Янгиликлар. Фош этилди: Мақсад – Қуръон билан даволашми ёки секс? Dunyo Ayollar Yangiliklar

  • Ҳанан Розиқ
  • ББC Араб хизмати
Би-би-си Араб хизмати бу каби ҳоллар қанчалик кенг тарқалганлигини яширинча ўрганишга муваффақ бўлди...
Сурат тагсўзи, Би-би-си Араб хизмати бу каби ҳоллар қанчалик кенг тарқалганлигини яширинча ўрганишга муваффақ бўлди...

Зўрлаш?!.. Аёллар ҳаммасини айтиб берди.

Алоқадор мавзулар

"Руҳий табиб" сифатида ишлайдиган эркакларнинг жинсий зўравонлиги ва эксплуатациясининг яширин дунёси Би-би-си Араб хизмати томонидан фош этилди.

"Қуръоний шифо" деб ҳам аталадиган руҳий шифо араб ва мусулмон дунёсида кенг тарқалган амалиётдир. Асосан аёллар "жин" деб аталган ёвуз руҳларни қувиб чиқариш орқали касалликларни даволай олишига ишониб, ана шундай табибларга боради.

Би-би-си бир йилдан ортиқ вақт мобайнида 85 нафар аёлдан гувоҳликлар олди. Улар бу амалиёт, айниқса, кенг тарқалган Марокаш ва Суданда фаолият юритган 65 нафар Қуръоний табибни таҳқирлашдан тортиб зўрлашгача бўлган ишларда айблаган.

Биз бир неча ой давомида нодавлат ташкилотлар, судлар, адвокатлар ва аёллар билан суҳбатлашдик, зўравонлик ҳақидаги ҳикояларни тўпладик ва текширдик. Бизнинг суриштирувимиз учун ушбу табиблардан бирига бемор сифатида мурожаат қилган мухбир ўзига ножўя тегинишга уринилгандан кейин қочишга мажбур бўлди.

Shayx Fotima

Сурат манбаси, .

Диққат: Қуйидаги айрим тафсилотлар ўқувчи дилини хира қилиши мумкин:

25 ёшлар атрофида бўлган Далол (исми ўзгартирилган) бир неча йил олдин депрессиядан шифо топиш учун Касабланка яқинидаги шаҳарчадаги руҳий табибга мурожаат қилди. Унинг айтишича, табиб унга депрессияга унинг вужудини эгаллаб олган "жин ошиқ" сабаб бўлаётганини айтган.

Яккама якка сеансда у ундан мушк, деб айтган нарсани ҳидлашни сўраган. У мушкни ҳидлайди-ю, ҳушдан кетади. Ўзининг таҳминича бу қандайдир наркотик бўлган.

Илгари ҳеч қачон жинсий алоқада бўлмаган Далолнинг айтишича, у уйғонганида ички кийими ечиб олинганини кўрган ва зўрланганини тушунган. Унинг айтишича, у рақига (Қуръоний табибга) менга нима қилдинг деб бақира бошлаган.

"Мен айтдим: "Уят! Нега менга бундай қилдинг?" У менга: "Жинларни танангдан чиқариш учун", деди".

Далол содир бўлган воқеани ҳеч кимга айтмаган, чунки жуда уялган ва ўзини айблашларига ишонган. Бир неча ҳафта ўтгач, у ҳомиладорлигини билганида, даҳшатга тушди.

У ҳатто ўзини ўлдириш хаёлига ҳам борган.

У табибга ҳомиладорлиги ҳақида гапирганда, у сени жин ҳомиладор қилган бўлса керак, деб жавоб берган. Далолнинг айтишича, у бундан шу қадар қаттиқ руҳий жароҳат олганки, чақалоғи туғилганда унга қарашдан, ушлашдан, ҳатто исм қўйишдан бош тортган ва уни асраб олувчиларга топшириб юборган.

Унинг айтишича, агар оиласи бундан хабар топса, уни ўлдиришади.

Биз билан суҳбатлашган аёлларнинг кўпчилиги зўравонлик ҳақида хабар қилса, айбдор бўлиб қолишдан қўрқишларини айтишди ва бу ҳақда полиция у ёқда турсин, оилаларига ҳам деярли билдиришмаган. Айримлари ҳатто бу ҳақда хабар берсам, жинлар ўч олади деб ҳам қўрққан.

Суданда Савсан исмли аёл бизга эри ўз исломий ҳуқуқидан фойдаланиб, иккинчи хотини олдига кетганда, муҳтож бўлиб қолгани сабабли ёрдам сўраб табибга мурожаат қилганини айтди. У табибдан эрининг кўнглини ўзига қаратадиган бирор дори топиб беришини сўрамоқчи бўлган.

Аммо табиб унга қандайдир даволаш чораси таклиф қилишини кутмаган эди.

"У мен билан жинсий алоқада бўлишини ва ҳосил бўлган суюқликдан дори тайёрлаб эримга ичиришимни айтди".

Унинг тавсияси шу қадар эдики, у ҳеч нарсадан "қўрқмас" эди, дейди Савсан.

"У мен уни полицияга ҳам, судга ҳам, ҳатто эримга ҳам айтмаслигимга амин эди."

Savsan
Сурат тагсўзи, Суданлик Савсан исмли аёлнинг сўзларига кўра, эри билан ярашишига ёрдам беришини айтиб, табиб ўзи билан жинсий алоқа қилишни таклиф қилган

Савсаннинг айтишича, у тезда кетган ва бошқа қайтиб бормаган. Аммо бу ҳақда ҳеч кимга хабар ҳам бермаган.

Биз Суданда эксплуатация ёки зўравонлик ҳақида гаплашган 50 нафар аёлдан учтаси битта диний етакчи - Шайх Иброҳим номини айтди. Биз исмини ошкор этмаган аёллардан бири бу одам уни манипуляция қилиб, жинсий алоқада бўлганини айтди. Яна бири, Афаф исмли аёл ундан жинсий алоқа қилишни сўраганида, шайхни ўзидан итариб юборганини айтди. Ўшанда у ўзини заиф ҳис қилган.

"Одамлар шайхлар шундай гапларни айтиши, шундай ишларни қилишига ишонмайди. Гувоҳларни қандай топиш мумкин? У билан бирга хонада мени ҳеч ким кўрмаган".

Хуллас, жамоамиз билан ишлаётган журналист кўпроқ далиллар тўплаш учун Шайх Иброҳим олдига бемор сифатида борди.

Биз Рим деб атаган мухбир аёл бепуштликдан шикоят қилиб борди.

Шайх Иброҳим уни дуо қилишини айтиб, Рим уйига олиб кетиб ичиши учун "маҳайёя" деб аталган бир бутилка "шифобахш сув" тайёрлайди.

Римнинг айтишича, шайх унинг олдига жуда яқин келиб ўтирган ва қўлини унинг қорнига қўйган. У қўлингизни олинг деб сўраганда, у қўлини олиш ўрнига танасининг пастроғига туширган ва кийими устидан гениталиясига тегинган. Шу вақтда у хонадан қочиб чиққан.

"Унинг қилган ишидан даҳшатга тушдим, - дейди у кейинчалик. - Унинг қиёфаси одамни қўрқитарди."

Римнинг айтишича, шайхнинг бу қилиғидан у доим шундай қилиб келганини тахмин қилиш мумкин эди.

Би-би-си ҳолат юзасидан Шайх Иброҳим билан суҳбатлашди. У ўзидан ёрдам сўраганларни жинсий таҳқирлагани ёки тажовуз қилганини инкор қилди ва суҳбатни тугатди.

Shayx Ibrohim
Сурат тагсўзи, Шайх Иброҳим ҳузурига ёрдам сўраб борган аёл қиёфасида кирган Би-би-си мухбирига ҳам тегинган

Эксплуатация хавфсиз руҳий шифо топмоқчи бўлганларга муқобил таклиф қиладиган аёллардан бири Шайх Фотимадир.

Хартум яқинида у фақат аёллар учун даволаш маркази очди. 30 йил давомида бу жой аёллар бошқа аёллар ёрдамида руқя ёки шифо топиши мумкин бўлган кам сонли жойлардан бири бўлиб келган.

Бизга ушбу шахсий ҳудудга кириш учун рухсат беришди. Ташрифимиз давомида атрофимдаги аёллар атрофда нима бўлаётганидан бехабар, ҳардамхаёлдек кўринди. Шайх Фотима менга аёлларнинг бу ҳолатда қандай заиф бўлиши мумкинлигини тушунтирди, бу эса бошқа табибларга улардан ўз манфаати йўлида фойдаланишга имкон беради.

"Кўп аёллар бизга шайх тегиниш орқали шайтонни қувиб чиқаради, деб ўйлашларини айтишди. Улар буни даволанишнинг бир қисми деб ишонишган, - дейди у. - Бу аёллардан эшитаётганларингиз одамни шокка солади."

Биз Марокаш ва Судандаги расмийларга ўз далилларимиз билан мурожаат қилдик.

Суданда Ислом ишлари вазирлигининг оила ва жамият масалалари бўйича масъул доктор Алаа Абу Зайд бошида бунчалик кўп аёллар зўравонлик ҳақида бизга хабар берганига ишонишни истамади. Аммо у руҳий табиблик тартибга солинмаганлиги сабабли бу соҳа "ишсизлар учун касб"га айланиб қолганини тан олди.

Унинг Би-би-сига айтишича, у ўтмишда соҳани тартибга солишни кўриб чиққан, аммо мамлакатдаги сиёсий беқарорлик сабабли бу масала устувор аҳамиятли эмас.

Марокашда Ислом ишлари вазири Аҳмад Тавфиқ руҳий табиблар ҳақида алоҳида қонун чиқаришни зарур деб ҳисобламаслигини айтди.

"Бу ишларга қонуний аралашув қийин. Бунинг ечими диний таълим ва даъватда", дейди у бизга.

Биз тўплаган барча далилларга қарамай, Марокаш ва Судан расмийлари ҳеч қандай чора кўришни истамаяпти. Шундай қилиб, табиблик касбининг орқасида яширинганларга қарши гапириш юки аёлларнинг ўзида қолмоқда.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002