Янгиликлар. Тошкент - Ўш: Шавкат Мирзиёевга раҳмат ёки Ўзбекистон ривожланса, Қирғизистон ҳам ривожланадими? O‘zbekiston Mirziyoyev Qirg'iziston Yangiliklar

  • Шоҳруҳ Соипов
  • Мустақил журналист
Shavkat Mirziyoyev va Sadir Japarov

Сурат манбаси, official

Яхши хабар. Ўшда муҳим янгилик.

Алоқадор мавзулар:

Бобур театри

Сурат манбаси, Shohruhsaipov

Сурат тагсўзи, Бобур театрини таъмирлаш ишларини Ўзбекистон тараф амалга ошириб, унга $5 миллион доллар сарфланган

Ўш шаҳридаги Бобур номидаги академик Ўзбек мусиқали драма театри капитал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон театр таъмирланишини молиялаштирган.

24 апрель куни бўлиб ўтган очилиш маросимида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эдил Байсалов, маҳаллий расмийлар, шунингдек, Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков раҳбарлигидаги қатор санъаткорлар иштирок этган.

"Биз 3000 йилдан бери бир халқ бўлиб, маданиятимиз, тилимиз, динимиз бир бўлиб яшаб келаяпмиз. Тарихга назар солсак, бизнинг алоқалар кўп нарсаларни ўз ичига олади. Шарқ билан Ғарбнинг ўртасида жойлашган Марказий Осиё Буюк Ипак йўлидаги маданиятларнинг, тил ва динларнинг ўзаро алоқаларига замин бўлиб келган. Бундан кейин ўртамизда чегара бўлмаслиги керак. Бизнинг бозоримиз, мозоримиз бир. Ўзаро савдо алоқаларини ривожлантириб, маданий тадбирлар ўтказишимиз керак. Театрни таъмирлаб бизга совға қилган Ўзбекистон халқига, президенти Шавкат Мирзиеёга Қирғизистон ҳукумати, халқи номидан миннатдорчилик билдирамиз", - деган Эдил Байсалов тадбирдаги ўз нутқида.

Унинг сўзларига кўра, қирғиз халқи ўзбек халқини доим қучоқ очиб кутиб олади.

"Ҳар доим бизнинг дўстлигимиз, бирлигимиз ва интимоқлигимиз мустаҳкамланаверсин. Президентларимизнинг мақсадлари давлатларимиз ривожланиши керак, халқларимиз бой яшаши керак. Ўзбекистон ривожланса, Қирғизистон ҳам ривожланади ёки аксинча. Сабаби бизнинг тақдирларимиз бир. Байрамларимиз кўп бўлсин. Ўша байрамларимизда кўришиб, барчамиз бир отанинг болаларидек юрайлик. Тўйлар тўйларга улансин", - дея қўшимча қилган қирғиз расмийси.

Бобур театри

Сурат манбаси, Shohruhsaipov

Бобур театрини реконструкция қилиш 2021 йилнинг сентябр ойида бошланган. Таъмирлаш ишларини Ўзбекистон тараф амалга ошириб, унга $5 миллион доллар сарфланган.

Ўзбекистон томонидан ажратиладиган маблағ эвазига театр биносини тўлиқ таъмирлаш бўйича келишув Президент Садир Жапаровнинг 2021 йилнинг март ойида Тошкентга ташрифи чоғида қабул қилинган.

Икки давлат ўртасидаги мазкур келишув 2022 йилнинг 12 декабрида Қирғизистон парламентининг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция бўйича қўмитаси йиғилишида кўриб чиқилиб, маъқулланган.

Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилиб келган Маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўшдаги Бобур театри ўзи учун қадрли эканини урғулаган.

Бобур театри

Сурат манбаси, Shohruhsaipov

"Менинг фархланадиган жойим, ҳар доим халқларни бирлаштирадиган нарса бу санъат ва у бугун ўз исботини топаяпти. Маданият, санъат халқларни доим бирдек, бир муштдек ушлаб, боғлаб турадиган, бир-бирига меҳрини, муҳаббатини оширадиган соҳа. Бу соҳада хизмат қилаётган барча ижодкор дўстларим билан фахрланиб айтманки, ўзбек ва қирғиз халқига хизмат қилиш биз санъат аҳлига ҳам фахр, ҳам шараф", - деган Озодбек Назарбеков.

Унинг фикрича ўтган давр ичида икки давлат ўртасидаги чегара муаммолари, борди-келдилардаги қайсидир муаммолар ўзаро маданий алоқаларнинг ривожланишига тўсқин бўлган.

"Умуман ўзи чегара деган тушунча менинг назаримда қоғозларда қайд этиладиган расмий чизиқлардан иборат нарса. Лекин қирғиз ва ўзбек халқларнинг қалбида ундай чегара йўқ. Биз қадрдон дўст халқмиз", - дея ўз фикрини изоҳлаган Озодбек Назарбеков.

Озодбек Назарбеков

Сурат манбаси, Shohruhsaipov

"Бугунги улуғ куннинг сабабларидан бири Ўзбекистон президентининг сиёсий иродалари ва қўшни давлатлар билан рақобатлашиб эмас, ҳамкор бўлиб тараққиётга эришамиз деб олиб бораётган сиёсатидир. Ҳар иккала давлатларнинг дўстона муносабатлари бугун ўз исботини топаяпти. Президентларнинг сиёсий иродалари билан ўтган 5-6 йил мобайнида икки халқ учун бошлаган ислоҳотлари натижаси ўлароқ бугунги театрни кўрсак бўлади. Шу давр ичида қирғиз ва ўзбек халқлари учун манфаатли бўлган юзлаб қарорлар қабул қилинди", - дея қўшимча қилган Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков ўз нутқида.

Озодбек Назарбеков

Сурат манбаси, .

Театр тарихи

Бобур театри

Сурат манбаси, Shohruhsaipov

Бобур театри Марказий Осиёдаги энг кекса театрлардан бири.

Тошкентдаги Ҳамза номли миллий академик театри ушбу қитъада дастлабкиси бўлса, ундан кейин иккинчи бўлиб, ундан бир йил фарқи билан Ўшдаги Бобур театри очилган.

Театр 1914 йилда ўз даврининг жамоат арбоби Раҳмонберди Матазимов ташаббуси билан кичик бир тўгарак шаклида очилган.

1919 йилга келиб, тўгарак аъзолари кўпайгани учун, репертуарлар тузишиб, кичик саҳна асарларини ижро этиб, гуруҳ пайдо бўлган.

Айнан мана шу тўгарак Бобур театрининг очилишига замин бўлган ва шу кунгача ўзининг ижодий фаолиятини тўхтатмай келмоқда.

Аҳмаджон Тўхтаматов, Абдурашид Эшонхонов, Бекназар Назаров, Иброҳимжон Мусабоевлар асосчилари бўлса, шундан сўнг театрда аёл актрисалар пайдо бўла бошлаган. Улар Лайлихон Моидова, Ёрқиной Ҳасанова, Розияхон Мўминова.

Бобур театри

Сурат манбаси, Shohruhsaipov

Бобур театри

Сурат манбаси, Shohruhsaipov

Театр ташкил этилганидан буён шу кунгача 15дан ортиқ Халқ артистлари, 30га яқин хизмат кўрсатган, 10дан ортиқ санъат ва маданият арбоблари, шунингдек, маданият аълочиларини чиқарган.

Абдуғани Абдуғофуров раҳбарлик қилган вақтда театрнинг аввалги биноси қурилган.

Бино қурилиши Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги Компартия раҳбари Шароф Рашидов ташаббуси билан амалга оширилган.

Бобур театрининг аввалги номи Киров деб номланиб, 1939 йилда С.М. Кировнинг номига қўйилган.

Мустақилликдан кейин 1992 йилда Ўзбекистон Халқ артисти Наби Раҳимовнинг таклифи билан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилган.

2004 йилда Қирғизистон президенти Асқар Ақаев фармони билан академик мақоми берилган.

Бугунги кунда Бобур театрида 160дан ортиқ ходим фаолият олиб боради.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002