Янгиликлар: Ҳиндистон нега дарсликлардан Бобурийлар тарихини ўчириб ташлаяпти? Dunyo, Yangiliklar

  • Зоя Матин
  • BBC News
Отасининг портретини ушлаб турган Акбар Шоҳ (1542-1605) портрети

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Отасининг портретини ушлаб турган Акбар Шоҳ (1542-1605) портрети

Ҳиндистон мактаб тарих дарсликларидан бобурийлар ҳақидаги боб олиб ташланиши ортидан ўқувчиларга тарихни қандай ўқитиш борасида баҳслар кучайди.

Федерал таълим вазирлиги қошидаги автоном ташкилот бўлмиш Таълим ва тадқиқот миллий кенгаши (ТТМК) томонидан нашр қилинган янги дарсликлар тўплами муҳокамаларга туртки берган. ТТМК Ўрта таълим марказий кенгаши назоратида ўтадиган имтиҳонларни топширадиган ўқувчилар учун дарслик ва таълим дастур�� бўйича масъул ташкилот саналади.

Дарсликдан, шунингдек, Маҳатма Гандига уюштирилган суиқасд ва 2002 йилги Гужарот исёни олиб ташланган.

ТТМК таъкидлашича, ушбу ўзгаришлар Ковид 19 пандемиясидан сўнг болаларга юкламаларни камайтириш мақсадида машғулотларни "рационаллаштириш" жараёнининг бир қисми сифатида ўтган йили эълон қилинган.

Presentational grey line

Алоқадор мавзулар:

Presentational grey line

Аммо танқидчилар ушбу ўзгаришлар хавотирли экани, ўқувчиларнинг ўз ватани ҳақидаги тушунчасига салбий таъсир этишини айтмоқда.

Улар айниқса бобурийлар сулоласига доир қисмлар олиб ташланганини танқид қилиб, бу миллатчи ҳинду гуруҳлар неча йиллардан бери қилиб келаётган талабни бажариш эканини айтмоқда.

Кўплаб ўнгчи миллатчи фаоллар ва тарихчилар Ҳиндистон ярим оролининг каттагина қисмини бир неча аср бошқарган бобурийларни ҳинд ерларини талаган, мамлакатнинг ҳинду тамаддунини бузган келгинди босқинчилар деб билади.

Tarixchi

"Ўқувчилар ватанимиз тарихини ижтимоий қутбланиш кучайган вақтда ўрганмоқда. Ўзимизга ноқулай бўлган ёки шундай кўринган қисмларни олиб ташлаш билан ўқувчиларни танқидий тафаккурга қизиқтира олмаймиз", дейди Ҳилол Аҳмад. У Ривожланаётган жамиятларни ўрганиш марказида дарс беради ва сиёсий ислом бўйича тадқиқотчи.

Ўзгаришларни дастаклаётганлар эса тарих дарсликларидаги бу қисқартиришлар зарур бўлгани, чунки уларда мусулмон ҳукмдорларга керагидан ортиқ ўрин бериб юборилганини айтишади.

"Бобурийлар ҳукмронлиги тарихимиздаги энг қонли саҳифалардир", дейди ТТМК дарсликларининг бир қанча бобларини ёзган тарихчи ва академик Махан Лал.

"Бунинг ўрнига Вижай Нагар империяси ёки чолалар ёки пандялар сулоласи ҳақида ёза олмаймизми?", дейди у Ҳиндистон жанубида ҳукмронлик қилган ҳинд сулолаларини эслаб.

Бошқалар эса бу қисқартиришлар Хиндистоннинг мураккаб тарихини ўта соддалаштириш бўлишини айтишади.

"Улар ҳозир бобурийлар ўзига хос шаклда шавқатсиз бўлганини айтишмоқда, ваҳоланки, шавқатсизлик ҳамма жойда монархик тузумларнинг ажралмас хусусияти бўлиб келган. Ва яна бобурийлар ҳиндларни йўқ қилишга қасд қилган мусулмонлар сифатида кўрилмоқда" дейди тарихчи ва муаллиф Ману С. Пиллай.

"Аммо ўтмиш анча мураккаб", деб қўшимча қилади у.

Akbar sag'anasi

Сурат манбаси, Getty Images

ТТМК директори Динеш Саклани дарслик атрофидаги баҳсларни " кераксиз" деб атайди ва ўқувчиларга бобурийлар тарихи ўргатилишини айтади. Би би си жаноб Сакланидан изоҳ олиш учун мурожаат қилди, аммо у ОАВга бошқа жавоб бермаслигини айтди.

Тарих таълим ��астурларини ўзгартириш Ҳиндистонда янгилик эмас. Дасликлар ўтмишда турли ҳукуматлар даврида ҳам бир неча марта ўзгартирилган.

Жаноб Аҳмаднинг айтишича, академиклар ҳам уларнинг мазмуни ва таълим самараси ўртасида тўғри мувозанатни топиш учун дарсликларни кўриб чиқишни қўллаб-қувватламоқда. "Тарих ҳеч қачон тугамайди, у доим нотугал ва ҳал этилмагандир, аммо тарих китоблари тугал бўлиши керак - ва шунинг учун улар доимо қайта кўриб чиқилади."

Аммо унинг қўшимча қилишича, бу кўпроқ билишга интилиш эвазига бўлмаслиги керак.

Унинг айтишича, бобларнинг чиқариб ташланиши турли зиддиятларни ҳисобга олмай, шунчаки маълумот бермаслик йўлини тутишдир. Чунки тарих фақат ҳукмдорлар тарихидан иборат эмас. У сулолалар ва урушлардан ташқари бошқарув ва давр маданиятини ҳам акс эттиради. У орқали жамият ўзини танийди.

"Шундай қилиб, агар бирор нарсани ўзбошимчалик билан ўчириб ташласангиз, ундан контекстни олиб ташлайсиз ва бузасиз", дейди профессор Аҳмад.

Ўчирилган боб 12-синф дарсликларида бўлган: Шоҳлар ва йилномалар: Бобурий саройлари.

30 бетлик матн бобурий саройлари ишини кўрсатади. Буларнинг аксарияти бобурий подшоҳлари буюртмаси билан ёзилган ҳужжатлардир. Ўша бобда "империяни турли этник ва диний жамоалар - ҳиндулар, жаинлар, зардуштийлар ва мусулмонлар" ташкил қилгани кўр��атилган эди.

Жаноб Лалнинг сўзларига кўра, бобнинг олиб ташланиши асосли бўлган, чунки у "ҳеч қандай тарихий аҳамиятга эга эмас".

«Ахир, бу фақат биргина боб - Бобурийлар тарихи ўқув дастуридан бутунлай чиқариб ташланган эмас.»

Akbarnama

Сурат манбаси, Getty Images

Унинг қўшимча қилишича, ҳинд дарсликларида узоқ вақтдан бери бобурийлар ҳукмронлиги шафқатсизлиги камайтириб кўрсатилган, уларга ҳинд қиролларига нисбатан кўпроқ эътибор берилган. Бу бузилишлар қ��димги ҳинд маданияти ва қадриятларининг ўнлаб йиллар давомида камситилишига олиб келди, дейди у.

"Аммо энди ҳиндлар яна ўзларининг қадимий ўтмишлари билан танишишни бошлайдилар", дейди у.

Жаноб Пиллайнинг айтишича, тарих рақобат тури бўлмаса ҳам, бу каби ҳиссий таъкидларлар сиёсатда ва жамоатчилик онгига таъсир ўтказа бошлайди.

"Бу шаклда ўқитиш Ҳиндистоннинг ҳинд арбобларини алоҳида, бошқа томондан эса, катта ва «ёвуз» бобурийларни алоҳидалашга урғу беради."

Аммо шафқатсизлик, дея қўшимча қилади жаноб Пиллай, фақат бобурийларгагина хос эмас эди - қироллар одатда шафқатсиз одамлар бўлган ва зўравонлик 19-асрга қадар ҳокимиятнинг меваси эди.

tarix

Сурат манбаси, Pictures from History

Унинг айтишича, бундан ташқари, бобурийларнинг яқин ўтмиш экани ва уларнинг маданий аҳамияти боис, улар барибир одамлар тасаввурларида ҳукмронлик қилади. Аниқроқ айтсак, сўнгги бобурий ҳукмдор Ганди туғилишидан 10 йил олдин ағдарилган. Дадабҳай Наорожи каби илк ҳинд миллатчилари йигитлик чоғида бобурий ҳукмдори ҳамон бор эди.

Шундай қилиб, биз бобурийлар ҳақида кўпроқ биламиз, дейди у, шунчаки улар янги бўлганлиги ва уларнинг даврига оид манбалар, айтайлик, 13-асрда қулаган чолалар билан солиштирганда жуда кўп.

"Эҳтимол, дарсликлардан қисмларни бутунлай ўчириб ташлагандан кўра, айнан шу мураккабликлар ҳақида ўқувчилар ўрганиши керакдир", деб қўшимча қилади жаноб Пиллай.

Жаноб Аҳмаднинг айтишича, баъзилар Ҳиндистон тарихига антик давр ҳиндлар ўтмиши, ўрта асрлар эса мусулмонлар тарихи сифатида қарайди. "Улар Ҳиндистоннинг кесишган маданиятлари ва динларини оддий "ички ва ташқи" баҳсига айлантирмоқда, ўтмиш анча мураккаброқ", дейди у.

Унинг қўшимча қилишича, агар тарихнинг асосий қисмлари ўзбошимчалик билан олиб ташланса, таълимда «бўшлиқ» пайдо бўлади.

"Ва бу таълимни ўзгартириб юборади."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002