Янгиликлар: Марказий Осиёда давлатни тўнтармоқчи бўлишдими? Qirg‘iziston Markaziy Osiyo Dunyo Yangiliklar

  • Шоҳруҳ Соипов
  • Мустақил журналист
Ҳибсга олиш жараёни

Сурат манбаси, Rasmiy

Қирғизистон ўнлаб одамни ҳибсга олди. Янгилик халқаро миқёсда сарлавҳаларга чиқди.

Алоқадор мавзулар:

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси "ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш мақсадида оммавий тартибсизликлар ва итоатсизлик актларини уюштиришни режалаштирган шахслар" қўлга олинганини маълум қилган.

5 июн куни ўтказилган махсус операция давомида ҳокимиятни эгаллаб олишга уринганларнинг асосий ташкилотчиси ва ғоявий илҳомлантирувчиси сифатида "Халқ кенгаши" сиёсий партияси раиси ва унинг асосий сафдошлари дохил ўттиздан ортиқ киши ҳибсга олинганини айтган.

Масъулларга кўра, улар ўз айбларига иқрор бўлишган.

Уларнинг айни мазмундаги баёнотларига ҳибсдагилар ўзларининг муносабатлари ҳозирча имконли эмас.

Қирғизистонда "давлат тўнтариши ташаббускорлари"ни қўлга олиш бўйича махсус операция ўтказилаётгани ҳақидаги хабар кеча, душанба куни маҳаллий сайтларда тарқалган.

Бироқ расмий маълумотни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси орадан кун ўтиб, бугун, 6 июнь куни эълон қилган.

"Давлат хавфсизлигини таъминлаш ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида бир гуруҳ шахсларнинг мамлакатимизда оммавий тартибсизликлар ва кенг кўламли тадбирларни ўтказишга яширин тайёргарлик кўргани, сўнгра уларни эгаллаб олишга уринган ноқонуний фаолияти аниқланиб, чек қўйилди", дейилади расмий баёнотда.

Маълум бўлишича, йиғилган маълумотлар ва аудио-видео материаллар асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноий гуруҳ йил давомида ўз тарафдорларини тўплаш ва мамлакат бўйлаб норози фуқароларни жалб этиш бўйича мақсадли фаолият олиб борганлиги аниқланган, дейишмоқда масъуллар.

Айбловлар

Хавфсизлик қўмитаси оғир жиноятларда гумон қилинаётган гуруҳнинг асосий ташкилотчиси ва ғоявий илҳомлантирувчиси фаол, "Халқ кенгаши" сиёсий партияси раиси Н.Р.С. эканини маълум қилган.

МХДҚси Н.Р.С. раҳбарлигида ҳукуматни куч билан ағдаришга яширинча тайёргарлик кўриш мақсадида яширин йиғилишлар ўтказилганини иддао қилмоқда.

Унинг яширин суҳбатлари акс этгани айтилган аудиоёзув ҳам эълон қилинган.

Аудиоёзувда "болалар ҳар қандай ҳолатда ҳам жанг қилиши мумкин" деган сўзларни, кураш бўйича мураббийнинг "ўнта болани йиғиб олиб бораяпман", деган сўзларни эшитиш мумкин.

"Тергов давомида аниқланганидек, мазкур уюшган гуруҳ таркибига жамиятнинг турли қатламлари ва республикамизнинг турли ҳудудларидан 100 дан ортиқ киши жалб этилган бўлиб, улар ўртасида аниқ вазифалар тақсимланган", дейилади расмий хабарда.

Шунингдек, хабарда, яқин келажакда ташкилий масалаларни молиялаштириш ва асосий мансабдор шахсларга маош тўлаш учун хорижий манбалардан катта миқдорда маблағ келиши кутилгани айтилади.

Бу шахслар жамиятдаги қандайдир ҳодисага норозилик билдирганидан сўнг дарҳол ўзларининг жиноий режаларининг фаол босқичини бошлашни мақсад қилган, дейишмоқда масъуллар.

"2023 йилнинг 5 июн куни Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасига 30дан ортиқ иштирокчи олиб келинди. Жиноят-жазо процессуал кодексининг 96-моддасига асосан, Н.Р.С. ва унинг асосий шериклари Н.Р.С., И.Г.С., М.А.Ж. ва Д.Т.А. айбини тан олишди", дейилади расмий баёнотда.

Қўлга олинганлар Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг вақтинчалик ҳибсхонасида экани айтилмоқда.

Ҳибсга олинганларнинг тарафдорлари ва яқинлари ҳозирча маълумот беришмаган.

Очиқ манбалардаги расмий маълумотларга кўра, "Халқ кенгаши" сиёсий партияси раҳбари Роза Нурматова.

Роза Нурматова 2012 йилда ҳукуматнинг ижтимоий бўлимини бошқариб, кейин эса ўша пайтдаги мухолиф депутатлар Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев тарафдорларининг штаб раҳбари бўлган.

Акс-садолар

Ижтимоий тармоқларда расмий маълумотнинг ҳақиқатига шубҳа қилувчи турли фикрлар ҳам билдирилмоқда.

Қирғизистонда ҳокимиятни куч билан эгаллашни режалаштираётган кучларнинг қўлга олиниши кўпчилик учун кутилмаган хабар бўлди.

Чунки амалдаги ҳукуматга мухолиф бўлган бир гуруҳ сиёсий лидерлар қамоқда, баъзилари эса чет элда дипломатик миссияда ишлаш��оқда.

Ўтган йили Кампиробод иши бўйича йигирмадан ортиқ киши "оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўрганликда" гумонланиб, ҳибсга олинган.

Тергов узоқ давом этиб, ҳануз якунланмаган. Бу орада ҳибсдагиларнинг бир гуруҳи уй қамоғига чиқишган.

Бош прокуратура амалдаги ҳукуматга мухолиф сиёсатчи сифатида танилган депутат Адахан Мадумаровни оммавий тартибсизликларни қўзғатганликда айблаб, уни жиноий жавобгарликка тортиш учун парламентдан рухсат сўраган. Бу борада депутатлик комиссияси иш олиб бормоқда.

Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери ўттиз йил давомида ҳокимият уч марта куч билан алмашган.

2020 йилнинг кузида бўлиб ўтган сўнгги парламент сайловлари можарога айланиб, намойишчилар Оқ уйни куч билан эгаллаб олган.

Иқтидордаги Сооронбай Жеенбеков президентликдан кетиб, ҳокимиятга Садир Жапаров келган.

Мазкур воқеа яқинда Чўлпонотада бўлиб ўтган Оврўпа иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги саммитдан кўп ўтмай кузатилмоқда.

Саммит чоғида президент Садир Жапаров Оврўпа Иттифоқи билан "қўлма қўл ишлаймиз" дея ваъда берган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002