Россия: “Время” кўрсатувида урушга қарши плакат кўтарган журналист тақдири нима бўлди?

Овсянникова қаерда сақланаётгани номаълум

Сурат манбаси, Channel One

Сурат тагсўзи, Овсянникова қаерда сақланаётгани номаълум

14 март кечқурун Россиянинг Биринчи канали "Время" янгиликлар дастурининг жонли эфирида аксилуруш намойиши билан чиқган телеканал ходими Марина Овсянникова қўлга олинган. "Новая газета" нашри Останкино туман судига таяниб ёзишича, журналист маъмурий жавобгарликка тортилган.

Биринчи телеканалининг муҳаррири Марина Овсянникова қўлида "Урушга йўқ" плакати билан "Время" кўрсатувининг бошловчиси Екатерина Андреева сўзларини бўлди.

Кўрсатувни тўхтатишга тўғри келган.

Ҳодисадан сўнг Марина Овсянниковани полиция бўлимига олиб кетишгани хабарлари тарқалди.

Адвокати Павел Чиков телеканал муҳарририни Москва шаҳридаги "Останкино" Ички ишлар бўлимига олиб кетилганини хабар қилди.

"Тахмин бўйича унинг устидан Россия қуролли кучларини обрўсизлантириш деган модда бўйича протокол тузилган. Адвокат Даниил Берман унинг олдига кетди", - деб хабар қилган Павел Чиков.

Бироқ орадан бир неча соат ўтиб адвокатлар Марина Овсянниковани тополмаётганлари, унинг "Останкино" полиция бўлимида йўқлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.

"Новая газета" нашрининг ёзишича, Останкино туман суди Марина Овсянникова нисбатан маъмурий ишни кўриб чиқишни бошлаган.

Биринчи канал муҳаррири Маъмурий ҳуқуқбузарлик кодексининг 2-моддаси, 20.2 (келишилмаган оммавий тадбир ташкиллаштириш) билан айбланмоқда.

Олдинроқ Овсянникованинг ҳибсга олингани борасида расмий хабар берилмаганди.

ТАСС давлат хабар агентлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардаги манбасига таяниб ёзишича, Россия Тергов қўмитаси тергов олди суриштирув ишларини бошлаган

"Овсянникова нисбатан унинг ҳаракатларида Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 207.3 моддасига (Россия қуролли кучларидан фойдаланиш борасида қасддан ёлғон хабар тарқатиш) тегишли жиноят аломатлари борлигини текшириш учун тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда", деб ёзди нашр.

Ушбу янги жиноят моддаси, 24 феврал Россиянинг Украинага босқинидан сўнг шошилинч равишда қабул қилинди.

"Хизмат мансабидан фойдаланган ҳолда ҳарбий ҳаракатлар ҳақида оммавий хабар тарқатиш"га 5 миллион рубл жарима ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўрсатилган.

"Можем объяснить" Телеграм каналига гапирган адвокат Анри Цискаришвили журналистнинг қаерда эканлиги ҳамон номаълумлигини айтган.

Адвокатлар унинг "Останкино" ички ишлар бошқармасида ёки Телевезион мажмуа ҳудудида жойлашган полиция бўлинмасида сақланаяпти, деб ўйлашганди.

Бироқ адвокатлар уни у ерда топишолмаган.

Овсянникованинг икки фарзанди бор.

ТАСС манбасининг айтишича, журналистга нисбатан маъмурий иш очиб ўтиришмаган. Полиция ишни дарҳол Россия Тергов қўмитасига ўтказиб юборган.

Маъмурий модда билан март ойида урушга қарши чиққан юзлаб одамга иш очилганди. Улар яна бир бор маъмурий жавобгарликка тортилса жиноий иш очилиши мумкин.

Давлат назоратидаги Телевидение

Россия Телеканалларидаги янгиликлар анча вақтдан бери Кремл томонидан назорат қилиб келинади. Аксар каналларда мустақил қарашларни учратиш деярли имконсиз эди.

Бироқ Украинага босқиндан сўнг қабул қилинган янги қонун медиа оламини янада ёпиб ташлади.

Март ойи бошида қабул қилинган қонунга кўра, ҳарбий амалиётларни "босқин" дейиш ёки бу ҳақда "ёлғон" хабар тарқатишни тақиқлайди.

Россиядаги давлат назорати остидаги каналлар урушни "махсус ҳарбий амалиёт" дейди, Украинани эса тажовузкор сифатида кўрсатади ва ҳукуматни нео-нацистлар сифатида тасвирлайди.

Бир нечта мустақил нашрлар расмийлар томонидан босимлар бўлгач ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. "Эхо Москва" радиостанцияси, "Дождь" телеканали фаолиятини тўхтатган бўлса, "Новая газета" каби нашрлар вазиятни цензура борасидаги янги қонунни бузмаган ҳолда хабар ёзишга ҳаракат қилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek