Ўзбекистон: аввал беш кишилик оилага 2,5 миллион, энди 2,2 миллион сўм O'zbekiston

Бозорлиқ

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистонда кимни камбағал деб ҳисоблаш масаласи узоқ вақтдан бери кўриб чиқилаяпти ва кунига 1 доллардан кам даромад топадиган одам қашшоқ деб кўрилиши кераклиги ҳақидаги халқаро хулосага етиб келиш учун ҳали яна вақт борга ўхшайди.

Ўзбекистондаги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг янги баёноти ана шу фикрга етаклайди ва ташкил этилганига бир йилу икки ой бўлган вазирлик ҳалигача ҳам мамлакатда кимни камбағал деб кўриш мумкинлиги масаласига ойдинлик киритмадими, деган саволни ўртага қўяди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги хабар қилишича, 2020 йили Ўзбекистонда 5400 та оила ўртасида сўро�� ўтказилган ва ана ўша сўров асосида энг камарж оилалар аниқланган.

Минимал истеъмол харажатларини аниқлаш учун мана шу оилаларнинг талаб ва эҳтиёжлари асос қилиб олинган.

Шундан келиб чиқиб Ўзбекистонда бир киши учун бир ойлик истеъмол харажатларини 440000 сўм этиб белгилашга қарор қилинган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига кўра, истеъмол харажатларини ҳисоблаб чиқишда жон бошига 2200 ккал миқдоридаги кунлик озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматлар эътиборга олинган.

Минимал истеъмол харажатларидан камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланилади. Яъни, киши бошига ойига 440000 сўмдан кам даромад топадиган оила қашшоқ ҳисобланади.

Агар оилада беш киши истиқомат қилса, ойига 2,2 миллион сўм даромад топадиган бу оила қашшоқ деб кўрилиши керак.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён мамлакат раҳбарияти камбағаллик, қашшоқлик деган атамаларни қўллашни тақиқлаган, истеъмол савати қанчани ташкил этиши илмий ўрганиб чиқилмаган.

Матбуот ходимларининг камбағал сўзи "эҳтиёжманд" деб таҳрир қилинган.

20 йилча олдин нега Ўзбекистон халқаро молия ташкилотларининг қашшоқлик мезонларини қабул қилмаслигига ҳақидаги саволга иқтисодий соҳага масъул вазирлардан бири "1 долларга Японияда нима сотиб ололасизу, Ўзбекистонда нима харид қилоласиз? Шунинг учун бу мезонни Ўзбекистонда қабул қилиб бўлмайди", деган мазмунда жавоб қайтарганди.

Ниҳоят, 2020 йил бошида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш ҳақида илк сўз очди ва бу ҳақда гапиришни бугун ҳам мамлакат раҳбариятидаги ҳамма ҳам истамаганини тан олди.

2020 йил мартида махсус вазирлик ташкил этилди.

Вазирликка Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги деб ном берилди.

2019 йили сайловолди дебатида ХДП раҳбари Улуғбек Иноятов Тошкент шаҳрида яшайдиган 5 болали оилага 2,5 миллион сўм етишини айтган, бу рақамни мутахассислар ҳисоб-китоб қилиб чиққани ҳақидаги гаплари кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган эди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг хабаридан маълум бўлишича, Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари ва минимал истеъмол савати қанчани ташкил этади, деган саволга жавоб 2021 йил охиригача ҳам топилмайди.

"Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш тажрибасини якунига етказиш мақсадида 2021 йилда Давлат статистика қўмитаси Жаҳон банки билан бирга 10 мингта уй хўжаликларида сўровнома ўтказилмоқда. Мазкур сўровномалар натижасидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар минимал истеъмол харажатларни ҳисоблаш методологиясини тасдиқлаш ва уни қайта ҳисобланган миқдорини эълон қилиш кўзда тутилмоқда", дейилади Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Ахборот хизмати тарқатган хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek