Бутун дунёда эркаклар уруғи камаймоқда - бунинг беш сабаби нима? Dunyo Yangiliklar

  • Андре Биернас
  • BBC World Service
Сперма ва уруғ иллюстрацияси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сўнгги 50 йилда сперма сони 51 фоиз камайиб кетган, деган хулосага келди сўнгги тадқиқотлардан бири

Ўтган 50 йил давомида эркакларда ҳар эякуляцияда чиқадиган уруғ миқдори 51 фоизга камайган.

Қуддусдаги Иброний университети ва АҚШдаги Синай Тиббиёт мактаби ўтказган сўнгги тадқиқотда шундай хулосага келинди.

Тадқиқотчиларнинг ҳисоблашича, 1970 йилларда эркакларнинг ўртача ҳар миллилитр уруғида 101 миллион репродуктив ҳужайра бўлган. Ўшандан буён бу рақам 49 млн.га тушиб қолган.

Миқдордан ташқари эркак уруғининг сифатида ҳам тушиш бўлганини кўрсатувчи далиллар бор. Аёл туҳум ҳужайрасига кира оладиган уруғ ҳужайралар сони ҳам охирги ўн йилларда тушган.

Алоқадор мавзулар:

"Кўришимиз мумкин бўлган энг сезиларли ўзгариш уруғ ҳужайранинг ҳаракатчанлиги сусайганидир. Бу қобилиятсиз уруғлантириш имконияти ҳам қисқаради", дейди уролог ва андролог Моасир Рафаэл Радаэлли. У Бразилиядаги Кўмаклашилган репродукция ассоциацияси вице президентидир.

Бундай мунтазам тушиб бориш соғлиқни сақлаш мутахассислари учун огоҳлик қўнғироғи бўлди.

"Жуда хавотирли, чунки ёмонлашувнинг тезлашганини кузатяпмиз ва бу қаерда тўхташини билмаймиз", дейди Бразилия Урология жамияти Андрология факультетидан Эдуардо Миранда.

Боз устига, эркакларнинг уруғ йўқотиш суръати охирги йилларда тезлашган. 1970 ва 1990 йиллар мобайнида Исроил ва АҚШда ўтказилган айни шу тадқиқотда уруғлар концентрацияси тушиши йилига 1.16 фоиз бўлгани аниқланган.

Аммо 2000 йилдан бошлаб бу суръат 2.64 фоизга ортган. Бошқача айтганда, у икки баробар тезлашган.

Бу глобал ўзгаришдир. Гарчи тезлашиш Европа, Африка, Марказий ва Жанубий Америкада кучлироқ сезилса ҳам, олимлар бундай ўзгаришни барча қитъаларда кузатиб келмоқда.

Бу ҳодисанинг сабаби нима? Экспертлар камида бешта сабабни кўрсатмоқда. Хушхабар шуки уларни камайтириш мумкин.

1. Семизлик

Ортиқча вазн сперматозоидларда зарарли ўзгаришларга сабаб бўлади.

Ёғ қатламининг ўсиши эркак жинсий ҳужайраларини ишлаб чиқаришда энг муҳим гормонлардан бири бўлган тестостеронга бевосита таъсир қилувчи яллиғланишга сабаб бўладиган моддаларни кўпайтиради.

Шифокор эркакнинг вазнини ўлчаб кўраяпти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сперма камайишига сабаб бўладиган омиллар сифатида семизлик, кам ҳаракатлилик ва мувозанати бузилган тановул тилга олинмоқда

Миранданинг таъкидлашича, ортиқча вазн ҳам оксидловчи стресс деб аталадиган жараённи келтириб чиқаради, бунда танадаги турли ҳужайралар зарар кўради.

"Бундан ташқари, ортиқча вазнли одамлар жинсий аъзолари атрофида кўпроқ ёғ бор, бу сперма учун даҳшатли", дейди уролог.

Репродуктив ҳужайраларни ишлаб чиқарадиган ва сақлайдиган мояклар тўғри ишлаши учун тана ҳароратидан 1-2 даража паст бўлиши керак, шунинг учун улар танадан ташқарида бўлади.

Ёғнинг бу кўпайиши репродуктив органларни қиздиради, натижада улар ҳам ишлашни тўхтатади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тахминича, дунё бўйлаб эркакларнинг 39 фоизи ортиқча вазнли ва 11 фоизи семириб кетган, бу сўнгги эллик йилликда уруғ миқдори камайиши сабабини тушунтиришга ёрдам беради.

2. Зарарли моддалар

Спиртли ичимликлар, тамаки, вейпинг, марихуана, кокаин, анаболик стероидлар... бу дорилардаги умумий жиҳат нима эканлигини биласизми? Уларнинг барчаси эркак жинсий ҳужайраларига салбий таъсир қилади.

"Ушбу моддаларнинг баъзилари сперматозоидларни ишлаб чиқарадиган жинсий ҳужайраларга бевосита зарар етказади", деб хулоса қилади Миранда.

Баъзилари эса билвосита таъсир қилади, масалан, мояклар ишини рағбатлантирадиган гормонлар ишлаб чиқаришга таъсир қилади.

Мутахассислар томонидан энг кўп келтирилган мисол - бу мушакларни каттартириш учун тестостерон ўрнини босувчи таблеткалар, геллар ва турли инъекцияларни қўллашдир.

"Бу сўнгги йилларда ақл бовар қилмас даражада ўсган бозордир", деб огоҳлантиради Радаэлли.

Шифокор таъкидлашича, бу гормон ҳеч қандай сабабсиз алмаштирилганда организм унинг табиий ишлаб чиқарилиши энди зарур эмас экан деб "ўйлайди".

Натижада, мояклар ҳатто атрофияга учраши ва сперма сони нолга тушиши мумкин, бу «азооспермия» деб аталади.

3. Жинсий юқувчи касалликлар

Бактериялар келтириб чиқарадиган хламидия ва гонорея каби касалликлар эпидидимиснинг яллиғланишига олиб келиши мумкин.

Ушбу структура мояклар тепасида жойлашган бўлиб, сперма ўша ерда сақланади.

У ердаги ҳар қандай муаммо уруғларнинг омон қолишига хавф туғдиради.

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, биргина 2020 йилда эркаклар ва аёллар ўртасида 129 миллион янги хламидия ва 82 миллион гонорея ҳолати қайд этилган. Бу кўрсаткич сўнгги ўн йилликларда барқарор бўлиб қолди ёки ортди.

Радаэлли рўйхатга учинчи патогенни қўшади: ИПВ қисқартмаси билан ҳам танилган инсон папилломавирусидир.

"Маълумки, у сперма ишлаб чиқаришга ёки ҳатто уруғ ДНКсига ҳам таъсир қилиши мумкин", дейди у.

4. Тиззадаги компьютер

Мояклардаги ҳарорат умумий тана ҳароратидан 1 2 даража паст бўлиши керак. Ўтган ўн йил давомидаги тадқиқотлар ноутбукни тиззага қўйиб ишлатиш уруғ ишлаб чиқаришга салбий таъсир қилишини кўрсатди.

Қурилманинг батареяси қизир экан, у уруғларни жойидаёқ "пишириб қўяди".

Оёғи устида ноутбукни олиб ўтирган эркак

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ноутбукни узоқ вақт оёқ устида олиб ўтириш "спермани пишириб қўйиши мумкин"

Миранданинг айтишича, юқори ҳароратга даҳлдор бошқа одатлар ҳам хавф туғдиради, масалан, узоқ, иссиқ ванна ёки сауналар.

Шифокор яна телефон сигнали ва симсиз интернет каби электромагнетик салбий таъсирларни ҳам келтиради.

"Лабораторияда ўтказилган экспериментларда wi-fi ва электромагнетик тўлқинлар спермага таъсир қилиши аниқланган", дейди у.

"Аммо бу технологиялар ҳужайраларни чиндан зарарлаши ҳақида аниқ гапириш ҳозирча имконсиз", дейди у.

5. Эндокрин бузғунчилар

Ва ниҳоят, мутахассислар эътиборини эндокрин бузғунчи деб номланувчи бир қатор заҳарли бирикмаларга қаратмоқда.

Рўйхатда атмосферада топилган ифлослантирувчи моддалар, шунингдек, пластик ва пестицидлар бор.

Ушбу молекулалар танамиздаги гормонларга жуда ўхшаш тузилишга эга, шунинг учун улар ҳужайра рецепторларига кириб, худди гормонлардек таъсир ўтказиши мумкин.

Сўнгги тадқиқотларда топилган ушбу ўзгаришлардан бири эркакларнинг фертиллигига таъсир қилади.

"Аммо биз ҳали ҳам бу муаммонинг кўламини аниқ билмаймиз ва уни аниқлаш учун кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда", дейди ��адаэлли.

Бепушт дунё?

Уруғларнинг камайишига олиб келадиган атроф-муҳит ва хулқий омиллардан ташқари, бу ўзгаришларга ҳисса қўшадиган иккита ички муаммо мавжуд.

Улардан биринчиси генетика. Маълумотларга кўра, аёлларнинг ҳомиладор бўлишини қийинлаштирадиган ҳолатларнинг 10% дан 30% гачаси эркаклар уруғи ДНКсидаги муаммолар сабаблидир.

A medical professional points at a defective sperm under a microscope

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, The proportion of defective sperm has also increased in recent years

Иккинчиси, қариш ва эркакларнинг кечроқ ота бўлишни истаётгани билан боғлиқ.

"Биз биламизки, эркакнинг уруғлантириш қобилияти ҳаёт давомида пасаяди. Гарчи эркаклардаги бу пасайиш аёллардагидек аниқ намоён бўлмаса ҳам, уруғларни ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган гормонлар камайиши кузатилади ", деб тушунтиради у.

50 йил ичида эркакларнинг уруғи сони 51 фоизга камайганини ва бунинг суръати сўнгги йигирма йил ичида тезлашганини ҳисобга олсак, бу рақам тобора нолга яқинлашадими?

Ахир, агар бу пасайиш даражаси ҳозирги даражада давом этса, 2050 йилга бориб жинсий ҳужайралар концентрацияси деярли нолга тенг бўлади.

Аммо Миранда бу қиёмат сценарийси амалга ошади деб ўйламайди.

"Тренд ёмонлашмоқда, лекин бир нуқтада бу жараён тўхтайди ва биз, эҳтимол, янги технологиялар ёрдамида бир мувозанатга эришамиз", дейди у.

Нима қилиш керак?

Фарзандли бўлишни истаган эркаклар ўз турмуш тарзини моякларга етказиладиган ҳар қандай зарарни камайтирадиган шаклда ўзгартиришлари керак.

Улар, масалан, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик орқали вазнни камайтириш, шунингдек, спиртли ичимликлар, сигареталар ва бошқа зарарли моддалар истеъмолини камайтириши ёки улардан бутунлай воз кечиши мумкин.

Агар жинсий алоқа фарзанд учун бўлмаса, шунчаки дам олиш учун, тасодифий партнерлар билан бўлса, хламидия ва гонорея каби инфекциялар олдини олиш учун ҳар доим презервативдан фойдаланиш керак. Ўсмирлик даврида ИПВ вакцинасини олганлар вирусдан ва унинг танага таъсиридан кўпроқ ҳимояланган бўлади.

Ҳаёт тарзидаги бу ўзгаришларга қарамай, агар сиз ҳали ҳам бола кўришда қийинчиликларга дуч келсангиз, шифокорга учраш керак.

Миллий ва халқаро тавсияларга кўра, мутахассисдан ёрдам сўраш вақти аёлнинг ёшига боғлиқ.

"Агар аёл 35 ёшдан кичик бўлса, эр-хотин бир йилгача, ҳафтасига уч марта мунтазам жинсий алоқада бўлишлари ва фертил даврларини кузатиб боришлари керак", дейди Миранда.

Энди, агар жуфтингиз 35 ёшдан ошган бўлса, олти ойдан кўпроқ вақт давомида ҳомиладор бўлиш билан боғлиқ қийинчиликлар огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак.

Бунинг сабаби шундаки, аёлларда тухум таъминоти бу ёшдан шитоб пасая бошлайди - ва жавобларни топишда 12 ойга кечикиш шунчаки вақтни йўқотиш бўлиши мумкин, дейди шифокорлар.

"Эр-хотиннинг ҳар иккиси эҳтимолий сабабларни аниқлаш ва энг яхши даволаш усулларини белгилаш учун текширилиши керак", деб тушунтиради Радаэлли.

Агар муаммо эркакда бўлса, мутахассислар одатда мояклар ҳимоясига ёрдам берадиган антиоксидантларга бой витамин қўшимчаларини буюрадилар.

Шунингдек, гормонларни озуқавий қўшимчалар билан тартибга солиш керак бўлиши мумкин.

"Ва, албатта, баъзи асосий касалликларни дорилар ва жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин", дейди Миранда.

"Бактерияли инфекцияларни антибиотиклар билан даволаш мумкин, репродуктив тизимдаги анатомик нуқсонларни эса жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин", дейди у.

Охирги чора сифатида эр-хотин ЭКУ каби ёрдамчи усуллардан фойдаланиши мумкин.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.