Янгиликлар. Чустда ўнлаб болалар заҳарланди: Расмийлар нега ҳамон сабабини айтмаяпти?

Tez yordam mashinasi

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, 21 сентябрь кечаси Наманган вилояти Чуст туманидаги қатор болалар боғчалари тарбияланувчилари заҳарланиш аломатлари билан тез тиббий ёрдам бўлимларига келтирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган

Чустда ўнлаб болаларнинг заҳарлангани сабабларига ҳозирча расмий ойдинлик киритилмади, аммо жамоатчилик бепул тарқатилган йодли таблеткалардан гумонланмоқда.

Би-би-си манбаси эса ушбу дори воситаси таълим муассасаларидан йиғиштириб олинаётгани ҳақида гапирди.

Би-би-си билан гаплашган чустликлар заҳарланиш кузатилган муассасалардаги вазият назоратга олингани, шунингдек, жамоатчилик томонидан асосий гумонга олинаётган йодли таблеткалар таълим масканларидан қайтариб олина бошланганини тилга олди.

Шунингдек, Наманган вилоятидаги ушбу туман мактабларидан бирида ишловчи манба заҳарланиш ҳолатлари янги партияда келтирилган дорилар тарқатилган муассасаларда кузатилгани ҳақида эшитганини иддао қилди.

"Бизнинг мактабда ҳам болаларга тарқатдик - шукур, бирор нохуш ҳолат кузатилмади. Бу боғчалардаги таблеткалар эса яқин кунларда келтирилган экан. Ҳозирча, ҳеч ким сабаб нимадалигини билмаяпти, лекин шунга қарамай, мактаблардан бу дорини йиғиштириб олишяпти. Биз ҳам эрталаб бор таблеткаларни йиғиб, бериб юбордик".

Бошқа манба эса тумандаги вазият ижтимоий тармоқда тасвирланаётгандек қўрқинчли эмаслиги, мутасаддилар кенг ўрганиш ишлари олиб бораётгани ҳақида гапирди.

"Тўғри, болалар сони кўп, лекин аҳвол оғир эмас. Асосан, капелница олишяпти, ўзига келяпти", деди тиббиёт соҳасига яқин бўлган манба.

Aziza Umarova

Сурат манбаси, .

Чуст туман ҳокимлиги Телеграм каналида эълон қилинган видеода беморлардан бирининг онаси фарзанди болалар боғчасида йодли таблетка истеъмол қилганидан сўнг ёмонлашиб қолгани ҳақида гапиради.

"Уч яшардан ўтган ўғлим каттам билан бирга битта боғчага боради. Уйга келгандан кейин иккаласида ич кетиш кузатилди. Нима овқат еганини сўрасам, рациони одатдагидек. Фақат бизга бугун "асал дори" беришди, деди каттам. Боғча опасига телефон қилсам, бўқоққа қарши дори беришганини айтди".

Бироқ расман бу йодли хапдориларнинг заҳарланишга алоқаси бор ё йўқлиги тасдиқлангани ё рад этилгани Би-би-си маълум эмас.

Айни дамда, бизга билдиришларича, текширувларда болаларнинг овқатдан заҳарланган б��лиши эҳтимоли ҳам истисно қилинмаётир.

Болаларни йод билан таъминлаш давлат дастури устида ишлаган инсонлардан бири бўлмиш таниқли жамоатчи фаол Азиза Умарова касалхонага ётқизилганлар орасида йодли таблетка қабул қилмаганлар ҳам борлигини ёзган.

"Туманда озиқ-овқат маҳсулотлари, сув, сут ва бошқалардан юзлаб намуналар олинган. Текширув натижалари бўйича расмий маълумот ва давлат ташкилотлари хулосаси тақдим этилади", билдирган Умарова Facebook'даги саҳифасида.

Вазиятга доир сўнгги маълумотларни олиш йўлида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати билан боғланишга уринишлар ҳозирча самара бермади.

Бундан ташқари, Чуст туман ҳокимлиги матбуот котиби лавозими вакант бўлгани айтилгани сабабли маҳаллий расмийлардан ҳам изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Алоқадор мавзулар:

Оммавий заҳарланиш

Chust

Сурат манбаси, .

21 сентябрь кечаси Наманган вилояти Чуст туманидаги қатор болалар боғчалари тарбияланувчилари заҳарланиш аломатлари билан тез тиббий ёрдам бўлимларига келтирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тарқатган хабарларда болаларда, асосан, ич кетиш, қайт қилиш ва иситма кузатилаётгани айтилганди.

Ваҳимага тўла айрим хабарларда туман марказидаги шифохона��а жой қолмагани иддао қилинди.

Бир вақтнинг ўзида, болаларнинг аҳволи йодли таблеткалар истеъмолидан сўнг ёмонлашгани тўғрисида тасдиқланмаган маълумотлар тарқалди.

"Ким йод ичирган бўлса, болаларга хушёр бўлиб туринглар. Мана бу ерда туман ҳокимининг ҳам, ички ишлар болаларининг ҳам машиналари турибди. Боғча болалари жуда кўп", деган туман шифохонаси ҳовлисидан туриб ҳамқишлоқларига видеомурожаат ёзган эркак.

Орадан бироз вақт ўтиб, Наманган вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий баёнот эълон қилиб, тарқалган хабарларни қисман тасдиқлади.

Бошқарма 22 сентябрга ўтар кечасига қадар тумандаги 9 та болалар боғчаси ва 2 та ўрта таълим мактабидан жами 71 нафар бола шифохонага ётқизилгани, беморлар аҳволи оғир эмаслигини маълум қилди.

Бош прокуратура туманда фавқулодда ҳолат эълон қилингани тўғрисидаги миш-мишларни рад этиб чиқди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз баёнотида вазир Амрилло Иноятов ҳолатни қатъий назоратга олгани, болаларнинг ҳолати қониқарли экани ва якуний ташхис қўйиш мақсадида намуналар экспертизадан ўтказилаётганини билдирди.

Бироқ ҳеч бир идора заҳарланиш сабабларини келтирмаган, лекин қўшимча маълумот берилишини ваъда қилган.

Мақола тайёрлангунга қадар ҳам текширувлар натижалари бўйича дастлабки хулосалар эълон қилингани кўзга ташланмаганди.

"Ёрқин миллат"

kids

Сурат манбаси, Yorqin millat

Сурат тагсўзи, 20 сентябрдан "Ёрқин миллат" дастури бўйича вояга етмаган болаларни йод препаратлари билан бепул таъминлаш ишлари бошланган эди.

Ўзбекистонда 20 сентябрдан "Ёрқин миллат" дастури бўйича вояга етмаган болаларни йод препаратлари билан бепул таъминлаш ишлари бошланган эди.

Ҳар чоршанба "йод куни" сифатида белгиланиб, шу куни 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча боғча тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига профилактик дозада йод таблеткалари берилиши хабар қилинганди.

"Ёрқин миллат" дастури ташкилотчилари берган маълумотга кўра, республикада йод танқисли��и тарқалиши даражаси 31 фоизни ташкил этади.

"Ўзбекистон ҳудуди океан ва денгизлардан узоқда жойлашган. Шунинг учун мамлакатимизда атроф-муҳитда йод йўқ. Шу сабабли, бизнинг аҳолимизда, шу жумладан болаларда йод танқислиги мавжуд. Фарзандларимизнинг қарийб ярми ва баъзи ҳудудларда 80% бола йод танқислигидан азият чекади.

Организмда йод танқислиги эмбрион бош миясининг ривожланишига негатив таъсир кўрсатади, оқибатда узоқ вақт давомида боланинг жисмоний ва интеллектуал ривожланиши орқада қолади. Натижада йод танқис ҳудудларда ахолини ақлий даражасини оммавий пасайишига олиб келади", дейилади дастур сайтида келтирилган маълумотларда.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.