Jump to content

Қашқар (шаҳар)

From Vikipediya

Қашқар ёки Кошғар (كاشغر) (Хитой манбаларида Каши, Кашигер) — ХХРнинг ғарбий қисмидаги шаҳар. СинцзянУйғур мухтор раёни (Шарқий Туркистон)да, Тарим воҳасининг шим.ғарбида Қизилсув дарёси соҳилида жойлашган. Мазкур топоним "қош тоши (нефрит) кони" деган маънони англатади. Аҳолиси 400 минг кишидан зиёд (2005).

К қадимдан Буюк ипак йўлидаги чорраҳа ва йирик савдо маркази бўлиб келган. Мовароуннаҳр, Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатларга қатновчи карвонлар К. орқали ўтган. К. кўҳна ва янги шаҳар қисмларига бўлинади. Меъморий обидалари ва турар жой бинолари Тошкентнинг эски ва янги қисмларига ўхшаш.

Шаҳар тўғрисидаги дастлабки ёзма маълумот милоддан аввалги 2—1-асрларга оид Хитой манбаларида Сули (Сувлик, Сулек) номи билан учрайди ва ўша даврларда 1500 оилага эга хонлик пойтахти бўлган (бу давлат 7-асрнинг ўрталаригача мавжуд эди). "Сули" атамаси К. чеккасидаги бир туманнинг номи сифатида ҳозиргача сақланиб қолган. К. кейинроқ ҳунлар, кушонлар, эфталитлар давлатлари, Турк хоқонлиги (5—7-асрлар), Уйғур хоқонлиги (7—9-асрлар) таркибига кирган. 10—12-асрларда К. қорахонийлар хоқонлиги пойтахти бўлди. Шу даврда шаҳар маданий жиҳатдан юксалди. К.да йирик олимлар, жумладан, Махмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб ва бошқалар фаолият кўрсатди. Мўғуллар даврида ҳам К йирик маданий марказ сифатида сақланди. Мўғул ноиби Масъуд Ялавоч даврида йирик кутубхонага эга бўлган мадраса қурилган. Кейинроқ К.ни дуғлот амирлари бошқарди. Абу Бакр даврида (1480—1514) Тумин ва Қизилсув дарёлари оралиғида янги К. шаҳри қурилди. Ёркенд хонлиги (1465—1759) ва жунғорлар ҳукмронлиги даврида пойтахт К.дан Ёркенд шаҳрига кўчирилгандан кейин ҳам К.нинг мавқеи Шарқий Туркистондаги энг йирик савдо ва ислом дини маркази сифатида сақданди. К.да Маҳдуми Аъзам (1461 — 1541) ва унинг қорахонийлар авлодидан бўлган хотини Бибича Кошғарийдан туғилган ўғли Исоқ Вали ва унинг авлодлари, жумладан, Офоқхўжа яшади. 1755—1759-йилларда Хитойда ташкил топган манчжурлар хоқонлиги (Син) Шарқий Туркистонни истило қилганидан сўнг К мазкур ўлкадаги иккинчи даражали маъмурий марказ бўлиб қолди.

К.да қўрғошинрух ва волфрам рудалари, қимматбаҳо тошлар қазиб олинади. Қишлоқ хўжалиги машиналари, химикатлар, терига ишлов бериш, тўқимачилик маҳсулотлари, заргарлик ва мисгарлик буюмлари, гиламлар, қурилиш материаллари, мусиқа асбоблари, пичоқлар ишлаб чиқарилади. К. қадимдан ҳунармандчилик буюмлари билан машҳур. К темир йўл орқали ХХРнинг барча йирик шаҳарлари билан боғланган. Шаҳарда 1979-йилда қурилган "Осиё бозори" халқаро савдода муҳим ўрин тутмоқда. Айни замонда К. йирик халқаро туристик шаҳарга айлантирилган. Шаҳарда ЮсуфХос Ҳожиб мақбараси, Офоқхўжа мақбараси ва мадрасаси, Ҳайитгоҳ (Намозгоҳ) Жоме масжиди ва мадрасаси мавжуд. Шаҳар майдонига Мао Сзедуннинг баландлиги қарийб 40 м ли ҳайкали ўрнатилган. Шаҳар яқинида Маҳмуд Кошғарий ва Сотуқ Буғрохон мақбаралари мавжуд. К.дан 18 км шимолида Бешкерем дарёсининг жан. соҳилидаги тепаликда 3 та ғор бор. Ғорда сақланиб қолган 70 дан ортиқ ҳайкал ва деворий расмлар К. бундан икки минг йил муқаддам будда дини марказларидан бири бўлганлигидан далолат беради.