Ковид: Айрим давлатлар вакцинага етиб бора олмасликдан хавотирда – Коронавирус, янгиликлар

  • Cтефени Ҳегарти
  • Би-би-си Жаҳон хизмати
A healthcare worker in Zimbabwe

Сурат манбаси, Getty Images

Ковид 19га қарши вакцина олаётган илк инсонларнинг суратлари дунёда ҳамманинг ҳам дилини шодликка тўлдираётгани йўқ. Зимбабве, Мексика ва Покистон каби давлатларда вакцинага етишиш учун кураш узоқ ва оғриқли кечадиган кўринади.

Британияда илк эмлашлар бошланганини кўрган Лоис Чинганду ҳаяжонланмади, аксинча, хавотирга тушди. Кўпчилигимиз каби у ҳам бир кун келиб вакцина олишни ва ҳаёт изига тушишини орзу қилади. Аммо аксар одамлардан фарқли ўлароқ, у тоннель поёнидаги ёруғликни кўргани йўқ.

Унинг мамлакати - Зимбабве қачон вакцина сотиб олиши аниқ эмас. "Агар биз уни ҳаётлигимдаёқ ололсак, фақат кутиш ва умид қилишдан ўзга чора йўқ, - дейди у. - Ковидни юқтириб олиш ва ўлиб кетишдан қўрқиб яшайман". Бу бир қарашда муболағадек кўринади, аммо у аввал юз берган нимагадир ўхшаш ҳолатни кўряпти бу ерда.

Чинганду хоним ОИТС тарқалишига қарши курашганлардан. У 1990 йиллар охирида Зимбабве пойтахти Ҳарареда ҳар куни минглаб одамларнинг ОИТСдан ўлганини кўрган. "Бир кун келиб имтиёзли озчилик камбағалларни ўлимдан сақлаб қолишга қарор қилганда биз вакцина оламиз", дейди у.

Чинганду хоним "Вакцина учун халқ альянси" деб номланган кампания иштирокчиси. Улар бой давлатлар, айниқса, АҚШ, Британия ва Европа Иттифоқи давлатлари, Канадани барча вакциналарни ўзларига йиғволгани учун қоралайдилар.

Ҳукуматлар ва компаниялар ўртасида вакцина бўйича битимларни мониторинг қилаётган Дюк университети тадқиқотчиларига кўра, бир неча давлатлар ўз аҳолиси эҳтиёжидан анча катта миқдордаги вакцинани сотиб олган. Канада ўз аҳолисини тўлиқ беш марта эмлашга етадиган вакцинага буюртма бериб бўлган.

Бу давлатлар вакциналар самараси хали аниқ бўлмасдан таваккал қилиб сотиб олган ва ўз навбатида ўша вакциналарнинг ишлаб чиқарилишини молиялашга ёрдам берган. Чинганду хоним ва Вакцина учун халқ альянси бу жараённи адолатсиз деб атайди. Улар ортиқча вакциналар муҳтож давлатларга берилиши керак дейдилар.

Martha Delgado
BBC
I have seen countries in the Latin-American region that don't have enough money to buy vaccines right now.
Martha Delgado

Ҳозиргача 189 давлат Жаҳон Соғлиқ ташкилоти ва вакцина учун халқаро гуруҳлар қўлловидаги "Covax" ҳаракатига қўшилган. Бундан кўзланган мақсад давлатларнинг бошини қовуштириб, уларнинг фармацевтика компаниялари билан музокараларда устунликка эришишига кўмак беришдир.

Бу давлатларнинг 92 таси паст ёки ўрта даромадли давлатлар бўлиб, улар вакцина сотиб олиш учун ҳомийлар ёрдамида тузилган жамғармадан фойдаланади. Буюк Британия бу жамғармага ярим миллиард доллар ўтказган. АҚШ ва Россия бу ишга ҳисса қўшмаётган оз сонли давлатларданд��р. Қолган давлатлар "Covax" доирасида вакцина сотиб олади, аммо улар ўзлари алоҳида музокаралар олиб борса, яхшироқ келишувга эришиши ҳам мумкин.

Ҳозирча "Covax" уч турдаги нисбатан самарали вакцинани олган. Аммо ушбу лойиҳа давлатлар аҳолисининг 20 фоизига етадиган вакцинани олиб бериши мумкин.

Муҳим ойлар

Мексика ушбу лойиҳанинг асосий қўлловчиларидан ва у орқали вакцина сотиб оладиган давлатлардан бири ҳамдир. Мамлакатнинг вакцина бўйича бош музокарачиси Марта Делгадо 20 фоиз Мексикадаги ўсиб бораётган Ковид 19 ҳолатларини тўхтатишга етмаслигини билади. Шу боис, у бошқа йўллар билан вакцинани қўлга киритиш пайида. Ҳар бир кечикиш ҳаёт ва ўлимни белгилайди. "Бу ойлар жуда муҳим", дейди у.

Унинг айтишича, 13 октябрь рамзий бир кун бўлган, ўша куни у учта вакцина компанияси билан бевосита битим имзолаган. Улар кўпчилик истаётган "Pfizer" вакцинасининг кўп бўлмаган миқдорини қўлга киритишган. Жума куни Мексиканинг тегишли ташкилоти бу вакцинани фавқулодда вазиятларда қўллаш учун маъқуллади. Шу ой эмлаш бошланади.

"Мексикада вакцина сотиб олиш учун пул бор, - дейди Делгадо хоним. - Лотин Америкасида бир қанча давлатларни кўрдим, уларнинг вакцина сотиб олишга етарли пули йўқ ҳозир ва олишларига ҳам кафолат йўқ." Аксар мамлакатлар учун "Covax" ҳозирда ягона ечим.

Dr Faisal Sultan
BBC
Everybody is going for a finite pie. The pie is fixed for now and everybody wants a slice of it.
Dr Faisal Sultan

Оксфорд университети яратган вакцинани яшлаб чиқарадиган "AstraZeneca" фармацевтика компанияси унинг ривожланаётган давлатларга сотувидан фойда кўрмаслигини айтди. Бу вакцина "Covax" режасида асосий ўринни эгаллайди, аммо ҳозиргача бирорта давлат уни қўллаш учун маъқуллагани йўқ. Битта вакцина компанияси дунёнинг 7.8 миллиард аҳолисига етадиган дозани етказиб бера олмайди.

Мексика каби Покистон ҳам вакцина ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар қилиб келмоқда. "Биз бой давлатлар билан аниқ рақобат қиляпмиз. Бу табиий ҳол", дейди Покистон Бош вазирининг соғлиқни сақлаш бўйича маслаҳатчиси Файсал Султон. У бу музокараларда марказий ролни ўйнамоқда.

"Ҳамма чекланган пирог учун боряпти. Пирог ўртага қўйилди ва ҳар ким ундан улушини олмоқчи. Бу орада турткилашлар бўлиши тайин."

Унинг айтишича, ҳозирча музокаралар яхши кетяпти, аммо бирорта ҳам миқдорда дозани сотиб олиш бўйича битим хали йўқ. Покистон вакцина самараси маълум бўлмагунча уни сотиб ололмайди. "Бу ҳашам, - дейди доктор Султон. - Менимча, саноқли давлатларгина бунга қурби етади. Агар биз тўғри танласак, ҳаммаси жойида бўлиши керак. Аммо биз кўр кўрона пул тика олмаймиз."

A volunteer in Mexico receives an injection

Сурат манбаси, Reuters

Покистондаги етакчи университетлар Хитойнинг "CanSinoBIO" фирмаси вакцинаси синовларига ёрдам берди ва бу вакцина олиш учун ёрдам берар, аммо буни хизмат учун хизмат деб бўлмайди. Музокаралар тўлов билангина боғлиқ эмас. Делгадо хонимнинг айтишича, илиқ дипломатик муносабатлар муваффақиятли музокараларда муҳим роль ўйнайди.

"Компаниялар давлатлар ичида бўлади, - дейди доктор Султон. - Давлатлар ҳақида гапираётганингизда сиёсат ва иттифоқлар ўз таъси��ини кўрсатади. Аммо ҳозир биз имкони бўлса бўлмаса ҳар қандай геосиёсий адоватлардан устун бўлишга тиришяпмиз."

Лоис Чинганду ва Вакцина учун халқ альянси дипломатия ва ҳатто "Covax"дан ҳам радикалроқ бирор чора кўришга чақирмоқда. Улар вакцина компаниялари интеллектуал мулкни бошқалар билан баҳам кўришини истайди.

ЖСТ Ковид вакцинаси бўйича интеллектуал мулк ҳуқуқини бекор қилиш борасида қарорини кечиктирди. Бу таклиф ЖСТдаги айрим давлатлар қўлловига эришди, аммо кўплаб Ғарб давлатлари қарши чиқди. Шундай қилиб, аксар давлатлар учун Ковид вакцинасига эришиш кутиш ўйинидир.

"Одамлар Ковиддан ўлишда давом этмоқда, - дейди Чинганду хоним. - Бошқа давлатлардаги одамлар эса нормал ҳаётни яшамоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek