Ўзбекистон; Коронавирус беморлари сони 10 мингга яқинлашди, ҳукумат бош инфекционист билан маслаҳатлашмаган - Koronavirus

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Yangiyer shahar hokimiyati

5 июль соат 10.00 ҳолатига Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 9829 нафарни ташкил этмоқда.

Якшанба куни тошкентлик 71 ёшли беморнинг вафот этгани маълум қилинди.

Шайхонтоҳур туманида яшаган оназхон "ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан" вафот этгани билдирилган.

Охирги икки кунда кунлик ўсиш 300 дан кўпни ташкил этган, вафот этганлар сонида ҳам ўсиш кузатилмоқда.

Вафот этганларнинг жами сони 32 нафар, соғайганлар 6425 кишини ташкил этмоқда.

Янги тартиб

Бугундан коронавирус беморларини даволаш бўйича янги тартиб кучга кирган.

Унга мувофиқ, касаллик аломатларсиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар шифокор тавсиялари асосида, санитария-гигиена қоидалари ҳамда парвариш учун зарур шароитлар мавжуд бўлганда, уй шароитида даволанишига рухсат этилади.

Республика махсус комиссиясининг 30 июндаги қарорида Миллий гвардия ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ходимлари яшаш манзили бўйича қатъий назорат олиб бориши айтилган.

Ҳукумат ким билан маслаҳатлашмоқда?

Айни пайтда Вирусология илмий-тадқиқот институти директори ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти Эркин Мусабаев Республика махсус комиссияси ўзи ва бошқа олимлар билан маслаҳатлашмаётганини айтган.

Унинг 2 июль куни Gazeta.uz нашрига берган интервьюсида айтишича, Республика махсус комиссияси ижтимоий масофа сақлаш ва тиббий ниқоб ва қўлқоплар борасидаги тавсияларни ишлабю чиқишда нафақат унинг ўзи, "балки жиддий илмий мақолаларни ўқийдиган бошқа олимлар билан ҳам" маслаҳатлашмаган.

"Мен ушбу тавсияларни ишлаб чиқишда қатнашмадим. Бу ҳақда мендан сўрашмади. Агар бу қарор чиққан бўлса, унда мен расмий ҳужжат билан баҳслашмайман.Мен билан ҳеч ким қўлқоп борасида маслаҳатлашмади. Агар маслаҳатлашганларида, қарор бироз бошқача бўлиши мумкин эди.Нафақат мен билан, балки жиддий илмий мақолаларни ўқийдиган бошқа олимлар билан ҳам", деб айтган Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош инфекционисти.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Вирусология илмий-тадқиқот институти директори ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти Эркин Мусабаев

Мусабоев ҳукумат комиссиясининг 23:00 дан 7:00 гача фуқароларнинг кўчада ва кўп қаватли бинолар мавжуд кўчаларда юришини тақиқлаш қарорида ҳам соғлиқ билан боғлиқ сабабларни кўрмайди.

"Бу ҳақда ҳам мен билан ҳеч ким маслаҳатлашмаган. Балки бунга соат 23:00дан 7:00гача ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари учун карантин талабларига риоя қилинишини назорат қилиш қийинлашиши сабабдир", деб айтган Ўзбекистоннинг бош инфекционисти.

Республика махсус комиссиясининг кўпгина қарорлари жамоатчилик орасида баҳслар ва норозиликларни уйғотган.

Ҳозирга қадар коронавирус билан боғлиқ асосий қарорларни қабул қилиб келаётган комиссиянинг на таркиби ва на ваколатлари борасида расмий маълумот йўқ.

'10 баравар кўп'

Эркин Мусабаев ҳукумат комиссиясининг коронавирус симптомларсиз кечаётган беморларни уйда даволаш қарорини ҳимоя қилган.

Унинг айтишича, Вирусология илмий-тадқиқот институти карантинга ёпилган озхирги тўрт ой давомида жигар циррози билан оғриган 200 нафар бемор вафот этган бўлиши мумкин.

"Мамлакатда 25 киши коронавирусдан вафот этган бўлса, жигар циррозидан, тўлиқ даволана олмаганлиги сабабли вафот этганлар сони — 10 баравар кўпроқ", деган у. Мусабаевнинг сўзларига кўра, булар "Covid-19 пандемиясининг билвосита қурбонларидир".

"Бир йилда жигар циррози билан оғриган 3000 нафар беморни қабул қилсак, демак ҳозиргача бизнинг ихтисослашган бўлимимиз бутун республика бўйлаб деярли 1000 нафар беморни қабул қила олмади. Ўртача 1000 нафар бемор шу пайт давомида даволана олмади. Мен тахмин қилишимча, шу вақт ичида 200 га яқин бемор COVID-19 дан эмас, балки цирроздан вафот этди. Тушуняпсизми?", деб айтган Бош инфекционист.

Унинг сўзларига кўра, агар коронавирус билан оғриган барча беморларни қабул қилишни давом этилса, "кейинги босқичда кардиология марказини ёпиш керак бўлади".

"Бу эса даҳшат, - деган Эркин Мусабаев. - Қанчадан-қанча беморлар COVID-19 дан эмас, балки юрак хуружидан вафот этишади. Кейин биз яна қандайдир бошқа клиникани ёпамиз, туғруқхонани ёпамиз, шароитлар кескин ёмонлашади, кейин эса шунчаки туғруқ пайтида ўлишни бошлашади. Айнан шу ҳодиса Италияда ва бошқа мамлакатларда содир бўлган — бу соғлиқни сақлаш тизимининг фалажланиши".

BBC

1 - шифохона ёпилмайди

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентдаги 1-сонли Республика клиника шифохонаси тез орада ёпилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқаган хабарларни рад этиб чиққан.

Вазир Алишер Шодмановнинг айтишича, ҳозирда шифохона тўлиқ фаолият олиб бормоқда, унинг барча бўлимлари ишлаяпти.

"Шифохона ёпилмаяпти. Бу ҳақда биронта ҳужжатда гап йўқ, ҳеч қандай кўрсатма берилмаган", деб айтган вазир.

Шодманов шунингдек, шифохонанинг Зангиота туманига кўчирилиши ҳақида пайдо бўлган хабарларни ҳам тасдиқламаган.

Унинг билдиришича, айрим шифокорлар ҳақиқатан ҳам Зангиота туманидаги инфекцион касалхонага ўтк��зилган, аммо бу уларнинг розилиги билан амалга оширилган.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek