Jump to content

Зайниддин Восифий

From Vikipediya

Зайниддин Восифий (тахаллуси; асл исми Зайниддин Маҳмуд ибн Абдулжамил) (1485/86, Ҳирот - 1551 ёки 1566, Тошкент) — адиб. Мунший оиласида туғилган. В. араб тили, адабиёт, фиқҳ ва б. билимларни пухта эгаллаган. Ҳиротда Шохрух мадрасасида таҳсил кўрган (1511 й.гача). Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Фаридун Ҳусайнга котиблик, бошқа ўғилларига муаллимлик қилган. 16 ёшида Навоий билан танишган. Ижодини Ҳиротда, Навоий адабий мактабида бошлаган. Шоҳ Исмоил таъқибидан қочиб, Мовароуннаҳрга кетган. Самарқанд, Бухорода яшаган (1512—15), сўнг Фарқат (ҳоз. Паркент), Тошкент, Шаҳрисабзга саёҳат қилган. 1518 йилда Келди Муҳаммадхон (Султон Муҳаммад) томонидан Шоҳрухияга чақирилган, 1525 йилдан умрининг сўнгги йилларигача Тошкентда яшаган.

В. Келди Муҳаммадхоннинг Хуросонга юришларида қатнашган (1528—29). 1540 йилдан Бароқхон саройида давлат ҳужжатларини тузган.

В.нинг ижодий фаолияти 12—13 ёшидаёқ бошланган. Насрнинг кўпгина турларида (мактуб, ариза, ҳикоя каби), бадиий, сажъ услубида яхши ижод қилган. Ранг-баранг ташбеҳлар ишлатишдаги, айниқса муаммо санъатидаги маҳоратига Алишер Навоий юқори баҳо берган. В.нинг бир қанча шеърий ва насрий асарларини ўз ичига олган "Бадоеъ ул-вақоэ" ("Нодир воқеалар", 1-қисм, 1517—18; 2-қисм, 1539) китобида Хуросон, Мовароуннаҳр, Туркистон ва Эрондаги 1532 й.гача бўлган даврдаги илмий, адабий, тарихий ва маданий ҳаёт акс эттирилган. Ибн Сино, Жомий, Навоий, шунингдек Қосим Али Қонуний, Чақар, Чангий, Ус тод Ҳасан Удий, Ҳофиз Басир, Ус тод Шайхи Нойи каби мусиқашунослар, айрим давлат арбоблари ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. Китоб Ўрта Осиё халқлари тарихи ва маданияти ҳақида муҳим манба ҳисобланади. Акад. Б.Л.Дорн, В.В. Бартолд, проф. Якубовский, Бертелс, Айний ва б. ўз илмий тадқиқотларида ундан фойдаланганлар. Мазкур асарда Тошкент ва унинг вилоятидаги сиёсий воқеалар, адабий муҳит, хусусан унда шоирлар, адиблар тўпланишиб мушоиралар ўтказган Кайковус чорбоғи ҳақида қизиқарли воқеалар баён килинган. Чорбоғ шаҳар қўрғонидан ташқарида бўлиб, В. у ерда хон ва султонлар учун шифохона бўлганлигини ҳам ёзган. Тошкент ва унинг атрофида яшаб ижод эттан шоирлар, рассомлар, хатготлар ва б. машҳур кишилар ҳақида, вилоят ҳудудида фойдаланиб турилган темир ва феруза конлари тўғрисида маълумотлар берилган.

"Бадоеъ ул-вақоэ"нинг 83 байтдан иборат маснавийсида Тошкентнинг гўзаллиги, боғ-роғлари, ҳавоси ва зилол сувлари мадҳ этилган.

В. имом Қаффол Шоший мақбараси эшигидан кираверишда ўнг томонга дафн этилган.

Ас.: Бадоеъ ул-вақоэ (Нодир воқеалар; таржимон Н. Норкулов), Т., 1979.

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил