Одам нега ўзбекча гапира туриб, билмасдан русчага ўтиб кетади? Қизиқ фактлар ошкор бўлди Dunyo Ilm-fan Yangiliklar

  • Никол Чанг
  • .
Сўзлар

Сурат манбаси, Alamy

Иккинчи ёки ҳатто учинчи тилни билиш фойда келтириши аниқ, лекин баъзида сўзлар, грамматика ва ҳатто акцент аралашиб кетиши мумкин. Бу эса бизнинг миямиз қандай ишлаши ҳақида қизиқ нарсаларни ошкор қилади.

Бир гал Париждаги маҳаллий новвойхонада навбатда турганимда, довдираб қолган хизматчидан узр сўрадим. У шунчаки қанча нон олмоқчилигимни сўраганда, мен беихтиёр французча эмас, мандаринча жавоб бердим. Ўзим ҳам довдираб қолдим: мен асосан инглиз тилида гапираман ва мандарин тилида йиллар давомида тўғри гапира олмаганман. Шунга қарамай, бу Париж муҳитида шу тил негадир ўзининг борлигини эслатди.

Кўп тилли одамлар одатда бир тилдан иккинчисига осон ўтади. Аммо баъзида кутилмаган чалкашликлар ҳам бўлиши мумкин. Нима учун шундай бўлиши ҳақидаги илмий тадқиқотлар миямиз қандай ишлашини кўрсатиб беради.

Кўптилли одамлар мияси бир нечта тилларни қандай бошқаришини ўрганиш мураккаб ва баъзан ғалати хулосалар беради. Маълум бўлишича, кўптилли одам гапирмоқчи бўлганида, ҳатто биттасида гапираётган бўлса ҳам, улар биладиган тиллар бир вақтнинг ўзида фаол бўлиши мумкин. Бу тиллар бир-бирига халақит бериши мумкин, масалан, кутилмаганда нутққа қўшилиб қолади. Бу аралашув нафақат бошқа тилдаги сўзлар беихтиёр ишлатилганда, балки грамматика ёки акцент даражасида ҳам ўзини намоён қилиши мумкин.

"Биз тадқиқотдан биламизки, сиз икки ёки ундан ортиқ тилда гаплашсангиз, ҳар иккала тил ёки сиз билган барча тиллар фаоллашади, - дейди Матти Деклер, Брюсселдаги Эркин Университет катта тадқиқотчиси. - Масалан, икки тилли француз-инглиз тили сифатида «dog» демоқчи бўлсангиз, нафақат «dog» фаоллашади, балки унинг таржима эквиваленти ҳам фаоллашади, шунинг учун «chien» ҳам фаоллашади.

Демак, сўзловчи миясида қандайдир тарзда тилни бошқариш жараёни кетади. Бу ҳақда ўйлаб кўрсангиз, икки ва кўптилли сўзловчиларнинг ўрганган тилларини бир-биридан ажрата олиш қобилияти ҳайратланарли. Улар буни қандай уддалашлари одатда чеклаш тушунчаси - сўзланмаётган тилларни бостириш дея тушунтирилади. Икки тилли кўнгиллидан экранда кўрсатилган рангни бир тилда, сўнгра кейинги рангни бошқа тилда номлаш сўралганда, миянинг тил ва диққат учун масъул бўлган қисмларида электр фаоллиги кучайишини ўлчаш мумкин.

Тилдан тилга ўтиш мурвати?

Сурат манбаси, Jeffrey Greenberg/Getty Images

Сурат тагсўзи, Миямизда бир тил мурвати ўчирилиб, иккинчиси "ёқилмайди", балки исталмаган тил "тормози босилади"

Бироқ, бу бошқарув тизими бузилганда, чалкашишлар ва камчиликлар пайдо бўлиши мумкин. Мисол учун, тилнинг етарли даражада чекланмаслиги унинг бошқа тилдаги нутққа аралашишига олиб келиши ва гаплашишингиз керак бўлган вақтда тўсқинлик қилиши мумкин.

Деклеркнинг ўзи ҳам вақти-вақти билан тилларни аралаштириб юборади. Бельгиялик аёлнинг тил репертуарида голланд, инглиз, немис ва француз тиллари бор. У Германияда ишлаганида, Бельгияга, уйига мунтазам поездда қатнаб турар ва бу сафарлар бир неча тил соҳаларини қамраб олиши мумкин эди - бу унинг тилни алмаштириш кўникмалари учун катта машқ бўлган.

"Биринчи қисм немис тилида эди ва мен Бельгияга борадиган поэздга чиқдим, у ерда иккинчи қисм француз тилида эди, - дейди у. - Кейин сиз Брюсселдан ўтсангиз, улар тилни менинг она тилим бўлган голланд тилига ўзгартирадилар. Шундай қилиб, уч соат давомида, ҳар сафар кондуктор келганида, мен тилни алмаштиришга мажбур бўлардим.»

"Негадир доим нотўғри тилда жавоб берардим. Чунки доим ҳам мослаша олмасдим».

Дарҳақиқат, тадқиқотчилар тилни алмаштириш сценарийларидан поэздда эмас, балки лабораторияда фойдаланиб, кўп тилли одамлар ўз билган тилларини қандай бошқаришини тадқиқ қиладилар. Сўзлаётганда юз берадиган хатоликлар эса билган тилларимиздан қандай фойдаланишимиз ва уларни бошқаришимизни ўрганишда асқатади.

Сан-Диегодаги Калифорния университетининг психиатрия профессори Тамар Голлан кўп йиллар давомида икки тиллиларда тил назорати қандай кечишини ўрганиб келмоқда. Унинг тадқиқотлари кўпинча қарама-қарши хулосаларга олиб келди.

"Менимча, икки тиллилар тилларни аралаштирганда биз кўрган энг ўзига хос нарсалардан бири шундаки, улар баъзида доминант тилни чеклаб туриш учун кўпроқ куч сарфлайдилар ва ҳатто маълум контекстларда секинроқ гапиришади", дейди у.

Бошқача айтганда, кўп тилли одамнинг доминант тили баъзан муайян сценарийларда ўзини кучлироқ намоён қилиши мумкин. Масалан, юқорида тавсифланган ранг номини айтиш бўйича топшириқда иштирокчи иккинчи тилдан асосий тилга ўтишда биринчи тилидаги сўзни эслаш учун кўпроқ вақт талаб қилиши мумкин.

Тажрибаларидан бирида Голлан испан-инглиз икки тилли кишиларнинг тилни ўзгартириш қобилиятини таҳлил қилиб, улардан фақат инглиз тилида, фақат испан тилида бўлган матнларни, сўнг инглиз ва испан тиллари тасодифан аралашиб кетган матнларни овоз чиқариб ўқишни сўради.

Хулосалар ҳайратланарли эди. Матнлар тўғридан-тўғри уларнинг олдида турган бўлса да, иштирокчилар овоз чиқариб ўқиш чоғида "пенетрацион хатолар"га йўл қўйишди, масалан, инглизча «but» сўзи ўрнига тасодифан испанча «pero» сўзини айтишди. Ушбу турдаги хатолар деярли ҳар доим тилдан тилга ўтишни талаб қиладиган турли тиллардаги матнларни овоз чиқариб ўқиганда юзага келади.

Битлз гуруҳи аъзолари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тилдан-тилга тез ўтганда "тил аралашуви рўй беради" ва бу нафақат сўзлар, балки талаффуз ва грамматикага ҳам таъсир қилади

Бундан ҳам ажабланарлиси шундаки, бу хатоларнинг аксарияти иштирокчилар умуман "ўтказиб юборган" сўзлар эмас эди. Кўзни кузатиш технологиясидан фойдаланиш орқали Голлан ва унинг жамоаси бу хатолар иштирокчилар ўша сўзга тўғридан-тўғри қараганларида ҳам қилинганлигини аниқладилар.

Иштирокчиларнинг аксарияти асосан инглиз тилида сўзлашувчилар бўлса да, улар заифроқ испан тилидан кўра инглиз тилидаги сўзлар учун кўпроқ шундай хатоларга йўл қўйган - Голлан буни тил доминантлиги ўзгаришига ўхшатади.

"Менимча, тасаввур қилинг, сиз тўсатдан чап қўлингизда (баъзилар учун ўнг қўл) яхшироқ ёзишни бошлайсиз, - дейди у. - Биз буни тескари доминанлик деб атадик, биз бундан жуда катта хулоса чиқарамиз. Бу ҳақда қанча кўп ўйласам, унинг қанчалик ноёб ҳодисалигини ва қанчалик аҳмоқоналигини билиб тураман."

Бу ҳатто иккинчи тилни ўрганишда ҳам содир бўлиши мумкин - катталар янги тилга сингиб кетганларида, улар ўз она тилларидаги айрим сўзларни йўқотиб қўйишлари мумкин.

Голланнинг таъкидлашича, тескари доминантлик таъсири, айниқса, икки тиллилар бир суҳбат давомида тилларни алмаштирганда сезиларли бўлиши мумкин. Унинг тушунтиришича, кўп тиллилар тилларни алмаштирганда, уларни мувозанатлаштиради, доминант тилни кучлироқ чеклайдилар, натижада доминантлик тескари тус олади.

"Икки тиллилар алмаштиришни осонлаштириш учун доминант тилни чеклаш орқали иккала тилдан ҳам бир хилда фойдаланишга ҳаракат қилишади, - дейди у. - Аммо баъзида бу чеклов жуда ошириб юборилади ва доминант тилга қайтиш иккинчи тилга нисбатан секинроқ бўлади."

Голлан яна бир соҳада тескари доминантликни топди: талаффуз. Баъзан иштирокчилар сўзни тўғри тилда, лекин нотўғри акцент билан ўқийдилар. Ва яна, бу испанча сўзларга қара��анда кўпроқ инглизча сўзларда содир бўлди.

"Баъзида икки тиллилар тўғри сўзни айтадилар, лекин нотўғри акцент билан, бу ҳақиқатан ҳам қизиқарли диссоциация бўлиб, тилни бошқариш турли даражада бўлишини кўрсатади, - дейди Голлан. - Акцентни фарқлаш ва сўзларни қайси лексикадан олиш ўртасида бўлиниш мавжуд."

Агар сиз бошқа тил муҳитига чуқур кириб борган бўлсангиз, бу ҳатто ўз тилингиз грамматикасига ҳам кутилмаган тарзда таъсир қилиши мумкин,

Канаданинг Монреал шаҳридаги МакГилл университетида нейролингвистика бўйича таҳсил олган ёзувчи, таржимон ва маслаҳатчи Кристина Каспариан: "Мия қайишқоқ ва мослашувчан", дейди. "Иккинчи тилга кирсангиз, бу она тилингизни қандай қабул қилишингиз ва қайта ишлашингизга таъсир қилади.»

Каспариан ва унинг ҳамкасблари унинг PhD тадқиқоти учун амалга оширилган катта лойиҳаси доирасида Канадага ҳижрат қилган ва инглиз тилини ўрганган италияликларни синовдан ўтказди. Уларнинг барчаси итальян тилини кундалик ҳаётда унчалик қўлламаётганликларини айтишган.

Иштирокчиларга итальян тилида бир қатор жумлалар кўрсатилди ва улар қанчалик тўғри ёзилганини баҳолаш сўралди. Шу билан бирга, уларнинг мия фаолияти электроэнцефалография (ЭЭГ) билан ҳам ўлчанди. Сўнг уларнинг жавоблари Италияда яшовчи бир тилли итальянлар гуруҳининг жавоблари билан солиштирилди.

"Тўрт турдаги жумлалар кўрсатилди ва улардан иккитаси итальян ва инглиз тилларида, иккитаси эса фақат итальян тилида тўғри ёзилганди", дейди Каспариан.

Икки тилдаги ёзув

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Чет тилини ўрганиш баъзан она тилингни унутиш эвазига бўлиши ҳам мумкин

Кейинги турдаги жумла шу эди: "I ladri che arresta il poliziotto attendono in macchina". ( "Полициячини қўлга олган ўғрилар машинада кутишмоқда").

Маълум бўлишича, италиялик муҳожирлар инглиз тили грамматикасига мос келмаса, итальянча тўғри жумлаларни грамматик тўғри ёзилмаган, деб рад этишлари мумкин эди. Уларнинг инглиз тилини билиш даражаси қанчалик баланд бўлса, улар Канадада қанча узоқ яшаган ва итальян тилини қанчалик кам ишлатса, тўғри итальянча жумлалар уларга грамматик жиҳатдан хато туюлиши эҳтимоли шунчалик юқори бўлган.

Шунингдек, уларнинг мияси фаолияти Италияда яшовчи италияликларникига қараганда бошқачароқ эди. Каспариан ва унинг ҳамкасблари мия фаолиятини қайд қилиш учун электроэнцефалограмма (ЭЭГ) ёрдамида иштирокчилар тилни қайта ишлаш жараёнида уларнинг миясидаги электр фаоллигининг "миллисонияма миллисония суратини" олишни мақсад қилишган.

Уларга фақат итальян тилида (лекин инглиз тилида эмас) грамматик жиҳатдан тўғри ёзилган жумлалар кўрсатилганда, Канадада яшовчи италияликларнинг мия фаолияти Италияга қайтиб келганларникига нисбатан бошқача шаклда ишлашини аниқладилар.

Аслида, уларнинг мия фаолияти она тили инглизча бўлганларникига кўпроқ мос эди, дейди Каспариан.

Каспарианнинг таъкидлашича, инглиз тили итальянчага қараганда сўзлар кетма кетлигига кўпроқ боғлиқ. Унинг айтишича, муҳожирлар итальян тилида ўқиётганда ҳам, кўпроқ инглиз грамматикасига таянган. "Ҳатто биринчи тил ҳам ўзгариши мумкин, ҳатто бу сизнинг ҳаётингиз давомида ҳар куни фойдаланадиган тил бўлса ҳам", дейди у.

Француз тилидан инглиз тилига ўгирилган китоб

Сурат манбаси, Bertrand Guay/AFP/Getty Images

Сурат тагсўзи, Бир неча тилни билиш нафақат инсоннинг ўз ҳаётида нафи тегади, балки бир вақтнинг ўзида бир неча юмушни бажариш қобилиятини кучайтиради

Албатта, кўп тилли одамларнинг аксарияти ўз она тили грамматикасига амал қилади. Аммо Каспарианнинг тадқиқотлари, шунингдек, унинг кенгроқ тадқиқот лойиҳаси доирасида олиб борилган бошқа тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бизнинг тилларимиз ҳаётимиз давомида нафақат турғун туради, балки ўзгаради, фаол рақобатлашади ва бир-бирига аралашади.

Тиллараро кўчиб юриш, эҳтимол, катталар учун янги тилни ўрганиш қийинлигининг бир қисми бўлиши мумкин, айниқса, улар бир тилда ўсган бўлса.

"Ҳар сафар бу янги тилда гапира бошлаганингизда, бошқа тил: "Ҳей, мен шу ердаман, боришга тайёрман", деб туради, - дейди Иллинойс штатининг Эванстон шаҳридаги Шимоли-ғарбий университет тилшунослик профессори Мэтт Голдрик. Муаммо шундаки, сиз янги тил ўрганаётганингизда ана шу нарсани бостиришингиз керак бўлади.

"Сиз одатда ҳеч қачон қачон босиб туришга уринмаган нарсани жиловлашга мажбур бўласиз ва бу ўз ўзидан рўй беради, шундай эмасми? Жиловни тортишга ҳеч қандай сабаб йўқ. Бу эгаллаш қийин бўлган маҳорат, ана шу қийинлиги муаммодир."

Нима ёрдам бериши мумкин? Чет тили муҳитига шўнғиш.

"Сиз асосий тилни қаттиқ босиб турадиган контекстни яратасиз ва бунинг учун машқ қиласиз, бу янги тилнинг ўрнашишига имкон беради", дейди Голдрик.

"Ва кейин сиз ушбу муҳитдан чиққанингиздан кейин тилларни янада яхшироқ бошқара оладиган бўласиз, - дея қўшимча қилади у. - Тиллар ўртасидаги рақобат қачон йўқолмайди, фақат сиз уларни яхшироқ бошқарасиз."

Кўптилли одамлар ўз миясида тиллар рақобатини бошқаришда тажрибали бўлади. Кўплаб тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу уларга маълум когнитив афзалликлар беради. Шуни таъкидлаш керакки, бу борада ҳали ҳам консенсус йўқ, айрим тадқиқотлар бундай афзаллик йўқлигини кўрсатган.

Қандай бўлмасин, тиллардан фойдаланиш, эҳтимол, одамлар ўрганадиган энг қийин машғулотлардан биридир. Кўплаб тадқиқотлар кўрсатишича, бир нечта тилларни бошқариш зарурати вазифа ва ёшга қараб турлича когнитив наф келтиради.

Баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатдики, икки тиллилар ижроия назорат бўйича вазифаларда, масалан, иштирокчилар кутилмаган маълумотларга эътибор қаратишлари керак бўлган ишларда яхшироқ натижа кўрсатади. Кўп тиллилик дименциа эҳтимолини камайтириши билан ҳам боғлиқ. Ва, албатта, кўп тиллилик миядан ташқарида жуда кўп аниқ фойда келтиради, ва бу кўпроқ одамлар билан мулоқот қила олишдек ижтимоий афзалликлар билан чекланмайди.

Аммо кўп тиллилигим менга қандайдир фойда келтирган бўлса да, новвойхонада уялиб қолишим олдини олмади. Ўшандан бери шу новвойхонага бормадим.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek