Қирол Чарльз III – Британиянинг янги қироли Britaniya Dunyo Yangiliklar

Britaniyaning yangi qiroli

Сурат манбаси, © NADAV KANDER

Қиролича вафот этганида, тахт дарҳол ва ҳеч қандай маросимларсиз унинг меросхўри, Уэльснинг собиқ шаҳзодаси Чарльзга ўтди.

Аммо у қирол бўлиш учун бир қатор амалий ва анъанавий таомиллардан ўтиши керак.

У қандай номланади?

У қирол Чарльз III сифатида танилади.

Бу янги қирол давридаги биринчи қарор бўлди. У ўзининг тўртта исмидан бирини танлаши мумкин эди - Чарльз Филипп Артур Жорж.

У унвон ўзгариши дуч келган ягона одам эмас.

Шаҳзода Уильям тахт вориси бўлса ҳам, автоматик равишда Уэльс шаҳзодасига айланмайди - унга бу мақом отаси томонидан берилиши керак. У отасидан Корнуолл герцоги унвонини мерос қилиб олди - Уильям ва Кейт ҳозир Корнуолл ва Кембриж герцоги ва герцогинияси унвонига эга.

Чарльзнинг рафиқаси Камилла учун янги унвон ҳам бор, у қиролича-консортга айланади, бу атама монархнинг турмуш ўртоғи учун ишлатила��и.

Расмий маросимлар

Шанба куни Чарльз расман қирол деб эълон қилиниши кутилмоқда. Бу Лондондаги Сент-Жеймс саройида Тайинлов Кенгаши олдида бўлиб ўтади.

У Махфий Кенгаш аъзоларидан - бир гуруҳ ўтмишдаги ва ҳозирги юқори мартабали вакиллар, пэрлар - шунингдек, баъзи юқори мартабали давлат хизматчилари, Ҳамдўстлик Олий комиссарлари ва Лондоннинг лорд-мэридан иборат.

Britaniyaning yangi qiroli

Сурат манбаси, PA Media

Назарий жиҳатдан, 700 дан ортиқ одам қатнашиш ҳуқуқига эга, аммо муддат қисқалигини ҳисобга олсак, ҳақиқий рақам анча паст бўлиши мумкин. 1952 йилдаги охирги Тайинлов кенгашида 200 га яқин киши қатнашди.

Йиғилишда Махфий Кенгашининг лорд-президенти (ҳозирда парламент аъзоси Пенни Мордаунт) қиролича Елизавета ўлими ҳақида эълон қилади ва бу овоз чиқариб ўқилади.

Эълон матни ўзгариши мумкин, аммо анъанага кўра, бу аввалги монарх шаънига илиқ сўзлар, дуо ва янги монархни қўллаб-қувватлашга берилажак ваъдалар бўлади.

Кейин бу декларацияни бир қатор нуфузли шахслар, жумладан, Бош вазир, Кентербери архиепископи ва лорд-канцлер имзолайди.

Барча маросимларда бўлгани каби, янги давр белгиси сифатида нима ўзгариши ёки янгиланишига эътибор берилади.

Қиролнинг биринчи баёноти

Қирол Тайинлов Кенгашининг иккинчи йиғилишида Махфий Кенгаш билан бирга қатнашади. Бу АҚШ президенти каби баъзи бошқа давлат раҳбарларининг услубидаги "қасамёд" эмас. Бунинг ўрнига, янги қиролнинг декларацияси бор ва 18-асрнинг бошларида пайдо бўлган анъанага мувофиқ, у Шотландия чер��овини сақлаб қолиш учун қасамёд қилади.

Карнайчиларнинг садоларидан сўнг, Чарльз Сент-Жеймс саройидаги монастир тепасидаги балкондан Қуроллар Қироли деб номланувчи амалдор томонидан янги қирол деб эълон қилинади.

Qirolicha Yelizaveta va uning shazoda o'g'li Charlz

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қиролича Елизавета II 1969 йилда ўғли Чарльзни Уэльс шаҳзодаси қилади

У шундай дейди: "Худо қиролни асрасин" ва 1952 йилдан бери биринчи марта давлат мадҳияси "Худо қиролни асрасин" сўзлари билан янграйди.

Хайд-паркда, Лондон минорасида ва ҳарбий кемалардан тўплар отилади ва Эдинбург, Кардифф ва Белфастда Чарльзнинг қироллиги эълон қилинади.

Тож кийиш

Тахтга ўтиришнинг рамзий чўққиси Чарльзнинг расман тож кийиш маросими бўлади. Керакли тайёргарлик шартлиги туфайли, Чарльз тахтга ўтиргандан сўнг тез орада тож кийиш ўтказилиши даргумон - қиролича Элизавета 1952 йил февралда тахтга ўтирди, аммо 1953 йил июнгача тож киймади.

Мана, 900 йилдирки, тож кийиш маросими Вестминстер аббатлигида ўтказилиб келинмоқда - Фотиҳ Уильям у ерда тож кийган биринчи монарх бўлган, Чарльз эса 40чи бўлади.

Бу Кентербери архиепископи бошчилигидаги Англикан диний хизматидир. Маросимнинг энг юқори чўққисида у Чарльзнинг бошига 1661 йили ясалган олтин тож бўлган Авлиё Эдвард тожини қўяди.

Бу Лондон Тауердаги Қироллик ювилерлари орасидаги муҳим буюм бўлиб, монарх уни фақат тож кийиш пайтида кияди (оғирлиги камида 2,23 кг).

Қироллик тўйларидан фарқли ўлароқ, тож кийиш давлат тадбиридир - ҳукумат бунинг учун пул тўлайди ва меҳмонлар рўйхатини белгилайди.

Qirolicha Yelizaveta

Сурат манбаси, MIRRORPIX / GETTY IMAGES

Мусиқа янграйди, ўқишлар бўлади ва янги монархни апельсин, атиргул, должин, мушк ва амбер мойлари билан мойлаш маросими бўлади.

Янги қирол бутун дунё олдида тож кийиш қасамёдини қабул қилади. Ушбу мураккаб маросим давомида у ўзининг янги роли рамзи сифатида шар ва скипетр олади ва Кентербери архиепископи унинг бошига олтин тож қўяди.

Ҳамдўстлик раҳбари

Чарльз 56 мустақил давлат ва 2,4 миллиард аҳолидан иборат Ҳамдўстлик уюшмасининг раҳбари бўлади. 14 давлат, шунингдек, Буюк Британияда қирол давлат раҳбари ҳисобланади.

Ҳамдўстлик ҳудудлари сифатида танилган бу мамлакатлар: Австралия, Антигуа ва Барбуда, Багама ороллари, Белиз, Канада, Гренада, Ямайка, Папуа-Янги Гвинея, Сент-Кристофер ва Невис, Сент-Люсия, Сент-Винсент ва Гренадинлар, Янги Зеландия, Соломон ороллари, Тувалу.