Боғланиб қолиш илми: Ўзингиз истаган нарсани доим ёқтирасизми? – Илм-фан, янгиликлар

  • Дэвид Эдмондс
  • Би-би-си Жаҳон хизмати
Model of brain with electrodes attached

Сурат манбаси, Getty Images

Яқин яқингача агар биз бирор нарсани истасак, демак уни яхши кўрамиз, деган умумий бир тушунча бор эди. Аммо фан бу тушунчанинг тўғрилигини савол остига олмоқда ва бирор нарсага боғланиб ружу қўйишдан қутулиш йўлларини кўрсатмоқда.

1970 йилда Янги Орлеанда руҳий касали бор бир бемор устида жуда уятли ва ачинарли тажриба ўтказилган эди. Биз уни Бемор В 19 номи билангина биламиз.

B-19 жуда бахтсиз эди. Унинг наркотик билан боғлиқ муаммоси бор эди ва гомосексуал майллари сабабли ҳарбий ишидан четлатилган эди. Уни даволаш ва гейликдан "тузатиш" мақсадида унинг психиатри Роберт Ҳит унинг миясига электродлар киритди ва уларни ўша вақтда миянинг лаззат марказлари деб ишонилган қисмига улади.

Электродлар улангач, В 19 тугмачани босиб уларни ёқа оларди. У тугмачани кетма кет босди, қайта қайта, битта сессияда мингдан ортиқ марта.

"Бу уни жинсий жиҳатдан жуда қаттиқ қўзғатар эди", дейди Мичиган университети нейрология ва биопсихология профессори Кент Берридж. В 19 ўзини мастурбация қилишни жуда истаётгандек ҳис қиларди ўшанда. Электродлар ёқилганда у ҳам аёлларни, ҳам эркакларнинг жинсий томондан жозибасини ҳис қиларди. Электродлар олиб қўйилганда эса у қаттиқ норозилик билдирди.

Аммо Роберт Ҳит жуда ғалати нарсани пайқади. У В 19дан электрод унга қандай таъсир қилганини тасвирлаб беришни сўраганда, у бемор "ажойиб", "ҳайратланарли", ғаройиб" каби сўзларни айтади деб ўйлаганди. Аммо ундай бўлмади. Аслида у ҳечам роҳат олмаган бўлиб чиқди.

Хўш, нега у тугмачани босишни давом эттирган ва нега электродлар ечилганда норози бўлган?

Short presentational grey line

Кент Берридж гарчи В 19 электродлар қўзғаган сезгидан роҳатланмаган бўлса ҳам, аммо у электродларни ёқишни истаб қолганини билиб қолдик дейди.

Аммо бу жуда жумбоқли, жуда зиддиятли туюлади.

Йиллар давомида психологлар ва нейрологлар яхши кўриш ва исташ ўртасида фарқ йўқ деб ҳисоблаб келишган. "Яхши кўриш" ва "исташ" айни бир нарсанинг икки номидек эди. Агар мен тонгда қаҳва ичишни истасам, демак қаҳва ичишни яхши кўраман, шундай эмасми?

coffee cup

Сурат манбаси, Getty Images

Исташ ва ёқтиришни айнанлаштирувчи бу тушунча билан бирга яна бошқа бир ишонч ҳам бор эди. Мияда яхши кўриш ва исташни қўзғайдиган допамин гармонига дахлдор тизим бор деб ишонишарди. Боз устига, допамин лаззатланиш туйғуси учун муҳимлигини кўрсатувчи далиллар ҳам кўп эди гўё. Каламушлар одамлар каби ширинликни яхши кўради, аммо уларнинг миясидан допаминни олиб ташлаб, сўнг олдиларига ширинлик қўйилганда улар овқатга интилмаган. Допаминни йўқотиб, лаззатни ҳам йўқотасиз, деб ишонишган.

Аммо бу тўғрими? Кент Берриж лаззат ва допамин ўртасидаги алоқани текширишнинг янги йўлини топди. Каламуш миясини допаминдан тозалагач, уларга шакарли нарса берди. "Бизни хайрон қолдириб, каламушлар унинг мазасини аввалгидек яхши кўрарди. Лаззат ҳамон бор эди". Унинг лабораториясида ўтказилган бошқа бир тажрибада каламушлардаги допамин миқдори оширилди. Бу уларнинг янада очофат қилиб қўйди, аммо бирор мазани ёқтиришида ўзгариш бўлмади.

presentational grey line
Kent Berridge

Қизиқишингиз мумкин, олимлар каламуш нимадан лаззатланаётганини қандай билади? Каламушларда худди инсонларда бўлгани каби юзида ифода бор. Улар бирор ширин нарсани еса, лабларини ялайди, агар аччиқ нарса бўлса, улар оғзини очиб, бошини чайқатади.

Хўш, нима юз беряпти? Нима учун каламушлар ўзи истамаётган таомни нега яхши кўряпти?

Кент Берриджда гипотеза бор эди. Аммо шу қадар ақл бовар қилмас гипотеза эдики, ўзи ҳам ишонгиси келмасди. Аммо бу ҳол узоқ чўзилмади. Бирор нарсани исташ ва бирор нарсани ёқтириш миянинг бошқа бошқа қисмларига боғлиқ эмасмикан?

rat eating

Сурат манбаси, Getty Images

Кўп йиллар давомида илмий ҳамжамият бу гипотезага шубҳа билан қаради. Аммо ҳозир бу анча кенг қабул қилинган. Допамин майлни кучайтиради. Ҳар тонг пастга тушиб қаҳва тайёрлайдиган машинамни кўрсам, айнан допамин мени қаҳва дамлашга ундайди. Айнан допамин агар оч бўлсангиз, сизни овқатга интилтиради, у чекувчини сигаретага жалб қилади.

Допамин ёқтиришни эмас, истакни пайдо қилишини кўрсатувчи энг яққол далил бошқа бир бахтсиз каламуш устида ўтказилган лаборатория тажрибасига асосланади. Кент Берридж кичик метал таёқчани каламуш қафасига жойлаштириб, унга тегилганда кучсиз электр шок юборилар эди. Нормал каламуш бир икки марта тегибоқ бундан нари туриш кераклигини билган. Аммо Берридж каламушда допаминни кўпайтирганда у таёқчага хадеб интилаверадиган бўлиб қолган. У таёқча олдига келар, уни искар, панжаси ва тумшуғи билан унга тегар эди. Ҳатто кучсиз шокни қабул қилгач ҳам, орадан 5 10 дақиқа ўтиб, у яна таёқчага тегарди.

Эҳтимол бу менинг қаҳвахўрлигим сабабини изоҳлар. Мен тонгги қаҳвамни ҳам яхши кўраман, ҳам истайман. Аммо оқшом вақтлари ҳам қаҳва дамлашдан ўзимни тия олмайман. Мен уни истайман, аммо оқшомги қаҳвани ёқтирмайман.

coffee cup empty

Сурат манбаси, Getty Images

Кент Берридж инсоний истак ва мотивацияни илмий тушунишни ўзгартириб юборди десам муболаға эмас.

У истак яхши кўришдан кўра фундаменталроқ дейди. Пировардида биз сексни ёқтирамизми ёки бирор овқатни ёқтирамизми генларимизнинг сақланиши учун аҳамиятли эмас. Энг муҳими биз жинсий алоқани истаймизми, овқат қидирамизми, ана шу.

Short presentational grey line

Яхши кўриш ва исташ ўртасидаги фарқнинг ягона муҳим жойи у бирор нарсага - у алкоголми, наркотикми, қиморми ёки овқат - ружу қўйишимиз моҳиятини кўрсатади.

sugar cubes

Сурат манбаси, Getty Images

Ружу қўйган одам учун истак ёқтиришдан ажралади. Допамин тизими айрим белгилар - дейлик, қаҳва тайёрлаш машинаси қандайдир лаззат келтиришини билади. Тўлиқ тушунилмаган қандайдир йўллар билан допамин одамни таъсирчан қилиб қўяди. Исташ йўқолмайди ва турли белгилар орқали қўзғалиб тураверади. Гиёҳванднинг кўзи шприц ёки қошиқ ёки кўчадаги бирор бурчакка тушганда хумор тута бошлайди.

Аммо истак ҳеч қачон буткул йўқолмайди, жуда бўлмаганда узоқ вақт йўқолмайди. Бу эса гиёҳвандни яна эски одатини қайта бошлашга мойил қилиб қўяди. Улар наркотик оз ёки умуман лаззат бермай қўйганда ҳам дорини истайверади. Каламушларда допамин уйғотган таъсирчанлик ярим умрича чўзилади. Ҳозир тадқиқотчилар олдида турган масала каламушлар ва эҳтимол одамлар ҳам допамин уйғотадиган таъсирчанликдан тўлиқ қутула оладими, шуни аниқлашдир.

Бемор В 19га қайтайлик. У "лаззат электрод"ига боғланиб қолганини, тугмачани босишдан ўзини тиёлмай қолганини ва айни чоқда роҳат ҳ��с қилмаганини эсланг. Ўша вақтда Роберт Ҳит бемор балки ўз туйғусини ифодалай оламаётгандир деб ҳам қизиқди. Аммо ҳозир бунинг анча ишончли изоҳи бор. В 19 чиндан ҳам электрод юзага келтирган сезгидан роҳатланмагани эҳтимоли катта, аммо унда тугмачани босишга бўлган ички мажбурият бор эди.

Менга келсак, кейинги финжон қаҳвага кетдим.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek