Янгиликлар: Ўзбекистонликлар Қирғизистонга 'қасос учун' ўтишдими? Qirg’iziston O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

  • Шоҳруҳ Соипов
  • Мустақил журналист
Qirg'iziston chegarasi

Сурат манбаси, Getty Images

Нима гап?

Алоқадор мавзулар

Hibsga olish jarayoni

Сурат манбаси, Skrinshot/rasmiy videodan

Ўзбекистон фуқаролари Қамчи Кўлбаевнинг ўлими учун қасос олмоқчи бўлишганми?

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, уч нафар "ёлланма қотил" Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб Бишкекка келган.

Иддао қилинишича, бу шахслар Қирғизистонга "қонундаги ўғри" Қамчибек Асанбек (Қамчи Кўлбаев) ўлими учун қасос олиш учун келиб, бир инсонни ўлдиришлари керак бўлган.

Қўлга олинганлар тергов давомида бир қатор фуқароларнинг қотиллигига алоқадор бўлиб, қидирувда экани ҳам маълум бўлган.

"Ёлланма қотиллар" Ўзбекистон фуқаролари экани айтилмоқда.

"Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва "Альфа" махсус хизмати билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар доирасида юқоридаги жиноятчилар 13 октябрь куни Бишкек шаҳрида қўлга олиниб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилди", дейилади расмий хабарда.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг расман маълум қилишича, тергов жараёнида улар Қамчибек Асанбек ўлими учун қасос қолиш "буйруғи" ўзларига жиноий олам вакиллари томонидан берилганини айтишган.

Хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг ёрдамчиси Откурбек Раҳмонов ҳам Facebook да худди шундай мазмунда пост қолдирган.

Аммо на бу пост ва на расмий баёнотда сўз айнан қай бир "жиноятчи" ёки "жиноий олам" ҳақида кетаётгани очиқланган, улар кимни ва нима учун ўлдиришга буюртма олганликлари тафси��отлари ҳам ноаён қолган.

Қўлга олинган уч ўзбекистонликнинг ўзларига буйруқ бергани айтилаётган жиноий олам вакилларига қандай алоқалари бўлгани ҳам маълум эмас.

Қирғизистон томонининг айни мазмундаги баёнотига расмий Тошкент, гумондорлар ўзлари ёки ҳимоячиларининг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Шунингдек, хавфсизлик қўмитаси гумондор шахсларнинг ҳужжатлари суратларини ҳам эълон қилган.

Янгилик ижтимоий тармоқларда ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Қирғизистонлик кўпчилик интернет фойдаланувчилари қўлга олинган уч нафар ўзбекистонликни суратларидан жиноятчи эмас, балки муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар ёки қурилиш соҳасидаги инсонларга ўхшатган.

Қамчи Кўлбаевнинг ўлими

Qamchibek Tashiyev

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қамчибек Ташиев Қирғизистонда жиноятчиликка барҳам беришга ваъда берган.

Жорий йилнинг 4 октябрида Қирғизистон ва Марказий Осиёда таниқли жиноий гуруҳ раҳбарларидан бири бўлган "қонундаги ўғри" Қамчи Кўлбаев махсус операция вақтида отиб ўлдирилган.

Бишкекдаги "Plonder pub" дам олиш марказида жиноятчини қўлга олиш бўйича махсус операция пайтида, расмий маълумотларга кўра, Кўлбаев ва унинг қўриқчилари ҳуқуқ-тартибот идораларига қуролли қаршилик кўрсатган. Отишма натижасида Кўлбаев йўқ қилинган.

Махсус амалиётга кўплаб хавфсизлик кучлари ва зирҳли машиналар жалб қилинган.

Хавфсизлик қўмитасига кўра, Кўлбаевни ҳибсга олиш бўйича махсус операция, тадбиркорларнинг мол-мулкини ноқонуний мусодара қилиш ва "Дўў" (Дев) лақабли Чингиз Жумағуловнинг ўлдирилиши билан боғлиқ бўлган.

У ўтган йилнинг 30 июль куни Бишкекдаги тергов изоляторида пичоқлаб ўлдирилган эди.

Жазони ижро этиш хизмати уни шахсий адоват туфайли камерадоши ўлдирганини маълум қилган.

Хавфсизлик қўмитаси 2022 йилнинг 15 июлида Жумағуловни товламачиликда гумон қилиб ҳибсга олган, суд эса уни 7 сентябргача тергов изоляторида ҳибсда сақлашга қарор чиқарган.

Қамчи Кўлбаев ким эди?

Bishkek

Сурат манбаси, official

Иссиқкўлнинг Чўлпонота шаҳрида туғилиб ўсган Қамчи Кўлбаев йирик жиноий гуруҳ раҳбари сифатида Қирғизистон Ички ишлар вазирлигида (ИИБ) рўйхатга олинган.

У 2000 йилда ўзи аъзо бўлган жиноий гуруҳ раҳбари Рисбек Ақматбаев ва унга яқин икки кишини ўлдиришга уринганликда айбланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Олти йил қамоқ жазосини ўтаганидан кейин умумий колонияга ўтказилган ва у ердан қочиб кетган. 2012 йилнинг декабрида "жиноий гуруҳ тузиш, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддаларни сақлаш, ҳукумат вакилига куч ишлатиш, одам ўғирлаш" каби айбловлар билан уч йилга озодликдан маҳрум этилган ва 2014 йилда озодликка чиққан.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасига кўра, Кўлбаев 2020 йилнинг октябрида жиноий гуруҳ тузишда айбланиб ҳибсга олинган ва тўрт ой ўтгач озод қилинган.

Махсус хизмат унинг яқинлари Кўлбаевга нисбатан 250 миллион қирғиз сўмидан ортиқ жиноий даромадларни легаллаштириш факти бўйича олиб борилаётган тергов доирасида давлат ҳисобига 49,6 миллион сўм ўтказганини маълум қилган.

Жорий йилнинг август ойида унга нисбатан сўнгги жиноий иш 2021 йилда қисқартирилгани маълум бўлди.

МХДҚси раиси Қамчибек Ташиев Қирғизистонда жиноятчиликка қарши қатъий чоралар кўрилаётганини таъкидлаб, жиноий гуруҳларни қонунни бузмасликка ёки мамлакатни тарк этишга чақирган.

"Қонундаги ўғри" Қамчи Кўлбаевнинг ўлдирилиши ортидан Қирғизистонда жиноят оламини тугатиш ишлари бошланган.

Тергов маълумотларига кўра, Қамчи Кўлбаевнинг жиноий фаолиятига алоқадор ёки унга ҳомийлик қилган ўнлаб одамлар ҳибсга олинган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси уюшган жиноий гуруҳ раҳбарининг 1 миллиард доллар миқдоридаги бойлиги давлат ҳисобига мусодара қилинганини маълум қилган.

Қўмита давом этаётган тергов ҳаракатлари давомида уюшган жиноий гуруҳнинг 40 дан ортиқ фаол аъзолари ва етакчилари қўлга олингани, улардан деярли барчаси ўзларининг жиноий "унвонлари"дан воз кечганини билдирган.

Бошига миллион ваъда қилинган

Bishkek

Сурат манбаси, official

Халқаро ҳамжамият Кўлбаевни халқаро гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорликда айблайди. Унинг ҳатто афғон гиёҳванд моддаларини Тожикистон ва Ўзбекистон орқали олиб ўтувчи "шимолий йўл"нинг асосчиси эканлиги ҳам даъво қилинади.

Шу сабабдан, АҚШ молия вазирлиги Кўлбаевга икки марта санкция қўллаган.

АҚШда 2011 йили "хорижий гиёҳванд моддалар савдоси шоҳи" сифатида тан олиниб, Давлат департаменти уни қўлга олишга ёрдам берган шахсга миллион долларлик мукофот эълон қилган.

Қамчи Кўлбаевнинг 2008 йилда Москвада Россиядаги уюшган жиноий гуруҳларнинг раҳбари, "Япончик" номи билан танилган марҳум Вячеслав Иванков бошчилигида ўтган йиғилишда "қонундаги ўғри" унвонини олгани айтилган.

"Қонундаги ўғри" унвони собиқ СССР даврида пайдо бўлиб, ўнлаб йиллар давомида қўлланиб келади.

Бу бир-бирини ўлдирмасликка қасамёд қилган ва ҳеч қачон давлат идоралари билан ҳамкорлик қилмайдиган жиноий гуруҳга алоқадорликни билдиради.

"Қонундаги ўғри", деб аталувчи шахс фақат жиноятдан олинган даромадлар ҳисобига яшайди ва бошқа аъзоларни қўллаб-қувватлашга ваъда беради.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002