Ўзбекистон ҳукумати янги қарори четда ўқиётган ўзбек талабаларга қандай таъсир қилади? O`zbekiston

  • Шоҳруҳ Сойипов
  • Мустақил журналист, Ўш
Наманганлик талаба
Сурат тагсўзи, Талаба бўлиш йўли: Қирғизистонда ўқишга кириб, кейин Ўзбекистонга ўтказиш керак.

Шу кунларда Қирғизистон дорилфунунларида таҳсил олаётган Ўзбекистонлик талабалар ўқишларини ўз юртларига кўчириш учун ҳужжатларини олишмоқда.

Сўнги кунларда Ўшдаги Олий ўқув юртларидаги факультет деканатлари олдида турнақатор тизилиб, навбат кутаётган ўзбекистонлик талабаларни кузатиш мумкин.

Улар бу билим даргоҳидаги ўқишларини Ўзбекистонга кўчириш учун махсус рухсат қоғозларига муҳр ва имзо қўйдириш мақсадида навбат кутаяптилар.

Ўзбекистон Олий ва Ўрта Махсус Таълим Вазири Имом Мажидовни жорий йилнинг 6 февралида, қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини республика олий ўқув юртларига кўчириш тўғрисидаги аризаларини қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи, Қирғизистондаги ўзбекистонлик талабалар учун айни муддао бўлгандек.

Айни муддао

Наманганлик Аббосхон ҳозирда Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университетининг Рус тили ва адабиёти факультетининг биринчи босқич талабаси.

У ҳам аксарият талабалар қатори имкониятдан фойдаланиб ўқишини ўз юртига кўчириш илинжида.

"Тўғрисини айтганда, Ўзбекистонда ўқишга кираолмагандик. Қирғизистонга миннатдормиз, биз каби ёшларни ўз бағрига олди. Бу янгилик биз учун кутилмаган бўлди. Биз албатта Ўзбекистонга борамиз ва у ерда ўқиймиз. Мен Наманганда университетга ҳужжатларимни топширдим. У ерда текшириб, кўриб чиққандан кейин, тахминан 1-1,5 ойдан кейин ўқишимни давом эттираман. Унгача шу ерда ўқиб тураман" - дейди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон Таълим Вазирининг кутилмаганда чиқарган буйруғи, Ўшдаги университетлардаги ўқув жараёнларига салбий таъсир этган.

Ўзбекистонлик талабалар кундалик ўқув дарсларига кириш ўрнига, деканатдан тезроқ ҳужжатларини олиш билан овора.

Бу эса, албатта университет раҳбарияти ва ўқитувчиларнинг норозилигига сабаб бўлаяпти.

Ҳаттоки баъзи ўзбекистонлик талабалар ўқитувчиларга дарсга кирмаслигинеи айтган.

Натижада кичик жанжалга ҳам сабаб бўлганлиги айтилади.

Бир давлат қонуни бошқасида ишламайди

Қирғизистон Таълим Вазирининг қарорига мувофиқ биринчи ва сўнги босқичларда билим олаётган талабаларга ўқишларини бошқа олий ўқув юртига кўчиришга руҳсат берилмайди.

Шунингдек, биринчи босқичга қабул қилинаётган талаба шартнома пулининг 50 фоизини, ўқув йилининг иккинчи ярмида эса қолган қисмини тўлаши керак бўлади.

Ҳозирда Қирғизистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ўқиш учун шартнома пулининг тўлиқ ёки 70 фоизини тўлашлари керак.

Акс ҳолда ўқишларини Ўзбекистонга кўчира олмасликлари айтилган.

Қирғиз-Ўзбек Университети ректори Чатқалбай Райимбаев, қўшни давлат Таълим Вазирининг кутилмаганда, ўқув йилининг ярмида чиқарилган буйруғи, мазкур ўқув масканида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларни аросатда қолдириш эҳтимолидан ҳавотир билдиради.

"Ўзбекистон Таълим Вазирининг чиқарган буйруғи бизни бироз ўйлантирди, нима учун бундай бўлаяпти?"

"Ҳали кечагача ҳам биринчи курсдаги талабаларга ўқишларини Ўзбекистонга кўчиришга рухсат бермай келдик. Бу ҳақда қўшни давлатнинг Қирғизис��ондаги элчихонасига хабар бериб, бу маълумотлар қанчалик ҳақиқат деб сўрадик" - давом этади ректор Райимбоев.

"Университетга консул келиб, талабалар билан учрашди ва Қирғизистон қонунларини ҳурмат қилган холда, ўқишларини кўчириш қоидаларини тушунтирди".

"Ким ҳам ўз юртида ўқишни ҳоҳламайди!? Ундан кейин, биз ҳам ўз жамоамиз, деканлар билан йиғин ўтказиб, ўзбекистонлик талабаларга ҳужжатларини беришларини айтдик" - тушунтиради у.

Ректор Чатқалбай Райимбаев
Сурат тагсўзи, Ректор Чатқалбай Райимбаев айрим ўзбек талабалари тақдиридан хавотирда.

Аммо суҳбатдошимиз Ўзбекистон қонунларини ҳам ўрганганини ва бу жараёнда муайян хавотирлар туғилганини айтади.

"Мени ўйлантираётган нарса, агар Ўзбекистон ҳукуматининг биринчи босқич талабаларига ўқишини кўчиришга рухсат берилмайди деган қарори турса, бизда ўқиётган талабалар ватанга қайтасю, аммо у ерда ҳам ўқишга кира олмасдан, бизда ҳам дарсларни қолдирса, маълум муддатдан кейин талабалар сафидан чиқарилади, бу ерда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ўқишидан ажралиб, қолмасин деб талабаларнинг тақдирини ўйлаяпмиз".

Қирғизистон университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ўқишини ўз юртига кўчиришлари учун ҳозирда ўқиётган жойидан транскрипт, яъни биринчи ўқув йилида топширган имтиҳонлари ҳақида муҳрланган қоғоз, ариза ва паспортининг нусхасини Ўзбекистон олий ўқув юртларига тақдим этишлари керак бўлади.

Ўзбекистон Таълим Вазирининг 6 февралда чиқарган буйруғида, қўшни давлат олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишларини ўз юртига кўчириш муддати 15 феврал деб белгиланган эди.

11 феврал куни эса бу муддат 15 мартгача узайтирилган. Талабалар ўқишларини кўчириш учун қўшимча имтиҳон топширмайди.

Қирғизистондан Ўзбекистонга қайтаётган талабалар ўз вилоятида сиртқи ва кечки бўлимда ўқишлари айтилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда олий ўқув юртларида 15 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олади.

Қирғиз-Ўзбе университетига эса бу йил Ўзбекистондан 4 мингдан зиёл талаба ўқишга қабул қилинган.

Ҳали ўтган йили ҳам ўқишга қабул қилинган талабалар сони 500 нафардан сал ошарди.

Олий ўқув юртини тамомлаган ўзбекистонлик талабалар олган дипломини ўз юртида тегишли идораларда нострификациядан ўтказади.

Қирғизистон Олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар учун бир йиллик ўқув ҳаққи ўртача 500 долларни ташкил этади.

Талабаларнинг айтишича, Ўзбекистон университетларида эса 1000 доллардан ошади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek