Covid-19нинг симптомсиз тарқатувчилари сири Koronavirus

  • Дэвид Шукман
  • Илм-фан масалалари муҳаррири
Illustration: man on train

Ҳали инқирозни ҳал этиш йўллари топилмаган экан, олимлар коронавируснинг ғалати ва одамни хавотирга соладиган хусусияти борасида тобора кўп далил-исботни қўлга киритдилар. Инфекцияни юқтирганларидан кейин аксар одамларда йўтал, иситма пайдо бўлиб, таъм ва ҳидни билмай қолган бир пайтда бошқа бир инсонлар буларнинг бирор бир аломатини ўзида ҳис қилмайди, Covid-19ни юқтирганини ўзи ҳам билмай юраверади.

Тадқиқотчиларнинг айтишларича, коронавирусни мана шу кўринишда юқтирганларнинг сони қанчани ташкил қилади ва "индамас ёки сукутли тарқатувчилар" пандемия ёғига сув қуяётган бўлишлари мумкинми ёки йўқлигини англаб етиш ҳаётий муҳимдир.

Сингапурдаги бир черковда 19 январ куни йиғилганлар коронавируснинг глобал тарқалишига ҳисса қўшувчилар бўлишларини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Бу одатий якшанба эди, ибодат Мандарин тилида ўтказилди. The Life Church and Missions деб номланган черковнинг биринчи қаватидаги якшанба ибодатида шу куни эрталаб Хитойдан келган ёшлари 56 да бўлган эр-хотин ҳам бор эди.

Улар стулда ўтиришар, иккиси ҳам буткул соғлом кўринар, улар вирус ташувчилар бўлиши мумкин деб хавотирланишга бирор асос кўринмас эди. Ўша кунлари тўхтовсиз йўтал Covid-19 борлигининг аломати ва бу хасталик йўталдан юқади, деб тушунилар эди. Касалликнинг бирор бир аломати кўринмаганидан бирор одам ёнидаги кишини вирус юқтириши мумкин, деб ўйламас эди.

Якшанба ибодати тугаши билан эр-хотин черковдан чиқиб кетишади. Аммо орадан кўп ўтмай ҳодисалар энг ёмон сценарийда ва кўпчиликни ҳайратлантирадиган йўлда ривожланди. Хитойлик жуфтликнинг аёли 22 январ куни касал бўлиб ётиб қолди, икки кундан кейин эрига юққани аён бўлди. Улар коронавирус эпицентри бўлган Ухандан бўлганлари учун ҳайрон бўладиган жойи йўқ эди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, сингапурлик уч киши коронавирусни юқтирганлари аниқланди. Аммо улар қаердан, қандай қилиб юқтирган бўлишлари мумкин, деган саволга ҳеч ким жавоб беролмас эди. Ушбу уч ҳолат Сингапурнинг илк ва энг чалкаш коронавирус ҳолатлари бўлди. Улар коронавирусни қандай қилиб юқтирганлар деган саволга жавоб излаш вируснинг янги ва қўрқинчли томонини кашф қилишга имкон берди.

White line 10 pixels

'Касаллик детективлари"ни сафарбар этиш

"Биз ҳаддан зиёд гангиб қолдик", дея эслайди Сингапур Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юқумли хасталиклар бўйича бошқармаси раҳбари Доктор Вернон Ли. "Бири иккинчисини умуман танимаган одамлар касаллик бир-бирига юқишига сабаб бўлган эдилар. Касалликнинг янги ҳолатлари серияси бизга Covid-19 ҳақида маълум бўлган билимларга тўғри келмас эди".

Доктор Ли ва унинг қўли остидаги олимлар полиция ходимлари ва касаллик тарқалишини ўрганадиган детективлар билан ҳамкорликда ўзларининг терговини бошладилар, ким, қачон ва қаерда бўлганининг тафсилоти ва харитасини яратишга қарор қилдилар. Бунинг учун шу кеча-кундузда Британияда ҳам йўлга қўйилган "контакт изқуварлиги" амалиёти ишга солинди. Бу кимки коронавирусни юқтирган бўлса, топиш ва хасталикни йўқотиш йўлида ҳаётий муҳим аҳамиятга эга тизим деб топилди. Сингапур эса бу янгиликни жорий қилиш ва уни ҳаётга татбиқ этишдаги тезкорлиги билан ном қозонди.

Cyclist in Singapore

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сингапур ҳали пандемия бошланишидаёқ вирусни жиловлашда муваффақиятга эришган мамлакат деб тан олинди

Терговчилар бир неча куннинг ўзида ўша черковга қатнайдиган 191 киши билан суҳбатлашишнинг ва 19 январ кунги ибодатда 142 нафари қатнашганини аниқлашга муваффақ бўлдилар. Кўп ўтмай хитойлик эр-хотин қатнашган ибодатда вирусни юқтирган икки сингапурлик ким экани аниқланди.

"Улар черков ибодати пайти бир-бирлари билан кўришганлар, суҳбатлашганлар", дейди доктор Ли.

Бу фойдали бошланиш бўлди ва инфекция қандай қилиб бир инсондан иккинчисига ўтгани назариясини тушунтириб берар эди, аммо бошқа муҳим бир саволга жавоб бермас эди: агар хитойлик жуфтлик касалликнинг бирор бир симптомини кўрсатмаган босқичда бўлган бўлсалар, вирус қандай қилиб юқди?

Бундан ҳам мураккаб топишмоқ ҳали олдинда эди. Сингапурдаги коронавирусни юқтиришнинг учинчи ҳолати деб кўрилган 52 яшар аёл ўша куни черковдаги ибодатда қатнашмаган эди. У вирусни қаердан қандай қилиб юқтирди экан?

White line 10 pixels

Ҳеч ким кутмаган далил

Черковдаги кузатув камералари видеотасвирларини кўриб чиққан терговчилар буткул кутилмаган нарсага дуч келдилар - хитойлик эр-хотин ўтирган скамейкага орадан бир неча соат ўтганидан кейин ўша аёл бориб ўтирган эди.

Graphic showing links between church virus cases and Wuhan travellers

Демак, бирор симптоми бўлмай туриб ҳам, ўзлари бетоблик аломатларини намойиш этмай туриб ҳам, хитойлик эр-хотин вирусни тарқатиб юрганлар. Балки вирус уларнинг қўлларида бўлгандир, қўллари билан черков скамейкасини ушлашгандир, балки нафас чиқарганларида инфекция оғизларидан чиқиб ерга ёки ён-атрофга тушгандир. Юқиш айнан шундай бўлган деб бугун ҳеч ким аниқ айтолмайди, аммо оқибатлари катта бўлгани аён.

Бу ишдаги ҳар бир кичик детални бир-бирига улаб келаётган доктор Ли, бунинг изоҳи битта, дейди - инсонлар ўзлари билмагани ҳолда вирусни тарқатиб юрганлар. Бу изоҳни бутун дунёдаги вазиятга нисбатан қўллаш мумкин. Чунки ҳамма жойдаги тиббиёт маслаҳатларида одамнинг ўзидаги ва атрофидагилардаги симптомларга эътибор қаратиш тавсия этиб келинаяпти.

Лекин агар вирус симптоми кўринмаётган одамлар орқали тарқалаётган бўлса, уни қандай қилиб тўхтатиш мумкин? Доктор Ли қандай қилиб вирус ҳали кўринмай туриб юқиши мумкинлигини кашф қилганларини хотирлайди.

White line 10 pixels

Симптомлари кўринмасдан туриб вирус тарқатиш

Биз кашф қилган нарса "симптомдан олдинги трансмиссия"(pre-symptomatic transmission), яъни, йўтал, иситма ва бошқа классик симптомлари ҳали бошланмасидан туриб вирусни юқтираётганидан бехабар одам ҳолати, дейди доктор Ли.

People on Singapore underground

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сингапур вирусни назоратга олдик деган вақтда юқтириш ҳолатлари кўпайгани кузатилди

Ушбу тадқиқотда бошқа муҳим жиҳатлари билан бирга 24- ва 48-соатлар ҳали бирор аломати кўринмаган одамлардаги энг юқумли даври бўлиши мумкинлигини кў��сатди.

Бу нарсани билиш ўта муҳим. Чунки кимдир ўзининг вирусни юқтирганини билиб қолса, у билан контактда бўлганлар дарҳол уйда қолишлари лозимлиги ҳақида огоҳлантирилишлари мумкин.

Бу - ҳали ўзида асосий симптомлари кўзга кўринмай туриб ҳам инсон инфекциянинг муҳим даврида ўзини иҳоталайди, деганидир. Аммо таркибида вирус бўлган томчилар йўталсиз қандай қилиб юқиши мумкинлиги ҳақидаги масала ҳамон баҳс мавзусилигича қолмоқда.

Баъзи фикрларга кўра, кимнингдир ёнида гаплашиш ёки нафас олишнинг ўзиданоқ вирус юқиши мумкин. Агар вирус юқори респиратор трактида турган бўлса, нафас чиқаришнинг ўзи билан ҳам у ташқарига чиқиши мумкин. Кимдир ўша одамга яқин турган бўлса, айниқса, ҳавоси алмашмаётган хонада бу вирусни юқтириши мумкин.

Юқтиришнинг яна бир шакли тегиш - вирус кимнингдир қўлида бўлади ва бошқа одам билан кўришганида, эшик ушлагичини ушлаганида ёки черков скамейкасида ўтирганида вирусни қолдириши мумкин. Йўли қандай бўлишидан қатъи назар, одамлар юқишини умуман кутмаган жойдан инфекцияни илинтириб олишлари мумкинлигини кўрсатади бу эҳтимол.

White line 10 pixels

Айрим одамларда симптом умуман кўринмайди

Буниси янада сирли сценарий ва бунга олимлар бирор бир изоҳ тополганлари йўқ. Кимдир ҳали симптомлари кўрина бошлашидан олдин юқтира бошлаши мумкин, бошқа биров эса инфекцияни юқтирган бўлиши, аммо ҳеч қачон ўзи ва бошқаларга касаллик аломати кўринмаслиги мумкин.

Касалликни тарқатиб юрган, ўзи эса бирор бир азият чекмаётган одам "симптомсиз тарқатувчи" деб номланади. Бунинг энг машҳур мисоли ўтган асрда Нью-Йоркда ошпаз бўлиб ишлаган ирланд аёли мисолидир.

Mary Mallon

Сурат манбаси, Getty Images

Мэри Маллон қаерга ишга кирмасин, яшаб турган ижара уйини алмаштирмасин, ён-атрофидаги одамлар ич терламага чалинишар, улардан камида уч нафари, баъзан ундан ҳам кўп одам тифдан ўлар эди. Аммо Мэри Маллоннинг ўзи касалликнинг бирор бир аломатини ҳис қилмас эди. Охири ўртадаги боғлиқ маълум бўлди ва аёл ич терламанинг ўзи ҳам бехабар тарқатувчиси бўлгани тасдиқланган.

Репортёрлар уни "Ич терлама Мэри" деб аташди, бу лақаб бир умр уни ғазаблантириб келди. Расмийларнинг Мэрини бошқалардан ажратилган уйда сақлашдан ўзгача чоралари қолмади. У шундай шароитда 23 йил, 1938 йили вафот этгунича яшади.

White line 10 pixels

Тахминлар барбод бўлди

Amelia Powell

Ҳамшира Эмилия Пауэл коронавирусни юқтиргани, аммо симптомсиз экани хабарини топганидан кейин ларзага тушди. У апрел кунларидан бирида Кембридждаги Эдденбрук шифохонасидаги одатий ишлари билан банд бўлиб турганида доктор унга телефон орқали қўнғироқ қилди ва суртмасининг натижаси ижобий чиққанини билдирди.

У ўзини буткул соғлом ҳис қилар, ҳар куни Covid-19ни юқтирган беморларни даволашда муҳофаза кийимини кийиб юрар, бу кийимда ўзини хавфсиз сезар эди. Тўсатдан барча тахминлар барбод бўлди, у тести позитив чиққанидан ларзага тушди.

"Бу худди оилангдаги кимдир ўлиб қолганини эшитиб, қулоқларингга ишонмаганингга ўхшайдиган сюрреализм эди. Мен ўзимга-ўзим дердим: бундай бўлиши мумкин эмас. Ахир мен буткул соппа-соғман-ку", дейди 23 яшар Эмилия.

Коронавирусга чалинганини билиши билан у ишхонасидан чиқиб кетди, уйига бориб ўзини-ўзи иҳоталади.

White line 10 pixels
Banner
White line 10 pixels

"Мен хавотирда эдим. Чунки мен кўзим олдида аҳволи оғирлашган беморларни кўрган, менда ҳам шундай бўлиши мумкинмикан, деб ўйлар эдим", дейди.

Бироқ, хайриятки, касалликнинг бирор бир белгиси кўринмади, бу нарса Эмилиянинг ўзини ҳам ҳайратга солди.

"Мен том маънода ҳеч нарсани сезганим йўқ - уй ичида жисмоний машқларимни бажарар, нормал овқатланар, нормал ухлар эдим", дейди у.

Ўша пайтда шунга ўхшаш ҳолатлар қанча бўлгани, аммо назардан қочирилгани номаълум.

Эмилия инфекция юқтиргани аён бўлиб қолганининг ягона сабаби, у шифохонада ўтказилаётган тадқиқотда иштирок этаётгани бўлди. Бу тадқиқот ҳайратланарли натижа кўрсатди: тести коронавирусга ижобий чиққан 1000 дан ортиқ одамнинг 3 фоизи суртма олинаётган вақтида бирор бир симптоми бўлмаган одамлар бўлиб чиқди.

Симптомсиз ҳолатларнинг бундан ҳам кўп сондагиси йил бошида Япония соҳилларидан сузишга чиққан Diamond Princess круиз кемасида бўлганларда аниқланди. Кейинчалик бу кемага "инфекциянинг Петри тақсимчаси" деган ном берилди, кемада бўлганларнинг 700 нафари коронавирусни юқтиргани аниқланди.

Тадқиқотчиларга кўра, кемада инфекция юқтирганларнинг тўртдан уч қисми симптомсиз беморлар бўлганлар.

Вашингтондаги кексалар уйида сақланаётган инсонларнинг ярми тестлари натижаси позитив чиққан, аммо у одамларда хасталикнинг аломати кўринмаган.

White line 10 pixels

'Ишончли деб кўрилган бирор тадқиқот йўқ'

Турли тадқиқотлар коронавируснинг симптомсиз беморлари қанчани ташкил этиши борасида турли рақамларни тақдим этади: бир тадқиқотда жами юқтирганларнинг 5 фоизи дейилса, бошқа бир олимлар 80 фоизни ташкил этади, демоқдалар. Оксфорд Университети профессори Карл Ҳенеган раҳбарлигидаги олимлар мана шу масалага бағишланган 21 лойиҳани таҳлил қилиб кўрган.

"Симптомсизлар сонини аниқ кўрсатадиган бирорта ҳам ишончли тадқиқот йўқ", деган хулосага келдилар улар.

Олимларнинг айтишларича, агар Covid-19 бор-йўқлигини текшириш, худди Буюк Британиядагидек, фақат симптоми кўзга ташланган инсонлардагина амалга оширилган бўлса, "балки кўплаб ҳолатлар" кўздан қочирилган бўлиши мумкин.

White line 10 pixels

"Жим тарқатувчилар" таҳдиди

Эмилиянинг энг катта хавотири шуки, у ўзи билмаган, истамаган ҳолда вирусни ўзи билан бирга ишлайдиган ҳамкасбларига ёки ундан шифо кутиб ётган беморларга юқтирган бўлиши эҳтимоли.

"Мен ҳамкасбларимга юқтирганман, деб ўйламайман. Чунки уларнинг ҳаммасининг тестлари салбий чиқди. Аммо мен шу ҳолатда қанча узоқ вақт юрган бўлишим мумкин? Симптомсиз одамлар бошқалар учун қанчалар юқумли ёки йўқ - бу жуда ғалати ва ҳозир бу ҳақдаги маълумот жуда камлиги сабабли бу саволларнинг жавобини билмаймиз", дейди Эмилия.

Хитойда ўтказилган бир тадқиқотда симптомсиз беморларнинг сони симптоми кўринган инсонларга нисбатан анча кўпни ташкил этган ва бу тадқиқот Хитой расмийларини ҳушёр торттирган.

Бу ҳақда ҳукуматни огоҳлантирган олимлар шундай ёзишган: "касаллик тарқалиши олдини олиш ва назоратнинг бир қисми сифатида "жим тарқатувчилар" симптомсиз вирус ташувчиларга алоҳида эътибор қаратилиши керак".

Diamond Princess

Сурат манбаси, Getty Images

Diamond Princess кемасидаги вазиятни ўрганган тадқиқотчиларнинг хулосасича, симптомсиз ҳолатларнинг юқумлилик даражаси симптомли одамларникидан камроқ бўлиши мумкин, аммо уларнинг сони ҳам анча кўпчиликни ташкил этган.

White line 10 pixels

Симптомсиз инфекциянинг "қора томони"

Бу билан боғлиқ масалага ойдинлик киритиш мақсадида Норвичдаги тадқиқотчилар бутун бошли шаҳар аҳолисини тестдан ўтказиш керак, деган ғояни илгари сурмоқдалар.

"Симптомсиз ҳолатлар эпидемиянинг қора томони бўлиши мумкин", дейди ушбу ғояни илгари сураётган олимлар етакчиси, Эрлам Институти профессор Нил Ҳолл.

Қора материя коинотнинг аксар қисмини ташкил этадиган кўзга кўринмас модда ва ўрганилиши керак, деб ишонилади.

Профессор Ҳолл шундан хавотирдаки, бутун жамоат тиббиёт тизими кўраётган чораларга қарамасдан пандемия кўпайиб бораётганининг асосий сабаби симптомсиз ҳолатлар бўлиши мумкин.

"Ён-атрофимизда ўзининг бетоблигидан бехабар ва жамоат транспорти фойдаланиб, тиббиёт муассасаларига кириб юрган одамлар бўлар экан, юқиш ҳолларининг кўпайиши муқаррар", дейди профессор.

"Агар фақат симптомлари бор бўлиб шифохонага олиб келинган одамлар ўртасида хасталик тарқалиши олдини олиш чораларини кўриш муаммонинг фақат ярмини ҳал этиш деганидир", дейди у.

Калифорниядаги олимлар гуруҳи ишонишича, симптоми йўқ ҳолида вирусни ташиб юрганлар ким эканлигини билмаслик пандемияга қарши курашнинг "Ахиллес товони"дир.

A medical worker takes a swab sample from a woman to be tested for the COVID-19 novel coronavirus in Wuhan, in Chinas central Hubei province on May 13, 2020.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой Уханда ёппасига тестни йўлга қўйди

Олимларнинг назарида касаллик тарқалишини тўхтатишнинг ягона йўли - ўзининг бетоб эканини билиши-билмаслигидан қатъи назара, кимгаки юққан бўлса, ўшаларнинг ҳаммасини топишдир.

Бу таклифни Буюк Британия Бош вазирига йўллаган мактубида парламентнинг аъзолари ҳам илгари суришди.

Парламент вакилларининг ёзишларича, симптомсиз юқиш таҳдиди "пандемияни бошқариш учун чуқур оқибатларга эга" бўлади.

Ва заиф тоифадаги инсонлар деб кўрилган одамларни парваришлаётган барча тиббиёт ходимлари ва парваришловчилар мунтазам равишда тестдан ўтказиб турилиши керак, дея таклиф қилишган Британия парламенти аъзолари.

Шунга ўхшаш ёндашув пандемия илк бор бошланган деб кўриладиган Хитойнинг Ухан шаҳрида кенг миқёсда жорий этилди.

Тўққиз кун мобайнида шаҳарда ёппасига тест ўтказилди ва 6,5 миллион одам, ҳеч қандай симптоми кўринмаётган кишиларнинг ҳам вирусни юқтирган-юқтирмагани текширилди.

White line 10 pixels

Карантинни юмшатиш

Карантин чоралари юмшатилиб тобора кўп сондаги одам жамоат транспортидан фойдаланишни бошлар, ходимлар ўз ишларига қайтар, инсонлар харидга чиқар эканлар, кўринмас таҳдидга қарши кураш янада муҳимроқ аҳамият касб этади.

Ҳозирги пайтда сони ортиб бораётган оломон орасида ким ўзи ҳам билмасдан вирусни ташиб юрганини аниқ айтишнинг иложи йўқ.

Шунинг учун ҳам дунёдаги ҳукуматлар кимки юқтирган бўлса, кимлар билан контактда бўлган бўлса, ўшаларни имкони борича тезроқ қидириб топишда ҳамкорлик қилиши, ўзини эса зудлик билан иҳоталаши ҳаётий муҳим эканини урғуламоқда.

Шунингдек, энг яхши муҳофаза ижтимоий масофа сақлаш - ҳаммадан узоқроқда бўлиш маслаҳати эслатилаяпти.

Аммо қаерда масофа сақлаш имкони бўлмаса, юзни бекитиш, ҳеч бўлмаганда уйда тайёрланган, қўлбола ниқобдан фойдаланиш маслаҳат қилинмоқда.

Two women walking wearing face masks

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Дунёдаги тобора кўп ҳукуматлар ўз фуқароларига юз ниқобини тақишни маслаҳат бермоқда

АҚШ ҳукумати ўзининг коронавирусга қарши сиёсатини эълон қилганида январ ойида Сингапурдаги черковда топилган исбот-далиллар эслатиб ўтилди.

Мантиқ шу эдики, сиз нафақат ўзингизни муҳофаза қилишингиз, балки ўзингизни ҳам ўзгалардан ҳимоя қилмоғингиз лозим, чунки ҳали сизнинг ўзингиз вирус юқтирган бўлишингизни билмаслигингиз мумкин.

Аксар тиббиёт профессионаллари юз ниқоблари кўпчиликни қўлни мунтазам ювишдан ёки ижтимоий масофа сақлашдан чалғитаётган бўлиши мумкин.

Яъни, ниқоб таққан одам "бўлди, ўзимни етарли муҳофаза қилдим" деган хаёлга бориб хотиржамликка берилиши, қўл ювиш ва ижтимоий масофа сақлашга эҳтиёж қолмади, деб ўйлашлари мумкин.

Айни пайтда юз ниқоби билан талабдагидек муомала қилинмаса, юқиш хавфини янада ошириши ҳам мумкин.

Дунёдаги тобора кўп ҳукуматлар, жумладан, Британия ҳукумати ҳам бу чоралари нафи борлигига ишонч ҳосил қилмоқдалар.

Юзни бекитиш ўзича пандемияни тўхтатиб қолмайди.

Бу ерда симптомсиз юқиш ҳақида бизнинг билимимиз ҳали кам эканлигини ҳам инобатга олмоқ зарур.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek