BBC India офисига рейд уюштирилди - бош вазирга фильм ёқмадими? Ҳиндистон Дунё Янгиликлар Yangiliklar

Би-би-сининг Деҳлидаги офиси қаршисидаги полициячилар.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Би-би-сининг Деҳлидаги офиси қаршисидаги полициячилар.

Ҳиндистон Солиқ идораси Би-би-сининг Деҳлидаги ваколатхонасига рейд уюштирди. Ушбу тинтув Британияда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳақида Би-би-сининг танқидий ҳужжатли фильми намойиш этилишидан бир неча ҳафта ўтиб юз бермоқда.

"Ҳиндистон: Моди масаласи" номли фильм фақат Британияда намойиш қилинган бўлса-да, Ҳиндистон ҳукумати уни ижтимоий тармоқларда улашишни блоклашга уринган ва уни "мустамлакачилик руҳидаги душманларча тарғибот ва аксил-Ҳиндистон ахлат" дея тасвирлаган.

Ўтган ой полиция Деҳлида фильмни томоша қилиш учун йиғилган талабаларни ҳибсга олганди.

Ҳужжатли фильм Бош вазир Модининг 2002 йилда Гужаратда мусулмонларга қарши рўй берган зўравонликлардаги ролини таҳлил қилади ва Британия Ташқи ишлар вазирлигининг аввал чоп қилинмаган ҳисоботини ўз ичига олади.

Ўшанда Ҳинду зиёратчиларини ташиётган поездга ўт қўйиб юборилиши оқибатида ўнлаб одамлар ўлган. Бунинг ортидан келиб чиққан зўравонликларда эса мингдан ошиқ одамлар, асосан мусулмонлар нобуд бўлганди.

Британиянинг этник келиб чиқиши ҳинд бўлган Бош вазири Риши Сунак ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Британиянинг этник келиб чиқиши ҳинд бўлган Бош вазири Риши Сунак ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди.

Ташқи ишлар вазирлиги ҳисоботида Моди зўравонликларга йўл очиб берган "жазосизлик муҳити"га "бевосита масъул" бўлгани айтилган.

2005 йилда АҚШ "диний эркинликларни кескин чеклайдиган" хорижий расмийларга қарши қоида доирасида жаноб Модининг виза аризасини қондирмаган.

Моди бу айбловларни рад қилиб келади ва ғалаёнлар учун кечирим сўрамаган. 2013 йилда Олий суд уни жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли далил йўқлигини айтган.

Би-би-си ўтган ой бу ҳужжатли фильмга жавоб бериш учун Ҳиндистон ҳукуматига мурожаат қилгани, аммо рад жавоб олганини айтганди.

Рейд ортидан гапирган мухолифатдаги Конгресс партияси бош котиби КС Венугопал ушбу тинтув "Моди ҳукуматининг танқиддан қўрқиши ва чорасизлиги"ни намойиш қилишини айтди.

Жаноб Модининг иқтидордаги Бҳаратя Жаната партияси воизи Гаурав Бҳатия эса Би-би-сини "дунёдаги энг коррупциялашган ташкилот" дея тасвирлади. "Ҳиндистон ҳар қандай ташкилотга имконият беради, заҳар сочмасангиз бўлди", деди у.

У тинтувлар қонуний бўлгани ва фильмга алоқаси йўқлигини билдирди.

Халқаро ташкилотлар рейдни қоралаб чиқдилар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Халқаро ташкилотлар рейдни қоралаб чиқдилар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Халқаро Амнести ташкилотининг Ҳиндистондаги ваколатхонасига кўра, ҳукумат иқтидордаги партияни танқидий ёритгани учун Би-би-сини таҳқирлашга ва қўрқитишга уринмоқда. Унинг айтишича, Солиқ департаменти ўзга фикрлиларни тинчитиш йўлида қайта-қайта қурол сифатида қўлланиляпти.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, жаноб Моди ҳукумат тепасига келганидан бери мамлакатда матбуот эркинлиги ёмонлашган. Ташкилотнинг Матбуот эркинлиги халқаро индексида Ҳиндистон 180 давлат ичида 150-ўринни эгаллади. Бу унинг 2014 йилдаги ўрнидан 10 поғона пастдир.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek