Ўзбекистонда энди свет қачон умуман ўчмайди? Ўзбекистон ва Тахиатош, video O‘zbekiston dunyo yangiliklar

  • Аваз Тоҳиров
  • Би-би-си, Қорақалпоғистон
Taxiatosh

Ўзбекистон анча йиллардан бери халқни етарли барқарор газ ва электр билан таъминлай олмайди. Қишнинг совуқ кунларида муаммо жуда кучаяди. Ўзбек ҳукумати энди буни буткул ҳал этишга бел боғлаганини айтмоқда. Электр асло ўчмайдиган кунларга қанча қолди?

Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талабнинг асосий қисми иссиқлик электр станциялари ёрдамида қондирилади.

Бироқ бу жараён бошқа бир табиий ресурснинг сарфланиши эвазига амалга оширилади — мамлакатда қазиб олинадиган табиий газнинг катта қисми электр ишлаб чиқариш йўлида ёқилади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва ��авом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Расмийлар ва мутахассислар Ўзбекистонда мавжуд деярли барча 10 дан зиёд иссиқлик электр станциялари эскириб кетгани кузатилаётган энергетика бўҳронининг асосий сабабларидан бири эканини таъкидлайдилар.

Қорақалпоғистон пойтахти Нукусдан 20 чақирим наридаги Тахиатош ИEСда эса мамлакатнинг том маънода ёрқин келажаги учун умид шаклланмоқда.

Янги станция

Yunus Bobojonov

Мамлакатдаги йиллик умумий электр энергиясининг 85 фоиз қисми маънан ва жисмонан эскирган иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади.

Тахиатошнинг биринчи навбати ҳам олис 1961 йилга фойдаланишга топширилган.

Станция шу вақтга қадар Ўзбекистон узоқ ғарбий қисмларини электр билан таъминловчи ягона манба ҳисобланиб келади.

«Бу станция Қорақалпоғистон, Хоразм ҳудудларини тўлиғича, Навоий вилоятини эса қисман электр билан таъминлайди», сўзлайди «Тахиатош ИEС» бош муҳандиси ўринбосари Юнус Бобожонов.

Ўзбекистон ҳукумати «ёши» 50 дан ўтган ушбу станцияни замонавийлаштиришга қарор қилган.

Taxiatosh

Бундан уч йил аввал бошланган жараёнга деярли $700 миллион ажратилган ва жанубий кореялик мутахассислар жалб этилган.

Яқинда фойдаланишга топширилган икки буғ-газ қурилмасидан иборат янги Тахиатош станцияси эса эскисидан кўра анчайин тежамкор экани айтилади.

«Эски станцияда бир киловатт қувват ишлаб чиқариш учун 430-440 грамм шартли ёқилғи сарфланган бўлса, янгисида бу кўрсаткич деярли икки баробарга кам - 230-240 граммга тенг», билдиради станция 28 йилдан бери меҳнат қилаётганини айтган Бобожонов.

Расмийлар, шу тариқа тўлиқ қувват билан ишга тушгач қиш кунлари суткасига 4,5 миллион куб метрга қадар ёки Қорақалпоғистондаги 3-4 туманнинг кунлик истеъмолига тенг газ «еяётган» Тахиатош станциясидаги ёнилғи сарфи икки баробаргача камайиши, электр ишлаб чиқариш ҳажми эса сезиларли ортишидан умид қилмоқда.

Светсизликнинг ечими?

Taxiatosh

Ўзбекистон ҳукумати узоқ йиллар қаровсиз қолиб кетган энерготизимни ислоҳ қилишга жиддий бел боғлаган.

Бу йўлдаги ҳозирча эълон қилинган энг йирик лойиҳалардан бири - бу Россия билан ҳамкорликда атом электр станцияси қурилиши.

Шунингдек, Энергетика вазирлигига 2030 йилга қадар муқобил энергия манбаларидан олинажак электр ҳажмини 45 фоизга қадар етказиш топшириғи берилган.

Бироқ мутахассислар бу вақтга қадар электр бўлган талаб икки баробарга ортиши ва бу талабни қондириш вазифаси барбир иссиқлик электр станциялари гарданига тушишини таъкидлайдилар.

Бошқа томондан эса мамлакат та��иий газ захирасининг таги кўриниб бораётгани айтилади.

Шундай бир вазиятда ҳукумат яқин келажакдаги энергия хавфсизлигини таъминлаш йўлларини топиш борасида бош қотира бошлаган.

Taxiatosh

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистоннинг тасдиқланган табиий газ захираси яна 50 йилга қадар етиши мумкин.

Йиллик қазиб олинадиган газнинг асосий қисми эса эскириб кетган 20 аср технологияси асосида ишловчи иссиқлик электр станцияларига юборилиши ҳисобга олинса, бу станцияларни замонавийлаштириб, газни тежаш мамлакат келажаги учун қанчалар долзарб масала экани англашилади.

Ҳукумат энергия барқарорлигини таъминлаш йўлида фақат мавжуд станцияларни модернизация қилиш билан чекланиб қолмаётир.

Taxiatosh

Шу йилнинг ўзида Сирдарё, Тошкент ва Бухоро вилоятларида турли қувватдаги ИEСлар ҳамда бир қанча қуёш-шамол станциялари қурилиши эълон қилинган.

Бироқ Тахиатош каби эски станцияларни замонавийлаштирган ва янги станциялар қурган билан электр тақчиллиги муаммоси ўз ечимини топадими?

Расмий рақамларда Ўзбекистон иссиқлик электр станциялари бир кунда ўртача 46 миллион куб метр ёки қиймати деярли $3 миллионга тенг бўлган табиий газ ишлатаётгани таъкидланади. Расмийлар бундан ташқари минглаб тонна кўмир ёқилаётгани ва бошқа харажатлар ҳисобга олинса, ўзбекистонликлар хонадонини ёруғлик билан таъминлаш йўлида кунига бир неча миллион доллар сарфланаётганини билдирадилар.

Аммо бу харажатларни қоплашнинг имкони бўлмаяпти, дейди расмийлар.

Уларнинг сўзларига кўра, одамлар орасида тежамкорлик кайфияти ва тўлов маданиятини ошириш энергия барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири.

«Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» компанияси ҳозирда мамлакатда электр энергиясидан умумий қарздорлик 3,5 триллион сўмга етгани энерготизимни ислоҳ қилишдаги асосий молиявий тўсиқлардан бири бўлиб қолаётганини таъкидлайди.

Бундай муаммоларга қарамай, янги Тахиатош станцияси ўзбекистонликларнинг 21-асрдаги светсиз кунларининг ўтмишга айланишига замин яратиш йўлида ташланган илк қадамлардан экани айтилади.

Бироқ мамлакат энерготизимини замон талабларига тўлиқ мослаштириш учун ҳали йиллар вақт керак бўлиши тахмин қилинади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek