Got a TV Licence?

You need one to watch live TV on any channel or device, and BBC programmes on iPlayer. It’s the law.

Find out more
I don’t have a TV Licence.

Жонли ёритиш

Британия вақти бўйича

  1. Буғдой экспорти йўлини тўсиш "уруш жинояти"

    Украина дунёга етказиладиган буғдойнинг 9 фоизи, кунгабоқар ёғининг қарийб ярмини етказиб беради, шунинг учун ҳам жаҳон озиқ-овқат таъминотидаги энг муҳим мамлакатлардан бири ҳисобланади.

    Шунинг учун ҳам Россия Қора денгиздаги Украина портлари йўлини бекитиб тургани катта шикаст етказаяпти, шунинг учун ҳам 20 июнь куни Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Жозеп Боррель Россиянинг буғдой йўлини тўсаётгани "реал уруш жинояти" деб таърифлади.

    Шу куни Украина Президенти Володимир Зеленский Африка Иттифоқи вакиллари билан сўзлашаркан, "Африка Россия урушининг гаровга олинган кишиси бўлди" деб атади.

    Чунки бу нарса бутун Африкада озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кўтарилишига олиб келди.

    Дунё раҳбарлари Украинадан дон ва бошқа маҳсулотларни олиб чиқишнинг муқобил йўлларини қидиришаяпти.

    Бироқ автомобиль ва темир йўллари барибир Қора денгиздаги кемаларчалик кўп маҳсулот олиб чиқиш имконини бермайди.

    Би-би-си журналистик тадқиқотидан маълум бўлишича, Россия Украина жанубида қўлга олинган ҳудудлардан Украина давлати ва хусусий фермерлари ғалласини ўғирлаяпти, арзон нархда фермерлардан сотиб олаяпти ва Россияга ташиб кетаяпти.

    Сўнг бу буғдойлар Россия буғдойи деб жаҳон бозорига олиб чиқилаётгани исботланди.

    Украина буғдойини автомобиллар орқали Молдовадан олиб чиқишга ҳаракат қилинаяпти.
    Image caption: Украина буғдойини автомобиллар орқали Молдовадан олиб чиқишга ҳаракат қилинаяпти.
  2. Қора денгиздаги Россия газ конлари ҳужумга тутилди

    Россия аннексия қилган Қрим раҳбари Сергей Аксёнов хабар қилишича, "Черноморнефтегаз" бурғулаш платформаларидан 94 одам эвакуация қилинган.

    Қрим расмийларига кўра, 20 июнь куни эрталаб Украина ҳарбийлари Одесса шаҳрига яқин Қора денгиздаги учта газ бурғулаш платформасини ракета ҳужумига тутганлар.

    Қрим раҳбари Сергей Аксёнов хабар қилишича, ҳужумлар оқибатида уч киши яраланган, етти киши бедарак кетган.

    Аксёновга кўра, платформаларда 109 киши бўлган.

    "Черноморнефтегаз" Қора ва Азов денгизларида ва Қрим ярим ороли қуруқлигида нефть ва газ қидириб топиш ва қазиб чиқариш билан шуғулланади.

    "Черноморнефтегаз"нинг бурғулаш миноралари Қримнинг ғарбий соҳилларида, Одессадан отилган ракеталари тез етиб борадиган масофада жойлашган.

    Украина томони платформаларни ҳужумга тутгани борасида изоҳ бергани йўқ.

  3. Литва нега Калининград транзитини чеклагани борасида изоҳ берди

    Литва Ташқи ишлар вазирлиги изох беришича, Литвадан Россиянинг Калининград вилоятига юклар транзитини бир томонлама чеклагани йўқ.

    Бу Европа Иттифоқининг Россияга қарши жорий этган тўртинчи пакет санкциялари талабининг ижросидир.

    20 июнь куни Литва Ташқи ишлар вазирлигига Россиянинг муваққат элчиси Сергей Рябокон чақирилган ва шу гап айтилган.

    Шу куни Москвадаги Литва муваққат элчиси Виргиния Умбрасене Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ва кескин норозилик билдирилган эди.

    Россия расмийлари Литванинг транзитни чекловига нисбатан ғазабларини изҳор этдилар, бунга қарши чора кўришга чақириқлар янгради.

    17 июндан Европа Иттифоқининг Россиядан пўлат ва қора металларни импорт қилиш ва иттифоққа аъзо мамлакатлар ҳудудидан уларни олиб ўтишга доир санкциялари кучга кирган.

    Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель ҳам Литва фақат ЕИ сакнкцияларини ижро этаётганини айтди.

  4. Энг муҳим сўнгги ўзгаришлар

    Россия босқинининг 117-куни

    Украина қуролли кучлари Северодонецк шаҳри яқинидаги Метелкино посёлкаси устидан йўқотганлар.

    Северодонецк шаҳри учун жанглар ҳамон давом этаяпти. Украина қуролли кучлари "Азот" кимёвий комбинатининг аксар ҳудудини ўз қўлларида ушлаб турибдилар. Корхона ертўлаларида тинч фуқаролар жон сақлаяптилар.

    НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг айтишича, Украинадаги уруш бир неча йил давом этиши мумкин, шунинг учун Россия босқинига қарши курашаётган Украинани бундан кейин қўллаб-қувватлаш керак.

    Украина парламенти мамлакат медиаси ва жамоат жойларида Россия мусиқасини тақиқлашни маъқуллаб овоз берди.

    Россия Хитойнинг энг йирик нефть таъминотчисига айланди. Май ойида Хитойга 8,42 миллион тонна нефть етказилган, бу бир йил олдинги рақамга солиштирганда, 55 фоиз кўп. Бу дегани, Россия Ғарб санкцияларига қарамасдан, нархини пасайтириб, нефтига харидор топишнинг уддасидан чиқмоқда.

    Литва Россиянинг Калининград вилоятига Европа санкцияларга тушган товарлар транзитини тақиқлагани Кремль норозилигига сабаб бўлди.

  5. "Бу Путиннинг эмас, Россиянинг уруши". Немис тарихчиси - русларнинг жамоавий масъулияти ва немисларнинг тажрибаси ҳақида

    Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери Путин бошлаган уруш учун барча русларнинг ахлоқий жавобгарлиги, рус маданиятини бойкот қилишнинг қанчалик адолатлилиги ва Россия қачонлардир ўз қилмишлари учун тавба қила оладими ёки йўқлиги борасида жиддий баҳслар давом этмоқда.

    Бу ҳақда Би-би-си Украина хизмати мухбири Виктория Приседская немис тарихчиси, Мюнхендаги Людвиг ва Максимилиан университети профессори, доктор Мартин Шульце Вессел билан суҳбатлашди.

  6. Еврокомиссия Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун номзод мақомини қўллаб қувватлади

    Европа комиссияси Украина ва Молдовани Европа Иттифоқига аъзо бўлишга номзод мақомини тасдиқлади. Ушбу масалани Европа мулозимлари Франция, Германия ва Италия раҳбарларининг Киевга қилган ташрифида ушбу қарорни қўллаб қувватлашини маълум қилганидан сўнг муҳокама қилган.

    Еврокоммисия Грузиянинг ҳам аризасини кўриб чиққан, аммо унга рад жавоби берилган.

    Украина ва Молдованинг номзодлик мақомини Европа Иттифоқига кирувчи 27 давлатнинг ҳаммаси тасдиқлаши керак. Ушбу масала 23-24 июн кунлари Брюсселдаги давлат раҳбарларининг йиғилишида муҳокама қилиши кутилмоқда.

    Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляен “Украиналиклар Европа истиқболи учун ўлишга тайёр, аммо улар биз билан бирга Европа орзусида яшашини истаймиз”, деган.

  7. Британия разведкаси: Россиялик миллионерлар қочяпти, Россия аскарлари Севередонецкни қуршовга олмоқчи

    Сўнгги 24 соат ичида Россия қўшинлари Попасна йўналиши бўйлаб олдинга юришга ҳаракат қилди. Улар шу томондан Севередонецкни жанубий йўналишини қуршовга олишни мақсад қилган, дейилади Британия разведкаси хабарида.

    Бу сафарги ҳисобот Россиянинг ичидаги вазиятни ҳам қамраб олган. Уруш манзарасида Россия анчадан бери интилиб келаётган авторитар тизим мустаҳкам ўрнатилмоқда. Сўнгги ҳафталарда Дума Россияга қарши урушган фуқароларни 20 йилга озодликдан маҳрум қилиш қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

    Урушга қарши чиқиш қилиш ҳам жиноий жавобгарликка тортилади. Кўплаб россияликлар “махсус амалиёт”ни қўллаб-қувватлашини айтаётган бўлса-да, аҳолининг бир қисми фаол ва суст тарзда ўз норозилигини билдирмоқда.

    Россияликлардан ташкил топган “Озод Россия” легиони Украина тарафида жанг қилаётган бўлиши эҳтимоли юқори. Россиядаги айрим юқори лавозимли мулозимлар урушни танқид қилганидан сўнг ўз таъсирини йўқотган.

    Россия бизнес гуруҳлари ва олигархлар ўртасида урушга муносабат жуда салбий. Миграция хизмати маълумотларига кўра, 15 минг россиялик миллионерлар мамлакатдан чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда.

    Бу қисман Россиянинг уру очишини қабул қилмаслик ҳамда Россияга қарши санкцияларнинг молиявий оқибатидан қочиш истаги билан боғлиқ.

    Бу уруш туфайли Россия иқтисодига берилган узоқ муддатли зарарни янада чуқурлаштиради, дейилади Британия разведкаси ҳисоботида.

    Severedonesk
  8. Лавров: Россия Украинага бостириб киргани йўқ

    Президент Путиннинг энг яқин маслаҳатчиларидан бири, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг BBCга айтишича, Россия Украинага бостириб киргани йўқ.

    У Кремль мавқеъсини такрорлади: бу уруш эмас - махсус ҳарбий амалиёт. 20 йилдан буён Россия ҳокимиятининг юрагида бўлиб келаётган Сергей Лавров Би-би-сининг Россия бўйича муҳаррири Стив Розенбергга интервью берди.

    View more on youtube
  9. Украина Россия кемасини йўқ қилганини айтмоқда

    Украина ҳарбий-денгиз кучлари Қора денгиздаги Россия флотининг “Василий Бех” номли шатакка олувчи кемасига зарба берганини айтмоқда. У Илон оролига қурол-яроғ ва ҳарбий денгизчиларни олиб кетаётган бўлган.

    “Ҳатто бортдаги ТОР ҳаво ҳужумига қарши ракета мажмуаси ҳам Украина ҳарбий-денгиз кучларига Россия босқинчиларини қуролсизлантиришга тўсқинлик қилмади”, дейилади Украина ҳарбий-денгиз кучлари раҳбарияти хабарида.

    Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Марченко Украина кучларининг Россия кемасини ракета билан нишонга олганини тасдиқлади.

    “”Москва” крейсерига салом айтинглар”, деган у.

    Twitterда гўёки Россия шатакка олувчи кемасига зарба бериш лаҳзаси акс этган видео пайдо бўлди. Бироқ зарба вақти ва бошқа ҳолатларни аниқлашнинг ҳозирча имкони бўлмади.

    “Украина денгиз палатаси” мустақил ташкилоти маълумотларига кўра, кема ҳали чўкмаган ва уни қутқаришга ҳаракат қилишмоқда.

    Россия томони хабарга муносабат билдирмади.

    Астрахан заводида қурилган шатак кемаси 2017 йилдан бери Россия Қора денгиз флоти таркибида туради. 2021 йили у “Халоскор Василий Бех” номини олган.

    View more on twitter
  10. Собиқ Президент Медведов Европа раҳбарларининг Киевга сафарини масхара қилди

    Кремлнинг юқори мансабдор мулозими Франция, Германия ва Италия раҳбарларининг Киевга ташрифига истеҳзо билан муносабат билдирди.

    Россиянинг собиқ президенти, бош вазири ва ҳозир Россия Хавфсизлик кенгаши раис ўринбосари Дмитрий Медведов Twitter да ташрифни танқид қилди. У Европа ошхонасига оид стереотипларни салбий оҳангда ишлатиб фикр билдирган.

    “Европанинг қурбақа, ўпка-жигар ва макарон ихлосмандлари Киевга келишни яхши кўришади. Фойда эса - ноль. Яна Европа иттифоқига аъзолик ва эски тўплар ваъда қилишди, ароқдан ҳўплаб, юз йил олдингидек поездда қайтиб кетишди. Ҳаммаси яхши. Аммо бу Украинада тинчликни ҳеч яқинлаштирмайди. Вақт эса ��таяпти”, деган у.

    Киевга бўлаётган Европа давлатлари раҳбарларининг ташрифи доираси матбуот анжумани ташкиллаштирилган.

    Франция Президенти Эмманюэл Макрон Киевга келган раҳбарлар Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун дарҳол номзод мақомини олиш таклифини қўллаб қувватлашини билдирди.

    Макрон яна Франция Украинага қўшимча равишда 6 та узоқ масофага отувчи Цезар қуролларини етказиб беришни ваъда қилди.

    Presidents
  11. Украина уруши: Бабушка Z ўзининг машҳурлигидан рози эмас

    Охирги ойларда украиналик буви Кремль пропагандасининиг янги рамзига айланди. Бабушка Z номи билан машҳур бўлган аёлнинг Совет байроғини ушлаб турган суратлари, ҳайкаллари, кийим, ҳайкал ва безаклари бутун Россияда тарқалмоқда. Бироқ Украинанинг кичик қишлоғидаги буви қандай қилиб урушни қўллаб-қувватлаётган россияликларнинг юлдузига айланди? Би-би-си мухбири София Беттиза бувининг Харков шаҳри яқинидаги қишлоғига бориб у билан суҳбатлашди.

    View more on youtube
  12. Зеленский Европа раҳбарларидан истаган ёрдамини оладими?

    Киевдан Би-би-си мухбири Ник Бик

    Президент Зеленский Европа иттифоқидан келган давлат раҳбарларини Киевдаги Президент саройи остонасида кутиб олди. Ҳужумга учраган мамлакатдаги кучайтирилган хавфсизлик сабаб Президент саройи ҳарбийлар билан ўраб олинган.

    Биргаликда суратга тушиш маросимида мен Зеленскийга “европалик ҳамкорлар бугунги учрашувда сиз истаётган нарсаларни беради”, деб ўйлайсизми, деб қичқирдим. “Кўрамиз”, деб жавоб берди Зеленский.

    Аммо сиз некбинмисиз, деб сўрадим. Раҳбарлар муҳокама учун сарой ичига киргани сабаб аниқ жавоб бўлмади.

    Украина расмийлари Франция ва Германия раҳбарлари Киевнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш амбицияларини қўллаб-қувватлашига умид қилади. Олдинроқ Эммануэл Макрон и Олаф Шольц бу борада бир-бирига зид баёнотлар берганди.

    Сал олдинроқ Зеленский ва Макрон бир-бирини самимий бағрига босди. Шолцнинг келишида бироз ўнғайсиз ҳолат содир бўлди. Германия канцлери машинасидан катта портфел билан чиқди ва уни олдидаги қизил гилам устига қўйди. Портфелни дарҳол кўтаришиб, бошқа расмийларнинг қўлига бериб қўйишди.

    Prezidentlar
  13. Европа раҳбарлари Зеленский билан учрашди

    Франция, Германия, Италия ва Руминия раҳбарлари Украина Президенти Володимир Зеленский билан учрашди.

    Олдинроқ Эммануэль Макрон, Марио Драги и Олаф Шолц Киев учун жангда ҳал қилувчи нуқта бўлган Ирпен шаҳрига борганди.

    Ирпен Киев билан дарё устига қурилган кўприк орқали боғланган. 25 феврал куни Украина ҳарбийлари Россия танкларини тўхтатиш учун кўприкни портлатиб ташлашади.

    Бир неча ҳафта давом этган қақшатқич жанглардан сўнг Украина аскарлари шаҳарда назоратни қўлга олганди.

    Ирпенда 290 нафар тинч аҳолининг жасади топилган.

    “Украина қаршилик кўрсатиши ва ғалаба қозониши шарт”, деган Франция президенти.

    rahbarlar
  14. Европанинг қудратли давлат раҳбарлари уруш кетаётган Украинага келди

    Италия Бош вазири Марио Дарги, Франция Президенти Эммануэл Макрон ва Германия канцлери Олаф Шолц тунги поездда Украина пойтахти Киевга келишди.

    Сиёсатчилар Варшавадан келган, улар Президент Зеленский билан учрашади. Би-би-си мухбири Ник Бикнинг хабар беришича, бугун тонгда Киевда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиренаси янграган.

    Унинг айтишича, бу каби сиреналар пойтахт ҳаётининг бир қисмига айланган, аммо бу Украинага бўлиб турган давлат раҳбарларига уруш кетаётган юртга келганини эслатиши мумкин.

    Канцлер Олаф Шолц Германиянинг Билд нашрига “биз Украина билан нафақат бирдамлигимизни, балки молиявий, инсонпарварлик, шунингдек, қурол-яроғ етказиб беришни давом эттиришимизни кўрсатишни истаймиз”, деган.

    Унинг айтишича, ёрдам Украинанинг мустақиллиги учун курашишда қанча лозим бўлса шунгача давом этади. У Украинадаги вазиятни ўта ноёб деган.

    Шолц санкцияларнинг аҳамиятини ҳам урғулаган. “Улар Россия ўз амалиётидан воз кечиб, қўшинларини яна олиб чиқиб кетишига олиб келади. Чунки мақсад шундай”, деган у.

    Shols
  15. НАТО Украинага оғир қуролларни беришда давом этади

    НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг иттифоқнинг Брюсселдаги саммитидан олдин Украина мушкул вазиятда қолаётгани учун “унга зудлик билан дастак” бериш керак деган.

    Столтенберг НАТОга аъзо давлатлар Украинага оғир қуроллар ва узоққа отувчи ракета тизимлари етказиб беришда давом этишини айтган. У саммит давомида Киевга янги ёрдам пакети келишиб олинишини кутаяпти.

    “Диққатимизни ёрдамни кучайтиришга қаратганмиз”, деган у.

    NATO
  16. Британия: Россия Северодонецкнинг катта қисмини назорат қилмоқда

    Британия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, Россия шаҳарга катта зарар етказган шиддатли жанглардан сўнг Северодонецкнинг катта қисмини ўз назоратига олган.

    Хабарда айтилишича, Россия катта эҳтимол билан шаҳарда бу каби кучли қаршиликка дуч келишини ва тўқнашувлар чўзилиб кетишини кутмаган.

    Северодонецкнинг бир неча юз тинч аҳолиси ҳозир “Азот” кимёвий заводининг ертўлаларида паноҳ топган. Британия Мудофаа вазирлигининг айтишича, Украиналик аскарлар ҳам шу ерга яширинган.

    Россия томони заводдаги Украина аскарларини таслим бўлишга чақирган.

    отишма
  17. Украина: Ғарб Киев сўраган қуролнинг фақат 10 фоизини берди

    Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг айтишича, Ғарб Украинага ваъда қилган қуролларнинг атиги 10 фоизини етказиб берган.

    “Украина қанча куч сарфласа ҳам, армиямиз қанчалик кучли бўлса ҳам, бу урушни ҳамкорларимизнинг ёрдамисиз енголмаймиз. Украинага керак деган қуролларнинг тахминан 10 фоизини олдик”, деган у.

    Унинг таъкидлашича, Ғарб Украинага ҳарбий ёрдам беришни тезлаштириши керак. Чунки ҳар бир кечиктирилган кун украиналик жангчи, оддий украналикнинг ҳаёти ҳамда Украина шаҳарларининг вайрон бўлишига сабаб бўлади.

    Чоршанба куни НАТО Мудофаа вазирлари Брюселда йиғилади ва Украинага яна қандай ёрдам бериш мумкинлигини ҳам муҳокама қилади.

    Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр
    Image caption: Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр
  18. Россия Северодонецк ҳимоячиларига: Сизларга таслим бўлишга эрталабгача муҳлат

    Россия Мудофаа вазирлиги Северодонецк шаҳридаги "Азот" заводида ўрнашиб олиб қуролли қаршилик кўрсатаётган Украина ҳарбийлари олдига шарт қўйди.

    Уларга 15 июнь Москва вақти билан эрталабки соат 8 гача қуролларини ташлаб таслим бўлиш талаб қилинди.

    Россия номидан ҳарбийларнинг ҳаёти кафолатланиши ва уларга Женева конвенциясида кўзда тутилган ҳарбий асирларга муомала ваъда қилинди.

