Jump to content

Роман тиллари

From Vikipediya
Роман тиллари

Роман тиллариҳиндевропа тиллари оиласига мансуб қардош тиллар гуруҳи; уларнинг барчаси лотин тилидан келиб чиққанлиги, умумий ривожланиш қонуниятлари ва тил қурилишидаги кўплаб умумий унсурлар билан ўзаро боғланади. "Роман" термини (лот. романус — "Римга тегишли", "Рим империясига алокадор" маъносида) дастлаб, илк ўрта асрларда, классик лотин тилидан ҳамда герман лаҳжаларидан фарқ қилувчи халқ тилини ифодалаган; Испания ва Италияда Роман тиллари "янги лотин тиллари" деб ҳам аталган. Роман тиллари 60 дан ортиқ мамлакатда (мас,: франсуз тили 30 та, испан тили 20 та, португал тили 7 та, италян тили 3 та мамлакатда) миллий ёки расмий тил сифатида қўлланади: уларда 600 млн.дан ортиқ киши сўзлашади.

Тилшуносликда Роман тилларининг сони ҳақида ягона фикр йўқ. Ҳозирги тегишли ишларда улар кўпинча 12 та деб кўрсатилади: испан, галиси(я), португал, каталан, окситан (провансал), франсуз, италян, сард, ретороман, румин, молдаван ва 19-асрдан улик ҳисобланадиган далмат тиллари. Роман тилларининг бир текис ривожланмаганлиги ҳам уларни чегаралаш, аниқ сонини белгилашни қийинлаштиради.

Роман тилларининг тарқалиш ҳудуди 3 га ажратилади: 1) "Эски Романия" — Европанинг Рим империяси таркибига кирган ва романча нутқни сақлаб қолган қисми, Роман тилларининг шаклланиш маркази (Италия, Португалия, деярли бутун Испания ва Франсия, Белгиянинг жануби, Швейсариянинг ғарби ва жануби, Руминия ва Молдова республикаларининг асосий қисми, Шимолий Греция, Македония кабилар); 2) "Янги Романия" — 16—18-асрларда мустамлакачилик ҳаракатлари натижасида Европадан ташқарида Роман тилларида сўзлашувчи аҳоли пайдо бўлган ҳудудлар (Шим. Америкадаги Канада ва Мексика ��амлакатлари, Марказий Американинг асосий қисми, Жанубий Америка, Антил ороллари); 3) мустамлакачилик сиёсати натижасида Роман тиллари маҳаллий тиллар билан бирга расмий тилга айланган мамлакатлар (Африканинг каттагина қисми, Жанубий Осиё ва Океаниядаги унча катта бўлмаган ҳудудлар).

Роман тиллари Рим империяси таркибига кирган ҳудудлардаги халқона лотин тилининг давоми ва тадрижий ривожи ҳисобланади. Роман тиллари ривожида 4 босқич фарқданади: 1) мил. ав. 3-аср мил. 5-аср — романлашув даври — маҳаллий тилларнинг халқона лотин тили билан алмашиниши. Бўлажак Роман тиллари ўртасидаги тафовутлар шу даврдаёқ намоён бўла бошлайди; 2) 5—9-асрлар — Роман тилларининг Рим империяси парчаланиши ва варвар давлатларининг ташкил топиши шароитидаги шаклланиш даври. Роман тилларига суперстрат унсурлар (яъни босқинчи германлар, вестготлар, франклар, бургундлар, ломбардлар ва бошқалар)нинг кучли таъсири билан ажралиб туради. Роман тилларининг лотин тилидан ва бир-биридан аниқ фарқли жиҳатлари кучая боради; 3) 10—16-асрлар — Роман тилларида ёзувнинг ривожланиши, ижтимоий вазифаларининг кенгайиш даври. Дастлабки матнлар франсуз тилида 9-асрда, италян ва испан тилларида 10-асрда, провансал, каталан, сард тилларида 11-асрда, португал ва галиси тилларида 12-асрда, ретороман тилида 14-асрда, румин тилида 16-асрда пайдо бўлади. Лаҳжалардан юқори турувчи адабий тиллар шаклланади; 4) 16—19-асрлар — миллий тилларнинг шаклланиши, меъёрлашуви, бойиб бориши даври. Роман тиллари ривожланиши нотекис бўлган: баъзи тиллар анча эрта миллий тилга айланиб, ҳатто кейинроқ халқаро тил вазифасини ҳам бажарган бўлса (франсуз ва испан тиллари), баъзилари Ўрта асрларда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, кейинроқ ўз мавқеларини йўқотган ва 19—20-асрларда қайтадан адабий тил мақомига эга бўлмоқда (провансал, каталан ва бошқа тиллар). Европадан ташқаридаги бошқа ҳудудларда Роман тилларининг маҳаллий вариантлари (Мас, Канадада франсуз тилининг, Бразилияда португал тилининг, Марказий ва Жанубий Америкада испан тилининг вариантлари) пайдо бўлди.

Роман тиллари лотин алифбосидан фойдаланади. Болқонроман тилларида ёзув кириллица асосида шаклланган. 1860-йилдан кейин румин тили, 1989-йилдан молдаван тили лотин алифбосига ўтган. Лотин тилида бўлмаган товушларни ифодалаш учун турли хил ҳарф бирикмалари, диакритик белгилар жорий этилган.

Абдуваҳоб Мадвалиев, Исроил Пўлатов.[1]

Манбалар[edit | edit source]

  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил