳилия асри), Т., 2001; Комилов Н., Тасаввуф, Т., 1999; Ҳусниддинов 3., Ислом: йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар, Т., 2000.[8]

Манбалар

  1. "Муслим (Wайбаcк Мачине сайтида 29-июл 2016-йил санасида архивланган)." Лехиcо. УК: Охфорд Университй Пресс. 2020.
  2. „Муслим Популатион Бй Cоунтрй 2021“. Wорлд Популатион Ревиэw. Қаралди: 22-июл 2021-йил.
  3. „Религиоус Cомпоситион бй Cоунтрй, 2010-2050“. Пеw Ресеарч Cентер (2-апрел 2015-йил). 15-июн 2020-йилда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 5-май 2020-йил. (Wайбаcк Мачине сайтида 15-июн 2020-йил санасида архивланган)
  4. Қур’они Карим, 6-сура, 125-оят
  5. Қур’они Карим 5-сура, 3-оят
  6. "Энcйcлопаэдиа оф Ислам Онлине" Л. Гардет, Ж. Жомиэр 2007-05-02
  7. "Ўзбекистон миллий энсиклопедияси". Давлат илмий нашриёти. („www.зиёуз.cом кутубхонаси“ дан олинди.)
  8. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Қўшимча ўқиш учун

Ҳаволалар