Хитой, коронавирус: Ўзбекистонлик талабалар Ухандан олиб чиқилади

Ухандаги шифохоналар тирбанд

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ухандаги шифохоналар тирбанд

Ўзбекистон ҳукумати Хитойнинг ҳалокатли коронавирус боис карантин жорий қилинган Ухан шаҳридаги 30дан ортиқ ўзбекистонлик талабаларни ватанларига қайтариш юзасидан чора-тадбирларни кўрмоқда.

Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири Аб��улазиз Комилов маълум қилган.

"Ҳозир улар билан бирга ишлаяпмиз. Қайтамиз, дейишса, қолинглар дея олмаймиз-ку, тўғрими? Албатта, уларни олиб келамиз", - дея Комиловнинг Халқаро пресс-клуб сессиясида айтган сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz нашри.

Вазирнинг билдиришича, талабалар Ўзбекистонга келишлари билан текширувдан ўтказилади.

Айни пайтда Комилов талабаларни Ухандан олиб чиқиш ишлари қачон бошланиши борасида аниқ санани тилга олмаган.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Уханда 30 ўзбекистонлик талаба қамалиб қолган бўлиши мумкинлигини айтганди.

Хитой Ухандан ташқари яна 9 шаҳарни ёпиб қўйган.

Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, Ухан шаҳрида 250 нафар атрофида, асосан, ўзбекистонлик талабалар яшайди.

Талабаларнинг кўпчилиги семестр якунланган учун Ўзбекистонга таътилга қайтишган.

"Элчихона маълумоти бўйича ҳозирда шаҳарда 30 ортиқ Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин", дейилади вазирлик хабарида.

Хитойдаги ўзбек талабаларининг Телеграм гуруҳи аъзолари вирусдан қандай сақланиш борасида маслаҳатлар билан бўлишишмоқда.

Қамал ҳолати

Айни пайтда Хитойда тарқалган янги турдаги коронавирус қурбонлари сони 41 кишига етган.

Шанба куни вирус тарқаган яна бир минтақа - Хубей вилоятида 15 инсоннинг ҳаётдан кўз юмгани маълум қилинган.

Хитойликлар тақвимидаги энг муҳим сана бўлган Янги йил муносабати билан миллионлаб одамлар саёҳатга чиққани боис вирус тарқашини жиловлаш қийин кечмоқда.

Уханнинг бош темирйўл вокзали пайшанба кунидан буён ёпиқ

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Уханнинг бош темирйўл вокзали пайшанба кунидан буён ёпиқ

Ҳозирга қадар тасдиқланган ҳолатлар 1200га етган.

Янги вирус тарқалганидан Жаҳон Соғлиқ Ташкилоти 31 декабр куни хабар топган.

Аммо Хитой ҳукумати фақат 20 январга келиб, вирус одамдан одамга ўтиши мумкинлигини тасдиқлаган.

Ухан йирик мегаполис саналади. БМТ маълумотларига кўра, катталиги бўйича дунёдаги 42 - ўринда туради.

Би-би-си мухбирига кўра, бу каби йирик шаҳарни битта шифохона палатасига айлантириш жуда қийин вазифа.

Ухандан 20та йирик ва ўнлаб кичик автомобил йўллари ўтади.

Ҳатто жамоат транспорти тўхтатилгани тақдирда ҳам, бутун бошли шаҳарни ихоталаб қўйиш учун армиянинг мудохаласи керак бўлади.

Вирус Европага ҳам етиб келган, Францияда учта ҳолат аниқланган.

Британияда эса вирусни юқтирган деб гумон қилинган бир неча одам тиббий текширувдан ўтказилмоқда.

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ухан яшовчилари озиқ-овқат ғамлаб олиш учун дўконларга ошиқишган

Британия расмийлари шу кунларда Хубейга сафар қилган 2000га яқин одам билан боғланишга ҳаракат қилаётганликларини айтишган.

Австралия ҳам Мелбурн ва Сиднейда бир неча ҳолатни тасдиқлаган.

23 январдан бошлаб Ухан шаҳрида карантин жорий қилинган ва шаҳарга кириш-чиқиш ёпиб қўйилган.

Барча авиарейслар, темир йўл қатновлари тўхтатилган, жамоат транспорти ишламаяпти.

Коронавирус нима қилади?

Ҳозиргача фанга номаълум бўлган коронавирус шамоллаш ва йўтал симптомларини ўз ичига олган ўткир нафас йўли инфекциясини келтириб чиқаради.

Вирусдан муолажа усули ёки эмлаш воситаси ҳозирча мавжуд эмас.

Қурбонларнинг кўпчилиги аввалдан соғлиқ муаммол��рига эга катта ёшдагилар бўлган.

Би-би-сининг Саломатлик ва фан мухбири Жеймс Галлаҳернинг ёзишича, Хитойда тарқаган коронавирус ўз-ўзидан куйиб, йўқ бўлиб кетадиган вирус эмас.

Хитой ҳукумати томонидан қабул қилинган шаҳарларни ёпиш қарорини ичига олган чоралар вируснинг фақат тарқалиб кетишини тўхтатиши мумкин.

Олимлар касалликка чалинган бир одам, ўртача 1.4 дан 2.5 кишигача вирусни юқтириши мумкинлигини аниқлашган.

Бу вируснинг тарқалишида асосий кўрсатгич ҳисобланади.

1.0 дан баланд бўлган ҳар қандай кўрсатгич вируснинг кучлилигини англатади.

Агар сиз Хитойда бўлсангиз ва коронавирус атрофидаги чоралар сизга таъсир қилган бўлса, биз билан боғланинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek