Ўзбекистон ё Хитой: Ойда экилган пахта чигит униб чиқди

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба ма��ериалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Хитойнинг Чанье-4 миссияси Ойга олиб чиққан пахта уруғи ниш урди, деб айтмоқда Хитой Миллий Фазо Администрацияси.

Бу Ернинг табиий йўлдоши сатҳида ўстирилган илк ўсимлик бўлди ва ушбу тажриба фазони забт этишда ташланган муҳим қадам сифатида кўрилмоқда.

Бунга қадар олимлар паст тортишиш кучи ва юқори радиация мавжуд муҳитда ўсимлик ундириб кўрмаган эди.

Чанье-4 Ойнинг Ерга кўринмайдиган томонига биринчи бор қўнган миссияга ҳам айланган.

Ўзи билан бир қанча илмий асбоб-ускуналар олиб борган аппарат 3 январь куни йўлдош юзасига қўнган.

Шу вақтга қадар Халқаро Космик Станцияда ҳам ўсимликлар ундириб кўрилган, аммо бундай тажриба Ойда биринчи бор ўтказилаётир.

Пахта уруғи билан бирга Ойга, умумий ҳисобда, олти турдаги биологик намуналар, жумладан, картошка, канола уруғи ва мева пашшаси личинкалари олиб чиқилган.

Алоқадар мавзулар:

Олимлар космик аппарат ичида ёпиқ экотизим ҳосил қилишни истамоқда. Бундай тизимда личинкалар карбонат ангидрид гази ишлаб чиқаради, ўсимликлар эса фотосинтез ёрдамида уни кислородга айлантиради.

Агар Ойда бу режа муваффақиятли амалга ошса, у ҳолда фазогирларнинг Марс каби олис манзилларга бемалол сафар уюштиришига имкон туғилади, яъни улар озиқ-овқат муаммосини космик кеманинг ўзида яратилган экотизим эвазига ҳал эта олади.

15 январь куни Хитой Коммунистик Партиясининг расмий нашри People's Daily ниш урган уруғ суратини эълон қилган ва уни «инсониятнинг Ойдаги биринчи биологик тажрибаси ҳосиласи» деб атаган.

Австралия Астрономия Обсерваторияси катта астрономи Фред Ватсон Би-би-сига бу хабарни «ажойиб янгилик» дея таърифлади.

Ойда деҳқончилик қилиш мумкинми?

«Бу келажакда фазогирларнинг Ойда сунъий яратилган муҳитда ўз ҳосилини етиштиришига нисбатан ҳеч қандай мушкул муаммолар бўлмаслигидан дарак беради.»

«Менимча, ҳозирда Марсга учишда Ойдан бекат сифатида фойдаланишга қизиқиш катта, чунки у Ерга нисбатан яқинроқдир,» дейди жаноб Ватсон.

Мазкур лойиҳани ишлаб чиққан профессор Си Генгсин Хитой матбуотига бундай тажрибалар келажакда инсоннинг космосда қандай жон сақлаши борасида аниқ тасаввурлар пайдо қилишини маълум қилган.

«Паст тортишиш кучи шароитида ўсимлик етиштириш келажакда барпо этилажак фазовий базамиз учун керакли маълумотларни тўплашга ёрдам беради.»

Профессор Генгсинга кўра, коинотда етиштирилган пахтадан фазогирлар кийим тайёрлашда фойдаланса, картошка ва канола мойи озиқ-овқат захирасига айланиши мумкин.

Шу вақтга қадар хитойликлар бошқараётган зонд Ерга 170 га яқин сурат, хусусан, қўниш ҳудудининг панорама тасвирларини юборган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek