Ким Чен Ин Путин билан кўришмоқчи, йўтал сиропининг Ҳиндистон қурбонлари O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ва Россия Президенти Владимир Путин 2019 йили Владивостокдаги учрашувида

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES

АҚШ жосуслик маълумотларига кўра, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўзининг машҳур поездида Россиянинг Владивосток шаҳрига боришни, у ерда Россия Президенти Владимир Путин билан қурол-яроғ савдосини муҳокама этишни режалаган. Ҳиндистонлик ота-оналар йўтал сиропидан вафот этган фарзандлари учун адолат талаб қилмоқдалар.

Россия ва Шимолий Корея раҳбарлари учрашмоқчилар

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг расмийларга таяниб хабар тарқатишларича, Россия ва Шимолий Корея раҳбарлари учрашишни режалаганлар, бу учрашувда Россиянинг Украина босқини учун зарур қурол-яроғ савдоси муҳокама қилинади.

New York Times газетаси ёзишича, ҳойнаҳой, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўзининг зирҳ��и поездида Россиянинг Владивосток шаҳрига боради ва Россия Президенти Владимир Путин билан учрашади.

Алоқадор мавзулар:

Бир ҳафта олдин Оқ Уй Россия билан Шимолий Корея қурол-яроғ олди-бердиси бўйича махфий музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги маълумотга эга эканини эълон этганди.

Хабарларга кўра, Россия Шимолий Кореядан артиллерия снарядлари, аксилтанк ракеталарини олишни истайди.

Шимолий Корея эса Россиядан сунъий йўлдош технологиялари ва сувости кемалари бўйича тажрибаси билан ўртоқлашишини истайди, озиқ-овқатдан ёрдам кутади.

Шимолий Корея мунтазам озиқ-овқат тақчиллиги шароитида яшайди.

Америка матбуоти ўтган йили кузида Россия Шимолий Кореядан миллионлаб снарядлар сотиб олгани ҳақида ёзган, бу икки мамлакат эса бу хабарларни рад этганлар.

Июль ойида Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Пхенянга борган, бу ташрифнинг ҳам асосий мақсади қурол-яроғ савдоси бўлган.

Ўтган ҳафта АҚШ, Британия, Жанубий Корея ва Япония БМТда қўшма баёнот билан чиқишган, бу баёнотда Россия билан Шимолий Корея ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳар қандай кенгайтирилиши Россиянинг ўзи маъқуллаган БМТ Хавфсизлик Кенгашига зид амал экани таъкидланган.

Ҳар ким ўз ишини сидқидил қилса болалар ўлмасди

Ҳиндистондаги дорихона

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳиндистоннинг Жамму штатидаги Рамнагар шаҳарчасида 2019 йил декабри ва 2020 йил январида ёшлари бешдан кичик бўлган к��мида 12 бола ҳаётдан кўз юмган.

Заҳарли йўтал сироплари туфайли фарзандларидан айрилган ота-оналар учун адолат талаб қилаётган фаолларнинг сўзларига кўра, сифатсиз тиббий препаратларни истеъмол қилгани учун ўлган болаларнинг ҳақиқий сони 12 тадан кўп бўлиши мумкин.

Дорилар текширишга юборилган.

Сироплар таркибида диэтилен гликол моддаси меъёрдагидан жуда баланд бўлгани аниқланган.

Бу модда эса инсон организмига тушганда буйракни ишдан чиқаради.

Фарзандларидан айрилган ота-оналар полицияга мурожаат этганлар.

Бироқ фармацевтика компанияси айбдорлигини исботлашнинг уддасидан чиқилмаган.

Болалар учун йўтал сиропини ишлаб чиқарадиган Digital Vision компанияси ўзининг маҳсулоти болалар ўлимига олиб келганини ҳамон рад этади.

Йўтал сироплари Гамбия ва Ўзбекистонда кўп сондаги болалар умрига зомин бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кейин Ҳиндистондаги ота-оналар айбдорларни жавобгарликка тортиш талаблари билан чиқдилар.

Дори-дармон сифатини текширадиган расмийлар ўзларининг ишларини сифатли бажараётганларини айтадилар.

Аммо Гамбия ва Ўзбекистондаги фожеали ўлимлар ва Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти огоҳлантиришларидан кейин Ҳиндистон ҳукумати дорилар сифатини текшириш амалиётларини янада қаттиқлаштириш чораларини кўрди.

Рамнагар шаҳарчасидаги фожеалар бўйича ниҳоят полиция тергови силжиди, полиция беш кишига нисбатан айблов илгари сурди.

Улар орасида йўтал сиропини сотган дорихоначи ва уч нафар Digital Vision ходими бор.

Ўзбекистонда камида 65 бола ўлимига сабаб бўлган "Док-1 Макс" йўтал сиропи жиноят иши бўйича суд жараёни бораяпти.

Маҳкама шу йил 11 августида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бошланган.

Судда 21 шахсга айблов илгари сурилган, уларнинг 20 нафари ўзбеки��тонлик, бир нафари Ҳиндистон фуқароси.

Маҳкамада кўрсатма берган Ҳиндистон фуқароси Ҳиндистоннинг "Marion Biotech" PVТ. Ltd фрамацевтика компаниясининг "Кураракс 200", "Кураракс 400" дори воситасини талабдаги текширувларсиз Ўзбекистонда сотилишига рухсатни қўлга киритиш мақсадида 33000 доллар пора берганини тан олди.

Ўзбекистонда ҳам заҳарли дорилардан вафот этган болаларнинг сони 65 тадан кўп бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Тошкентдаги суд давом этмоқда.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002