Янгиликлар: Ўзбекистонда тармоқлар жунбушга келди, ҳаммасига Толибон сабабчими, Қозоғистон Россиянинг кейинги нишонига айланди ва Қирғизистон Москвага кескин кетди... O‘zbekiston Yangiliklar

Umida Tursunova

Сурат манбаси, .

Сурат тагсўзи, Сурхондарёда вилоят ҳокими ва мактаб директори ўртасидаги можаро Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирди

Минтақада гап...

Алоқадор мавзулар

"Милтиқ бўлса, отиб ташланг!"

Сурхондарёда вилоят ҳокими ва мактаб директори ўртасидаги можаро Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирди.

Икковлоннинг тортишуви акс этган видео кеча, пайшанба куни маҳаллий вақт билан кечки соатларда тарқалди.

Аммо, бунга қарамай, янгилик сарлавҳаларга чиқди, куннинг ижтимоий тармоқларда энг кўп эътибор топган ва тортган мавзусига айланди.

Сурхондарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати эълон қилган суратлардан англашилишича, можаро, афтидан, 26 июль куни юз берган.

Худди ўша куни Сариосиё туманида мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича семинар ўтказилган.

Umida Tursunova

Сурат манбаси, .

Тумандаги 28-мактаб директори ўзининг вилоят ҳокими томонидан ишдан олинишига норозилик билдирган.

Умида Турсунова ҳокимнинг қарорини очиқча савол остига олган, унинг ишини "эплолмагани", бу мактабда директор бўлиб ишлашга "ҳаққи йўқ" эканига оид сўзларига ошкора эътироз билдирган.

Вилоят ҳокими билан тортишаркан, у, "Милтиқ бўлса, отиб ташланг", - дейишгача борган.

Умида Турсунова вилоят ҳокимига нотўғри маълумотлар етказилгани, президентга мурожаат қилиб, ҳақиқатни айтишини таъкидлаган.

Орқа фонда асосан эркакларнинг ундан тинчланиши ва зални тарк этиши сўралган даъватлар янграган.

Бу ҳам жанжалга ўз муносабатини билдирган кўпчилик ўзбекистонликлар эътибор қаратган нуқталардан бири экани кўрилган.

Мактаб директори ҳокимнинг нутқини охиригача эшитмоқчи эканини айтган.

"Мана шу ерда туриб, охиригача эшитаман, президентга айтадиган гапим бор! Отса, мени олиб чиқиб, Ўзбекистоннинг олдида отиб ташласин!", - деган сўзларидан кейин эса, ички ишлар органи ходими кўмагида залдан олиб чиқиб кетилган.

Бунақаси мамлакатнинг бу яқин тарихида кўрилмаган.

Hilola Umarova

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, "Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ҳар бир педагог ходим давлат назорати остида..."

Жанжал уйғотган резонанс манзарасида ҳодисага Мактабгача ва мактаб таълими вазири ҳам ўзининг муносабатини билдириб чиққан.

Ҳилола Умарованинг постидан худди шу тортишуви ортидан мактаб директорининг маъмурий қамоққа олингани маълум бўлган.

Вазир Умида Турсунованинг "маъмурий қамоқдан озод қилингани, вазиятни ўз назорати остига олгани"ни билдирган.

Аммо унинг таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахс "ўзини тутиш маданияти билан барчага ўрнак бўлиши керак"лиги таъкидланган сўзлари ижтимоий тармоқларда норозиликлар билан қарши олинган.

Бунинг ортидан вазир видеопост билан чиққан ва Умида Турсунова мактаб директори лавозимида ишлашда давом этиши, "Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ҳар бир педагог ходим давлат назорати остида эканлиги"ни эслатган.

Унинг бу сўзларига Сурхондарё вилояти ҳокимининг муносабати ҳозирча имконсиз.

Воқеаларнинг саноқли соатлар ичидаги бу каби ривожи айрим ўзбекистонликларнинг, "Одил суднинг қарори нима бўлди энди? Интернетга чиқса ёки вазир аралашса бекор бўлиб кетаверадиган қарорлар билан қандай қилиб ҳуқуқий жамият қурмоқчимиз? Суднинг қарори ҳам шунқа мурт бўладими?.. Амалдорлари Қонунлардан устун бўлган жамиятнинг келажаги йўқ! Бизда амалдорлар мажлис қилиб, прокурорга фалон-фалон амалдагиларни қамайсан, деб буйруқ беради. Бу қанақа бошқарув усули? Ҳали тергов йўқ, суд йўқ... лекин унга ҳоким ҳукм чиқариб ўтирибди. Ҳар бир ишда қонунга таянилмас экан, муаммоларнинг охири кўринмайди...", каби эътирозли фикрларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Айрим маҳаллий фаолларга кўра, бу ҳолатга "Олий суд ва Бош прокуратура дарҳол изоҳ бериши зарур".

"Мактаб директорининг лавозимига муносиблиги масъулияти эса, тегишли вазирлик зиммасидаги ишдир".

Ашхободда нима гап?

Shavkat Mirziyoyev va Gurbanguli Berdimuhamedov

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Учрашув Россия Украинага очган уруш ва Толибоннинг Амударёдан сув олувчи Қўштепа каналини қуриб, битказиш саъй-ҳаракатлари манзарасида бўлиб ўтаётгани билан ҳам ўзига эътибор тортган

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Ашхободда.

Туркманистон пойтахти уч минтақа давлати президентларининг уч томонлама учрашувига мезбонлик қилади.

Учрашув Россия Украинага очган уруш ва Толибоннинг Амударёдан сув олувчи Қўштепа каналини қуриб, битказиш саъй-ҳаракатлари манзарасида бўлиб ўтаётгани билан ҳам ўзига эътибор тортган.

Трансчегаравий Амударё суви иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон учун муҳим саналади, Толибоннинг Қўштепа канали эса, минтақани сувсиз қолдиради, деган жиддий хавотирлар бор.

Шу боис ҳам, сувдан фойдаланиш учрашув кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири бўлиши кутилаётир.

Сув тақсимоти ва трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш минтақада ҳатто уруш чиқишигача олиб келиши мумкин бўлган энг ҳассос мавзулардан бири саналади.

Айнан Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Марказий Осиёнинг ҳозир Толибон қудратда бўлган Афғонистонга чегарадош уч давлати бўлишади.

Халқаро қонунчиликка мувофиқ, Афғонистоннинг ҳам Марказий Осиёдаги қўшнилари каби Амударё сувидан фойдаланишга ҳаққи бор.

Аммо янги каналнинг сув тақсимотига таъсири ҳали-ҳануз хавотирга молик масалалигича қолаётир.

Ўзбекистон ва Туркманистон Толибон муваққат ҳукумати билан ўзаро мулоқотда, Тожикистон эса, деярли терс.

Аммо Толибоннинг муваққат ҳукумати ҳали-ҳануз халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган.

Айнан сув тақсимоти устидан жанжал яқинда Эрон ва Толибон ўртасида қуролли тўқнашувга ҳам сабаб бўлган.

Ҳар уч давлат Ташқи ишлар вазирлари Ашхободдаги уч томонлама саммитга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларини 26 июль куни муҳокама этиб олишган.

Аммо бу ҳақдаги расмий хабардан унинг кун тартиби ноаён қолганди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳам тадбирлар давомида минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилишини билдирган, аммо уларнинг айнан нимлардан иборат эканини очиқламаган.

Норозилик нотаси

Japarov va Putin

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Қирғизистон Ўзбекистон ва Тожикистондан кейин Марказий Осиёнинг энг кўп фуқаролари Россияда меҳнат муҳожирлигида банд учинчи давлати бўлади

Қирғизистон Москвага кескин кетди.

Фуқаросининг таксида калтакланиши юзасидан Россияга расман норозилик нотаси йўллади.

Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Вазирликка кўра, ҳодиса 18 июль куни юз берган.

"Ҳозирда элчихона жабрланувчи билан алоқа ўрнатган, унга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. Мазкур факт юзасидан элчихона жабрланган ватандошимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда.... Масала Ташқи ишлар вазирлиги ва Қирғизистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси назоратига олинди", - дейилади вазирлик баёнотида.

Маълум бўлишича, калтаклангани юзасидан эркакнинг ўзи элчихонага мурожаат қилмаган.

Унинг калтакланиши акс этган видео эса, Қирғизистонда ижтимоий тармоқларни ларзага келтиргани айтилади.

Қирғизистон Ўзбекистон ва Тожикистондан кейин Марказий Осиёнинг энг кўп фуқаролари Россияда меҳнат муҳожирлигида банд учинчи давлати бўлади.

Нишон Қозоғистонми?

Rossiya harbiylari

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Қозоғистон фуқароларининг четдаги қуролли можаролардаги иштироки қонун йўли билан тақиқланган ва бунинг учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган

Россия Украина уруши учун Қозоғистондан одам ёллашни бошладими?

"Рейтер" ахборот агентлигининг ёзишича, уруш авж олган бир паллада қозоғистонлик интернет фойдаланувчилари Россиянинг ёлловчи рекламалари қаршисида қолишган.

Уларда Россия Армиясига қўшилишса, бирданига $5000 доллардан ортиқ пул олишлари айтилган.

Шартнома асосида ёлланишса, $2000 доллар ойлик ва яна қўшимча имтиёзлар ҳам ваъда қилинган.

Рекламанинг ўзи потенциал ёлланувчиларни Сахалинда Россия Армиясига қўшилишни таклиф этувчи веб сайтга олиб боради, дейди "Рейтер".

Маълум бўлишича, веб сайт эгаси ўлароқ Сахалин вилоятининг Инсон капиталини ривожлантириш агентлиги кўрсатилган.

Агентлик маҳаллий ҳокимият томонидан ташкил этилган ташкилот сифатида тилга олинган.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг Россияга чегарадош ягона давлати бўлади.

Ўзбекистондан кейин минтақанинг иккинчи йирик мамлакати саналади.

Бу собиқ Совет давлатида уч миллиондан ортиқ этник руслар яшайди.

Қозоғистон ҳам Россиянинг анъанавий иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилади.

Аммо расмий Остона Россиянинг Украинадаги урушини на-да расман қоралаган ва на-да қўллаган, асосан тинчликка чақириб келади.

"Рейтер"нинг ёзишича, call-марказ операторлари рекламанинг жойлаштирилиши бўйича изоҳ бера олмасликларини айтишган.

Ташкилотнинг ўзи эса, "Рейтер"нинг электрон почта орқали юборган саволларига жавоб бермаган.

Бунга Қозоғистон Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлигининг расмий муносабати ҳам ҳозирча имконсиз.

Қозоғистон фуқароларининг четдаги қуролли можаролардаги иштироки қонун йўли билан тақиқланган ва бунинг учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek