Сизни қизиқтирган савол: Энди Россияга қандай борса бўлади – юрист жавоб беради Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Стюардесса

Сурат манбаси, SVETLANA HOLYAVCHUK/TASS

Ўзбекистонликлар энди Россияга учинчи давлат орқали ҳам бора олишади. Россия ҳукумати куни-кеча бунга расман рухсат берди. Аммо рухсат барча турдаги қатновларни назарда тутадими? Қаерлардан учса бўлади? Россияга боргач, Ўзбекистон фуқаросида бирор бир муаммо бўлмайдими?

Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Россияда биргина меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари ўзининг сони пандемиягача миллионларга нисбат бериб келинган.

Айнан глобал коронавирус пандемияси сабаб, ўтган бир йилнинг ўзида юз минглаб ўзбекистонликлар ортга, Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлишган.

Бугун улардан яна катта сондагисининг Россияга қайтиш истаги ва ҳаракатида экани кўрилади.

Аммо икки давлат ўртасидаги пандемия боис расман тўхтатилган мунтазам ҳаво қатновлари, бир йил деганда, шу ой бошида - 1 апрель куни қайта тикланган.

Россия глобал коронавирус пандемияси сабаб, Ўзбекистон билан ҳам мунтазам ҳаво қатновларини ўтган йил март ойида тўхтатган.

Орада кечган бир йил вақт давомида икки давлат ўртасида фақат чартер ва махсус рейслар амалга ошириб келинган.

Россия чегараси Ўзбекистон фуқаролари учун ёпиқлигича қолган.

Россияда доимий яшаш мақомига эга бўлганлар, элчилар, Ўзбекистоннинг дипломатик консулхоналари вакиллари ва уларнинг оила аъзолари, даволаниш учун келаётган шахслар, хорижда яқин ёки касал қариндоши бор инсонлар, дипломатик ваколатхоналар сўрови билан транзит ўтаётган йўловчилари каби муайян тоифа шахсларнинг Россияга киришларига изн берилган.

Яна Россия ҳукумати қошидаги тезкор штаб томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган ўзбекистонликлар ҳам Россия Федерацияси ҳудудига киритилган.

Ана шу муайян тоифа ўзбекистонликларнинг ҳам ПЗР тест топширишлари ва "Роспотребнадзор" сайти орқали рўйхатдан ўтишлари талаб қилинган.

Ўзбекистонликлар якка тартибда на самолёт, на поезд, на автобус ва на машинада Россияга кира олишган.

Аэрофлот самолёти

Сурат манбаси, SERGEI BOBYLEV/TASS

Ҳафтасига икки марта амалга оширилаётган мунтазам парвозлар эса, ҳозир барча ўзбекистонликларнинг бирдек Россияга киришларининг ягона йўли бўлиб турибди.

Аммо икки ўртадаги мунтазам авиақатновларнинг қайта тикланишига оид расмий хабар ортиданоқ чипталарнинг нархи ва қанчалик имконли экани ўзбекистонликларни энг кўп шикоятларига сабаб мавзулардан бирига айланган.

Айрим ўзбекистонликлар чипта баҳосининг минг доллардан ҳам ошиб кетганлигидан шикоят этишган.

Шу кунларда пойтахт Тошкентдан сенаторлар, ҳатто, авиачипталарнинг нега қимматлиги юзасидан Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитасига сўров юборишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Россия ҳукуматининг 14 апрелдан бошлаб ўзбекистонликларга янада кўпроқ эшик очиш ниятида эканига оид қарори худди шу каби бир вазият манзарасида бўй кўрсатган.

Айни шу янги қарор мазмуни ва талқинидан ўзбекистонликларнинг махсус рўйхатда кўзда тутилган ва мунтазам парвозлар амалда бўлган учинчи давлатлар орқали Россияга бемалол кириб бора олишлари мумкинлиги маълум бўлган.

Россия томонининг нега ҳозир бу каби қарорга келгани сабаби маълум эмас, аммо сўнгги янгилик ўзбекистонликларда озмунча саволларни пайдо қилмай қўймаган.

Бунга Москвадан узоқ йиллар давомида Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган асли ўзбекистонлик юрист Зарнигор Омониллаеванинг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги акаунтларида кеча, чоршанба куни чоп қилинган савол-жавоблар ҳам далолат қилган.

Юрист Зарнигор Омониллаева

Сурат манбаси, facebook

Саволлардан бири: Ўзбекистон фуқаролари энди дунёнинг ҳар қайси давлатидан Россияга кела оладими?

Зарнигор Омониллаева, юрист: Йўқ. Ўзбекистон фуқаролари энди асоссиз фақат Ўзбекистондан эмас, балки Россия ҳукуматининг 635-р сонли қарори биринчи иловасида кўрсатилган давлатлардан кела олади.

Саволлардан бири: Иловада қайси давлатлар келтирилган?

Зарнигор Омониллаева, юрист: Иловадаги давлатлар 14.04.2021йил киритилган ўзгаришларга кўра қуйидагилар⤵️

Буюк Британия

Танзания

Туркия

Швейцария

Миср

Мальдив ороллари

БАА

Қозоғистон

Қирғизистон

Корея Республикаси

Куба

Сербия

Япония

Сейшелл ороллари

Эфиопия

Вьетнам

Ҳиндистон

Қатар

Финляндия

Озарбайжон

Арманистон

Греция

Сингапур

Венесуэла

Германия

Сирия

Тожикистон

Ўзбекистон

Шри-Ланка

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.

Агар куни-кеча эълон қилинган расмий статистикага таянилса, мамлакат аҳолиси сони ҳозир қарийб 35 миллион кишига яқинлашган.

Аксар фуқаролари мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.

Бу ердаги миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги, йилларки, четда - асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбораётган пуллар ҳисобидан ўтиб келган.

Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Агар, ўтган ойги маълумотларга таянилса, пандемия ортидан, турли сабабларга кўра, 600 мингга яқин ўзбекистонлик Россиядан ортга қайтган.

Айни пайтда 400 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг Россияга кира олмаётгани айтилади.

Россия ўтган йилнинг август ойига келиб, халқаро авиарейсларни яна босқичма-босқич йўлга қўйишга киришган.

Сентябрь ойидаёқ Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Қирғизистон ва Қозоғистон билан мунтазам ҳаво қатновларини қайта йўлга қўйган.

Шу йил 15 февралдан бошлаб Қирғизистон билан мунтазам парвозлар сонини янада кўпайтирган, ҳафтасига биттадан учтага оширган.

Тожикистон билан мунтазам авиақатновларни эса, Ўзбекистон билан бир вақтда - фақат шу йилнинг 1 апрелига келибгина қайта тиклаган.

Rossiya

Сурат манбаси, official

Айнан Ўзбекистонга бевосита чегарадош Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон ўзбекистонликлар мунтазам авиарейслар орқали Россияга бемалол уча олишлари мумкин бўлган давлатлар рўйхатида эканини кўриш мумкин бўлган.

Авиачипталар нархининг Ўзбекистондагисидан анчайин арзон экани боис, пандемиягача ҳам бу давлатлардан Россияга парвоз қилишни афзал билган ўзбекистонликлар камчиликни ташкил этмаган.

Россия шу йилнинг 4 апрель куни ва ниҳоят ўзбекистонликлар талабаларга ҳам ўз таҳсилларини давом этдиришлари учун ортга қайтишга расман рухсат бергани хабар берилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek