Янгиликлар: Исроил масжидга зарба берди, ҳужумлари кучайишини айтди, Ғазода кафанлик тугаяпти, Эрон Исроил ва АҚШни огоҳлантирди Isroil G‘azo Dunyo Yangiliklar

G'azoga hujum

Сурат манбаси, Getty Images

Нима гап?

Алоқадор мавзулар:

Исроил ваъдаси

G'azoga hujum

Сурат манбаси, Getty Images

Исроил Ғазога ҳаво ҳужумларини кучайтиришга ваъда берди.

Бўлга шимолида қолаётганларни яна бир бор ўз хавфсизликлари учун жанубга кетиш ҳақида огоҳлантирди.

Исроил ҳарбийлари воизи Даниэль Ҳагарининг маълум қилишича, Ҳамасга қарши ҳужумлари "чуқурлашади" ва "кўпаяди".

Унга кўра, бу "урушнинг кейинги босқичида ўз кучларига қарши рискларни камайтиради".

Кейинги босқичнинг қуруқликдаги амалиёт бўлиши кутилаётир.

Би-би-си мухбири Пол Адамснинг хабар беришича, бу хусусда Ғазога варақалар ташланган.

Унда шимолда қолганлар Ҳамасга шерик сифатида кўрилиши мумкинлиги айтилган.

Хабарларга кўра, ўзининг худди шу ваъдаси ортидан Исроил Ғазо бўлгасига яна ҳаво ҳужуми уюштирган, ўнлаб объектни нишонга олган.

Фаластинлик масуълларнинг айтишларича эса, Исроил бирор бир огоҳлантиришларсиз одамларнинг уй-жойларига зарба берган.

Ҳамас бошқарувидаги Ички ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, ўтган тун ва бугун тонгдаги ҳужумлар "катта сондаги қурбонлар"га сабаб бўлган, яраланганлар ҳам "кўп".

Аммо, шундай деркан, улар қурбонлар ва яраланганларнинг сонини очиқлашмаган.

Ўтган тунда Исроил боришимизни сўраган ва хавфсиз, деб айтилган жойга 60 та ҳаво ҳужуми уюштирилди, дейди Ғазо бўлгасида бўлган мухбиримиз Рушди Абуалуф.

Аммо, мухбиримизга кўра, энг кучли ҳаво ҳужумлари Ғазо шаҳрида жойлашган Ал-Қудс касалхонаси атрофига тўғри келган.

Маълум бўлишича, Исроил жосуслик хизмати касалхона раҳбарига қўнғироқ қилиб, учинчи марта улардан бошқа ерга кўчишларини сўраган.

Унинг менга айтишича, ҳозир касалхонада 500 нафар бемор бор, яна 1500 киши у ерда жон сақлаб турибди, чунки бошқа борарга жойлари йўқлиги боис, шу ерда қолишга қарор қилишган.

10 та ҳаво ҳужуми эса, ана шу касалхонадан 100 метр нарида уюштирилган.

Фаластинлик масъулларнинг шу соатларда маълум қилишларича, Исроилнинг Ғазо шимолига уюштирган икки алоҳида ҳаво ҳужумида 17 киши ўлган, яна ўнлаби яраланган.

Уларга кўра, эрталабки ҳужумда Жабалиадаги бир ҳовли ва Ал-Фалугадаги турар-жой биноси зарба еган.

Яна 10 киши Ғазо марказидаги Дейр ал-Балаҳда ўлдирилган, дейишмоқда улар.

Ғарб етакчилари эса, Исроилни қўллаб-қувватлашларини яна бир бор таъкидлаб, тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилишга чақиришган.

Эрон Ташқи ишлар вазири худди шу манзарада Исроил ва АҚШни огоҳлантириб чиққан.

У, агар Исроил ҳарбий ҳаракатларини зудлик билан тўхтатмаса, Яқин Шарқда вазият издан чиқиб кетиши мумкинлигини айтган.

Янги хавотирлар

Hezbollah a'zolari

Сурат манбаси, AFP

Исроил Ливан жанубидаги Эрон томонидан дастакланиши айтилувчи "Ҳизбуллоҳ" гуруҳи билан отишмага киришиб келади.

Шу кунларда Исроилнинг Ливан билан шимолий чегарасида танглик кучайган, Исроил чегарага яқин ердаги ўнлаб исроилликлар жамоасини бошқа жойга кўчириш ҳаракатида.

"Ҳизбуллоҳ" Ливандаги энг қудратли жангари гуруҳ бўлади.

Исроил Бош вазирининг огоҳлантиришича, агар, "Ҳизбуллоҳ" можарога қўшилса, ўзи учун "бир умрлик хато"га йўл қўйган бўлади.

Айни пайтда АҚШ минтақага ўзининг самолёт ташувчисини юборган.

Қизил Денгиздаги ҳарбий кемаси эса, Ямандаги ҳутийлар томонидан отилган ракеталарни ушлаб қолган.

Ҳутийлар ҳам Эрон билан уйғунликда кўрилади.

Бундан ташқари, Ироқдаги АҚШ кучлари жойлашган база ҳам Эрон томонидан дастакланган гуруҳларнинг ракета ва дрон ҳужумлари остида қолганига оид хабарлар олинган.

AQSh Davlat kotibi

Сурат манбаси, Reuters

Худди шу манзарада АҚШ Давлат котиби Эронни "можарони оловлантиришга уринмаслик" билан огоҳлантирган.

Ўзларининг эскалация кучайиши эҳтимолини назардан соқит этмаётганликларини ҳам эътироф этган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи низо бутун минтақани ўз домига тортиши мумкинлигига оид хавотирларни янада кучайтирган.

Эрон Исроилга қарши 7 октябрь кунги ҳужумини уюштиришида Ҳамасга ўзлари ёрдам берганликларини рад этган.

АҚШ ҳам бунда Эроннинг тўғридан-тўғри иштироки борлигига далолат қилувчи далиллар йўқлигини айтган.

Эрон томонидан дастакланиши айтилувчи "Ҳизбуллоҳ" АҚШ, Буюк Британия ва яна дунёнинг қатор давлатларида "террорчи ташкилотлар" рўйхатига киритилган.

Айни пайтда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху қўшинларни огоҳлантирди ва унинг халқи ўз ҳаёти учун курашаётганлигини айтган.

У Ҳамасга қарши уруш "қиласан ё ўласан" қабилидаги эканини таъкидлаган.

Исроил Мудофаа вазири Йоав Галлантнинг айтишича, ҳарбийларнинг Ғазодаги кампанияси "бир ой, икки ёки уч ой давом этиши мумкин, аммо охир-оқибат ортиқ Ҳамас бўлмайди".

Янги талафотлар

G'azodagi talafotlar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Касалхона ходимларидан бири Би-би-си билан суҳбатида жасадлар учун кафанлик тугаб бораётганини ҳам айтган.

Ҳамаснинг кеча, якшанба куни маълум қилишича, 24 соат ичида 266 фаластинлик ўлдирилган.

Ҳаракат улардан 117 нафарининг болалар эканини айтган.

Исроилга кўра эса, ўша тунда "ўнлаб террорчилар" ҳалок этилган.

Уруш шароитида рақиб томонларнинг иддаоларини мустақил манбалар орқали тасдиқлаш ҳар доим ҳам имконли эмас.

Худди шу манзарада Ғазо марказий касалхонасидан орасида камида 12 нафар боланики ҳам бўлган қатор жасадларнинг тизилиб ётгани акс этган суратлар олинган.

Аммо уларнинг қачон ва қаерда қурбон бўлганликлари маълум эмас.

Касалхона ходимларидан бири Би-би-си билан суҳбатида жасадлар учун кафанлик тугаб бораётганини ҳам айтган.

Ҳамаснинг Исроилга қарши уюштирган ва бу яқин йилларда мисли кўрилмагани экани айтилган ҳужумига икки ҳафтадан кўпроқ бўлди.

Исроил томони ўз талафотлари сонини 1400 дан ошиқ эканини айтади.

Фаластинлик мулозимларга кўра эса, Ғазодаги қурбонлар сони ҳозирга келиб 4600 дан ортган.

Масжидга ҳужум

G'arbiy Sohil

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Фаластин маъмурияти якшанба кун тонгда берилган зарба беш кишини ўлдирганлигини айтмоқда.

Якшанба куни эрта тонгда Исроил Ғарбий Соҳилдаги фаластинлик қочқинлар лагерида жойлашган Ал-Ансор масжидига ҳаво ҳужуми уюштирган.

Ғазо бўлгаси билан қиёслаганда, Ғарбий Соҳилга Исроилнинг ҳаво ҳужумлари камдан-кам кузатилади.

Исроил ҳарбийлари террорчи гуруҳлар аъзолари ёки ўз мамлакати ҳудудида жиноят содир этганликда гумон қилинганларни излаётганини айтиб, бу ерда, одатда, мунтазам рейдлар ўтказиб келади.

Xarita

Сурат манбаси, .

Исроил томони масжидга ҳужум нима ёрдамида амалга оширилганлигини очиқламаган.

Аммо Исроил оммавий ахборот воситалари ҳужум қирувчи самолётнинг иши экани ҳақида хабар беришган.

Агар шундай бўлса, бу Исроилнинг Ғарбий Соҳилда сўнгги 20 йил ичида илк бор қирувчи самолётини ишга солиши бўлади.

Исроил ҳарбийлари масжид остида "сўнгги ойларда қатор террорчилик ҳужумларини уюштиришга масъул бўлган ва яқин орада яна бир террорчилик амалига қўл уришга тайёрланаётган Ҳамас ва "Исломий жиҳод" жангариларининг террорчилик ячейкаси бўлгани"ини даъво қилган.

Уларнинг айни мазмундаги иддаоларига бу икки гуруҳнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Исроил ҳарбийларига кўра, ҳужумда икки жангари ўлдирилган.

Фаластин маъмурияти эса, якшанба кун тонгда берилган зарба беш кишини ўлдирганлигини айтмоқда.

Ғазога навбатдаги ёрдам

G'azoga yordam

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил назоратидан ташқаридаги Рафаҳгина жорий пайтда бўлгага инсонпарварлик ёрдам етказишнинг ягона йўли бўлиб турибди.

Кеча, якшанба куни Ғазога яна 14 машина ёрдам кирган.

Бу ҳақда БМТ Бош котибининг инсонпарварлик масалалари бўйича муовини Мартин Гриффитс маълум қилган.

Унинг айтишича, бир неча соатлик текширувлардан сўнгги иккинчи ёрдам карвони ҳам Ғазога ўтказилган.

Xarita

Сурат манбаси, .

Бўлгага кўмак Мисрнинг Рафаҳ чегара ўтиш нуқтаси орқали юборилмоқда.

20 юк машинасидан иборат илк ёрдам карвони эса, Ғазога 21 октябрда киришга муваффақ бўлган.

Бу ёрдамни тарқатиш ишлари кеча, якшанба куни бошланган.

Аммо масъул ташкилотлар хавотирда.

Уларга кўра, озиқ-овқат, сув ва ёқилғининг таги кўриниб бормоқда.

Бу эса, бўлгада инсоний фалокатга сабаб бўлиши ммукин.

Исроил Ҳамаснинг 7 октябрь кунги ҳужуми ортидан Ғазони буткул қамал қилган.

Исроил назоратидан ташқаридаги Рафаҳгина жорий пайтда бўлгага инсонпарварлик ёрдам етказишнинг ягона йўли бўлиб турибди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакилларининг айтишларича, Ғазони тарк этишга имконсиз барчанинг эҳтиёжини қондириш учун кунига камида 100 машина ёрдам керак.

Сўнгги можарога қадар бўлгага ҳар куни бир неча юз машина кўмак ўтган.

Гриффитснинг сўзларига кўра, ҳозир Исроилнинг текширишига имкон берадиган, аммо шунинг баробарида, Ғазога зарур ёрдамнинг изчил ўтишини таъминловчи нисбатан камроқ текширув тартиби устида иш олиб боришмоқда.

Hamas jangarilari

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, АҚШ президенти Конгрессдан сўрови сабабини изоҳларкан, Ҳамас ва Путиннинг ғалабасига йўл қўя олмасликларини айтди.

20 октябрь тафсилотлари:

Янгиликлар. Исроил ва Ғазо: Ҳамас ва Путин АҚШни қўрқитдими, Исроил 'шай бўлиш'га буйруқ берди ва шунча Ҳамас лидери ўлдирилдими?

АҚШ режаси

Jo Bayden

Сурат манбаси, .

Президент Жо Байден телевизион мурожаат билан чиқди.

АҚШ президенти Ҳамас Исроилга қилган ҳужумга ўзининг муносабатини билдирди.

У АҚШ Конгрессидан Исроил ва Украина учун миллиардлаб доллар сўрашини айтди ва ўз иттифоқчиларимиздан воз кечиш "шунчаки бунга арзимайди", деди.

Президент Байден Исроил лидерларини 2001 йилги сентябр ҳужумларидан кейин ўзлари қилган хатолардан сабоқ чиқаришга чақирди, уларга "ғазаб кўзингизни кўр қилиб қўймасин", деди.

АҚШ президентининг телевизион мурожаати унинг Исроилга қилган тезкор ташрифи ортидан кузатилди.

Жо Байден худди шу сафари чоғида Ғазога сал ёрдам киритиш масаласида Миср билан ҳам келишиб олди.

Ғазо ҳануз қамал остида, Исроил бўлгага сув, электр энергияси, озиқ-овқат ва ёқилғи ўтишини тўсиб турибди.

АҚШ президенти Конгрессдан сўрови сабабини изоҳларкан, Ҳамас ва Путиннинг ғалабасига йўл қўя олмасликларини айтди.

Ҳамас ва Путинни бир қаторга қўйган Жо Байденнинг фикрича, уларнинг иккаласи ҳам қўшни демократик давлатни яксон этмоқчи ва мамлакати худди шу нарсага йўл қўймаслиги лозим.

АҚШ президентига кўра, ўзлари ҳали ҳам буюк халқ, бутун дунё учун эркинлик ва демократия маёғидир.

"Ҳамас ва Путин солаётган таҳдид ҳар хил, аммо умумий жиҳатлари шундаки, улар ўз қўшниларидаги демократияни буткул йўқ қилишмоқчи", - дея баён қилган АҚШ президенти.

Унинг телевизион мурожаати 15 дақиқа давом этди.

Байден маъмурияти Конгрессдан иттифоқчиларига ҳарбий кўмак учун зудлик билан 100 миллиард доллар ажратишини сўрамоқчи.

Ёрдамнинг катта қисми Украина ва Исроил, қолгани Тайвань ва бошқа иттифоқчиларини кўзда тутади.

"Шай туринг"

Isroil Mudofaa vaziri

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил Ғазо билан чегараси бўйлаб ўн минглаб ҳарбийсини тўплаган, бўлгага энди ердан ҳам зарба бермоқчи, ўзининг ҳарбий амалиётларини энди қуруқликда амалга оширмоқчи.

Исроил Мудофаа вазири Ғазо чегарасидаги қўшинларига "тайёр бўлиш"ни буюрди.

Йоав Галлант исроиллик пиёда аскарлар билан пайшанба куни кўришди.

Исроил Мудофаа вазири уларни "уюшиш ва шай бўлиш"га чақирди.

"Ким ҳозир Ғазони узоқдан кўриб турган бўлса, уни албатта ичкаридан ҳам кўради. Мен бунга ваъда бераман", - дея баён қилди Йоав Галлант.

Кучлар нисбати:

Infografika

Сурат манбаси, .

Исроил Ғазо билан чегараси бўйлаб ўн минглаб ҳарбийсини тўплаган, бўлгага энди ердан ҳам зарба бермоқчи, ўзининг ҳарбий амалиётларини энди қуруқликда амалга оширмоқчи.

"Уларни йўқ қилишимиз учун бир ҳафта, бир ой, балки икки ой кетар. Сиз жангда ёлғиз эмассиз. Биз сизга ишонамиз ва орқа қиламиз", деркан, Исроил Мудофаа вазири ҳарбийларини "ҳали вақт бор экан, машғулотларига зўр бериш"га ундади.

Ғазода яна Ҳамас лидерлари ўлдирилди

Жамила аш-Шантий

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Франс-Пресс" Ҳамаснинг сиёсий раҳбариятига сайланган илк аёл Жамила аш-Шантийнинг Исроил ҳаво ҳужумида қурбон бўлганини чоршанба куни хабар қилди.

Гуруҳга алоқадор оммавий-ахборот воситаларининг хабар беришича, Ғазода Ҳамас хавфсизлик кучлари раҳбари ўлдирилган.

Жиҳод Мҳайсен билан бирга унинг оила аъзолари ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Хабаларга кўра, Ҳамас асосчиси Абд ал-Азиз ар-Рантисийнинг беваси ҳам ўлдирилган.

Улар Ҳамаснинг Исроил Бош вазири гуруҳга қарши ваъда қилаётган узоқ урушда ҳалок бўлган навбатдаги етакчилари.

"Франс-Пресс" Ҳамаснинг сиёсий раҳбариятига сайланган илк аёл Жамила аш-Шантийнинг Исроил ҳаво ҳужумида қурбон бўлганини чоршанба куни хабар қилди.

Шу ҳафта бошида эса, Исроил Мудофаа кучлари "Ҳамаснинг юқори мартабали мулозими", дея кўрилувчи Айман Нофалнинг ҳам ўлдирилганини маълум қилишди.

Айни мазмундаги хабарларга Ҳамас жангари гуруҳи ва сиёсий қанотининг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Янги хавф?...

G'azo bo'lgasi

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Менда баъзида дунё ўзининг инсонийлигини йўқотаётгандек таассурот ҳам пайдо бўлаяпти", - дея ўз кечинмалари билан ҳам ўртоқлашган Лазарини.

Ғазо "ҳалокат ёқасида"ми?

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаластинлик қочқинлар бўйича Бош комиссари хавотирда.

Филиппе Лазаринининг Би-би-си мухбири Жереми Боуэнга айтишича, бўлгада аҳвол "танг".

Унга кўра, одамларнинг Исроил тарк этишни сўраган Ғазо шимолига қайтишаётганига оид хабарлар қўлоғига чалинган.

Маълум бўлишича, "уларнинг жанубда борадиган ҳеч бир ерлари йўқ ва ҳатто уй-жойлари вайрон бўлган бўлса ҳам, улар ортга қайтишни афзал билишаётир".

Infografika

Сурат манбаси, .

Лазарини уруш ҳудудларидаги узоқ йиллик фаолияти контекстида ҳам Ғазодаги ҳозирги вазиятни "жиддий инқироз"га қиёслаган.

"Бунинг тектоник экани, ёйилиш хавфи жуда катта"лигидан хавотир билдирган.

Унинг айтишича, ўзлари "Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдан олаётган маълумотлар ўта ташвишли".

"Менда баъзида дунё ўзининг инсонийлигини йўқотаётгандек таассурот ҳам пайдо бўлаяпти", - дея ўз кечинмалари билан ҳам ўртоқлашган Лазарини.

АҚШ ўзининг фуқароларини огоҳлантирди

AQSh Davlat departamenti

Сурат манбаси, Skrinshot

АҚШ Давлат департаменти четдаги фуқароларига мурожаат билан чиқди.

Уларни эҳтимолий ҳужум хавфидан огоҳлантириб, ҳушёр бўлишга чақирди.

"Дуёнинг турли жойларида кескинлик кучайганлиги, террорчилик ҳужумлари, намойишлар ёки АҚШ фуқаролари ва манфаатларига қарши зўравонлик ҳаракатлари эҳтимоли туфайли, Давлат департаменти хориждаги Америка фуқароларига янада эҳтиёткор бўлишни тавсия қилади", - дейилади мурожаатда.

Бу АҚШ фуқаролари сайёҳлик жойларида ҳушёр бўлишлари, маълумот ва огоҳлантиришларни олишлари учун рўйхатдан ўтишлари кераклигини англатади.

19 октябр

Байден Исроилни АҚШга ўхшаб афсусланиб қолмасликка чақирдими, Исроилга қурол берилишидан норози АҚШ амалдори истеъфога чиқди

ғазоликлар

Сурат манбаси, EFE/REX/Shutterstock

  • Исроил сўнгги кеча кундузда Ғазодаги юзлаб биноларга зарба берди.
  • Байден Исроил ҳукуматига урушда чуқур кетмаслик борасида "аниқ" ишора бергани айтилмоқда.
  • АҚШ Давлат департаменти директори Исроил-Ғазо уришида расмий Вашингтоннинг бир томонга қурол етказиб бериш қароридан норози бўлиб истеъфога чиқди.
  • Вашингтонда бир гуруҳ яҳудийлар урушни тўхтатишни талаб қилиб капитолий биносини кириб олди.

Исроил армияси сўнгги 24 соат ичида Ғазодаги юзлаб жойларга ҳаводан зарба берди. Ғазодан келаётган тасвирларда фаластинликлар вайроналар остида қолган бинолар устида тургани ва кўчаларни вайроналардан тозалаётганини кўриш мумкин.

Исроил Мудофаа кучлари зарбалар натижасида "Террорист Ҳамаснинг юзлаб инфратузилмаси йўқ қилинганини" айтган.

Исроил армияси олдин Twitter номи билан машҳур X тармоғида "Ғазо сектори бўйлаб доимий ҳужумларда давом этга"ни ва натижада "танкларга қарши ўт очадиган истеҳкомлар, туннеллар, истиҳборот тузилмалари, бошқарув ва бошқа қароргоҳларни йўқ қилган"ини таъкидлаган.

Хабарда, шунингдек, "10 дан ортиқ террористлар йўқ қилингани" айтилади.

Байден уруш борасида Исроилга нима деди?

учрашув

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШ Президенти Жо Байденнинг минтақага қилган сафари якунланган. Ғазодаги касалхонанинг портлатилишидан сўнг, Байденнинг араб давлатлари раҳбарлари билан учрашувлари бекор қилинган бўлса-да, у Исроил Бош вазири Бен��мин Нетаняҳу билан кўришган ва Исроил билан бирга эканлигини намойиш қилган.

Ташриф натижасида АҚШ Ғазо бўлгаси ва Ғарбий соҳилдаги фаластинликларга 100 миллион доллар гуманитар ёрдам ажратишини маълум қилган.

Шунингдек, Миср ва Исроил Рафаҳ чегара назорат нуқтаси орқали инсонпарварлик юкларини ўтказишга рози бўлишган.

Исроил-Ғазо урушига алоқадор мақолалар:

Байден Исроилга мисли кўрилмаган ҳарбий ёрдам ҳақида гапирган ва буни шу ҳафта охирида конгрессдан сўрашини айтган.

Би-би-сининг дипломатик мухбири Пол Адамснинг айтишича, Байден Нетаняҳу ҳукуматига аниқ ва тиниқ огоҳлантириш берган.

"Президент, шунингдек, қуруқликдан бостириб киришни режалаштирган Исроилга бир нечта маслаҳатлар берди. Унинг айтишича, Исроил террористлар тушунчаси билан эмас, қонун устуворлиги билан яшайди ва ўзининг мақсадларини аниқлаб олиши керак", дейди Пол Адамс.

харита

Байденга кўра, Исроил олдига қўйган мақсадларга бу йўл олиб борадими йўқми, холис баҳо бериш керак.

Би-би-си мухбирининг таъкидлашича, бу Нетаняҳу ҳукуматига берилган аниқ огоҳлантиришдир: чуқурлашманг.

Би-би-сининг халқаро муҳаррири Жереми Боуэнга кўра, Байден Исроил АҚШ 2001 йили, 11 сентябрда Нью Йоркка қилинган ҳужумдан сўнг содир этган хатоларидан сабоқ чиқариши кераклигини урғулаган.

"Президент Жо Байден ва Бош вазир Бенямин Нетаняҳунинг шахсий учрашуви қандай оҳангда ўтганини билмаймиз. Аммо қизиғи шуки, Байден нутқининг марказий қисмида 11 сентябр ҳужумлари ҳақида сўз юритган ва Америка адолат йўлида кейинчалик афсус қилган ишлари ҳақида эслатган. Демак, бу исроилликларни омма олдида дўстона огоҳлантириш эди", дейди у.

Би-би-си муҳаррирининг айтишича, минтақадаги матбуот Байден "ўйин қоидаларини" ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда, деб ёзган.

иқтибос

"Исроил бунга қулоқ солишга мажбур, чунки унга икки нарса керак - АҚШ конгрессидан пул ва Ливандаги Ҳизбуллоҳни тийиб туриш учун Ўрта ер денгизи шарқидаги АҚШнинг ўта кучли иккита ҳаво кучларини ташувчи кемаси. Исроил Эронга ҳам кучли ишора бериш керак, чунки иккинчи фронт уларга ҳарбий жиҳатдан жуда қийин бўлади".

АҚШ Давлат департаменти директори АҚШ ёндошувидан сўнг истеъфога чиқди

Американинг ҳамкорларига қурол-яроқ етказиб беришга масъул бўлган агентлигида ишлаган АҚШ Давлат департаменти расмийси истеъфога чиқди.

Жош Пол маъмуриятнинг Исроилга қурол-яроқ етказиб бериш қарорлари билан келишмаслигини айтган.

iqtibos

АҚШ Давлат департаменти Сиёсий-ҳарбий ишлар бюросининг конгресс ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори бўлган Пол LinkedIn да шундай деган:

"Мен бир қатор муҳим сиёсий қарорларни дастаклаб, ишлай олмайман. Жумладан, можаронинг бир томонидагиларга зудлик билан қурол бериш, менимча, бу узоқни кўра билмаслик, бузғунчилик, адолатсизлик ва биз очиқ ҳимоя қиладиган қадриятларга терсдир", деган Жош Пол.

Пол Ҳамаснинг Исроилга ҳужумнинг "даҳшатли" эканлигини тан олиш билан бирга, Исроилнинг жавоби исроилликлар ва фаластинлик учун фақатгина "кўпроқ ва оғир азоб-уқубатлар" олиб келишига ишонишини айтган.

Капитолий залларида "ўт очишни ҳозир тўхтатинг" чақириқлари янгради

намойишчилар

Би-би-сининг Америкадаги мухбири Бернд Дебусманнинг хабар беришича, АҚШ Капитолий мажмуасининг бир қисми бўлмиш Cannon House да Ғазодаги урушга қарши бўлган намойишчилар кириб олишган.

"Тинчлик учун яҳудийлар овози" гуруҳи, Сионистларга қарши чап чанот яҳудийлар фаолллари гуруҳи зудлик билан Исроил ва Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирган.

"Ҳақиқий хавфсизликка эришишнинг ягона йўли бу ушбу даҳшатли зўравонликнинг асосий сабабларини топиш ва барҳам бериш. Тинчлик ҳаракати тенглик, адолат ва эркинлик каби тамал анрсаларга ишонади", дейди ташкилотчи.

Йиғилганларнинг аксари АҚШ ҳукумати томонидан Исроилга кенг ваколат берилгани ва Ғазодаги фуқароларнинг йўқотишларига етарли муносабат билдирмаганликда айблаган.

Капитолий полицияси йииғилганларни ҳибсга ола бошлаган юироқ қанча одам ҳибсга олингани номаълум.

Юзлаб намойишчилар Британия ҳукумати жойлашган Downing Street қаршисида йиғилган ва Ғазодаги Ал-Аҳли касалхонасида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган акцияда иштирок этган.

намоз

Сурат манбаси, Reuters

Чоршанба куни Лондонга ёққан кучли ёмғир остида намойишчилар "Қирғинни тўхтатинг" ва "Ғазони бомбалашдан тўхтанг" каби ёзувларни кўтариб олган.

Намойишчиларнинг бир гуруҳи ҳукумат биноси қаршисида шом намозини ўқиган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002