Jump to content

Тожикистон фуқаролар уруши

From Vikipediya
Тожикистон фуқоролар уруши(1992-1997-йиллар)

Саналар 1992-1997-йиллар
Уруш ери Тожикистон
Рақиблар
Тожикистон байроғи Тожикистон
Ўзбекистон байроғи Ўзбекистон
Россия байроғи Россия
Бирлашган Тожикистон муҳолифати
Қўмондонлар
Раҳмон Набиэв
Имомали Раҳмонов
Ислом Каримов
Саид Абдулло Нури
Умумий йўқотишлар
20,000–60,000 ўлимлар

1992-1997-йиллари Тожикистон ўзининг замонавий тарихида қонли фуқаролар урушига гувоҳ бўлди.

ХХ аср деколонизация (колонизациянинг парчаланиши) жараёнининг икки босқичига гувоҳ бўлди: Иккинчи Жаҳон Уруши якунлангандан кейин ва 1990-йилларда Совуқ Уруш тугагандан сўнг. Ҳар икки босқичда ҳам колониал кучлар кетгандан сўнг учинчи дунё мамлакатларида этник урушлар юз бериши одат тусига кириб қолди. Тожикистон ҳам бундан мустасно эмас.

Тожикистон ўз мустақиллигини СССР парчаланиши арафасида, 1991-йил 8-сентябр куни қўлга киритган эди. Бу Тожикистон тарихидаги илк ўзини мустақил бошқарувчи давлат бўлди. Бироқ мустақилликдан кўп ўтмай Тожикистон янги давлатнинг мўрт ижтимоий-иқтисодий сиёсати ва ташқи кучлар таъсири туфайли норозиликлар тўлқини остида қолиб кетди.

Келиб чиқиш тарихи[edit | edit source]

Фуқаролар урушининг тамал тоши 1989-йилдаёқ қўйиб бўлинган эди. Ўша йилнинг май ойида Тожикистонга арманларнинг келгани ва уларга янги уйлар ажратилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. 1989-йил январдаги кучли зилзила натижасида Ҳисор туманидаги минглаб одамлар бошпанасиз қолишган ва тожик ҳукумати бу табиий офат асоратларини бартараф этишда етарлича имкон тополмай қийналаётган эди. Туманнинг Шарара қишлоғи 17 метрли тупроқ билан кўмилиб қолди, қишлоқнинг бутун 600 аҳолиси халок бўлди. Айни йилда Арманистонда ҳам 25,000 кишининг умрига зомин бўлган зилзила рўй берган эди. Москва минглаб уйсиз қолган арманларни бошпана билан таъминлаш мақсадида уларни бутун Совет Иттифоқи бўйлаб тарқатиб ташлаш ҳаракатига тушиб қолди. Шу қаторида, кўплаб арманлар Тожикистонга ҳам эвакуация қилинди.

Фуқаролар урушининг бошланиши[edit | edit source]

Душанбе воқеалари. 1990-йил Феврал

Нон етишмаслиги, шаҳар транспортининг тўхатаб қолганлиги, камига арманларни кўчирилиши Душанбе ва бошқа шаҳарларда исёнкор кайфиятга сабаб бўлди. Ишсиз, норози ёшлар кўча безориларига айлана бошладилар, улар ҳукумат биноларига тошлар билан хужум қилиб туришни одат қилдилар. Туманлардан ҳам ишсиз аҳоли оқиб кела бошлади. Ишчилар ва аскарлардан тузилган ҳимоя гуруҳлари ҳукуматга безориларга қарши курашда ёрдам бера бошлашди. Безорилар Тожикистон Марказий Қўмитасини мамлакат бошқаруви ва иқтисодиётни эплолмасликда айблардилар.

Кейинроқ, сайловлардан бир неча кун олдин, яъни 1990-йил 11-14-феврал кунлари Душанбе турли тўқнашувлар, майда безориликлар ва ўғриликлар гувоҳига айланди. Тожик Давлат Университети ректори Додажон Исмаилов, "Тожикларни доимо ҳушмуомала ва меҳмондўст халқ сифатида билиб келишган. Бу ғалаёнлар Кавказдан келган бир ховуч қочоқлар туфайли кўтарилаётганлигига ишониш қийин"-деган эди. Кейинроқ у : "Оломон ортида қандайдир кучлар турибди ва улар барча ҳаракатларни бошқаришмоқда. Шубҳа йўқки, бу шахслар ҳокимиятга шу йўл билан келишмоқчи. Бу тўс-тўполонлар айни Республика Олий Советига сайловлар арафасида бошлангани эса фикримни тасдиқлаб турибди. Улар қонуний сайлов жараёнига ҳалал беришмоқчи. Арманлар воқеаси шунчаки ўзларини оқлаш учун ўйлаб топилган. Шаҳар Партия Қўмитаси Биринчи Котиби Д. Каримов билан суҳбатлашганимда, у, душанбеликлар Арманистондаги зилзила туфайли кўчирилган қочоқларни миллий меҳмондўстлик анъаналарига монанад тарзда кутиб олишгани ҳамда уларга бошпаналар беришганини тасдиқлаган эди"-дея ўз фикрини давом эттирган эди.[1]

Бошқа бир манбаада келтирилишича, кейинчалик ватанларига қайтган арман қочоқлари Тожикистонда рўй бераётган воқеалар Сумгаит ва Боку ҳодисалари билан деярли бир ҳил ссенарийда эканлигини маълум қилишган. Қочоқлар, шунингдек, тожиклар арманларга нисбатан доимо хушмуомала бўлишгани ва ўша маш`ум кунларда уларни экстремистлардан ҳимоя қилишганини таъкидлаб ўтгандилар. Яна бу манбаада Озарбайжон Халқ Фронти (ОХФ) вакиллари фуқаролар уруши бошланиши арафасида Тожикистонга келиб, халқ орасида анти-арман ташвиқотларини ўтказганликлари борасида ҳам фактлар келтирилади. ОХФ вакиллари ёшлар ўртасида пул ва наркотик моддалар тарқатиб, уларни миллатчиликка (аввало арманларга қарши) ҳамда Исломий давлат қуришга даъват қилишган.

Яков Ройи шундай ёзади: "Тўпалонлар ортида кўпчиликни ташкил қилган ўрта қатламдан фойдаланиб, ҳокимиятга келишни кўзлаган кучлар туришган эди. Коррупсия ва жиноий унсурлар миллатчи гуруҳ лидерлари ва радикал диний раҳнамолар билан ҳамкорликда ҳаракат қилишди. Шак-шубҳасиз, анти-социалист, экстремист ва миллатчи кайфиятлар тожик жамиятининг энг катта кушандаси бўлди. Ўша пайтдаги вазият ўзига душман деб билган Совет аҳолиси орасида нифоқ уруғини сочишга ҳаракат қилувчи қуролланган афғон муҳолифати аралашуви туфайли янада мураккаблашиб кетган эди."

1997-йил. Фуқаролар уруши якунига етгандан кейингги ҳолат

Тожикистондаги зиддият илдизлари ҳам ички ва ҳам ташқи омилларга бориб тақалади. 28-апрел 1992-йилда Афғонистондаги ҳокимият мужоҳиддинлар қўлига ўтди ва атиги бир неча кундан сўнг, яъни 5-май куни Тожикистонда фуқаролар уруши бошланишига ишора берган илк ўқлар отилди. Президент Гвардияси аъзолари шу куни Душанбедан 20 км узоқликдаги Яван ва Лениниский қишлоқларида президентни қўллаш учун Кўлобдан Душанбе томон йўл олган тарафдорлар йўлини тўсиш учун чиққан маҳаллий намойишчиларга қарши ўт очишди. Муҳолифатчилар, ўз навбатида президент саройи ва телевидение назоратини қўлга олишди. Улар қон тўкишни бас қилиш ва Лениниский-Яванда президент соқчилари томонидан отилган тинч намойишчилар жасадлари муҳрланган видео ёзувларни миллий телевидение орқали халққа намойиш этиб, адолатни тиклашни талаб қилишди. Тез орада Душанбе бўйлаб муҳолифат ва ҳукумат тарафдорлари ўртасида кўча урушлари бошланиб кетди. Муҳолифат лидерлари Набиев ва Кенжаевлар ўғирланиб, Миллий Хавфсизлик Қўмитаси биносига яшириб қўйиолгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Муҳолифат президент соқчиларини ҳарбий кийимда, тез ёрдам машинасига минган ҳолда, шаҳар бўйлаб террористик актларни амалга ошираётганликда айблади. Шу куни тунда Душанбега зирҳли ҳарбий техника киритилди ва 5 йилга чўзилган фуқаролар уруши бошланиб кетди.

Фуқоролар уриши сабаблари[edit | edit source]

Жаҳондаги хеч бир зиддият ўз-ўзидан юзага келиб қолмайди. Албатта, ҳар бир муаммонинг таг замирида бир қанча сабаблар ётади. Замонамизда бирор зиддиятга сабаб деб кимлиги номаълум „учинчи томон“ ёки „қора кучлар“ айблаш одат тусига кириб қолган, аслида эса ҳар бир муаммога сабабни ичкаридан қидириш лозим. Бирор давлатдаги қарама-қаршиликлар дарахт танасидаги қуртга ўхшайди, улар давлатни ич-ичидан емиради, пировардида бутун мамлакатни қулатади. Тожикистондаги миллий фожеанинг асл илдизлари деб қуйидагиларни келтириш мумкин:[2]

Этно-ҳудудий гуруҳлараро тарихий алоқалар[edit | edit source]

Этник тарихни ўрганиш давомида мамлакат топографиясини синчиклаб кўриб чиқиш талаб этилади. Асосан тоғлардан иборат Тожикистоннинг топографияси эса мамлакатнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган одамларнинг ўзаро интеграциясига халал беради. Шу сабабли Тожикистонда маҳаллий аҳолиси бир-биридан фарқ қилувчи тўрт алоҳида ҳудуд шаклланиб қолган: Сўғд региони, Қоратегин ва Ҳисор водийси, Хатлон ҳамда Тоғли Бадахшон автоном вилояти. Бу регионларни баланд тоғ тизмалари ажратиб тургани учун уларда яшаётган аҳоли деярли ўзаро қалин муносабатларга эга эмас. Мавжуд вазият ўз навбатида ҳар бир регионда ўзига хос этник бирликлар шаклланишига сабаб бўлган. Қўшимча тарзда регионлардаги аҳоли ва ресурсларни нотенг тақсимланганлиги ҳам алоҳидаликни янада кучайтириб юборди. Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий маҳаллийчилик ёки тожиклар тили билан айтганда "маҳалгерия" мамлакатда яҳлит, кучли тожик миллати шаклланиши йўлидаги асосий ғов бўлди.

Тожикистондаги турмуш модели ҳам жамиятда маҳаллийчилик қай даражада илдиз отганлигини кўрсатади. Масалан, Исмоилийлар фақат диний алоҳидалиги эмас, балки бошқа бир тилда сўзлашганлари учун ҳам қуда-андачилик алоқаларида ўз жамиятларидан ташқарига чиқмайдилар. Ўзбек қизлари, одатда, тожикларга турмушга чиқишмайди.

Руслар доимо ўзларини олий ирққа мансуб деб ҳисоблаб келганлар. Тожикистонда туғилиб ўсганлари туфайли Россия русларидан кўра тожикларга яқинликларига қарамай, Тожикистон руслари ҳамда туб аҳоли орасидаги муносабат хеч қачон илиқ бўлмаган.

Гарм ва қоратегинликлар диний ақидаларга кўпроқ берилганликлари билан ажралиб турган бир пайтда, Сўғд ва Бадахшоннинг жанубий-шарқидаги қирғизлар хеч кимга қўшилмайдиган алоҳида этник гуруҳликларича қолиб кетишаверди. Бадахшонликларнинг ўзида эса бутун тожик жамиятини бошқаришга иштиёқманд Помирий кайфият хукмрон эди.

Юқорида санаб ўтилган омиллар туфайли фуқаролар уруши бошланиши билан бутун бошли тожик миллати турли гуруҳларга ажралиб, бир-бирининг қонини тўка бошлади. Аслида эса, тожик жамияти аллақачон гуруҳларга парчаланиб кетганди.

Советлар мероси[edit | edit source]

Ҳар бир колония ўзининг собиқ бошқарувчисидан яхши ва ёмон нарсаларни мерос қилиб олади. Шубҳа йўқки, Совет бошқаруви остида Тожикистон жамияти ижтимоий ва иқтисодий томондан ўзининг юқори чўққисига ўрлади. Айни ҳозирги кундаги тожик жамиятининг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлари Собиқ Иттифоқ даврида шаклланган эди. Тожикистон демографияси кескин ўзгаришга учради, рус тили давлат ҳамда таълим тили сифатида миллат онгига мажбурлаб тиқиштирилди. Кремл кланчилик кўринишига эга миллий бошқарув тизимини қўллаб, миллий давлат қуришга бўлган ҳар қандай интилишни йўққа чиқарди.

Тожик элиталари фақатгина Москвадан келган буйруқларни бажаришдан нарига ўтмасдилар. Тожикистон давлатининг ижтимоий, иқтисодий ҳаётдаги, бошқарувчилик, маъорифсоҳаларидаги сиёсати тўғридан тўғри Кремлдан назорат қилинар ва тожиклар фақатгина ижрочи вазифасини ўташарди. Худди шу сабабли СССР парчаланиши арафасида, Иттифоқнинг бошқа республикаларида бўлганидек, Тожикистонда бирорта мустақил фикрли, профессионал сиёсатчи мавжуд эмасди. Тажрибали сиёсатчи лидерлар етишмаслиги фуқаролар урушининг ва ундан кейинг фожеаларнинг асосий сабабларидан бирига айланиб қолди.

Регион узра назоратни сақлаб қолиш мақсадида коммунистлар Британия Империяси каби "Бўлиб ташла, хукмронлик қил!" сиёсатини қўллашди ва бу сиёсатда русларнинг ўзи мувозанатни сақловчи ролини ўтади. Шу тариқа, шундоқ ҳам табиий сабаблар туфайли асрлар давомида алоҳидаликда яшаб келаётган тожик миллати аро маҳаллийчилик янада авж олди. Советлар таъсири остида тарихчи ва этнограф олимлар тожик миллати азалдан майда гуруҳларга бўлиниб яшаганлиги ҳақида асарлар ёздилар, бу асарлар мактабларда қўлланма сифатида ўқитилиб, ёш тожик авлоди онгига маҳаллийчилик мафкураси сингдириб борилди. Бу кўринишдаги пропогандаларнинг йирик намоёндаларидан бири тожик тарихчи олими Бобожон Ғофуров бўлиб, у томонидан ёзилган „Тожик“ тарихий китоблар тўплами 1960-йилларда мактаблардаги стандард қўлланма ҳисобланарди. Бундай этник кампания, албатта, совет ҳокимияти томонидан эҳтиёткорлик билан бошқариб бориларди. Миллий ўзликни англашга бўлган ҳар қандай уриниш йўқ қилинарди. „Миллий ўзликни англаш“ кампанияси билан бир қаторда „руслаштириш“ сиёсати ҳам олиб борилди: рус тили мактабларда асосий ўқитиш тилига айлантирилди, сиёсий ҳаётда норасмий тил даражасига чиқди. Михаил Горбачевнинг ошкоралик сиёсати тожик халқининг миллий ўзлигини англаш жараёнига кучли туртки берди. Тожик интеллегенсияси ўзларини Эрон ва Афғонистондаги форсларга боғлиқликларини ва тожик миллий мафкураси Советларникидан устунлигини исботлашга тушиб кетишди. Миллий-маданий ташкилотлар ўзларининг форс ва мусулмон ўзликларини тан олдириш учун атеистик коммунистлар билан жиддий рақобатга киришдилар. Бироқ ўзини бошқалардан устун қўйиш ҳаракати акс таъсир кўрсатди. Мамлакат ҳаёти деярли Совет Иттифоқи ва қўшни давлатларга қарам бўлиб, ўзини қобиқ ичига ўраб олган тожикларнинг ривожланиш учун бирор иш қилишлари амри маҳол эди. Бу тез орада сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий бўҳронга олиб келди ҳамда тожик қавмлариаро зиддиятларга сабаб бўлди.

Қўшимча равишда БМТ Бош Котибининг 1993-йилдаги ҳисоботида шундай дейилган эди: "Тожикистон инқирози назорат этилмайдиган қуроллар туфайли ҳам авж олмоқда. Афғонистондан Тожикистон орқали чиқиб кетган Собиқ Иттифоқ қўшинлари томонидан мамлакатда катта миқдорда қурол қолдириб кетилган. Бундан ташқари Совет Иттифоқи парчалангандан сўнг қаровсиз қолган 1,387 кмли Тожик-Афғон чегарасидан ҳам ноқонуний қуроллар кириши ортиб бормоқда."

Шунга аҳамият бериш керакки, фуқаролар уруши давридаги қуроллар томонларга сотилмаган, балки Саудия Арабистони, АҚСҲ ва Эрон ҳомийлигида Афғонистон орқали Покистондан олиб келиниб, тарқатилган.

Экстремизмнинг ўсиши[edit | edit source]

Пост-Совет Тожикистони даврида мусулмон элиталари турли категориялар остида ташкил этилди. Биринчиси, Ҳизб ут-Таҳрир каби фундаменталист-экстремистлар бўлиб, улар демократик қадриятлар ва ғарб маданиятини тамомила рад этардилар. Экстремистлар қонун сифатида шариатни, ахлоқ сифатида исломий нормаларни биринчи ўринга қўйиш тарафдори эдилар. Иккинчиси, муллалар ва Тожикистон Исломий Уйғониш Партиясининг баъзи аъзолари бўлмиш консервативлар бўлиб, улар қаттиқ тартибли ижтимоий тартиб ўрнатиш тараддудида эдилар. Консерваторлар дунёвийлашув ва замонавийлашувнинг ҳар қандай кўринишини рад этардилар. Учинчиси, модернистлар ҳисобланиб, демократия ва ислом уйғунлашувига эришиш учун ҳаракат қилишди. Ниҳоят сўнгги категория секуларистлар бўлиб, бунинг ичига Тожикистон Халқ Демократик Партияси аъзолари, коммунистлар, социалистлар ва демократлар кирарди. Улар динни сиёсатдан ажратиш тарафдори эдилар. Шу билан бирга секуларистлар миллиятчилик ва бошқа исломий давлатлар билан ташқи алоқани мустаҳкамлаш учун исломдан фойдаланишга уринишди.

Бу қарама-қарши гуруҳлар атеистик коммунистларга зимдан қарши бўлган Саудия Арабистони, Эрон, Покистон каби давлатлардан Афғонистон орқали кўмак олиб турди. Дастакловчилар асосан минтақага жойлашиб олишни мақсад қилиб қўйгандилар.

Минтақавий элиталарнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий устунлиги[edit | edit source]

Азалдан Тожикистонда Ўзбекистон ва Россия кўмагига таянган Хўжанд элитасининг таъсири кучли бўлган. Совет Иттифоқи парчалангандан сўнг мамлакатда хавфсизлик масаласи мўртлашди. Мамлакатдаги ҳудудий элиталар бош кўтариб, юзага келган вазиятдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишди. Муҳолифат Хўжанднинг иқтисодий муҳимлигини англаган ҳолда, бу ҳудуд элитасининг кучсизланишини истамади. Лекин Хўжандликлар ҳали ҳокимият учун тайёр эмасдилар. Хўжанд элитаси ўзининг сиёсатда ноқобиллигини хис қилиб, Тожикистон ички ишларига Ўзбекистон ва Россияни зимдан жалб қила бошлади. Хўжанд элитасининг етакчиларидан бири президент Набиевнинг бу сиёсати, аксарият таҳлилчиларнинг фикрича, Тожик инқирозининг асосий сабабларидан бири бўлган.

Этник ўзликни англаш[edit | edit source]

Тожикистон мустақиллиги бошқа Собиқ СССР давлатлари каби курашилмаган, фавқулодда имконият келиб қолган мустақиллик эди. Тожикистонда мустақиллик учун интилиш, курашиш у даражада кучли бўлмай, бундай мустақиллик миллий давлат қуриш учун асос бўла олмас эди.

Давлатлар мустақиллигидан сўнг собиқ иттифоқчилар орасида миллий тил ва маданиятни биринчи ўринга қўйиш учун тўсатдан кураш бошланди. Сиёсацҳунос К.Варикуга кўра: "Марказий Осиё бўйлаб ташкил қилинган янги сиёсий партия ва ҳаракатлар нафақат маҳаллий аҳолининг фуқаровий, диний ва сиёсий талабларини илгари суришмоқда, балки анти-рус кампаниясини ҳам тарғиб қилишмоқда." Тожикистонда бу каби кампания Растохез Миллий Ҳаракати томонидан олиб борилди. Айниқса Арман Воқеаси пайтида Тожикистон кўчалари миллатчиликни тар`гиб қиладиган миллий шиорлар ва плакатларга тўлиб-тошган эди.

Бундай миллатчи ҳаракатлар тожикларни муҳим нарсалардан чалғитди, миллий давлат барпо этиш, мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш лозим бўлган бир вақтда, тожиклар, шовинистик мафкура билан ўралашиб қолдилар.

Этник сайловлар ва танловлар[edit | edit source]

Раҳмон Набиев 1991-йил ноябридаги сайловларда расман президент этиб сайлангандан сўнг бутун мамлакат бошқаруви Хўжанд ва Кўлобнинг собиқ коммунистлари қўлига ўтиб қолди.

1992-йил 2-декабридаги Хўжандда бўлиб ўтган Олий Советнинг навбатдаги сессиясида янги кабинет таништирилганда ҳукумат аъзоларининг деярли барчаси Тожикистон Коммунистик Партиясидан, партия аъзолари эса Хўжанд ва Кўлобданлигини кўриш мумкин эди. Кўлоб клани лидерларидан бири Сангак Сафаровнинг ўлимидан кўп ўтмай бутун ҳокимият кўлобликлар қўлига ўтди. Муҳим ҳукумат органлари ва бошқарув институтлари Кўлоб клани назорати остида эди. Кўлоблик вазир ва бошқа амалдорларни аксарияти эса бошқарувга номуносиб ёки жиноий ишларга аралашиб қолганди.

Асосий аъзолари кўлоблик бўлган Халқ Фронти миллий қўшиндаги тартибни ўзгартирди. Натижада мунтазам армиядаги олий мансабларни фақат Кўлоб элитаси эгаллайдиган бўлди.

Ҳукумат сиёсати[edit | edit source]

Ҳукуматнинг муҳолифатга нисбатан юритган сиёсати ҳам фуқаролар урушининг муҳим сабабларидан бири. 1993-йил январида Олий Совет Раисига айланган Имомали Раҳмон муҳолифат етакчиларига қарата агрессив сиёсат юрита бошлади. Тожик мусулмонлари маънавий йўлбошчиси Ҳожи Акбар Тўражонзода, Тожикистон Исломий Уйғониш Партияси етакчиларидан бири Муҳаммад Шариф Ҳиматзода, Растохез Халқ Ҳаракатидан Тоҳир Абдуржаббор, Лали Бадахшондан Атобек ва Шодмон Юсуф, Тожикистон Демократик Партияси раҳбари ва собиқ депутат Давлат Усмонлар шулар жумласидандир. Уларга 1992-йил май воқеаларини ташкиллаштириш, қонуний сайланган ҳукуматни ағдариб, ҳукуматни эгаллаб олишга уриниш, ноқонуний қуролли гуруҳлар ташкил қилиш ва улар ёрдамида мамлакатни уруш марказига айлантириш, давлат иқтисодиётини издан чиқариб ташлаш айблари қўйилди. Ҳукумат муҳолифатга қарши репрессион сиёсат олиб борди, бутун ҳукумат медиаси муҳолифатга қарши тарғиботлар билан тўлиб тошди. Ниҳоят, Тожикистон Олий Суди Тожикистон Демократик Партияси, Тожикистон Исломий Уйғониш Партияси, Лали Бадахшон Жамияти ва Растохез Халқ Ҳаракати каби муҳолиф қарашда бўлган оммавий ташкилотларнинг фаолиятини тақиқлаб қўйди. Инсон ҳуқуқларини оёқости қилиш, муҳолифат ва ўзгача фикрловчилар мавжудлигини тан олмаслик, уларни тинглаб кўришга интилмаслик, агрессив авторитар режим мамлакатдаги вазиятни буткул издан чиқариб юборди.

Ҳукумат муҳолифатни русча исм бўлган Владимирдан олинган „Вофчик“ лақаби билан атарди. Бу „Ваҳҳобий“ атамасини англатарди. Жавобан муҳолифат томони ҳам ҳукуматдагиларни русча Юрий исмидан олинган „Юрчик“ дерди. Шу тариқа бир миллатнинг икки сиёсий кучи бир-бирининг ашаддий душманига айланди. Узоқ вақт давомида хеч бир тараф муросани истамай келди.

1997-йил тинчлик сулҳидан кейин кучга кирган янги конституцияда ҳам муҳолифат ҳақ-ҳуқуқлари инобатга олинмади. Муҳолифатга парламентдан атиги 30 % жой ва Давлат Аппаратидан арзимас ўрин ажратилди.

Давлат тузумининг кучсизланиши[edit | edit source]

Давлатнинг марказлашган бошқарувни қўлдан бой бериб қўйгани бутун мамлакат хавсизлигини хавф остига қўйиб қўйди. Умумий бирлашган миллий мафкуранинг йўқлиги, этник гуруҳлар орасидаги ҳокимият учун кураш ва совет тузуми гарданига ағдарилган, аслида эса ҳукуматнинг нотўғри сиёсати туфайли юзага келган иқтисодий бўҳрон ҳам давлатни парчаланиб кетиш даражасига олиб келиб қўйди. Натижада бутун мамлакатда назоратни қўлга оломаган ҳукуматга қарши бир қанча регион лидерлари бош кўтаришди, уларнинг ҳар бири ҳокимият учун даъвогарга айланишди. Ҳукумат эса ўз мавжудлигини сақлаб қолиш учун конституцияга зид амаллар қила бошлади, Тожикистонда авторитар режим ўрнатилди.

Хавфсизликка таҳдид[edit | edit source]

Хавфсизлик масаласи кучсиз ҳукумат ва кучлар тизимининг ўзгариши туфайли эди. Сафарали Кенжаев Хўжанд элитасининг раҳбарига айлангандан сўнг 1987-йилдан буён Ички Ишлар Вазири лавозимини эгаллаб келаётган Навужоновни нишонга олди. Бу суиқасд Душанбедаги помирийларни оёққа туришига сабаб бўлди. Тожикистон шундай гуруҳий қарама-қаршиликлар маконига айланди. Муҳолифат ҳам 1992-йилда пресидент Набиев соқчилари тинч намойишчиларни ўққа тутиши ортидан Давлат Усмон ва Шодмон Юсуфлар раҳбарлиги остида Нижати Миллий (Халқ Озодлиги учун Фронт) деб аталмиш қуролли гуруҳ тузган эди. Муҳолифат урушчилари Афгўнистон ва Покистондаги лагерларда тайёргарлик ўтаган эди. Муҳолифатда қуролли кучларнинг пайдо бўлиши вазиятни буткул издан чиқариб юборди. Мамлакатда анархия ҳукмронга айланди. Ҳукумат эса муҳолифатга четдан, асосан, Афғонистондан кириб келадиган қурол ва бошқа ҳар қандай дастакни йўлини тўсиш учун зўр бериб курашарди.

Манбалар[edit | edit source]

  1. Тимур Амиров. ТОЖИКИСТОННИНГ УНУТИЛГАН ФУҚАРОЛАР УРУСҲИ: САБАБЛАР (1-қисм)
  2. Тимур Амиров. ТОЖИКИСТОННИНГ УНУТИЛГАН ФУҚАРОЛАР УРУСҲИ: САБАБЛАР (2-қисм)