    Украина расмийларига кўра, "Азот" кимёвий заводи ертўлаларида 540-560 атрофида тинч фуқаролар ҳам жон сақлаяпти.

    Бир кун олдин Северодонецкни дарё устидан боғлаб турган уч кўприкнинг учинчиси ҳам вайрон этилгани хабар қилинди.

    Украина расмийлари тинч аҳоли эвакуацияси ва шаҳарга ёрдамларни етказиш учун бошқа йўл ҳам борлиги, бироқ қийинлигини айтадилар.

    Россия ҳарбийлари тинч фуқаролар учун россияпараст кучлар назорат қилаётган ҳудудга йўлак очишни таклиф этишган, лекин Украина тарафи Лисичанск томон йўлакни талаб қилган эди.

    Аммо Россия тарафи кўприк бузилгани учун бу имконсиз деган.

    Украина ҳарбийлари ва тинч фуқаролар "Азот" заводи ҳудудида қолмоқдалар
    Image caption: Украина ҳарбийлари ва тинч фуқаролар "Азот" заводи ҳудудида қолмоқдалар
  19. Британия журналистларининг Россияга кириши тақиқланди

    Россия Ташқи ишлар вазирлиги британиялик журналистлар ва мудофаа саноати вакилларининг Россияга киришлари тақиқланган қарор қабул қилди.

    Ушбу қадам Буюк Британия ҳукуматининг аксилроссия амалларига жавоб экани айтилди.

    Британиялик жами 29 журналистнинг Россияга кириши тақиқланди, улар орасида Би-би-си журналистлари - Клайв Майри, Орла Гуэрин, Пол Адамс, бошловчилар Ник Робинсон, Николас Бик, корпорация Бош директори Тимоти Дейви, бошқарувчилар кенгаши раиси Ричард Шарп бор.

    Россия тақиқлаган журналистлар орасида(чапдан ўнгга) Би-би-си Бош директори Тимоти Дейви, мухбирлар Орла Гуэрин ва Клайв Майри бор
    Image caption: Россия тақиқлаган журналистлар орасида(чапдан ўнгга) Би-би-си Бош директори Тимоти Дейви, мухбирлар Орла Гуэрин ва Клайв Майри бор
  20. Энг сўнгги муҳим ўзгаришлар

    Можаронинг 111-куни

    Северодонецк шаҳрини Украинанинг бошқа қисмлари билан боғлаб турган уч кўприк ҳам вайрон этилди.

    Энди шаҳардан тинч аҳолини эвакуация қилиш ва кўмакларни етказиш дкярли имконсиз бўлиб қолди.

    Шаҳарда жанглар давом этаяпти, Россия қўшинлари шаҳар марказида мустаҳкам ўрнашиб олиш ҳаракатида.

    Северодонецкнинг худди Мариуполь шаҳридек Россия қўшинлари қуршовида қолиш таҳдиди юзага келгани айтилмоқда.

    Россия ҳарбийлари Северодонецкдаги "Азот" заводи ертўлалаларида жон сақлаётган 500 дан ортиқ тинч аҳолини Луҳанск вилоятининг россияпараст кучлар назорати остидаги ҳудудига ўтишлари учун йўлак очишни таклиф этди.

    Украина тарафи эса тинч аҳолини Лисичанскка ўтказилишини хоҳлашини айтган.

    Охирги ҳафталарда илк бор Россия қўшинлари Харков шаҳри томон озроқ олдинга силжишнинг уддасидан чиққан.

    БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет Украина уруши дунё бўйлаб миллионлаб инсонларни қашшоқликка етаклаши мумкинлигидан огоҳлантирди.

    БМТнинг 12 июндаги ҳужжатлаштирилган ва тасдиқланган маълумотларига кўра, Украина уруши туфайли камида 4395 инсон ҳалок бўлган, 5390 киши яраланган.

    Рим Папаси Франциск сўзларига кўра, “Учинчи Жаҳон уруши эълон қилинган”.

    Бу йил Украинанинг ғалла ҳосили Россия босқини туфайли ярмига камайиши мумкин. Ўтган йили Украина 86 миллион тонна дон ҳосили тўплаган бўлса, бу йил бу рақам 48 ярим миллион тоннани ташкил этиши мумкин.