Сўз сизга: Президент сайловида фақат Мирзиёев қатнашадими? Ўзбекистон, янгиликлар
- Мустақил журналист
- Ўзбекистон
Албатта, сайловда бир эмас беш сиёсатчи беллашади, бунга шубҳа йўқ.
Бошидан бир масалани очиқлаб олайлик - Ўзбекистонда кечган ҳеч бир сайловда адолатли беллашув бўлмаган, бу ҳам бор гап.
Шавкат Мирзиеёвнинг сайловолди "юришлари" ва завқу шавқ билан сайловчилар қаршисига чиқаётгани Ислом Каримовнинг бу каби демократик саналган жараёнларга беписанд бўлганига том тескаридир.
Аммо орада битта ўхшашлик бор.
Иккала президент ҳам ҳақиқий мухолифат билан беллашишни истамаган.
Мирзиёевга қарши саҳнага чиққан ёки кўп эҳтимол билан чиқарилган номзодларнинг бирор нафари очиқчасига уни танқид қилаётгани йўқ.
Ҳатто Мирзиёев каби ўзи бир бўлаги бўлган ўтмишни савалашга журъат этишга ботинмаяпти.
"Мирзиёевга осон эмас" дейиш осон
Шавкат Мирзиёев - президентликка номзод ёки ўзи айтмиш "кандидат", холос. Ҳукуматга яқинроқ мулозимлар, айниқса унинг тарафдорлари билан суҳбатлашсангиз, аксарият битта гапни кўп такрорлайди. "Президентимизга осон эмас..."
Тўғри, Мирзиёевга сўнгги беш йил ичида ўзи ҳам, бошқалар ҳам санаб турадиган қатор ислоҳотларни ўтказиш осон бўлмаган.
Аммо "осон" бўлганида ва конвертация, қўшнилар билан муносабатларни яхшилаш, нисбатан очиқлик сиёсати юритилмаганида кимга фойда, кимга зарар эди?
Гап шундаки, Ислом Каримовдан ҳеч қурса жичча фарқланиш ва мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи сиёсатчи бўлиш учун ҳам бу ислоҳотларга эҳтиёж бор эди.
Табиий, қудратдаги турфа "каламушлару ғаламислар" бошқачароқ режа қилишган ва ўз манфаатларини жон-жаҳдлари билан ҳимоя қилишган бўлиши мумкин.
Гап миллионлаб сўм эмас, миллионлаб долларлар ҳақида борганини Каримов даврида гумон қилиб юрган бўлсак, Мирзиёев даврида ... бу гумонларни аритдик.
Очиқ қолаётган саволлар эса ҳали ҳам бор.
Коррупция, катта миқдорда ўғирликлар ҳамон давом этаётгани президенликка номзод Мирзиёев ўз ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб айтмоқда.
Унинг оиласига яқин шахсларга доир турфа иқтисодий шубҳа - гумонлар бот-бот пайдо бўлмоқда.
Балки бу гумонлар ҳам ариб кетар...
"Президентга осон эмас..." Хўп, халққа осонми?
Ўзбекистонда бўлсангиз, худди мана шу савол билан ёнингиздаги одамга юзланиб кўринг.
Сизга (бизга) осонми?
Аммо Ўзбекистонда президент бўлиб туриб сайловда қатнашиш бошқа номзодларга нисбатан... анча осон кўринади.
Ҳеч бир сиёсатчи, кузатувчи 24 октябрда Ўзбекистонда президент ўзгаришига ишонмайди.
Бунинг бир қатор сабаблари бор.
Сабабларнинг тенг ярми Мирзиёевнинг шу кунга қадар президент ўлароқ амалга ошира билган ишлари билан боғлиқ бўлса, яна тенг ярми юқорида айтилгани - ҳеч бир номзод унга муносиб рақиб эмаслигига бориб тақалади.
Лекин шунда ҳам Мирзиёев учун бу сайлов тарғиботи бошқа номзодларга нисбатан анча осон кечаётган кўринади.
Келинг, бу мақолада келтирилган таниқли нашрларнинг бош саҳифаларига бир қур назар ташлаймиз.
Шавкат Мирзиёевдан ташқари қайси номзоднинг исмини эслаб қолдингиз?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek