Янгиликлар: Қирғизистон минтақада ҳеч ким қилмаган ишни қилди, Ўзбекистон-чи?

  • Шоҳруҳ Соипов
  • Журналист
Қирғизистон байроғи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қирғизистон янги байроғидаги қуёш нурлари энди тўлқинли эмас, тик бўлади.

Қирғизистон байроғи ўзгарди. Аммо Марказий Осиё давлатлари орасида Совет даври байроқлари ўзгаришидан кейинги бу қарор қарамаа-қарши фикрларга сабаб бўлмоқда.

Президент Садир Жапаров 22 декабрь куни давлат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Янги байроқдаги қуёш нурлари энди тўлқинли эмас, тик бўлади ва чамбараклар учдан тўрттага кўпайтирилган.

Алоқадор мавзулар:

"Қирғизистон Республикаси давлат байроғи тасвирланган барча турдаги расмий ҳужжатлар амал қилиш муддати тугагунга қадар қўлланилади. Автотранспорт воситаларининг давлат байроғи тасвири туширилган рақамлари ва транспорт воситалари рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, тегишли идора уларни алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилгунга қадар амал қилади", дейилади президент сайтидаги маълумотда.

Икки ойдан бери муҳокама қилинаётган давлат байроғини ўзғартириш тўғрисидаги жараёнлар сўнги ҳафталарда тезлашган.

19 декабрь куни давлат рамзларини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентнинг тегишли қўмитасида дарҳол иккинчи ва учинчи ўқишда, эртаси куни эса парламент йиғинида муҳокамасиз қабул қилинган. Давлат байроғини ўзгартиришни ёқлаб 59 депутат, 5 нафари қарши овоз берган. 15 депутат эса овоз беришда умуман қатнашмаган.

Қирғизистонликлар ижтимоий тармоқларда расмийларнинг амалдаги байроқни ўзгартириш ташаббуси юзасидан ўз норозиликларини билдиришмоқда. Улар қонун лойиҳаси ташаббускори, парламент спикери Нурлан Шакиевнинг постлари остида ғазабланган изоҳлар қолдирган ва президент Садир Жапаровдан ижтимоий тармоқларда байроқни ўзгартирмасликни сўраган.

Футболчилар Мирлан Мурзаев ва Азамат Байматов, кикбоксчи Дастан Шаршеев, кураш бўйича жаҳон чемпиони Жўламан Шаршенбеков ва полвон Айсулу Тинибековалар янги байроққа қарши чиқишган.

Бишкекда бир гуруҳ фаоллар норозилик сифатида кўчаларга чиқди. Ҳаттоки, амалдаги байроқ муаллифлари ҳам ўз норозиликларини билдирди. Бироқ ҳокимият ўз сўзидан қайтмади, мухолифатга босимни кучайтириб, тинчлик намойишини ўтказишни режалаган фаол Афтандил Жўробековни ҳибсга олди ва уни "давлатни куч билан босиб олиш" айби ила қамоққа ташлади.

Президент Садир Жапаров яқинда бўлиб ўтган қурултой якунида саволларга жавоб берар экан, давлат байроғига ўзгартириш киритиш ўзининг ташаббуси эканини тан олиб, халқдан уни қўллаб-қувватлашни сўраган.

"Байроққа ўзгартириш киритиш менинг ваколатимга кирмайди, у парламентнинг ваколатидир. Спикердан байроқ муаллифлари билан маслаҳатлашиб, тўсинларни бироз тўғрилаб, бўз уйнинг томидаги ёғочларни тўрттага кўпайтиришларини илтимос қилдим. Шунинг учун, мени сўкинглар, Нурлан Шакиевни эмас", деган Садир Жапаров.

Жапаров президент бўлиб турган уч йилда турли учрашув ва саммитга қатнашиш учун 30дан ортиқ мамлакатга борганини, айрим учрашувда «сизлар кунгабоқар етиштириб мой чиқарасизларми?» деган саволлар берилганини айтади.

Садир Жапаров

Сурат манбаси, PRESIDENT.KG

Сурат тагсўзи, Президент Жапаров байроқни ўзгартириш ташаббускорларидан.

"Тўғрисини айтсам, мустақилликка эришганимиздан бери биз ташқи дунёга қарам бўлиб қелдик. Шу сабаб ҳам байроғимиз кўринишини қайта кўриб чиқиш вақти келгандек. Бундай амалиёт дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд бўлиб, давлат байроғи элементларига маълум ўзгартиришлар киритилган. Худо хоҳласа, янги байроғимиз қабул қилинса, қарам бўлмаймиз. Бундан буён гўё қуёш порлаб, бизга табассум қилаётгандек бўлади. Мен ҳар қандай эътиқод ва хурофотлардан узоқман. Лекин барибир, биз бундан буён байроғимиздаги тундук орқали кириб келаётган қуёш нурлари каби ривожланган ва мустақил давлат бўламиз, деб умид қилишимиз керак", деган президент.

Шунингдек, Садир Жапаров давлат байроғи янгиланганидан кейин бюджетдан бир тийин ҳам сарфланмаслигини ваъда қилган.

"Бир тийин ҳам талаб қилинмайди. Ўша 50-60 байроқни ўз маошимдан алмаштириб бераман", дея қўшимча қилган президент.

Минтақада нималар ўзгармоқда?

Қирғизистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида мустақиликка эришганидан бери байроғини иккинчи марта алмаштираётган ягона давлат бўлиб қолмоқда. "Демократия оролчаси" дея таърифланувчи бу давлатда, сўнги 20 йилда икки марта халқ инқилоби юз берган. Ҳозирда мамлакатни олтинчи президент бошқармоқда.

1990 йиллар бошида Собиқ Совет Иттифоқидан ажралиб, мустақилликка эришган давлатлар миллий рамзлари акс этган ўз байроқ, герб ва гимнларини қабул қилган.

Минтақадаги мамлакатлар Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Турманистон бугунги кунгача давлат рамзларидан биронтасини ҳам ўзгартиргани йўқ. Бироқ, айрим пойтахт ва шаҳар номлари ўзгартирилганини кузатиш мумкин.

1997 йили Қозоғистон пойтахти Олмаотадан Остонага кўчирилган.

Қозоғистонни 28 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев 2019 йилнинг мартида президентликдан истеъфога чиқиб, ҳокимиятни Қасим Жўмарт Тўқаевга ўтказиб бериши ортидан, пойтахт Остона унинг шарафига, яъни Нур-Султонга ўзгартирилган.

Бироқ, 2022 йилнинг январида Қозоғистон жанубида юз берган тартибсизликлардан сўнг, собиқ президент ўз позицияларини бой берган ва пойтахт Нур-Султон қайта Остона дея номланган.

2016 йилнинг сентябрида вафот этган Ўзбекистоннинг биринча президенти Ислом Каримовнинг исми ҳам Тошкент халқаро аэропортига берилган. Шунингдек, бир нечта кўчалар ҳам марҳум президент исм-шарифи билан номланади.

Ўзбекистон сўнгги йиллари қадимий Тўйтепа шаҳрини Нурафшонга, Бўз туманини эса Бўстонга айлантирди.

Тожикистонда қатор ўзбекча туркий номлар ўзгартирилган. Дейлик, Ўратепа ё Қўрғонтепа каби шаҳарлар номлари алмаштирилди ва эндиликда Истарафшан ва Бохтар, деб аталади.

2021 йили Толибон Афғонистонда ҳокимият тепасига келгач, давлат рамзларини, жумладан байроқни ҳам ўзгартирган.

Аммо, дунёнинг аксарият давлатлари на Толибон ҳаракатини ва на унинг байроғини тан олган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002