Бошқаларнинг тер ҳидини ҳидлаш қандай касалликлардан асрайди? Yangiliklar

  • Мишел Робертс
  • Би-би-си
A woman who is sweating rests her head on her arm against a mirror

Сурат манбаси, Getty Images

Бошқа одамларнинг тер ҳидини ҳидлаш ижтимоий асабийлик ёки хавотирни енгиллатиши мумкин, дейди кўнгиллилар билан синовларни бошлаган швед тадқиқотчилари.

Олимлар ўз тажрибаларида қўлтиқ теридан фойдаланмоқда.

Уларнинг тахминича, миядаги эмоцияларга алоқадор тармоқлар ҳид сабабли фаоллашади ва бу тинчлантирувчи таъсир кўрсатади. Аммо уларнинг бу тахмини тўғри дейишга хали эрта.

Нима учун ва қандай қилиб ҳидлаймиз?

Чақалоқлар кучли ҳид сезиш қобилияти билан туғилади ва бунда улар онасининг ва кўкрак сутининг ҳидига майл кўрсатади.

Ҳид, таомдан тортиб, олов исигача инсонга хавфни пайқашга, ўзаро ва атроф муҳит билан алоқага киришишга ёрдам беради.

Шунингдек, ҳид овқатни мазалироқ қилади ва хотираларни уйғотади.

Ҳидни бурун юқори қисмидаги рецепторлар илғайди. Сўнг сигнал хотира ва эмоцияларга алоқадор лимба тизимига юборилади.

Швед тадқиқотчилари таъкидлашича, инсон ҳиди бизнинг эмоционал ҳолатимиз - масалан, бахтли, асабийлик - ҳақида хабар беради ва уни ҳидлаганларда ҳам ўхшаш реакция уйғотади.

Тадқиқотчилар кўнгиллилардан даҳшатли ёки сокин фильмни кўраётганда пайдо бўлган қўлтиқ терини олган.

Сўнг ижтимоий хавотирлари бор 48 нафар аёлга бу намуналардан айримлари ҳидлатилган ва бу орада уларга фикрларини жамлаб, салбий ўйлардан халос бўлиши учун махсус терапия ўтказилган.

Аёлларнинг айримларига ҳақиқий тер ҳиди ҳидлатилган бўлса, қолгани, яъни назорат гуруҳига оддий ҳаво ҳидлатилган.

Тер ҳидлаганлар терапия жараёнида ўзини кўпроқ яхши ҳис қилган.

Стокгольмдаги Каролинска институтидан бош тадқиқотчи Элиса Вигна шундай дейди хурсанд ва қўрққан одамлардан олинган терлар ҳиди бир хил таъсир қилди. Инсоннинг кимёвий сигналларида терапия самарадорлигига таъсир қиладиган нимадир бўлиши мумкин".

"Ёнингизда бошқа кимдир бор бўлиши ҳам ана шундай таъсир қилиши мумкин, аммо буни текширишимиз керак. Аслида айни шу шаклда ўтадиган келгуси синовимизда шуни текширмоқчимиз. Фақат бу сафар эмоционал жиҳатдан нейтрал ҳужжатли фильм кўриб ўтирган одамлардан олинган тердан ҳам фойдаланмоқчимиз."

Тер нима ва у доим ҳам ҳидли бўладими?

Тернинг аксари ҳидсиз бўлади. Аммо қўлтиқ ва чотдаги айрим тер безлари ишлаб чиқарган терда ҳидли бирикмалар бор.

Аниқроғи, тери юзасидаги ва тук остидаги ғоваклардаги бактериялар бу бирикмаларни парчалайди ва янги пайдо бўлган моддадан ҳид ажралади.

Ҳид ва там билишдаги бузилишлар бўйича хабардорликни оширишга кўмаклашувчи "Бешинчи сезги" хайрия ташкилотидан Дункан Боук шундай дейди: "Ҳид сезгимиз ва эмоционал соғлиғимиз ўртасида кучли боғлиқлик борлигини биламиз".

"Болангиз ёки жуфтингиз ҳидини сезмай қолиш ёлғизлик ҳисси ва депрессияга сабаб бўлиши мумкин."

"Бу гарчи бошланғич тадқиқот бўлса ҳам, яна тадқиқотлар лозим. Ҳид билишнинг руҳий саломатлик учун аҳамиятини ўрганиш жуда қизиқ."

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002