ИШИД келинлари Қирғизистондаги ҳаётга қандай кўникишмоқда? - Видео Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

  • Элеанора Куленбекова ва Дэниел Виттенберг
  • Би-би-си, Қирғизистон
Shukur Shermatov
Сурат тагсўзи, Шукур Шерматов ИШИД аёлларига дарс беради

"Қирғизистонга хуш келибсиз," дейди Шукур Шерматов 20 нафар аёлдан иборат синфга мурожаат қилиб. У анъанавий қирғизча қалпоқ кийган, аммо бу мактабда анъанавий нарса йўқ. У нақ икки халқа хавфсизлик тўсиқлари билан ўралган бўлиб, ўқувчилар эса Суриядаги лагерлардан уйларига олиб келинган аёллардир. Улар "Исломий давлат" ёки ИШИДга бориб қўшилишган.

Реабилитация маркази Қирғизистон шимолидаги тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, ИШИДга қўшилган деб гумон қилинганларнинг хотинлари ва болалари ватанга қайтарилгандан кейинги дастлабки олти ҳафтани шу ерда ўтказадилар.

Алоқадор мавзулар:

Бизнинг Би-би-си Жаҳон Хизмати жамоамиз бу ерга илк ташриф буюрувчилар қаторида эди. Бу ердаги бошқалар каби бизнинг ҳам гапларимиз ва ишимиз ҳукумат разведка идораси томонидан диққат билан кузатилади.

Шукур биринчи дарсини ўтаётганида аёллар уни диққат билан тинглашарди. Курс фуқаролик, диний этика ва ғазабни қандай бошқаришни ўз ичига олади. Девордаги плакатларда ҳис-туйғуларни бошқариш бўйича маслаҳатлар берилган.

Қайта ўқитиш дастуридан ташқари, оилалар тиббий ва психологик ёрдам ва кўп йиллар давомида биринчи марта - етарли озиқ-овқат, сув ва бошпана олади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Бизга тўртта каравотли оддий ётоқхонани кўрсатишди, у ерда биз бинафшаранг ҳижобдаги аёлни учратамиз. Хавфсизлиги учун унинг исмини ўзгартириб, Фотима деб атаймиз. Кичкина деразадан кўриниб турган кўл атрофидаги қорли манзара у тарк этган Сурия лагеридан жуда фарқ қиларди.

"Бу ерда асосийси тинч. Бунинг учун ҳамма миннатдор. Болалар буни яхши кўради." У бироз тин олади. "Тинч."

Эдил Байсаловдан иқтибос

Сурат манбаси, .

Фотимани 2013 йилда турмуш ўртоғи Туркияга кетяпмиз деб бирга олиб кетади. Бутун оила, жумладан, Фотиманинг икки вояга етган ўғли, қизи ва набираси бирга кетади. Унинг айтишича, у Сурияда эканликларини тепада учоқларнинг ғала-ғовур овозини эшитиб, ИШИД қўриқчиларини кўрганида англаган.

Биз ундан қаерга кетаётганингизни билмасмидингиз, деб сўрадик. Биз учратган кўплаб аёллар сингари у ҳам нима бўлганини билмаганини, аёлнинг эрига эргашиши одатий ҳол эканини айтди.

Сурияга келганидан бир неча кун ўтиб, Фотиманинг эри бомба портлаши оқибатида тириклай ёниб ўлган, ўғилларидан бири эса снайпер томонидан ўлдирилган. Унинг иккинчи ўғли касал бўлиб, кўп ўтмай вафот этган.

Fatima
Сурат тагсўзи, Фотима Қирғизистоннинг реабилитация дастури доирасида Суриядан 2023 йили қайтарилган 110 онадан бири

Кета олмай қолган аёллар Ироқ ва Сурияда ИШИДнинг шафқатсиз ҳукмронлиги остида олти йилга яқин вақт ўтказдилар, Фотиманинг қизи яна кўп фарзандли бўлди. ИШИД жангарилари қувиб чиқарилганда, Фотима, унинг қизи ва тўрт невараси Суриядаги ИШИД жангарилари ва уларнинг оилалари учун энг катта қамоқхона бўлган ал-Холда қолишди. Тўрт йил ўша ерда яшадилар.

"Аёллар касал, болалар доим йиғларди. Бизни қўйиб юборишларини илтимос қилардик", дейди у. "Биз аранг тирик қолдик. Биринчи гуруҳни олиб кетиш учун Қирғизистондан келганлар ҳамма учун кутилмаган бўлди".

Октябрь ойида унинг қизлари ва невараларига ватанга қайтарилиши айтилган. Аммо Фотима эмас, у бироз кутиши керак эди.

"Рўйхатда йўқлигимни айтишганда йиғлаб юбордим. Қандай қилиб мен рўйхатда йўқман? Мен уларнинг онасиман! - деб йиғлайди у. - Аммо ҳозир шу ердаман ва тез орада оилам билан уйга қайтаман, бундан жуда хурсандман. Невараларим таълим олаётганидан хурсандман. Мен улар дунёни яхшироқ тушунишлари учун илм олишларини хоҳлайман".

57 ёшли Фотима реабилитация марказидаги энг кекса одам бўлиб, Қирғизистон 2023 йилда янги репатриация операцияси доирасида Суриядан қайтарган 110 нафар она ва 229 боладан бири эди. Қирғизистон ўтган йили Ироқдан кейин бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ одамни ватанига қайтарган.

Қирғизистон Сурияда қолиб кетган одамлар қариндошлари томонидан йиллар давомида олиб борилган кампаниядан сўнг яна камида 260 нафар аёл ва болани қайтаришни режалаштирмоқда. Мақсад - ҳукумат жабрланган деб ҳисоблаган одамларга иккинчи имконият бериш.

Шунга қарамай, барча қайтганлар сўроқ қилинади ва улар реинтеграция курсларини тугатиб, уйларига қайтганларидан кейин мунтазам назорат остида қолади. Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши раҳбари бизга айтишича, 10 нафар аёлдан тўққиз нафари жиноий жавобгарликка тортилади. Ҳозирда махсус гуруҳ бу аёлларнинг Қирғизистонни аниқ қачон тарк этгани, ким билан бирга бўлгани ва террорчиликни тарғиб қилганми ёки йўқлиги, болаларни уруш зонасига олиб борган ёки йўқлигини текширмоқда. Ҳали ҳеч ким айбланмаган ёки судлангани йўқ, лекин энг кўп жазо 11 йиллик қамоқ.

Биз Элмира исмли яна бир аёл билан учрашдик, у реабилитация марказидан ўтиб, ҳозирда пойтахт Бишкек яқинидаги шаҳарчада яшамоқда. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси унга мунтазам тиббий ва молиявий ёрдам беради.

Учрашувни тайинлаганимиздан кўп ўтмай, унинг ижтимоий хизматчиси бизга қўнғироқ қилди ва у ҳам суҳбатда қатнашишини айтди. Биз етиб борганимизда, у ерда икки нафар террорга қарши кураш полицияси ходими ҳам бор эди. Улар бироз гаплашиб, ташқарида кутадиган бўлишди.

Man on a horse, with dog next to him on the snowy mountains of Kyrgyzstan
Сурат тагсўзи, Қирғизистоннинг қорли, тоғли табиати аёллар бир неча йил сақланган Суриядаги лагерлар жойидан фарқ қилади

Кузатув ва потенциал айбловлар шуни англатадики, аёллар кўпинча Суриядаги ҳаётлари ҳақида гапиришни истамайди. Уларнинг кўпчилиги учун бу ортда қолдириш керак бўлган травматик тажриба эди.

Элмиранинг айтишича, уни интернетда танишган эркак алдаб Сурияга олиб кетган. У уни Туркияга келишга ишонтирган. Элмира 18 ёшга тўлганидан тўрт кун ўтгач, у билан учрашиш учун учиб кетган.

Аммо у ерга етиб боргач, уни бошқа эркак кутиб олади ва у ўша эркакнинг дўсти эканлигини айтади ва уни Сурия чегараси орқали машинада 17 соатлик йўл босиб олиб кетди. Унинг айтишича, у нима бўлаётганини тушунганида, орқага қайтишга кеч бўлган.

У икки марта турмуш қурди. Биринчи эри бир неча ойдан кейин ўлди, кейин у доғистонлик бир одамга тегди ва ундан фарзанд кўрди. Эри Сурияда нима қилгани ҳақида бошқа ҳеч нарса демайди, бироқ у ракета ҳужумида ҳалок бўлишидан олдин бирга Суриядан чиқиш йўлини излаганликларини айтади.

Элмиранинг айтишича, энг қийин пайт қизим ўлиб қолади деб ўйлаган вақтда бўлган. Ракета урилганда қизи уйда бўлган. Фарзанди тақдиридан даҳшатга тушган Элмира йиғлаб уйга югурди.

"Кейин кимдир уни тирик ва соғлом олиб чиқди, болам шунчаки қўрқиб кетганди. Қўшнининг уйи вайрон бўлди, яқин атрофдаги бошқа болалар ҳалок бўлди".

Фотима сингари Элмира ва унинг қизи ҳам Ал-Ҳол лагерида қолишди.

"Ҳалигача ишона олмайман. Баъзан тунда уйғонаман, туш кўраётганимни билмайман, - дейди у бизга. - Бизни у ердан олиб чиққан ва бизни ташлаб қўймаган барчадан миннатдорман. Биз буни ҳамма давлат ҳам қилмаслигини биламиз".

Ҳозирда тикувчилик бўйича таҳсил олаётган Элмира асл исми ошкор қилинмаслигини сўради. Ижтимоий тармоқларда баъзи қирғизистонликларнинг уларнинг ватанга қайтганига муносабатини кўриб, ўтмиши ҳақида ҳеч кимга айтмасликка қарор қилди.

"Бу ёқимсиз, - дейди у. - Кўпчилик нима учун биздан қўрқишларини тушунмаяпмиз. Биз улардан қўрқамиз! Одамлар бизни бу ерга пулемёт ва худкушлик белбоғи билан қайтган деб ўйлайди. Ундай эмас. Биз ҳам улар каби одамлармиз. Бизнинг ҳам оиламиз бор. Фарзандларимиз ҳам бор. Биз ҳам тинч ва бахтли ҳаёт кечиришни хоҳлаймиз".

"Ўзим унутишни истаётган нарсани одамларга айтиб юришим керакми? - қўшимча қилади Элмира. - Ўшанда 18 ёшда эдим. Ҳозир 27 ёшдаман. Бунчалик содда бўлмасликни ўргандим".

Элмиранинг тўққиз ёшли қизи сарғиш, кўзлари кўк, юзларида кулгичи бор. Кичкина қизча ҳаётининг кўп қисмини Ал-Ҳол лагерида ўтказди. У бизга "Биз Қирғизистонга кетишни истаймиз" ва "Бизни хавфсиз жойга олиб кетинг" деб ёзилган расмларини кўрсатади.

A woman walks past tents at the al-Hol camp in Syria

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ИШИД хорижий жангариларининг оила аъзолари Суриядаги ал-Ҳол жамлоғида сақланмоқдалар

Элмиранинг онаси Ҳамида Юсупова сўнгги ўн йил давомида Қирғизистон расмийларидан қизи ва набирасини қайтаришни сўраб келди, Сурияга кетган қизларнинг ота-оналаридан иборат гуруҳ тузди.

"Сурия бир томонга сафар бўлишини биламиз. Фарзандингиз ҳеч қачон уйга келмаслигини ўйлай бошлайсиз", дейди у.

"Қизим уйга қайтгани учун Худога шукур қиламан ва ниҳоят неварамни учратдим. Аммо Элмира тўққиз йиллик ёшлигини йўқотди. Бу жуда узоқ вақт".

Ҳамида уларни реабилитациядан олиб кетиш учун келганида, уларнинг учрашуви сўздан кўра кўпроқ кўз ёшларга тўла эди.

"Элмира она бўлди. Болани 18 йил тарбиялаганингда бу иш нақадар оғирлигини тушунди, бир куни сенга "ишлагани кетди", деб эшикни ёпиб, Сурияга ғойиб бўлса... Буни ҳеч бир онага тиламайман», дейди Ҳамида.

"Элмира: "Она, мени кечиринг, мени кечиринг" дейиши мумкин эди. Бошқа ҳеч нарса. Бундан ташқари, у менга қанчага қариганимни айтди!»

Элмира ва Ҳамида атрофдагиларнинг ҳаммаси ҳам кечирмаслигини жуда яхши тушунишади.

Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар сингари, аҳолисининг 90 фоизи мусулмон ҳисобланадиган Қирғизистон ҳам ИШИДга одам етказиб берувчи манба бўлди.

Ҳамиданинг фикрича, қизи бир эркакнинг алдови қурбонига айланган ва унинг ягона айби ишонувчанлиги. Аммо биз Элмира билан тенгдош қирғиз аёллари билан суҳбатлашдик, улар қайтганлар бошқаларни радикаллаштириши мумкинлигидан хавотирда эканликларини айтишди.

"Она сифатида жуда кўп лаънат ва ҳақоратларни эшитдим. Болам буни эшитишини хоҳламайман. Фарзандимни қўл билан кўрсатиб, террорчи дейишларини истамайман», дейди Ҳамида.

Hamida Yusupova
Сурат тагсўзи, Ҳамида Юсупова Сурияга кетган қизларни ватанига қайтариш мақсадидаги кампания гуруҳини ташкил этган

Бош вазир ўринбосари Эдил Байсалов репатриация сиёсатини Қирғизистоннинг ўз фуқароларига ғамхўрлик қилувчи бағрикенг демократик давлат эканлигининг тасдиғи сифатида кўрсатмоқчи.

"Менимча, энг яхшиси, улар бошдан кечирган даҳшатли тушни унутишади ва уларнинг оилалари ва жамоаларида ҳеч ким буни эсламайди. Улар ҳам Қирғизистоннинг яхши фуқароси", дейди у.

Жаноб Байсалов, бу, айниқса, айрим Ғарб давлатларида мунозарали масала эканини билади. ИШИДга қўшилиш учун кетган лондонлик уч нафар ўқувчи қиздан бири Шамима Бегум Британия фуқаролигидан маҳрум қилинганидан кўп ўтмай у ўз лавозимини эгаллаган эди.

Бош вазир ўринбосари ҳам сиёсий сигнал бермоқчи бўлган. Ҳуқуқ ташкилотлари 2020 йилги баҳсли сайловлар ва янги қонунлар қабул қилиниши ортидан Қирғизистоннинг Марказий Осиёдаги демократия ороли сифатидаги мақомига шубҳа қила бошлади.

"Бу Қирғизистон учун осон қарор бўлмади, - дейди у. - Албатта, Ислом радикал эмас. Бу бошқа динларни ҳурмат қиладиган жуда бағрикенг дин. Биз бир-биримизга ғамхўрлик қилишимиз керак бўлган кичик халқмиз. Ҳатто хато қилганлар ҳақида ҳам."

Қайтариш сиёсати БМТ болалар агентлиги ЮНИСEФ томонидан ҳам қўллаб-қувватланади ва Қирғизистонда репатриация ишларини олиб бораётган Силви Хилл буни "мақтовга лойиқ" деб атайди. Унинг айтишича, ЮНИСEФ "барча ҳукуматларни можаролардан жабрланган ўз фарзандларининг қайтиши, реабилитацияси ва реинтеграциясига кўмаклашишга" чақиради.

Биз суҳбатлашган аёллар бу иккинчи имконият учун миннатдор эканликларини айтишди ва улар бутун дунёдан яна 50 000 га яқин одам ҳали ҳам Сурия шимолидаги лагерларда қамалиб ётганини яхши билишларини айтишди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002