Исроил ва Фаластин аҳолиси энг даҳшатлиси ҳали олдинда бўлиши мумкинлигидан қўрқиб яшамоқда

  • Жереми Боуэн
  • Би-би-си халқаро муҳаррири
Фаластинликлар Исроилнинг Ғарбий соҳилга ҳужумида ўлган Маҳмуд Сейфнинг жанозасида.

Сурат манбаси, Fred Scott

Сурат тагсўзи, Фаластинликлар Исроилнинг Ғарбий соҳилга ҳужумида ўлган Маҳмуд Сейфнинг жанозасида.

Сўнгги кунларда мен Исроил жанубида, Ғазо сектори билан чегара яқинида, Ғарбий соҳилда, консерватив яҳудий кўчманчилар манзилгоҳларида ва қочқинлар лагерига рейд вақтида Исроил армияси томонидан ўлдирилган икки фаластинликнинг жанозасида бўлдим.

Собиқ Исроил раҳбари билан Тел-Авивдаги кўп қаватли бинодаги кабинетида ва Фаластиннинг юқори мартабали амалдори билан Рамаллоҳдаги офисида гаплашдим. Тел-Авивда исроиллик бир ота қизининг туғилган куни учун олинган торт ҳали ҳам музлатгичда турганида хотини ва уч нафар ёш боласини Ҳамас жангарилари гаровга олиб кетгани ҳақида гапириб берди.

Аммо Ғазога кира олмадим. У ерга фақат кичик ёрдам карвонлари, рейдлар ёки разведка учун айрим Исроил жанговар бўлинмалари кира олади.

Сўнгги икки ярим ҳафта ичида 2000 йилдан 2004 йил охиригача давом этган иккинчи Фаластин интифадасидан (қўзғолонидан) кўра кўпроқ фаластинлик ва исроиллик ўлди.

Мен учрашган турли одамлар, фаластинлик ва исроилликлар ҳамда чет элликларда бир нарсани сездим. Охирги интифададан буён узоқ давом этган тизимли тўқнашувлар тартиби 7 октябрда буткул бузилди ва энди бундан баттари бўлиши мумкин деган кучли хавотир бор эди уларда.

Ишғол остидаги Фаластин ҳудудларига Ғазо ва Ғарбий Соҳил, жумладан, Шарқий Қуддус ҳам киради. Исроил уларни 1967 йилги Яқин Шарқ уруши пайтида Суриядан тортиб олинган Жўлон тепаликлари билан бирга эгаллаб олганди.

Бу Исроил тарихидаги атиги олти кун ичида эришилган энг йирик ва энг тезкор ғалаба эди. Фаластинликлар фалокат ёки «ан-Нақба» деб атайдиган, Исроилнинг 1948 йилдаги мустақиллик урушидан 19 йил ўтиб, 1967 йилги уруш оқибатида ҳозирги можаролар майдон пайдо бўлди.

Ҳамас жангарилари 7 октябрда Исроилга мисли кўрилмаган ҳужумни қилишди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳамас жангарилари 7 октябрда Исроилга мисли кўрилмаган ҳужумни қилишди.

Исроил ва Фаластин ўртасидаги урушни кузатаётган бошқа кўплаб одамлар сингари, мен ҳам сўнгги бир неча йил ичида катта портлаш яқинлашаётганини ҳис қилган эдим.

Бу портлаш 2018 йил 14 майида, Президент Доналд Трампнинг АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш ҳақида қароридан кейин кузатилган даҳшатли зўравонлик пайтида бошланган бўлиши мумкин деб ўйлайман.

Президент Трамп Қуддуснинг мақоми ноаниқлиги ҳақидаги халқаро конвенцияни рад этди, ваҳоланки Исроил ҳам, Фаластин ҳам уни ўзининг пойтахти деб даъво қилади. Трамп Исроил томонида турди. Исроилнинг бошқа иттифоқчиларининг аксарияти, шу жумладан, Британиянинг ҳам элчихоналари Тел-Авивда.

Президентнинг қизи Иванка Трамп элчихонани очар экан, телерадиокомпаниялар Исроил ва Ғазо сектори чегарасида даҳшатли зўравонлик бошланганини кўрсатарди.

Чегара тўсиғи ёнида минглаб фаластинликлар Ҳамаснинг "буюк қайтиш марши" деб аталмиш намойишини ўтказаётган пайтда исроиллик аскарлар ўқ узди. Намойишчилардан баъзилари тўсиқни ағдаришга уринди. 59 нафар фаластинлик отиб ўлдирилди, минглаб одамлар яраланди. АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳар қандай давлат ўз чегарасини ҳимоя қилишга ҳақли деди.

BBC

Эртаси куни анча тинч эди. Бир неча ҳафта ўтгач, можаро яна давом этди. Бенямин Нетаняҳу ва унинг Трамп маъмуриятидаги иттифоқчилари фаластинликларни жиловлай олганликларидан мамнун эдилар.

Эҳтимол, айнан шу пайтда Ҳамас чегарани бузиб ўтиш ва Исроилга ҳужум қилишнинг анча вайронкор усулини режалаштира бошлаган ва бу 7 октябрдаги ҳужумларга олиб келган.

Бенямин Нетаняҳунинг қарори, яъни Исроил муҳимроқ масалаларни ҳал қилар экан, фаластинликларни шунчаки давомий тийиб туравериши мумкинлиги, можаро эса енгил ва сурункали давом этавериши ҳақидаги тасаввури жиддий стратегик хато бўлиб чиқди.

Фаластиннинг Ғарбий Соҳилдаги де-факто пойтахти Рамаллоҳдаги Сабри Саидамнинг офисига тош зина бўйлаб чиқдим. У Лондон Империал коллежида таҳсил олган, президент Маҳмуд Аббоснинг маслаҳатчиси ва бир пайтлар Фаластин Озодлик Ташкилотини бошқарган Ёсир Арофат бошчилигидаги Фатҳ ташкилотининг юқори мартабали аъзосидир.

"Тарих яна такрорланяпти" дейилади бу плакатда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Тарих яна такрорланяпти" дейилади бу плакатда.

Жаноб Аббос 1990-йилларда Осло тинчлик музокараларида Фаластин мустақил давлатини қуришга тайёрланаётган муваққат ҳукумат сифатида тузилган Фаластин маъмуриятига раҳбарлик қилади. Ҳозир бу маъмурият юмшоқ айтганда муниципал функцияларни бажариб, иш ўринлари яратаётган дастур холос, қаттиқроқ айтганда эса самарасизлик ва коррупция рамзи бўлиб қолган. Аббос 2006 йилдан бери сайланмасдан маъмуриятни бошқариб келмоқда.

Сабри Саидамнинг айтишича, Фаластин маъмурияти америкаликларни Бенямин Нетаняҳу фаластинликларни тийиб турган ҳолда, нефтга бой Форс кўрфазидаги араб монархиялари билан муносабатларни нормаллаштиришга уриниши хато бўлиши ҳақида огоҳлантирган эди.

"Реакция яқинлашиб келаётган эди. Унинг миқёси ва шакли қандай бўлишини ҳеч ким билмас эди. Аммо биз америкаликларга кўп маротаба бу жараёнларда Фаластин билан ҳисоблашиш кераклигини айтдик. Сиз аралашишингиз керак. Тинчлик жараёнига жиддий қарашингиз керак дедик".

У Ҳамас одамлардан тирик қалқон сифатида фойдаланаётгани рад этади ва Исроил ҳозир «геноцид» қиляпти дейди.

Тинчлик жараёни Исроил ёнида мустақил Фаластинни яратиш орқали можарога чек қўйиш кўзланган кўп йиллик муваффақиятсиз музокараларни англатади. Сўнгги бир неча ҳафта ичида бу ерга келган Президент Жо Байден, Бош вазир Риши Сунак, Президент Эммануэл Макрон ва бошқа юқори мартабали ��малдорлар яна бир бор таъкидлаган "икки давлат ечими" ягона реал ечимдир.

Муаммо шундаки, тинчлик жараёнинг ўзи йўқ - америкаликлар сўнгги бор ўн йил аввал Президент Барак Обама даврида уни қайта тиклашга уриниб кўрди ва бунинг уддасидан чиқа олмади, икки давлат ечими қуруқ шиорга айланиб қолди.

Бир неча ой аввал минглаб исроилликлар Нетаняҳуга қарши намойишларга чиқишганди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бир неча ой аввал минглаб исроилликлар Нетаняҳуга қарши намойишларга чиқишганди.

Мен собиқ бош вазир Еҳуд Баракнинг Тел-Авивдаги кўп қаватли бинодаги шиша деворли кабинетига бордим. 1973 йилда махсус кучларнинг ёш қўмондони сифатида у Ливанга "Ёшлар баҳори" операцияси деб аталган рейдни режалаштирган ва бошқарган. Ўшанда Барак бўяниб, сарғиш парик кийиб аёл қиёфасида борган, Байрутга яширинча кирган ва жиддий оқибатли рейд ўтказган эди.

Жаноб Барак Исроил армиясига қўмондонлик қилган ва 1999-2001 йилларда Бош вазир бўлган, Бенямин Нетаняҳу даврида мудофаа вазири бўлиб ишлаган.

Ўшандан бери Еҳуд Барак ва Бенямин Нетаняҳу сиёсий душманга айланди. Барак Нетаняҳуни Исроилни Ҳамас олдида ҳимоясиз қолдирган хатоларда айблайди. Унинг фикрича, Бош вазирнинг узоқ йиллик ҳокимияти армия Ҳамас билан тўқнашгандаёқ тугайди.

"Урушда ғалаба қозониш вақт талаб этади, - дейди жаноб Барак, - кейин оққан қонлар оддий нарса бўлмайди... ўшанда ғазаб вулқони отилади ва бу ҳукуматни ҳокимиятдан учирворади."

Нетаняҳунинг (ҳеч бўл��аганда ҳозиргача) Ғазога қўшин киритишни истамаслиги сабабларидан бири 200 дан ортиқ гаровга олинганлар, асосан, Исроил фуқаролари борлигидир. Ҳамас улардан Исроилга босим ўтказиш учун фойдаланмоқда.

Тўрт нафар гаровга олинган озод қилингани ва яна кўплари озод қилиниши ҳақидаги гаплар икки томон ўртасидаги психологик урушда самарали тактикага айланди. Исроилда гаровга олинганлар озод этилмагунича қуруқликдан қўшин киритишни кечиктиришни талаб қилаётган овозлар кучаймоқда.

Мейр Симча ишғол остидаги Ғарбий соҳилда жойлашган яҳудий қишлоғини машете (чопқи) билан ҳимоя қилмоқчи.

Сурат манбаси, Oren Rosenfeld

Сурат тагсўзи, Мейр Симча ишғол остидаги Ғарбий соҳилда жойлашган яҳудий қишлоғини машете (чопқи) билан ҳимоя қилмоқчи.

Еҳуд Барак ҳам Исроил Ҳамасни тамоман йўқ қилиш учун Ғазога қўшин жўнатиши керак, деб ҳисоблайди. Аммо, унинг айтишича, Бош вазир Нетаняҳу ва унинг уруш даври ҳукумати қийин танловлар олдида турибди.

"Агар бошқа йўл топилмаса, биз буни барибир қилишимиз керак, шундай қилмасак, инсониятга қарши жиноят содир этган ваҳшийлар ва террорчиларни, 1500 кишини ўлдирганларни жазосиз қолдирган бўламиз... Жуда оғриқли ва қийин қарор қабул қилишга тўғри келади."

Мен бу ҳафта Ғарбий Соҳил бўйлаб икки кундан кўпроқ машинада кездим ва Исроилнинг қаттиқ назорати остидаги ва вазият ўта таранг бўлган ҳудудни кўрдим. Минглаб аскарлар Фаластин қишлоқларини қамал қилган, йўл тўсиқлари ўрнатилмоқда ва халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний ҳисобланадиган яҳудий аҳоли пунктларини ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда.

Ҳеврон яқинидаги яҳудийлар манзилгоҳида қуролланган муросасиз яҳудий миллатчилари менга фаластинликларга қарши қурол ишлатишга фурсат бўлишини кутишаётганини айтишди. Чарм ғилофдаги катта ҳанжарни кўтариб юрган уларнинг етакчиси Мейр Симча менга Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужуми биз учун кутилмаган бўлмади дейди. Унинг айтишича, Исроилдаги кўпчилик асл ҳақиқатни кўриши учун жуда кўп яҳудий ўлиши жуда ачинарли.

"Урушда қурол ва тепки бор, - дейди у. - Ҳали тушунмаганлар учун: биз урушдамиз. Бошқа томон раҳм-шафқат билмайди ва биз ҳам худди шундай қилишимиз керак. Танлов йўқ".

Ғарбий соҳил шимолида, Рамаллоҳ яқинидаги Жалазон қочқинлар лагерида эса Исроил армияси рейдида ҳалок бўлган икки фаластинлик йигит дафн этилди. Одамлар даҳшат ва ғазаб ичида. Исроилликларга тош отаётганда узилган ўқдан ўлган Маҳмуд Сейфнинг амакиваччаси Мустафо ал-Аян Исроил ҳарбийлари Ҳамаснинг 7 октябрь кунги ҳужуми учун бизни жазолаш учун келган эди дейди.

"Улар Ғазодаги қаршилик гуруҳлари уларга зарар етказгани учун Ғарбий Соҳилга қасос олиш учун келишмоқда. Ҳозир улар Ғарбий Соҳилдаги одамларга ҳужум қилмоқда. Аллоҳ Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдаги барча шаҳидларни раҳматига олсин" дейди у.

Фаластинликлар Исроил ҳозирги инқироздан фойдаланиб, 1948 йилдаги миқёсда яна бир Накба ёки фалокат яратишга ҳаракат қилмоқда, деб қўрқмоқда. Бунинг далили бир миллиондан ортиқ ғазоликнинг жанубга қочишга мажбур бўлгани, баъзи исроиллик сиёсатчилар буфер зона сифатида фойдаланиш учун ер участкаларини тортиб олиш орқали Ғазони кичрайтиришга уринаётганидир дейди улар.

Рамаллоҳда Фатҳ вакили Сабри Саидам Бош вазир Нетаняҳунинг сентябрь ойида БМТда кўрсатган ҳаритаси ҳақида гапирди. Унда Ғарбий Соҳил ва Ғазо сектори Исроил таркибида кўрсатилган эди.

"Нетаняҳу БМТ Бош Ассамблеясида кўрсатган ҳаритада Ғарбий Соҳил ва Ғазо йўқлигини ҳар ким кўрди. Демак, бундан англашиладиган умумий тушунча шуки, Нетаняҳу фаластинликларни кўчириш орқали Ғазони аннекция қилинишига йўл очмоқчи."

Ўтмиш ҳар икки томон кайфиятини шакллантирмоқда. Исроил учун бу нацистлар Германияси қўлида европалик яҳудийларнинг қирғин қилинишидир. 7 октябрдаги ҳужум яҳудийлар учун нацистлар қирғинидан кейинги энг ёмон кун деб аталди. Концлагерларга олиб борилган яҳудийларнинг қай бири газ камераларига юборилиши ва қай бири ўлгунча ишлатилиши аниқланган. Буни «селекция» деб аташарди. Ҳозир бу сўз чет эллик гаровга олинганларни исроилликлардан олдин озод қилиш бўйича келишувга эришиш ҳақидаги таклифларга нисбатан қўлланмоқда. . .

Фаластинликларнинг исроилликлар билан муштарак жиҳати деярли йўқ, айниқса ҳозир, ўтмиш сояси ва келажак олдидаги қўрқувдан бўлак.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002