Туркия, Истанбулда рейдлар: Қочиб юрган ўзбекистонликлар бор

Истанбул

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Туркия, Истанбулда рейдлар: Қочиб юрган ўзбекистонликлар бор - маълум бўлишича, Истанбулдаги ўзбекистонликлар орасида ҳужжатлисидан кўра ҳужжатсизининг сони жуда кўп. Турк полицияси эса, Истанбулда тартиб-қоидани таъминламоқчи.

Туркиядаги энг катта сондаги ўзбекистонликлар айнан Истанбул шаҳрига тўғри келади.

Истанбулда турли юмуш ва ишда банд бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сони минглаб экани айтилади.

Туркиянинг энг йирик шаҳри бўлган Истанбул аҳолисининг сони жорий пайтда қарийб 14 миллион кишини ташкил қилади.

Маълум бўлишича, турк полициясининг Истанбулдаги рейдлари бир неча ойдан бери давом этиб келади.

Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг кеча, 3 сентябрь кунги мурожаати бу масалани янгилик ўлароқ кун тартибига олиб чиққан.

Вазирликнинг мурожаати Туркияда бўлиб турган ёки у ерга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига қаратилган.

Уларни барча керакли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш ва Туркияда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилишга чақирган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси эса, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан хорижий фуқароларга қўйилган талаблар ва зарур меъёрий ҳужжатларни ўрганиш, ватандошларининг ҳуқуқбузар ҳолатига тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида ҳатто шаҳар Хавфсизлик бошқ��рмаси ва миграция хизмати раҳбарияти билан учрашувлар ўтказгани ҳам маълум қилинган.

Истанбул, рейдлар ва ўзбекистонликлар

Истанбул

Сурат манбаси, NURPHOTO

Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг мурожаати ва турк полициясининг рейдларига оид хабарлар манзарасида Истанбулдаги ўзбекистонликларнинг бири билан боғланди.

Шаҳардаги вазият, Вазирликни бу каби мурожаат билан чиқишига сабаб бўлган омиллар ва ўзбекистонликларнинг ҳол-аҳволлари билан қизиқди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, рейдлар Истанбулнинг, айниқса, энг кўп четдан келган меҳнат муҳожирлари ишлайдиган Оқсарой мавзесида олиб борилмоқда.

Унга кўра, дўкон, бозор, турли хил емакхоналар ва карго хизматларига тўлиб-тошгани боис, энг кўп ўзбекистонликлар ҳам худди шу мавзеъда турли хил юмушларда банд бўлиб келишади.

Аммо ўзи ҳам карго хизматини юритувчи бу суҳбатдошимизнинг айтишича, рейдлар бир неча ойдан буён бутун Истанбул бўйлаб олиб борилмоқда.

Рейдларга катта сондаги полиция ходимлари жалб қилинган, айниқса, йўлларнинг кириш нуқталари, метролар ёнида улар энг кўп кўзга ташланишади, дейди у.

Суҳбатдошимизнинг ўз кузатувларига таяниб айтишича, ўзбекистонликлари дохил ҳужжатлари жойида бўлмаганлар полиция марказларига олиб кетилиб, ортга қайтиш чипталари ўз ҳисобл��ридан олдирилиб, ўн кун ичида Ватанларига депорта��ия қилинишмоқда.

Истанбулдаги қатор ўзбекистонликлар билан суҳбатимиздан маълум бўлишича, шаҳарда сони озмунча бўлмаган қочоқлари ва оз сондаги ҳам ишлаш ва ҳам яшаш изнига эга бўлганлари билан қиёсланганда, фақат яшаш изни билан бўлиб турган ўзбекистонликларнинг сони катта кўпчиликни ташкил қилади.

Харажатлар

Барча ҳужжатларингиз меъёрида бўлиши учун эса, сизнинг ҳам яшаш ва ҳам ишлаш изни олишингиз тақозо этилади.

Аммо, биз суҳбатлашган ўзбекистонликларга кўра, бунинг сарф-харажатлари озмунча бўлмайди.

Ярим йиллик яшаш ва ишлаш изни четдан келган бир меҳнат муҳожирига $800 АҚШ долларларига тушади.

Ишлаш изни олганингиздан кейин ҳам, ойига $75 АҚШ доллари тўлаб боришингиз лозим бўлади.

Истанбулда бўлган ўзбекистонлик бир меҳнат муҳожири эса, ойига ўртача $300-$500 АҚШ долларигача даромад қилса, бу пул ҳисобидан еб-ичиши, яшаши ва бундан орттириб, яна яқинларига ҳам пул жўнатиши керак бўлади.

Маълум бўлишича, худди шу боис ҳам, аксарият ўзбекистонликлар биргина яшаш изни билан ишлашни маъқул кўришади.

Полициянинг рейдларига тўқнаш келиб қолган тақдирларида, амаллашади, уларга чап бериш, қочиб қолиш ёки яширинишга ҳаракат қилишади.

Шу боис ҳам, бу каби рейдларни ўйлаб, у қадар қаттиқ хавотирга тушиб юришгани йўқ, дейди суҳбатдошларимиздан бири.

Туркия ва қонунчилик

Истанбул

Сурат манбаси, NURPHOTO

Агар, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг сўнгги мурожаати матнига таянилса, турк томони аксар хорижий фуқаролар Туркияда яшаш ҳуқуқини берувчи (икамет изни) ва ишлашга рухсат берувчи (çалиşма изни) ҳужжатлар фарқини билмаслигини таъкидлашган.

Қайд қилинишича, қонунга мувофиқ яшаш ҳуқуқини берувчи (икамет изни) ҳужжатга эга чет эл фуқаролари Туркия ҳудудида ишлашни истасалар, албатта, қўшимча ишлашга рухсат берувчи (çалиşма изни) ҳужжатларга ҳам эга бўлишлари шарт.

Акс ҳолда, улар қонунни бузган ҳисобланади ва уларга нисбатан чоралар кўрилади.

Ўтган йил октябрь ойидаги келишувга му��офиқ, Ўзбекистон фуқаролари уч ойгача Туркия ҳудудида визасиз юриш ҳуқуқига эга.

Вазирликка кўра, бу муддат Туркияда ишлаш мақсадида келган хорижий фуқароларга яшаш ҳуқуқи (икамет изни) ва ишлашга рухсат берувчи (çалиşма изни) ҳужжатларни расмийлаштириш учун етарли муддат ҳисобланади.

Истанбулдаги карго хизматида банд суҳбатдошимизнинг айтишича эса, шаҳардаги ҳамма иш берувчи ҳам ўзларидан ишлаш изнини сўраб ўтирмайди.

Бу омил ҳам уларнинг бу масалага анчайин орқайин ёндашишларига сабаб бўлади.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, полициянинг давомий рейдлари билан боғлиқ сўнгги воқеълик ҳам ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Истанбулга келиш, ишлаш фикридан ортга қайтара олмаган.

Президентлар

Сурат манбаси, official

Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.

Агар, Туркия томонининг ўтган йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.

Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.

Туркиядаги аксарият ўзбекистонликлар ҳам меҳнат муҳожирлари саналишади, улар кўпчилигининг хотин-қизлар эканликлари айтилади.

Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирни ўзлари учун афзал билишади.

Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Жорий пайтда бу икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар жаҳоннинг бошқа бирор бир мамлакати билан бўлмаганчалик бир даражада серқатнов экани билан ҳам ажралиб туради.

Вазирликнинг расман маълум қилишича, элчихона ва Бош консулхона Туркияда бўлиб турган фуқароларининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси эса, ҳамюртларимиз билан мазкур йўналишда ҳамкорлик қилишга умид билдиради ҳамда таклиф ва изоҳлар учун олдиндан миннатдорчилик билдиради, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий мурожаатида.

Бугун дунёнинг турли давлатларида меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони миллионларга нисбат берилади.

Аммо яқин-яқингача бошқа Марказий осиёликлари билан қиёсланганда, айнан ўзбекистонлик мигрантлар энг ҳуқуқсизи ва ижтимоий ҳимоясизи бўлиб келган.

Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Ўзбекистоннинг миграция ва мигрантлар борасида сиёсати ҳам кескин ўзгаришларга юз тутган.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум Президенти Ислом Каримов "дангаса", деб атаган мигрант фуқароларини Мирзиёев, "фарзандлари"га қиёс берган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам четда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг ҳимоясига қаратилган турли мурожаат, даъват ва баёнотлар билан бунчалик фаоллик билан чиқаётгани ҳам мамлакатнинг бу яқин тарихида кузатилмаган воқеълик бўлади.

Аммо, шунда ҳам, Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва Бош консулликлари фаолиятидан шикоятда бўлган ўзбекистонликларнинг сони оз эмас.

Агар, ҳозир Истанбул шаҳрида бўлсангиз, сиз у ерда қандай амал-тақал қилаяпсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek