Янгиликлар: АҚШ Россия сабаб Қирғизистонга санкция жорий қилмоқчи, Ўзбекистон қанчалик хавф остида?

  • Айсимбат Токоева
  • Би-би-си, Бишкек
Қирғизистон

Сурат манбаси, EPA

Washington Post нашри Америка ҳукумати тизимидаги манбаларига таяниб ёзишича, АҚШ Қирғизистондаги ширкатларга янги санкциялар тайёрламоқда. Бу ширкатлар Европа ва Осиёдан товар олиб, санкцияларни четлаб ўтиб Россияга етказиб бераётгани маълум бўлган.

Жо Байден маъмуриядан исми ошкор қилинмаган икки нафар амалдорнинг нашрга айтишича, қарор бир қатор Америка ва Европа дипломатларининг Бишкекка бир неча ой давом этган "самарасиз сафарлари"дан сўнг қабул қилинган.

Расмийларнинг айтишича, иқтисодий чоралар шу ҳафтадан киритилиши мумкин.

"Бошқалар билан солиштирганда Қирғизистон катта давлат бўлмаса-да, унинг мисолида санкцияларни айланиб ўтиш учун қабул қилиб бўлмайдиган қулай муҳит яратувчи омиллар истисносиз яққол кўриниб турибди", дея иқтибос келтиради газета.

Америка томонига кўра, санкцияга тушган товарларни қайта экспорт қилиш учун Россия махсус хизматлари жалб қилинган. Қирғизистондан товарларни олувчи фирмалар Россия мудофаа саноати таъминотчилари бўлган, дейди Washington Post.

Америка нашрининг сўровига жавобан Қирғизистоннинг Вашингтондаги элчихонаси мамлакат ҳукумати халқаро нормаларга риоя қилишга ва контрабанда ҳамда бошқа ноқонуний савдога қарши курашишга содиқлини маълум қилган.

Элчихона Москва билан савдо алоқаларининг ўсиши товарлар ҳаракатланишини кузатувчи электрон тизимнинг яхшилангани билан боғлиқ, дея изоҳлаган.

Олдин ҳам санцияларга учраган Ўзбекистон ва Қирғизистон

дрон

Сурат манбаси, Getty Images

Мақолада Ўзбекистон ширкатларининг санкцияга тушиши ҳақида сўз бормайди. Аммо олдинроқ АҚШ ва Евро иттифоқи ҳам Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ширкатларига санкция қўллаганди.

Ўзбекистондан рўйхатдан ўтган Alfa Beta Creative ва GFK Logistic Asia фирмалари Россия мудофаа саноатига товар етказиб беришда айбланиб санкцияларга тушганди.

19 майда эса АҚШ Қирғизистонда рўйхатдан ўтган Tro.Ya фирмасига санкция жорий қилган.

Washington Postнинг таъкидлашича, Қирғизистоннинг Вашингтондаги элчихонаси санкцияларни четлаб ўтиб юк етказиб беришлар ҳақидаги ха��арни тан олишган.

Бироқ элчихонага кўра, танқидчилар Қирғизистон ва Россия алоқаларидаги "реал иқтисодий контекст"ни ҳисобга олмаган, чунки икки давлат ҳам Евроосиё Иқтисодий иттифоқи аъзоси.

"Россия бизнинг асосий савдо ҳамкорларимиздан [...] Миллиондан ортиқ фуқароларимиз (бу давлатда) ишлайди", дея Қирғизистон элчихонаси жавобидан иқтибос келтиради газета.

14 май куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев "Россия-1" давлат телеканалига берган интервюсида Бишкек Ғарбнинг иккиламчи санкциялари жорий қилишига қарамасдан Москвага ҳамкорлик таклиф қилишини айтганди.

iqtibos

"Биз стратегик ҳамкорлармиз, ҳамкорлик қилишимиз учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Бизнинг Ғарбдаги ҳамкорларимиз санкциялар жорий қилиниши мумкинлиги ҳақида айтмоқда. Аммо биз ҳам ўзимизнинг қоидаларимизга амал қиламиз ва мен ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман", деган вазир.

Бироқ 2 июн куни "Марказий Осиё - Европа иттифоқи" саммитида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакати санкцияларни муҳокама қилиш учун ЕИ билан мулоқотга очиқлигини айтди.

Жапаров Европадаги ҳамкорларининг санкцияларга амал қилиш чақириқларига "тушуниш билан" қарашини таъкидлади.

Мақола чоп қилиниши арафасида Қирғизистон президенти девони Би-би-сининг Washington Post да чоп қилинган мақола бўйича берган саволларига жавоб бермади.

Россия санкцияларни қандай қилиб Қозоғистон ва Қирғизистон орқали четлаб ўтади?

Мақолада, шунингдек, АҚШ ҳукумати Қозоғистон Қирзиғистондан Россияга олиб ўтилаётган Хитойда ишлаб чиқарилган дронларни мусодара қилиш хабарига ҳам эътибор қаратган дейилади.

Июн ойининг бошида Қозоғистон божхоначилари Қирғизистоннинг "Импульс-Инвест" ширкатидан экспорт қилиш учун лицензияси бўлмагани учун 14 та DJI Agras T30 дронларини олиб қўйгани маълум бўлди.

Ушбу дронлар қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган, аммо 30 килогача юк кўтара олиши мумкинлиги боис улар урушда ҳам қўлланиши мумкин, дейди нашр.

Кейинчалик дронлар сотувга қўйилган ва Қозоғистон ҳукумати уларни 83,6 миллион тенге (193 минг доллар)га баҳолаган.

Қирғизистон расмийлари Washington Postнинг Хитой дронларини Россияга қайта экспорт қилиш ҳақидаги янгиликка сўраган изоҳига жавоб бермаган.

Санкцияга тушган товарларни Қозоғистондан қайта экспорт қилиниши ҳақида "Важных историй", OCCRP нашрлари ва Spiegel журнали ҳам ёзганди.

20 майда биргаликда чоп қилинган суриштирувдан маълум бўлишича, Россия Ғарб санкцияларини айланиб ўтиб, ҳар ой Қозоғистон орқали миллионлаб долларга дронлар ва микроэлектронлар сотиб олади.

Журналистларга кўра, Қозоғистоннинг Da Group 22 компанияси Россиянинг "Стэк" фирмасига микросхема ва бошқа эҳтиёт қисмлар етказиб беради. "Стэк"нинг бош харидори эса Россия куч тизимларига махсус техника ишлаб чиқадиган ширкатдир.

Суриштирувда айтилишича, Қозоғистонда уруш бошлангандан сўнг очилган "Аспан арба" компанияси Россиянинг "Небесной механика" ширкатига 500 та дрон етказиб берган. Дронларни бу ширкатдан "Рысь" қуролли можаролар фахрийлари федерацияси ва амалдаги Россия ҳарбийлари сотиб олган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002