Янгиликлар. Украина: Путин Киевни қўрқитдими - Украина аллақачон хавотирда Rossiya Ukraina Yangiliklar

  • Томас Макинтош
  • BBC News, Лондон
Путин ва Лукашенко

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Мустақиллик саройидаги музокаралари арафасида президентлар мана шундай кўришишди

Путин Минскдан қайтди. Украина Беларусь ва Россия билан чегарасини мустаҳкамлашга киришди.

Расмий Киев Россия янги ҳужумга ҳозирлик кўраётганидан хавотирда.

Алоқадор мавзулар:

Украина Ички ишлар вазири муовини Евҳений Ениннинг Би-би-сига айтишича, Беларусь билан чегарага мадад кучлари ташланади. Қўшимча қурол-яроғ юборилади.

Сўнгги янгилик Россия президентининг Минскка ташрифи ва Александр Лукашенко билан музокаралари манзарасида бўй кўрсатди.

Беларусь ҳам Россия ва ҳам Украинага чегарадош.

Путин ҳам Россия чегараларини мустаҳкамлаш ва ижтимоий вазиятни назорат этишга буйруқ берган.

Россия президенти хавфсизлик кучлари чегарани бузишга бўлган ҳар қандай уринишни зудлик билан бартараф этишлари лозимлигини айтган.

Бундан ташқари, улар четдан келаётган таҳдидларни бартараф этишлари, сотқинлар ва қўпорувчиларни аниқлашлари кераклигини таъкидлаган.

Владимир Путинга кўра, хавфсизлик кучлари Украинанинг Россия ўзиники, деб даъво қилувчи ҳудуд аҳолиси хавфсизлигини ҳам таъминлаши зарур.

Россия сўнгги ойларда бу минтақаларда, айниқса, Херсонда жиддий йўқотишларга учраган.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Беларусда жойлашган қўшинлари беларусь ҳарбийлари билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишади.

Украина ҳукумати вакили ҳар икки янгиликка ўзининг расмий муносабатини билдираркан, ўзларининг ҳам Россия ва ҳам Беларусь билан давлат чегараларини янада мустаҳкамлашларини маълум қилган.

Минск мавқеи

Қўшма ҳарбий машғулот

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россиянинг Украинага тўлақонли босқини арафасида икки иттифоқчи давлат ҳарбийлари Украина чегараси яқинида қўшма ҳарбий машғулот ўтказишганди...

Беларусь шу пайтгача Россия Украинага очган урушга тўғридан-тўғри бош қўшмаган.

Аммо шу йил февраль ойида Россия қўшинларининг Украинага ҳужум қилиши учун ўз ҳудудидан фойдаланишига изн берган.

Россия Беларусь ўзларининг "махсус ҳарбий амалиётлари"ни янада кучлироқ қўллашини истайди, Минск Москванинг босими остида.

Аммо Путин матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, айни мазмундаги хабарларнинг барчаси "мутлақ аҳмоқона, асоссиз ва тўқима".

Россия президенти эса, Украина уруши давом этаётган бир манзарада Александр Лукашенко билан музокаралар олиб бориш учун Минскка сафар қилган.

Путин уч ярим йил деганда илк бор Беларусь президенти билан Минскда учрашган, музокаралар олиб борган.

Расмий Кремль бунинг "амалий ташриф" эканини айтган, у икки соатдан сал ошиқроқ вақт давом этган.

Минскда берган қўшма матбуот анжумани чоғида Путин Россия "ҳеч кимни ютиб юбормоқчи" эмаслигини айтган.

У, шунингдек, қандайдир "рақиб кучлар" Россиянинг Беларусь билан интеграциясига йўл қўймаслик ҳаракатида эканини ҳам даъво қилган.

Россия президентининг сўзлари расмий Вашингтоннинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

АҚШ Давлат департаменти воизи Украинани қўшиб олиш ҳаракатида экани назарда тутилса, Путиннинг баёноти бунинг "тамом тескариси" эканини айтган.

Нима учун ҳозир?

Стив Розенберг

Би-би-си муҳаррири

Владимир Путин

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Путин уч ярим йил деганда илк бор Беларусь президенти билан Минскда учрашган, музокаралар олиб борган

Россия президенти нега айнан бугун Минскка боргани сабаби маълум эмас.

Ҳар икки давлат президентлари Беларусь пойтахтида берган қўшма матбуот анжумани ҳам бунга ойдинлик кирита олмади.

Президентлар иқтисодий алоқалар, савдо, шунингдек, хавфсизлик борасида сўз юритишди.

Россия президенти Беларуснинг айрим қирувчи самолётлари ядровий каллакларни ташишга мўлжаллаб қайта жиҳозлангани, мамлакати уларнинг экипажларини тайёрлашга ёрдам бераётганини айтди.

Бунга жавобан Лукашенко Беларусга С-400 ҳаводан мудофаа тизими ва "Искандер" тактик ракета мажмуасини бергани учун Путинга миннатдорчилик билдирган.

Қўшма матбуот анжумани чоғида "Украина" сўзи деярли тилга олинмаган.

Аммо Россия президентининг Минскка ташрифи Путин Беларусь лидерини Украинага қарши янги ҳарбий амалиётга қўшилишга кўндирмоқчи, деган гап-сўзларни пайдо қилганди.

Бу, албатта, шунчаки миш-миш ҳам бўлиши мумкин. Ёки Москва ҳийла қилмоқчи. Украинани Беларусдан ҳужум бўлади деб, қўшинларини шимолда ушлатмоқчи.

Аммо, хабарларга кўра, Беларусда аллақачон бир неча минг Россия ҳарбийси бор ва томонлар аллақачон қўшма ҳарбий машғулот ҳам ўтказишган.

Александр Лукашенко шу пайтгача Украинага ўз қўшинларини юборишга рўйхушлик бермаган.

Беларусь бундан кейин ҳам худди шу��дай мавқеъда қоладими ёки йўқми - буёғига ҳамманинг кўзи Минскка қаратилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek