Ўзбекистон: Соғлиқни сақлаш вазири коронавирусдан вафот этган шифокор хонадонига борди - O'zbekiston

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Яқинларига кўра, 52 ёшли Алишер Уралов карантин марказига мажбуран юборилган

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ўтган ҳафта коронавирусдан вафот этгани хабар қилинган тошкентлик шифокор Алишер Ураловнинг хонадонига борган.

Бу ҳақдаги хабарни Би-би-сига вазирлик матбуот хизмати тасдиқлади.

28 июнь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентнинг Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасининг коронавирус аниқланган 52 ёшли шифокори миокард инфарктидан вафот этганини маълум қилган эди.

Аммо яқинларига кўра, Алишер Уралов 26 июнь куни Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган ва шу куни оламдан ўтган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги нима учун ўлим ҳолати ҳақида икки кун ўтиб хабар берилгани ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирган.

Ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатган Телеграмдаги "Микрофон кўтарган аёл" каналининг билдиришича, чоршанба куни марҳумнинг хонадонига ташриф буюрган вазир Шодмонов шифокорнинг ўлими оғир жудолик бўлганини айтган ва оила боқувчисини йўқотгани учун барча компенсациялар тўлаб берилишини билдирган.

Инфаркт эмас, коронавирус

Марҳум шифокорнинг қизи Шаҳноза Ҳасанова Соғлиқнги сақлаш вазирлигининг шифокор "миокард инфарктидан вафот этгани" ҳақидаги расмий баёнотини рад этган.

Ҳасанованинг журналист Азиза Қурбоновага айтишича, ўлим тўғрисидаги гувоҳномада ўлимнинг асосий сабаби COVID-19 экани кўрсатилган.

Унинг сўзларига кўра, отаси Тошкент вилоятидаги «Ўртасарой» карантин мажмуасига мажбурлаб юборилган.

Ҳасанованинг сўзларига кўра, Ўртасаройдаги карантин марказида ишлаш учун шароитлар қониқарсиз бўлган, шифокорларга махсус кийим ҳамда бахилла ва қўлқоплар етишмаган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Fergana

Сурат тагсўзи, Беморлар ва шифокорлар Ўртасарой карантин марказидаги шароитлардан шикоят қилишган

Марҳумнинг қизи отаси ишлаган Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда тест қилинган Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонаси отасига зарур ёрдам кўрсатмаганликларини айтган.

Алишер Ураловнинг яқинлари уни охирги марта 14 июнь куни Юқоричирчиқ туманидаги карантин марказига кетишидан аввал кўришган.

52 ёшли Алишер Уралов Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасида нейрофизиолог бўлиб ишлаган.

BBC

Қизининг сўзларига кўра, 13 июнь куни унга карантин марказига бориши кераклиги акс ҳолда ишдан бўшатилиши айтилган.

"У икки марта рад жавобини берган, чунки гипертония, қандли диабет билан касалланган эди. 14 июнь куни Ўртасаройга бордилар. Соғлиқлари кўтара олмай, 18−19−20-кунлари иссиғи 39 даражага чиқиб кетди. Кейин Ўртасарой штабидан Яккасарой штабига, ўзлари Яккасаройда ишлар эдилар, ўтказиш учун телефон қилишган. Телефон қилишса бошлиқлар „йўқ, қабул қилмаймиз" дейишган. Саргардон бўлиб Назарбекдаги (Зангиота тумани — таҳр.) шифохонага кетишган", деб айтган марҳумнинг қизи.

Шифокорларга карантин марказига бориш бўйича босим ўтказилаётганини журналист суҳбатлашган яна бир шифокор тасдиқлаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги марҳусм яқинларининг барча иддаоларини шарҳлаганича йўқ.

Аввалроқ Ўртасаройдаги карантин марказида 15 июнда Москвадан қайтган 42 яшар фуқаро ўзини осган ҳолда топилгани хабар қилинганди.

Бош прокуратура ҳодиса сабаблари ўрганилаётганини айтган.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek