Тожикистон-Ўзбекистон: Пандемия боис тўхтаб қолган автобус қатнови тикланди O‘zbekiston Tojikiston dunyo, yangiliklar

  • Мустақил журналист
  • Тожикистон
Автобус рейси

Сурат манбаси, courtesy

Бугун Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридан Ўзбекистон пойтахти Тошкентга йўловчилар ташиш автобуси жўнаб кетди. Ўзаро қатнов 17 ой деганда қайта тикланди. Тожикистондаги расмий рақамларга кўра, бу мамлакатда бир миллиондан ортиқ этни�� ўзбек яшайди.

Мазкур автобус қатнови 2020 йилнинг март ойида, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган дастлабки бемор аниқланганда тўхтатилганди.

Ўша йили 15 мартга ўтар кечаси Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаралар ёпилганди.

Ўзбекистон Президентлигига Шавкат Мирзиёев сайланиб, икки қўшни мамлакат орасидаги муносабатлар илиқлашгач, узоқ йиллик танаффусдан сўнг Хўжанд ва Тошкент ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилганди.

Пандемия боис тўхтаб қолган автобус қатновини қайта йўлга қўйиш учун Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт вазирликлари ўзаро келишувга эришишди.

Шу пайтгача фақат Тошкент ва Душанбе ўртасида йўловчи ташиш учоқлари парвоз этаётганди. Бу авиарейс коронавирусга чалиниш ҳоллари камайгандан сўнг тикланган эди.

Кутилганидан кўп келган йўловчилар

Автобус рейси

Сурат манбаси, courtesy

Хўжанддан Тошкентга қатновчи автобус эрталаб соат 8 да йўлга чиқиши зарур эди.

Лекин тонг ёришмасдан Тошкентга бориш учун отланган йўловчилар автобус бекатига етиб келишди.

Натижада эллик кишига чипта олиш насиб этди.

Тожикистон томонидан автобус йўналишини йўлга қўйган "Asian Express" ширкати раҳбарлари йўловчилар истагини ҳисобга олишди.

Улар сафар��а тайёр турган иккинчи автобусни ҳам йўлга чиқариш тараддудига тушишди.

- Тўғриси, биз биринчи кунданоқ бунчалик кўп одам келишини кутмаган эдик. Лекин йўловчилар кўпайишига қараб келажакда кунига бир марта эмас, икки-уч мартадан қатнов уюштиришни режалаштирганмиз, - деди ширкат таркибидаги ёпиқ ҳиссадорлик жамияти ижрочи директори Икром Зокиров.

Унинг айтишича автобус қатновининг йўлга қўйилиши йўловчиларнинг чегарадан ўтишларини енгиллаштиради.

Автобусда бораётган кишиларга чегарада биринчи навбатда хизмат кўрсатилади.

- Агар чегарадаги ҳужжат текширишлар оладиган вақт ҳисобга олинса, автобус Тошкентнинг марказий автовокзалига тўрт соатда етиб боради, - деди Икром Зокиров.

- Мен кеча чипта сотиб олгандим. Тошкентга тижорат мақсадида тез-тез бориб тураман. Тожикистон томонидан чегара тўлиқ очилган эмас. Чегарадан ўтказишлари қийин. Яхши бўлди. Энди Тошкентга бемалол бориб-келавераман, - деди автомобил эҳтиёт қисмлари билан савдо қилишини айтган, Бобожон Ғафуров туманида яшайдиган Жўрабой исмли йигит.

- Мен Тошкентнинг ўзига эмас, йўлда тушиб қолиб Бекободга бораман. Синглим тўй қиляпти. Чегарадан ўтиш иложини тополмай, бошим қотиб турганди, бу хушхабарни эшитиб қолдим, - деди Истаравшан шаҳрида яшайдиган Алиёр.

Ўзбекистон-Тожикистон чегараси

Сурат манбаси, kun.uz

Алиёрнинг айтишича, Ислом Каримов пайтида ёпиб ташланган чегаралар бундан тўрт йил олдин Тожикистон ва Ўзбекистон Президентлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли қайта очилган.

- Уч йил олдин Бекободда яшайдиган опамнинг тўйига боргандим. Лекин орада пандемия бошланиб қолиб, чегаралар мажбурий ёпилгани боис Бекободдаги қариндошларникига боролмай қолдик. Тошкентга яна автобус қатнаётганидан бу��ун оиламиз билан қувондик, - деди Алиёр.

Алиёр чегарадан ўтилаётганда, агар вакцина олганлиги борасида сертификат бўлса, коронавирусга чалинган-чалинмаганлигини аниқлаш учун тест олинмаслигидан ҳам мамнун бўлганлигини айтди.

- Тест топшириш учун ҳам бизнинг пулга бир юзу олтмиш сомоний топшириш керак экан. Мен вакцина олганман, сертификатим бор, демак тест учун ортиқча пул сарфламайман - деди келгусида Бекободга оиласи билан боришларини айтган Алиёр.

Автобус рейси

Сурат манбаси, courtesy

Хўжандлик нафақадаги аёл Гавҳар Нодирова эса, Тошкентдан Москвага учоқда учиш мақсадида йўлга чиққан.

- Болаларим Москва вилоятида яшашади. Уларни кўриб келмоқчиман. Тошкентда самолёт чиптаси нархи биздагидан анча арзон. Автобус қатнаб қолгани нур устига аъло нур бўлди. Энди машинадан машинага ўтиб юрмайман, - деди Гавҳар Нодирова.

- Автобус чиптасини юз сомонийга сотиб олдим. Тўғри, агар таксида кетсангиз, бироз арзонга тушиши мумкин. Лекин чегарада таъмагирлик қилишлари бор гап. Таксида Тошкентга етиб олиш учун автобусга сарфлаганингизга қараганда, икки-уч баравар пулингиз кетади, - деди Россияга ишлаш учун кетаётган, ўзини Анвар деб таништирган йигит.

"Қамчиқ"да қатнов камаядими?

Айни бир пайтда Шимолий Тожикистондаги бошқа бир шаҳар Панжакентдан Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига автобус қатнови йўлга қўйилиши арафасида.

Ҳар куни амалга ошириладиган бу автобус йўналишини Панжакентдаги "Саёҳати Ҳафткўл" ( "Еттикўл саёҳати") туристик ширкати ташкил этмоқда.

Ширкат раҳбари Шодмонқул Сангиновнинг ижтимоий тармоқларда ёзишича, автобус қатнови Зарафшон водийсига келаётган сайёҳлар сонини оширишга ҳам хизмат қилади.

Сайёҳлар қадимий Бухоро ва Самарқандни томоша қилишгач, Панжакентдаги беш ярим минг йиллик тарихга эга Саразм қазилмаларини, табиат мўъжизаси ҳисобланадиган Еттикўлни кўриш учун келиб-кета оладилар, деди у.

Автобус рейси

Сурат манбаси, courtesy

Панжакент ва Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари орасида очиладиган янги автобус рейси чиптаси ҳам унчалик қиммат эмас - 200 сомоний (18 АҚШ долларига яқин).

- Биз ҳам Панжакентга Самарқанд орқали автобус қатновини йўлга қўйишни мўлжаллаяпмиз. Тоғли йўлларда айниқса қишки пайтларда автобус қатнаши қийин. Янги рейсни йўлга қўйиш учун автобусларимиз етарли. Ўнта замонавий, янги автобусимиз бор, - деди Икром Зокиров.

Айни бир пайтда Ўзбекистонда ҳам Фарғона водийси шаҳарларига Тожикистоннинг текис йўлларидан автобус қатнови йўлга қўйиш борасидаги фикрлар янграмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятидаги сайлов олди учрашувида Гулистондан Фарғона водийсига Тожикистоннинг Суғд вилояти йўллари орқали автобус қатнови йўлга қўйилиши борасида айтди.

Ўзбекистонлик таҳлилчиларнинг айтишларича, фақат Гулистондан эмас, балки Тошкент, Самарқанд ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидан Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон каби шаҳарларга автобус қатнови йўлга қўйилса аксарият кишилар ҳатто бироз яқинроқ бўлса-да, Қамчиқ довонидаги хатарли йўлдан воз кечишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek