Гулбаданбегим: Жасур Бобурий маликанинг бемисл саёҳати

  • Чериланн Моллан
  • Би-би-си, Мумбай
Гулбаданбегим Бобурий империясида "Ҳумоюннома" номли асарида ўз ҳаёти ҳақида ёзган биринчи ва ягона аёл тарихчи ҳисобланса ҳам, китобда унинг саёҳати ҳақида тафсилотлар негадир йўқ.

Сурат манбаси, JUGGERNAUT BOOKS

Сурат тагсўзи, Гулбаданбегим Бобурий империясида "Ҳумоюннома" номли асарида ўз ҳаёти ҳақида ёзган биринчи ва ягона аёл тарихчи ҳисобланса ҳам, китобда унинг саёҳати ҳақида тафсилотлар негадир йўқ.

1576 йил кузида бобурий малика бошчилигида бир гуруҳ сарой аёллари муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига зиёратга йўл олди.

Бобурий Ҳиндистонда аёллар ўзлари биринчи марта ислом динининг беш арконидан бири ҳисобланган «Ҳаж» амалини адо этиш учун йўлга чиқди.

Бобурийлар империяси асосчиси Бобурнинг қизи, 53 ёшли Гулбаданбегим ва подшоҳ хонадонидан 11 нафар аёл Фатеҳпур Сикридаги ҳарам чегарасидан чиқиб, олти йил давом этадиган сафарга отланишди.

Алоқадор мавзулар:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Аммо тарихчилар таъкидлашича, бу ажойиб саёҳатнинг тафсилотлари ёзма манбаларда қолмаган, эҳтимол аёл зиёратчиларнинг "ҳаёси"ни сақлаб қолиш учун шундай қилинган.

Муаллиф ва тарихчи Руби Лал яқинда Ҳиндистонда нашр этилган ва халқаро нашр этилиши кутилаётган "Дарбадар малика: Гулбаданбегимнинг буюк саргузаштлари" китобида таъкидлаганидек, маликанинг Макка зиёрати жасурлик ва исёнкорликни ўзида мужассам этади.

Гулбаданбегим Бобурий империясида "Ҳумоюннома" номли асарида ўз ҳаёти ҳақида ёзган биринчи ва ягона аёл тарихчи ҳисобланса ҳам, китобда унинг саёҳати ҳақида тафсилотлар негадир йўқ. Тўғри, унинг китоби тўлиқ эмас, бир неча саҳифаси йўқолган.

"Гулбаданбегим йилномачилар одатда қирол оиласи аъзолари ёзган асарлардан нусха кўчирадиган даврда ёзган. Лекин малика ёзган китобининг бирорта ҳам тўлиқ нусхаси йўқ", дейди Лал. У Бобурий малика саёҳатини ўз тадқиқотлари, жумладан, Усмонлилар тарихи, форс ва бобурий қўлёзмалари ва бошқа турли манбалар орқали ўрганган.

"Бундай нуфузли аёлнинг ўзига хос саёҳати атрофидаги сукунат кўп нарсадан далолат беради", дейди Лал.

Гулбаданбегим 1523 йилда Кобулда император Бобурнинг учинчи хотини Дилдорбегимдан туғилган. У туғилганда, отаси бир неча миль узоқда эди, у ўша пайтда Ҳиндистонни забт этишни режалаштирганди.

Малика отасини кўплаб урушлар оралиғидаги қисқа вақтлардагина кўрарди ва бу ҳолат унинг оиласидаги қудратли одамлар - отаси, акаси Ҳумоюн ва кейинчалик унинг жияни Акбар билан деярли барча муносабатларини белгилаб қўяди.

Эркаклар ҳар ерда ер талашиб қонли кураш олиб борган бўлса, Гулбаданбегим кучли аёллар - императорнинг онаси, хола ва опа-сингиллари, хотинлари ва уларнинг қизлари даврасида вояга етди. Улар сарой ишларида муҳим роль ўйнаган, подшоҳ ва шаҳзодаларнинг ишончли маслаҳатгўйи бўлган.

Кичик маликанинг болалиги ҳам кўчиш билан ўтди - олти ёшида у отаси кетидан Кобулдан Аграга саёҳат қилган биринчи бобурий қиз бўлди. У кейинчалик турмуш қургач, оиласи афғон қироли Шершоҳ Сурий томонидан Ҳиндистондан қувиб чиқарилгандан сўнг, Кобулга яна қайтади.

Бу саёҳатлар бир неча ой давом этди, Гулбаданбегим ва бошқа аёллар чодирлар тикиб, кимсасиз тоғли ерларда, душманлар, қароқчилар дайдиб юрган ҳудудлардан ўтишди.

"Бобурий аёллари кўчманчи турмуш тарзига ўрганиб қолган эди, - дейди Лал. - Улар доимий равишда янги жойларга кўчиб кетишар ёки уруш вақтида вақтинчалик лагерларда яшашарди."

Бобурий пойтахти Фатеҳпур Сикри

Сурат манбаси, RANA SAFVI

Сурат тагсўзи, Бобурий пойтахти Фатеҳпур Сикри

Бобурий маликанинг 1500 йиллар охирларида жияни Акбардан ҳаж қилиш учун рухсат сўрашига сабаб бўлган нарса ҳам, эҳтимол, ана шу кўчманчилик соғинчи, дейди Лал.

Акбарнинг энг катта орзуси Бобурий сулола ҳукмронлигини ўрнатиш эди ва у ўз мақсадига яқинлашган сари ўзини "муқаддас шахс, бенуқсон маънавий нуфуз деб била ��ошлади", деб ёзади Лал китобида.

У, шунингдек, барча бобурий аёлларни девор билан ўралган ҳарамга жойлаштиришни буюрган биринчи бобурий ҳукмдор эди.

"Фақат императорга тегишли бўлган, улуғвор ва тегиб бўлмас аёллар яшаган қироллик ҳарами ... унинг деярли илоҳийлигини кўрсатиши керак эди", деб ёзади Лал.

Аммо бу турғунлик Гулбаданбегимни безовта қиларди ва шунинг учун 1576 йил октябрида у бошқа подшоҳ аёллари билан Маккага ҳаж сафарига жўнади ва Акбарга бу менинг Худо олдидаги бурчим деди.

Акбар ўзининг иккита катта кемасини - Салими ва Илоҳийни унга ажратиб берди. Сарой жамоаси, шунингдек, садақа қилиш учун кумуш ва олтин тангалар билан тўлдирилган сандиқлар, минглаб рупийга тенг пул ва 12 000 "шоҳона либослар"ни олиб кетган.

"Оддий эркаклар ва аёллар, кексалар ва ёшлар, болалар Бобурий пойтахти Фатеҳпур Сикри кўчаларида кетаётган кортежни томоша қилиш учун саф тортдилар", деб ёзади Лал ўз китобида.

Султон Мурод III

Сурат манбаси, WIKIMEDIA COMMONS

Сурат тагсўзи, Султон Мурод III

Аммо саёҳат бошиданоқ хавфли эди. Маккага борадиган денгиз йўли мусулмонларнинг кемаларини ёқиш ва талон-тарож қилиши билан машҳур бўлган португаллар назорати остида эди. Форс орқали ўтадиган қуруқлик йўли ҳам худди шундай хавфли эди, жангарилар зиёратчиларга ҳужум қиларди.

Гулбаданбегим ва унинг ҳамроҳлари португалиялик қароқчилардан ўтиб олишга муваффақ ��ўлгунга қадар деярли бир йил Сурат портида қолиб кетишди. Улар Жиддага етиб олиш учун Араб денгизи бўйлаб тўрт ҳафта сузиб, сўнг Маккага томон туяларда жазирама чўл бўйлаб бир неча кун йўл босишди.

Аммо Гулбаданбегим саёҳатининг энг қизиқарли қисми Маккага етиб борганидан кейин содир бўлди - у ва унинг ҳамроҳлари кейинги тўрт йил давомида Арабистонда қолишга қарор қилишди.

"Ҳарамни тарк этиб, саҳроларда дарбадар бўлишни танладилар", деб ёзади Лал ўз китобида.

Бу ерда Гулбаданбегим ва унинг ҳамроҳлари садақа, танга ва бошқа нарсаларни тарқатиб, машҳур бўлишди. Бобурий маликанинг қўли очиқлиги Усмонли султон Муроднинг жиғига тегди ва бу ишларни Акбарнинг сиёсий қудратини кўрсатишга уриниш деб ҳисоблади.

Шундай қилиб, султон одамларига кетма кет тўртта фармон юбориб, Гулбаданбегим ва бобурий аёлларни Арабистондан чиқариб юборишни буюрди.

BBC

Ҳар сафар Гулбаданбегим кетишдан бош тортарди.

"Бу бобурий аёлнинг мисли кўрилмаган исёни эди, - дейди Лал. - Бу Гулбаданбегимнинг эркинликка қанчалик чанқоқ бўлганини кўрсатади".

Ниҳоят, унинг қайсарлигидан зада бўлган Султон Усмонли турк тилида аёллар ҳақида - номашру (ноўрин ёки нотўғри ҳаракат) иборасини қўллади, бу атама шу қадар қаттиқ ҳисобланганки, бу Акбарга ёқмасди.

1580 йилдаги ушбу бешинчи фармондан кейин Гулбаданбегим ва унинг ҳамроҳлари Арабистонни тарк этиб, 1582 йилда Фатеҳпур Сикридан 60 км ғарбда жойлашган Ханва шаҳрига етиб келди.

Қайтгач, Гулбаданбегим «навоб» (ҳукмдор) деб эълон қилинади ва ҳатто Акбар томонидан буюртма қилинган ва унинг ҳокимияти буюклиги йилномаси бўлмиш «Акбарнома»ни ёзиш учун таклиф қилинганлар орасида ягона аёл бўлди.

Аммо «Акбарнома»нинг бутун бир бўлими Гулбаданбегимнинг Макка сафарига бағишланган бўлишига қарамай, унинг Арабистонда ўтказган даври ва султон Муроднинг танбеҳлари на китобда, на бошқа жойда тилга олинган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002