Психопат аёл қандай бўлади? Кимдандир ниманидир ундирмоқчи бўлсам, унга севаман деб айтишим мумкин

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Психопатия - бу ҳам ҳайратланарли, ҳам жирканч касаллик бўлиб, одамларнинг "психопатни қандай таниб олиш" ҳақидаги TikTok видеоларига қизиқиши ҳам бундан далолат беради. Аммо психопатия билан боғлиқ уят ҳисси у ҳали ҳам яхши тушунилмаганлигини англатади, айниқса, бу аёлларда кузатилганда.

Виктория йигитининг турмуш ўртоғи ҳақида билар эди, лекин бир неча йил ўтгач, у унинг бошқа маъшуқалари ҳам борлигига шубҳа қила бошлади.

Ҳеч қандай далил йўқ эди, лекин унинг ўзини тутиши билдириб қўйди, дейди у. Унинг ҳикоялари бир бирига мос келмасди. Ёлғон гапирганда юзи бошқача кўринарди.

"Суҳбатларни яхши эслаб қоламан, - дейди у. - У умуман устамон ёлғончи эмас эди. Нима учун хотини уни ҳамон тутиб олмаганига ҳайронман».

Уни жазолаш истаги бирдан Викториянинг миясига келиб қолди. Бу бироз вақт олади ва у ҳеч нарсани билмагандек ҳаракат қилиши керак.

Бир неча ой давомида у билан учрашаётганда, Виктория унинг хотинига севгилисининг яланғоч фотосуратларини юборди.

Йигити унинг олдига келиб, бундай ишни ким қилганлигини сўради. Хотини эса ҳанг-манг эди. У Викторияга ҳақиқатан ҳам бошқа аёллар билан бўлганини тан олди. Йигити ундан шубҳаланмасди ва Виктория унга тасалли берди.

Кейин у зерикди, муносабатларни тугатишга тайёр бўлганида, у йигитининг хотинига сўнгги фотосуратлар галереясини юборди, охиргиси иккаласига ҳам таниш бўлган эркак билан тушилган сурат эди. Шундан сўнг Виктория уларнинг ҳаётидан абадий чиқиб кетади.

У одамларга бу воқеани айтиб берганида, унинг бепарво гапиришидан одамлар ҳайрон эди. "Улар мендан: "Нега унинг хотинига бундай қилдинг? Хотини бунга лойиқ бирор иш қилдими? Сенга озор берганмиди?» деб сўрашарди, - дейди у. - Ва мен: "Ҳа, ҳаёт адолатли эмас" дердим."

У жим қолади.

"Менимча, бу менда мавжуд бўлган экстремал психопатик хусусиятнинг яхши намунасидир. Бешафқатлик.»

Психопатия руҳий саломатликнинг расмий ташхиси эмас ва руҳий касалликлар диагностикаси ва статистик қўлланмасининг бешинчи ва сўнгги нашрида рўйхатга олинмаган, аммо бу атама клиник шароитда кенг қўлланади.

Кенг маънода, бу нейропсихиатрик касаллик бўлиб, унда одам ноодатий паст даражада ачиниш ёки пушаймонлик ҳис қилади, бу кўпинча антисоциал ва баъзан жиноий хатти-ҳаракатларга олиб боради. Бу атама 1900 йилларнинг бошларида Европа ва Қўшма Штатлардаги шифокорлар томонидан қўлланган ва 1941 йилга келиб кенг тарқалган.

Вашингтондаги Жоржтаун университети психологи ва неврологи Абигайл Маршнинг айтишича, "Дунёнинг етакчи олимлари психопатияни қандай таърифлаш устида тортишмоқда. Сиз суд-психологи ёки суд-тиббиёт олими билан гаплашаётганингизга қараб, психопатия учун турлича изоҳ оласиз."

Доктор Маршнинг таъкидлашича, криминалист психологлар одамларни тажовузкор ва экстремал хулқ-атворни намоён қилгандагина психопатиядан азият чекадиганлар деб таснифлашади. Бироқ, у психопатияни камроқ драматикдан тортиб ашаддийларигача турлича намоён бўлишини айтади.

Психологлар ва психиатрлар, одатда, умумий аҳолининг ҳар 100 кишидан бири психопатия мезонларига мос келади дейди, аммо доктор Маршнинг таъкидлашича, 30% гача одамда психопатик хусусиятлар маълум даражада намоён бўлади.

Унинг айтишича, психопатия бўйича тадқиқотларнинг аксарияти аҳолига эмас, балки жиноятчиларга қаратилган. Баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу ҳолат аёлларга қараганда эркакларда кўпроқ учрайди. Доктор Марш бунинг сабабини стандарт тест 1970 йилларда эркак маҳбуслар билан ишлайдиган канадалик психолог томонидан ишлаб чиқилганлиги билан изоҳлайди.

Кўп сонли тадқиқотларни таҳлил қилган Мадрид университетининг психология факультети аспиранти Ана Санс Гарсиянинг Би би сига айтишича, тадқиқотчилар одатда психопатияси бўлган аёлларда зўравонлик ва жиноят камроқ, лекин шахслараро манипуляцияга кўпроқ мойил деб билишади.

Асосий хусусиятлари

Доктор Абигайл Марш томонидан асос солинган PsychopathyIs.org веб-сайтига кўра, экстремал психопатияда намоён бўладиган асосий хусусиятлардан баъзилари:

- шахслараро муносабатларга қўпол ва худбинлик билан ёндашиш

- Бошқаларнинг азоб-уқубатларига ёки дардига ҳамдардлик йўқлиги

- Бошқаларни хафа қилгандан ёки қоидаларни бузгандан кейин пушаймон бўлмаслик

- Идентликни ёки «ўз»ни заиф ҳис қилиш

- Бирор нарсага эришиш учун одамларни манипуляция қилиш

- Хавфли фаолият билан шуғулланишдан тийилмаслик

- Ташқи жозиба

Тадқиқотчилар одатда психопатияси бўлган аёлларда зўравонлик ва жиноят камроқ, лекин шахслараро манипуляцияга кўпроқ мойил деб билишади.

Сурат манбаси, Somsara Rielly/BBC

Сурат тагсўзи, Тадқиқотчилар одатда психопатияси бўлган аёлларда зўравонлик ва жиноят камроқ, лекин шахслараро манипуляцияга кўпроқ мойил деб билишади.

Викториянинг айтишича, унинг манипуляцион хатти-ҳаракати Малайзияда болалигида кўнгил очиш сифатида бошланган.

Отасининг ичкиликбозлиги туфайли унинг уй ҳаёти бахтсиз эди, мактабда яхши ўқиган бўлса да, тез зерикиб қоларди. Қизиқишга дўстларининг сирларини бошқаларга айтиб юрарди: ким кимдан нафратланади, ким кимга ошиқ. Ўрта мактабдаги болалар ўртасидаги жанжаллар илдизи кўпинча унга бориб тақаларди. Виктория ўзининг хатоси учун масъулиятни бошқалар елкасига қўйиш учун қандай манипуляция қилишни ёки муаммодан қочиш учун нима дейишни биларди. У ҳатто ўқитувчисини бошқаларнинг таъсирида менга бўр оттингиз деб ҳам ишонтирган.

Видеоқўнғироқ пайтида тўсатдан мушукнинг қалин, тўқ сариқ думи пайдо бўлиб, унинг ёноғини оҳиста қитиқлаганида Викториянинг фикрлари тўзғиди.

"Унинг исми Жиббериш (Олди-қочди)", дейди у стол устидаги экранда кўринмаётган мушукни силаб.

Бу ҳақиқий исмими, деб сўрайман.

"Унинг исми кўп", деб жавоб беради у.

Сўнгги пайтларда TikTok'да "психопат челленжи" номли бир нечта видеолар тарқалиб, 20 миллиондан ортиқ кўрилди. Улар томошабинлар қандай қилиб "психопатни аниқлашлари" мумкинлигини муҳокама қилишади. Психопат тэги иловадаги энг машҳурларидан бири бўлиб, икки миллиарддан ортиқ кўрилди. У бир нечта мавзуларга, масалан, судда психопатия билан оғриган одамларнинг видео тасвирлари ва баъзида ёмон хулқлар учун ҳақорат сифатида ишлатилади. Шуниси аниқки, одамлар психопатия мавзусини ва психопатларни ҳам мафтункор, ҳам жирканч деб билишади.

Виктория бу видеоларни ҳақоратомуз деб ҳисобламайди.

"Психопат бўлиш одамлар нима деб ўйлашига аҳамият бермасликдир, шунинг учун бу мени безовта қилмайди, - дейди у. - Аммо бу жуда оз одамлар ушбу ҳолатнинг тўлиқ спектрини тушунишини кўрсатади."

Психопатия билан оғриган одамлар ҳайвонларга зарар етказиши мумкинми ёки йўқлигини муҳокама қиладиган видеолар унинг эътиборини тортади.

"Кўпчилигимиз одамлардан кўра ҳайвонларни кўпроқ яхши кўрамиз", дейди у қисқа қилиб, кўздан ғойиб бўлган Жибберишга қараб.

Виктория «биз» деганда ўзи каби аёллардан иборат онлайн ҳамжамиятни назарда тутади. Бу асосан психопатия билан оғриган энг машҳур аёллардан бири бўлган ёзувчи М. Э. Томаснинг блогидир.

Техас А&М университетининг суд экспертиза психологи Жон Эденс томонидан психопатия учун текширилганда Томас 99% дан ортиқ балл олган.

Томаснинг "Социопатлар олами" блоги психопатлар қандай ҳаёт кечириши ҳақида батафсил маълумот беради. Унинг сўзларига кўра, у «психопат» ўрнига «социопат» сўзини ишлатган, чунки кўпроқ одамлар бу атамани тушунади деб ҳисоблаган. Психолог Абигайл Маршнинг айтишича, у баъзан «психопат» сўзи атрофидаги уятни биладиган одамлар томонидан қўлланади.

Бир адабий агент Томаснинг блогини топди ва бу китоб ёзиш бўйича келишувга олиб келди; унинг "Кўздан яширин ҳаёт" китоби 2012 йилда нашр этилди ва 10 дан ортиқ тилга таржима қилинди. Ҳозирда актриса Лиза Эделштейн иштирокидаги фильм суратга олинмоқда.

"Мен ўзимни одам эмас, формула деб ҳисоблайман, - дейди Томас. - Бу XL электрон жадвалига ўхшайди, у ерда мен нима қилишим ва айтишим мумкин бўлган натижани ҳисоблаб чиқаман".

Масалан, кимдандир ниманидир ундирмоқчи бўлсам, унга сени севаман деб айтишим мумкин, дейди Томас.

Унинг айтишича, агенти унга ўзини «манипулятор» деб атамасликни, аксинча, болалигиданоқ одамларга қандай таъсир қилишни билганини айтишни сўраганини айтади. Аммо у бу маслаҳатга эътибор бермайди. Унинг сўзларига кўра, манипуляция мойиллиги унинг асосий психопатик хусусияти ва бу унга яхши адвокат бўлишга ёрдам берган.

У гапирганда, одамлар унинг акцентини фарқлай олмайди. У бутун умр Калифорнияда яшаган бўлса ҳам, улар уни Исроил ёки Шарқий Европадан бўлиши мумкин деб ўйлашади.

"Сиз мулоқотда бўлганингизда ва ўзига хос хусусиятга эга бўлганингизда эътибор қозонасиз. Мен ҳеч қачон шахсиятга эга бўлмаганман, - дейди у. - Менда ўзлик туйғуси заиф."

Ўз блогида у кундалик фикрлари билан ўртоқлашади ва психопатик хусусиятларга эга бўлган бошқа одамлардан интервью олади.

Унинг айтишича, унинг кўплаб ўқувчилари унинг постлари ва видеоларидан бошпана топади, чунки бу ерда улар ўзларини кўради ва ҳукм чиқармасдан тажриба алмашадилар.

"Ҳамма психопатик хусусиятга эга бўлган одамни билади", дейди Psychopathy Is нотижорий ташкилоти асосчиларидан бири доктор Марш. Бу психопатия билан оғриган одамларга ва уларнинг яқинларига ёрдам берадиган бир нечта онлайн платформалардан биридир.

Доктор Маршнинг айтишича, мақсад психопатия ҳақида маълумот бериш, одамларни ўзларини баҳолаш воситалари билан таъминлашдир, шунда одамлар ўзларини ўрганишлари ва кейин нима қилиш кераклиги ҳақида аниқ маълумот олишлари мумкин.

"Психопатия яхлит бир категория эмас, бу спектр, - дейди у. - У турли даражада бутун аҳоли орасида тарқалган. Баъзи психопатлар доимий муаммога сабаб бўлади, баъзилари эса ўзларидаги аломатларни бошқаришлари керак. Биз буни очиқ муҳокама қилмасак, TikTok трендлари эксперт маълумотлари бўшлигини тўлдириши мумкин."

Виктория ва М. Э. Томас ўзларидаги белгиларни меъёрида ушлаб туриш учун онлайн ҳамжамиятларида медитация, психологик терапия ва тенгдошларнинг ёрдамидан фойдаланадилар.

"Сояда қолмаслик яхши, - дейди Томас. - Аммо «психопат» сўзи ҳали ҳам айб сифатида кўрилади. Ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп, суҳбатлар кўп. Ҳақиқат шуки, биз мавжудмиз."

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek