"Арзончиликдан қувонмаслик керак" - Ўзбекистонда иқтисодий инқироз бошланяптими?

BBC

Иқтисодчилар май ойида Ўзбекистон бозорларнинг ҳувиллаб қолиши ва ҳамон ўзига келолмаётгани мамлакатдаги иқтисодий инқироздан дараклигини айтмоқда. Уларга кўра, ҳукумат ушбу хавфнинг олдини олиш учун етарли чоралар кўрмаяпти.

"Диққат, Би-би-си" дастурининг навбатдаги сонида ана шу мавзуни муҳокама қилдик.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Биз билан гаплашган ўзбекистонлик тадбиркорларнинг айтишича, савдо ўтган йилга нисбатан пасайиб кетган.

"Декабр ойидан бошлаб савдо пасайганини сеза бошладик. Бошқа дўконлардан ҳам, биз товар оладиган нуқталарда ҳам савдо тушяпти, дейишяпти", дейди пойтахтдаги бозорлардан бирида кийим сотувчи эркак.

Би-би-си билан бошқа ҳудудлардан микрофонсиз гаплашган турли соҳалардаги савдогарлар вилоятлардаги вазият ҳам ҳали ўнгланмагани ҳақида гапиради.

"Шу йил январдан бошлаб, қурилиш соҳасидаги тадбиркорларнинг хариди туша бошлади. Бу жараён давом этяпти. Февралдан чакана савдо туша бошлади. Ўтган олти ой давомида ўртача чакана савдо 10-15 % камайди. Бизнинг доирамизда қурилиш иқтисодиётнинг локомотиви деган гап бор. Сўнгги бир йилда давлатнинг қурилиш соҳасига буюртмалари камайди. Натижада, бу жумладан, савдога ҳам таъсир қилди", дейди навоийлик савдо соҳасидаги тадбиркор.

Алоқадор мавзулар:

"Бозорда савдо ўлган. Ўтган йили шу вақтда бир кунда 4-5 миллион сўмлик савдо қилардим. Ҳозир 10 дан бири ҳам йўқ. Деҳқончилик маҳсулотлари ҳам нархи тушиб кетди, чунки савдо йўқ. Катта тарвуз 10 мингдан сотиляпти. Кийим-кечак савдоси ҳам ҳали жонланмади. Менимча, одамларнинг кўпчилиги кредит олган. Шуни тўлаш учун банк пулини ечиб оляпти. Шунга савдо ўлди", дейди водий туманларидан бирида савдо қилувчи тадбиркор.

Онлайн савдо билан шуғулланувчи тадбиркор аёл ҳам ўзи яшаб турган Жиззахда ҳам савдо сустлиги айтади.

"Жиззах бозорларида ҳам савдо яхши эмас. Ҳамкасбим мендан кийим-кечак олиб, бозорда сотади. "Савдо ўлган, куни бўйи мижоз кутамиз. Одамлар фақат озиқ-овқат олишга келяпти бозорга", дейди. Мен килолаб кийим-кечак олиб, онлайн сотаман. Онлайн савдо ҳам олдингидек авж эмас. Одамларда пул йўқ, ҳамма қишга банка ёпиш билан банд. Балки шунга савдо яхшимасдир", дейди жиззахлик онлайн савдо қилувчи тадбиркор.

"Майдаги ваҳима сўнди, аммо қувонишга ҳали эрта"

Шундай бўлсада, май ойидаги ваҳима у қадар кўзга ташланмаётир. Гўё ҳаммаси изига тушиб қолгандек. Бироқ Би-би-си билан ҳам очиқ, ҳам микрофонсиз гаплашган иқтисодчилар қувонишга ҳали эрта эканини таъкидламоқда. Иқтисодчи Алишер Абдужабборов ҳозирги вазиятни ҳатто шундай тасвирлайди.

BBC

"Бу иқтисодий инқирознинг даракчиларидан, деб айтиш мумкин. Инқирознинг бошланиши тўловларнинг камайидан бошланади. Классик инқироз нарх-наво тушишидан бошланади", дейди у.

Биз билан гаплашган иқтисодчиларнинг қарашлари бир-бирига ўхшаш: бозорларда савдо кескин пасайиб кетганининг асосий сабаби, май ойида кўпчилик тахмин қилганидек, шунчаки онлайн савдо улушининг ўсишига у қадар боғлиқ эмас.

Иқтисодчилар бу ҳолатни фақат бир ёки бир неча эмас, балки кўплаб, мураккаб сабаблар занжири билангина тушунтириб бериш мумкинлиги, унинг илдизи ҳукуматнинг йиллардан буён юритиб келаётган сиёсатига боғлиқ эканини тилга олади.

Мутахассислар диққатни кўпроқ макроиқтисодий жараёнларга, биринчи навбатда бюджет харажатлари шиддат билан ошиб бораётганига қаратиш қаратиш лозимлигини таъкидлайди.

"Харажатларнинг структурасига қарайдиган бўлсак, тўғрисини айтганда, жуда ҳам зарур бўлмаган харажатлар бор", дейди Алишер Абдужабборов.

2024 йилнинг биринчи ярмида бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги тафовут рекорди янгиланган. Январдан то июнга қадар бюджет даромадлари қарийб 116 триллион, харажатлар эса деярли 150 триллион сўмни ташкил этган. Тақчиллик 34,4 триллион сўм.

BBC

Ўзбекистонда харажатлар даромадлардан кўра шиддат билан ортиб бораётгани биринчи йил кузатилаётгани йўқ.

Буни англаш учун ўтган беш йилдаги рақамларга қарашнинг ўзи кифоя.

Бюджет тақчиллиги

  • 2020 йил: 26,1 триллион сўм
  • 2021 йил: 40,8 триллион сўм
  • 2022 йил: 35,2 триллион сўм
  • 2023 йил: 59 триллион сўм

Аммо бюджет харажатлари динамикаси, таркибий қисми ҳақида доим ҳам тўлиқ маълумот олишнинг имкони йўқ.

Расмий маълумотга кўра, бюджетнинг асосий қисми ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун сарфланади. Аммо кузатувчилар 2023-йилда ўзини ижтимоий давлат дея эълон қилган Ўзбекистонда ижтимоий харажатлар доим ҳам ўзини оқламаётгани таъкидлайди.

"Субсидия шаклидаги ижтимоий харажатлар жудаям кўпайиб кетган. Масалан, энергетикадан ташқари турли хил қишлоқ хўжалигига субсидия беряпмиз. Улар сезиларли даражада ошиб боряпти. Биргина ўтган йили паррандачиликка 600 миллиард субсидия бердик. Мақсад яхши, яъни ишлаб чиқарувчини рағбатлантириш орқали ички бозордаги нархни ушлаб туриш. Лекин бу деярли эффект бермайди. Чунки бу худди қумга сув сочгандек гап. Яна уй-жой, таълимга ҳам субсидия беряпмиз", дейди депутат Дониёр Ғаниев.

Бюджет тақчиллиги ва нега май ойида бозорларда харидор йўқолиб қолгани ўртасида қандай боғлиқлик бор? Бугун айтилаётган ички савдо тушиб кетгани йиллардан буён юритилаётган сиёсат асорати экани тилга олинган бир пайтда, нега бозорларда савдо сустлашиши айнан шу йил май ойида кузатилди? Иқтисодчи Алишер Абдужабборов бунинг сабабини давлат ҳануз энг йирик иш берувчи эканидан излаш кераклигини айтади.

"Бюджет ташкилотларининг кўпчилигида 3-4 ойлаб маош берилмади. Кейин июнда берилди. Йиғилиб турган эҳтиёж бозорга чиқди. Январ, феврал, март ойларида ҳар бир ойда 4-5 триллион сўмдан ошиқ бюджет камомади бўлди. Мана шу давлатга тушиши керак бўлган маблағ келиб тушмагандан кейин харажатлар тўхтатилди. Май ойида пул берилди. Ё кредит олинган ёки пул эмиссияси бўлган. Мана шу ҳисоботларнинг натижасида июн ойининг охирида ҳисобот қилишди. 34 триллион камомад бўлди. Шунча миқдорда пул ёпилди. Шу пул ташқарига чиқди. Шу берилган пулнинг таъсири 1-2 ойга етади. Ундан кейин яна одамларда пул қочади. Сабаби бу тенденция давом этяпти. Йиллик камомад бизда 10 триллион кўрсатилган", дейди у.

Расман иш жойига эга аҳолининг салмоқли қисми давлат ташкилотларидан маош олар экан, бюджет рақамларининг манфий ҳолатда бўлиши уларнинг харид қобилиятига таъсир қилмай қолмайди.

Мамлакат ичидаги фаоллар харажатлар шафқатсиз қисқартирилиши, коррупциялашганлик даражаси юқори қолаётган манзарада бу харажатлар ошишидан манфаатдор гуруҳлар қарор қабул қилиш жараёнларидан четлаштирилиши зарурлигини таъкидлаб келади.

"Ҳа, ўзбек чиновниклари ёқтирадиган ҳеч нимани ўзгартирмаслик, статус квони сақлаб қолиш варианти ҳам бор. Лекин бунда яқин орада инфляцияни ҳам, савдо дефицитини ҳам, миллий валюта курсига босимни ҳам бошқариб бўлмас стадияга кирамиз", дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Мустақил ҳисоб-китобларга кўра, 2017 йилдан 2023 йилга қадар давлат харажатлари 230 фоиздан ортиқ суръатда ўсган.

Бундан ташқари давлатнинг ташқи қарзи ҳам шу йиллар ичида роппа-роса уч баробарга кўпайган. 2017 йилда 11,5 миллиард доллар бўлган давлат ташқи қарзи миқдори 2024 йил май ойида қарийб 35 миллиард долларга етган.

Фикр билдирувчилар қанчалик мантиқлилигини савол остига олган бу қарзларни тўлаш вақти келганини ҳам тилга олади.

Имтиёзлар учун катта маблағ сарфландими?

Бундан ташқари иқтисодчилар ўтган йиллар давомида Обод қишлоқ, обод маҳалла, Ҳар бир оила тадбиркор каби ижтимоий лойиҳалар ҳамда турли мақсадлар учун тақдим этилган имтиёзлар, кредитларни молиялаш йўлида ақл бовар қилмас маблағ сарфлаб юборилгани айтади.

Уларга кўра, бу маблағларнинг маълум қисми кўзланган манзилга етиб бормаган, оқибатда, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган бундай лойиҳалар шунчаки бюджет пуллари ўпқонига айланган.

Би-би-си манбасининг сўзларига кўра, ҳукуматда ҳали ҳам бундай хатоларни ўз вақтида англаш кайфияти у қадар юқори эмас.

У бу ҳолат иқтисодиётни ривожлантириш йўлида олинаётган ҳар бир ғоянинг ижобий ва салбий оқибатларини ҳар томонлама ўрганиб чиқадиган институтлар ҳали ҳам ташкил этилмагани, қайтанга, ижро ҳокимияти мутахассислар илгари сураётган таклиф-мулоҳазаларни диққат билан тингламаётгани ортидан юзага келганини даъво қилади.

Қисқа айтганда, давлат иқтисодий ривожланишга қаратилган сиёсат юритишда хатолар устига хатолар қилмоқда, дейди мутахассислар.

"Одамлардан пул қочди"

Алишер Абдужабборов хатолар билан боғлиқ аҳолининг қўлидан пул қочишига етаклаётган баъзи сабабларни санаб ўтади.

"Оила миқёсида бизда бир нечта катта муаммо бор. Биринчиси, демографик муаммо. Бир ишлайдиган инсонга 5 та ишламайдиган одам тўғри келади. Бир ишлайдиган одамнинг даромадлари кескин камайиб кетиб қолса, ёки аксинча сарф харажати кескин ошиб кетса, бу жуда катта таъсир кўрсатади. Бу жуда нозик даражада турган даромад. Масалан, олиа бошлиғи 10 миллион сўм даромад қилади. Бу 5 кишилик оилага 2 миллиондан тўғри келади. Бу жуда кам рақам. Энди шунинг сарф харажатлари ошса. Масалан, ҳозир комунал тўлов миқдори ошди. Жарималар кўпайган. Ҳозир жамғармаси бор хонадонлар миқдори 20 фоиз эмас. Ҳамма келаётган пулга яшайди. Бугун келяпти, ўша куни харажат қилади. Жамғариб қўйилган пул кам", дейди у.

Алишер Абдужабборовнинг айтишича, 2022 йилда ижара ҳаққи кескин ошгач, уй-жойларнинг нархи кескин ошган. ШУндан сўнг кўпчилик катта қарз олиб бўлса ҳам уй олишга ҳаракат қилди. Уй-жойларнинг нархи ҳозир 30 фоиз орқага қайтган. Ижарачилар камайган, уйни қимматга олганлар уйни арзонроқ ижарага беришга кўзи қиймаяпти.

"Натижада анча миқдорда пул музлаб қолди", дейди у.

Иқтисодчи тасвирлаган бу манзара асосан пойтахт дохил йирик шаҳарларга хос. Бошқа ҳудудларда эса яна бир омил аҳолининг харид қобилияти тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.

"Вилоятлар, қишлоқлар ва оддий хонадонларда, асосий даромад манбаи сифатида мигрантлардан келадиган пуллар миқдори эди. 2023 йилда 2022 йилга нисбатан Россиядан келадиган пул миқдори салкам икки баробар камайди, 40 фоизга камайди. Бу Ўзбекистондаги ошган нархларнинг фонида етмай қоляпти. Илгари одамларнинг қўлида мигрантлардан келган пул, автомобил савдоси, уй-жой савдосидан, ижарадан келган пул ҳисобига одамлар сал бемалолроқ бўлганда (2022-2023 йиллар) истеъмолни кўпайтирди. Истеъмол кўпайди. Бозордаги савдо-сотиқ яхши ривожланди, деб кўпроқ одам пул тиккандан кейин пул айланмаси тўхтаб қолди. Пул айланмаси тўхтагани натижасида, одамларнинг қўлидан пул қочди", дейди Алишер Абдужабборов.

"Арзончиликдан қувонмаслик керак"

Охирги вақтда Ўзбекистонда чакана кредитлар буми кузатилган ва аҳоли гарданидаги салмоқли кредит қарздорлиги юзага келган.

"Ҳар икки оиланинг бирида кредит бор. Кредит бўлмаса, рассрочка, ҳалол насия ва ҳ.к шакллардаги кредитлар бор. Ҳалол насияга телевизор бераётган экан, холодилник бераётган экан, автомобил бераётган экан, деб келиши мумкин бўлган пулга ишониб кўпроқ сотиб олди. У келиши керак бўлган пул келмай қолди. Яъни банкларда катта муаммо - кредитларни қайтарилиши жуда камайиб кетган", дейди иқтисодчи.

Шу ва бошқа омиллар таъсирида аҳолининг харид қобилияти пасайиб, бозорларда талаб тушиши ортидан Ўзбекистонда камдан-кам кузатиладиган ҳолат юзага келган - айрим товарлар асосан деҳқончилик маҳсулотлари нархи сезиларли тушиб кетган.

Алишер Абдужабборов арзончиликдан хурсанд бўлмаслик кераклиги, қайтанга одамлар иқтисодий инқирозга тайёргарлик кўриши лозимлигини таъкидлайди.

"Молиявий ёстиқ бўлиши керак. Ҳозир молиявий харажатларни ўйлаб қилиш керак. Қўшимча даромад манбаларини ўйлаб қўйиш керак. Бозорларда яна бир тенденция, ҳозир бошқа бир муаммо чиқиб келди. Май ойида пиёз нархи 100 сўмга тушди, деган хабар чиқди. Ҳозир худди шу гап тарвуз бўйича кетяпти. Худди шу гап сомон бўйича бор, нарх пасайиб кетяпти. 3 йил олдин улгуржи нархда 10 минг сўм сотилган тарвуз ҳозир 1000-1500 сўмга сотиляпти. Ҳамма харажат ошганда маҳсулот нархи 10 баробар тушиши бу банкротликка олиб келади. Бу бошланиши, чунки йиғим терим энди бошланди. Бу йил ўрик, шафтоли, олча нархи кескин тушди. Помидор, бодринг ҳар бир сабзавотнинг нархи жудаям арзонлашиб кетган. Четга сотиш ҳам муаммо бўлиб қолди ва ички бозорда сотиш ҳам муаммо бўлиб қолди. Ички бозорда пул камайиб кетган. Масалан, пул кам одам нок сотиб олмайди. Гўшт, нон, гуруч олади. Мана шунақа нарсаларнинг ҳисобига деҳқонларнинг банкротлиги бошланди. Бу кўзимизга кўрингани йўқ. Лекин деҳқонларда кетма кет банкротлик бошланди. Деҳқончилик маҳсулотлари арзон бўлса, халққа яхши деб хурсанд бўламиз. Йўқ, халққа яхши бўлмайди. Деҳқоннинг қўлида пул бўлмаса у саноат молларини сотиб олмайди. У хизматлардан фойдаланмайди. Автомобил сотиб олмайди, тўй қилмайди. Шуларнинг ҳаммаси бир-бирига узвий боғланган занжир. Буни иқтисодий инқирознинг даракчиларидан бири, деб айтсак бўлади", дейди у.

Иқтисодчига кўра, инқирознинг бошланиши тўловларнинг камайишидан ва нарх-навонинг тушишидан бошланади. Классик инқироз шундай бошланади.

"Давлат буни тўғридан тўғри ўрганаётганини мен тополмадим. Давлат деганда ягона фикр юритувчи орган, деган хаёлга боришимиз нотўғри. Бу ерда ҳукуматнинг ҳолати ҳар ким ўзи ва шахсий манфаати, идоравий манфаати учун курашадиган гуруҳлардан ташкил топган ҳолат", дейди Алишер Абдужаббаров.

Унга кўра, давлат идоралари ва вазирликларнинг ҳар бири алоҳида ҳисобот юргизиб, жавобгарликдан қочиш учун баҳона излаяпти.

"Лекин чуқур ўйлаб, стратегик ўйлаб, тактик ҳаракатларнинг кетма-кетлигини белгилаб берадиган ягона органни мен билмайман. Чунки бу нарсанинг ҳаммасини анализ қилиб, жавобини бериш керак", деб таъкидлайди иқтисодчи.

Ечим нимада?

Иқтисодчи ҳозирги вазиятни ҳеч бўлмаганда юмшатиш учун ҳукумат аввало оила бюджетига босимни камайтириш устида бош қотириши зарурлигини ҳақида гапиради.

"34 триллион сўм камомад охир-оқибатда чоп қилинган пулга бориб тақалади. Қанчадир миқдорда пул чиқарилади ва шу билан тешикни ёпмоқчидек бўлади. Лекин натижада 6 ойдан ўтар ўтмас инфляция кучайиб кетади. Чунки пул массаси халққа етиб боргач, нарх-наво ошиб кетади. Бу кетишда 2025 йилда инфляция кучайиши мумкин. Шуларнинг ҳаммасига ечим сифатида оилага бўлаётган босимни камайтириш керак. Яъни жарималар, молиявий санкциялар, кредит фоизларини камайтириш керак. Одамларда сотиб олиш қобилияти пайдо бўлиши керак. Давлат пулни ўзига тортиб олиб, аҳолининг қўлида пул қолмаса ривожланиш секинлашиб, бадтарлашиб кетади", дейди иқтисодчи.

Алишер Абдужабборов, шунингдек, ҳукумат нафақат хорижликлар, балки ўз фуқароларини ҳам инвесторлар ўлароқ қабул қилишни бошлаши зарурлигини таъкидлайди.

"Чет эллик ёки ўзимиздаги 100 миллион доллари бор инвесторга шароит бор. Масалан, 10 миллион сўмини инавестиция қилмоқчи бўлган одам учун шароит йўқ. Миноритар акционерларга нисбатан эътибор йўқ. Акциядорлик жамиятларига ишонч йўқ. Инвестиция дегани бу фақат банк депозити эмас. Биздагиларнинг хаёлида шу - банкка қўйсанг, шунча қўшилади. Биринчидан, бу нотўғри. Иккинчидан, мусулмон аҳолиси бўлган давлат учун бу кўпроқ маъқул келмайдиган нарса".

Абдужабборовга кўра, Ўзавтосаноат корхоналари акциядорлик жамиятига айлантирилса, автомобилга навбат кутиб турган одамлар корхонанинг акциясига пул тикишни афзал билиб, иқтисодиётга сармоя киритади.

Иқтисодчилар бу йил ўттиз ёшга тўлган ва шу ўтган йиллар ичида оз эмас, кўп эмас - икки минг баробарга қадрсизланган ўзбек сўми бугун ўзбек иқтисодиётида юзага келган бу хавотирли ҳолатнинг қўштирноқ ичидаги асосий сабабчиларидан эканини айтади.

Алишер Абдужабборов ҳукуматнинг ўзи миллий валюта қадрини кўтариш чораларини кўрмаётганини тилга олади.

"Бизда сўм пул эмас, дегандек ёндошилади. Ҳатто давлат ҳисоботлари ҳам гоҳида долларда берилади. Фалон доллар инвестиция қилинди, дейишади. Нимага Ўзбекистонда сўмнинг қадри йўқ. Чунки сўм фақат халқ истеъмоли учун муомалага, бозорда картошка, пиёз сотиб олишга керакдек, кўриняпти. 30 йилнинг ичида сўм нима қила олди? Фақат инфляциядан бошқа нима қилиб берди? Одамларга фақат муаммо келтирди. Яқин яқингача карточкадаги пулни нақдлаштириш, доллар сотиб олиш муаммо эди. Сўм инвалид валютага ўхшаб қолган", дейди у.

Иқтисодчи ҳукумат оилавий бюджетга босимни юмшатиши лозимлигини айтаётган бир пайтда, мамлакат аҳолиси орасида энергия, коммунал хизматлар, солиқлар, жарималар нархини ошириш ёрдамида давлат бюджетини тўлдиришга ҳаракат қилинмоқда деган қараш кенг тарқалган. Иқтисодчи Алишер Абдужабборов агар ҳукумат айни мақсадда ҳаракат қилаётган бўлса, бу жуда катта хато эканини таъкидлайди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002