Ўзбекистон: ‘Орзуимиз – қора асфальтʼ – на Open Budget, на “Обод қишлоқ”да омади келаётган қишлоқ

  • Нодир Қулматов
  • Ўзбекистон
Қишлоқ йўли

Сурат манбаси, Nodir Qulmatov/BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Бу қишлоқ йўллари марҳум Ислом Каримов вилоят ҳокими бўлган даврларда тош ётқизилгандан буён таъмир кўрмаганини айтишади.

2015 йилда Қашқадарёнинг Кўкдаласида жойлашган Айритом қишлоғига келин бўлиб тушган Гулбодом шу вақтга қадар умри ёзда икки қарич тупроқ, қишда лой кечиб ўтаётгани ҳақида гапиради. Яқинда бу қишлоқда бўлиб қайтган ёш журнал��ст ўз кўрган-кечирганлари ҳақида ҳикоя қилади.

Сиз ушбу мақолада кўражак суратлар одам яшамайдиган чўл тасвирлари эмас.

Улар - бир неча йиллардан буён чанг-тўзон, сувсиз чўл қишлоғида яшаб келаётган одамларнинг яшаш манзили, юрар йўли.

Манзилимиз - Айритом қишлоғи.

Иқтибос

Қашқадарёнинг Кўкдаласидаги Айритом қишлоғи туман марказидан 25 километр, Қарши шаҳридан 75 километр узоқда жойлашган.

Унинг 20 мингдан кўпроқ аҳолиси ҳаёти тупроқ ё лой кечиб, шўр сув ичиб ўтмоқда.

Энг қизиғи, мамлакатнинг бошқа кўплаб қишлоқлари учун "нажот кемаси"га айланиб қолган "Ташаббусли бюджет", "Обод қишлоқ" каби дастурларда ҳам бу инсонларнинг омади чопмаётир.

Алоқадор мавзулар:

Сувсизлик, шўр ва қурғоқчилик

Қишлоқ манзараси

Сурат манбаси, Nodir Qulmatov/BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Айритомликнинг асосий даромад манбаи чорвачилик ва қисман деҳқончиликдан иборат.

Айритомдаги асосий даромад манбаи чорвачилик ва қисман деҳқончиликдан иборат.

Қишлоққа келин бўлиб тушган Гулбодом Маҳмурзаева чанг ичида фарзандлари билан яшаб келаётгани ҳақида гапиради.

"2015 йил�� бу ерга келин бўлиб тушганимдан бери шу аҳволда яшаймиз, умуман шароит йўқ. Қишда лой, ёз ойлари нафас олиб бўлмайдиган даражада шамол, тупроқ".

Сўнгги йиллардаги қурғоқчилик ва унинг ортидан кучайган сувсизлик эса аҳоли турмуш тарзини янада қийинлаштирган.

Қуриган ариқ

Сурат манбаси, Nodir Qulmatov/BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Одамлар қишлоқ ариқларига сув келмай қўйганига йиллар бўлганини айтадилар.

Бир пайтлар тўлиб оққан ариқларнинг кўпига неча йиллардан бери умуман сув келмай қўйган.

Қолган ариқлар ҳам фақат фермерлар эҳтиёжи учунгина баъзида пахта ва ғалла далаларига сув етказиш учун хизмат қилиб туради.

Айни пайтда, ер устидаги сувдан умидини узган айритомликларни ер ости сувлари ҳам тортилмоқда: қишлоқдаги деярли ҳеч бир қудуқда сув йўқ.

Энди улар 50-60 метргача чуқурликдаги сувни махсус насослар ёрдамида чиқариб олишмоқда.

Қудуқ

Сурат манбаси, Nodir Qulmatov/BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ер устидаги сувдан умидини узган айритомликларни ер ости қудуқ сувлари ҳам тарк эта бошлаган.

Бироқ сув шунчалик шўрки, одам уни ичишга иккиланади.

Одамларнинг айтишича, шўр сув дарахтларнинг қуришига ҳам сабабчи бўлмоқда.

Ҳозирги кунда аҳоли ичимлик сувини сотиб олишга ўтган.

Вақти-вақти билан 25 километр наридан сув сотувчилар келиб туришади.

Аммо одамларнинг ҳаммасида ҳам сув сотиб олиб ичиш имконияти йўқ.

"Қаздирган артезианимизнинг суви шўр. Қишлоққа олиб келиб, сотишаётган сувнинг 100 литрига 100 минг сўм тўлаймиз" дейди Гулбодом.

Каримов қурдирган йўл

Қишлоқ чанг ичида

Сурат манбаси, Nodir Qulmatov/BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Самарқандга чегара ҳудудда жойлашган қишлоқ бўйлаб олти ой мобайнида деярли тинмайдиган шамол адирлар��аги чангни одамлар устидан учиради.

Йўлсизлик ҳам айритомликлар учун худди сувсизлик каби ўткир муаммо.

Қишлоқдан ўтган тош йўл Ислом Каримов Қашқадарёда ҳоким бўлган даврда қурилган. Аммо бирон манзилга бориш учун, барибир, тупроқ йўллардан юриш керак.

Самарқандга чегара ҳудудда жойлашган қишлоқ бўйлаб ярим йил давомида деярли тинмайдиган шамол адирлардаги чангни одамлар устидан учириб ўтади.

Тупроқ қалинлиги икки қарич келадиган йўллардан эса ҳар куни ўқувчилар мактабга, мактабдан келиб чорва моллари ортидан далага қатнашади.

Қишлоқ болалари йилда бир ёки икки эмас, балки олти ой давомида чанг ютиб, қолган ойларда эса лой кечиб улғаяди.

Қишлоқ йўли

Сурат манбаси, Courtesy

Сурат тагсўзи, Одамлар қишлоқ марказидаги йўлнинг 100-200 метр қисмида нотекис асфальт ётқизилиб, "суратга олиб кетишган"и ҳақида гапирадилар.

"Эрталаб мактабга бориб келаман, кейин эса молларга қарайман. Таппи қиламан. Молларимиз тезагидан ҳар куни 10-15 та таппи чиқади. Чуқурлиги 15 метр бўлган қудуқдан сув тортиб оламан", сўзлайди бу қишлоқлик болалардан бири.

Катта бўлганида ҳарбий бўлишни мақсад қилган бу ёш суҳбатдошимиз, бунинг учун кўпроқ шуғулланиши кераклиги, аммо ҳеч вақти етмаслигини айтади.

"Қора асфальт" орзуси

Аҳоли ёнғингарчилик пайти лой, бошқа вақтлар эса чанг бўладиган кўчалар қачондир қора асфальт билан қопланишини кўриш орзусида яшаётгани тўғрисида сўзлайди.

Жадвал нусхаси

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Биз билан гаплашган қишлоқ аҳли тўзонли кўчалардан қутилиш йўлида бор умидини "Open Budget"га тикишгани, аммо орзулари чиппакка чиққанини айтишади.

Одамлар ўтган икки йилнинг ҳар баҳорида "Обод қишлоқ" дас��ури доирасида қишлоқ маркази атрофидаги йўлга 100-200 метр узунликда нотекис асфальт ётқизилиб, "кўзбўямачилик учун суратга олиб кетишган"и ҳақида гапирадилар.

Айритомликлар шу асфальтдан ҳам хурсанд.

Биз билан гаплашган қишлоқ аҳли тўзонли кўчалардан қутилиш йўлида бор умидини "Open Budget"га тикишгани, аммо қарийб 17 минг овоз йиғиб ҳам ҳеч нарсага эриша олмаганликларини тилга оладилар.

Шу йилнинг май ойида якунланган "Open Budget" таркибига кирувчи "Менинг йўлим" лойиҳаси доирасида Айритом қишлоғи йўлларининг олти чақиримга яқин қисмини асфальтлаш ташаббуси илгари сурилган, бунга 1,5 миллиард сўм ажратиш таклиф этилган.

Аммо бу ташаббус 16,700 дан ортиқ овоз олишига қарамай, ғолиб чиқа олмаган.

Қишлоқ аҳлининг ҳозирги умиди Шавкат Мирзиёевнинг "Очиқ бюджет" лойиҳалари ғолиби бўлиш учун 1,5 минг овоз етарли бўлади" деган гапига тақалиб қолмоқда.

Бироқ бу гап айтилгандан бери ҳам орадан уч ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, ҳалигача бирорта тупроқ йўлга на асфальт ётқизилди, на ҳатто тош тўкилди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.