Ҳиндистон: Бузиб ташланган Бобур масжиди ўрнида Рам худоси ибодатхонаси очилди Yangiliklar, Din

Бош вазир Моди ибодатхонада
Сурат тагсўзи, Бузиб ташланган Бобур масжиди ўрнид�� Рам худоси бутхонаси очилди.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Айодҳя шаҳрида ҳиндуларнинг Рам худосига атаб қурилган улкан ибодатхонани очиб берди.

Ибодатхона 1992 йили ҳиндулар оломони томонидан бузиб ташланган XVI асрга оид Бобур масжиди ўрнига қурилди.

Масжиднинг бузилиши мамлакат бўйлаб тартибсизликлар келтириб чиқарган ва 2000 одам ҳалок бўлганди.

1992 йилнинг 6 декабри Ҳиндистон тарихидаги бурилиш бўлди. У, шунингдек, ўнг қанот ҳинду сиёсатчиларининг ҳокимият пиллапояларида кўтарилишида ҳам муҳим ҳодиса бўлди. Улар ҳозир қаторасига учинчи марта ҳокимиятда қолишга ҳаракат қилишмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Кўплаб ҳиндулар мусулмон подшоҳ Бобур бундан 500 йил олддин Рам худоси туғилган жойда қад ростлаган ибодатхонани бузиб, ўрнига масжид солган, деб ишонади.

Ҳинду миллатчилари масжид томида

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ҳинду миллатчилари 1992 йили Бобур масжидини бузиб ташлашгач, Ҳиндистон бўйлаб диний зўравонликлар кучайганди.
Қиёсий суратлар

Узоқ йиллар давом этган маҳкама тортишувларидан сўнг Бобур масжиди ўрни ҳиндуларга Рам худоси ибодатхонасин қуриш учун берилган.

Мусулмонларга эса масжид қуриш учун бошқа ер ажратилган.

Ибодатхона қурилиши 217 миллион долларга тушди. Уни қуриш учун очилган жамғарма вакилларига кўра маблағ хусусий хайриялардан тўпланган.

Ибодатхона ичида

Танқидчилар ҳукуматни мамлакатдаги диний байрамларни нишонлаш борасида ҳаддидан ошганликда айблашмоқда. Конституцияга кўра, давлат дунёвий ҳисобланади.

Айодҳядаги маросимга минглаб меҳмонлар, жумладан, кино юлдузлари ва машҳур крикетчилар таклиф қилинди.

Уларнинг орасида Ҳиндистоннинг ўта машҳурлари Болливуд юлдузи Амитабҳ Баччан ва крикетчи Сачин Тендулкар ҳам бор эди.

Бироқ айрим ҳинду руҳонийлар ва аксар мухолифат Моди ундан сиёсий манфаат кўриш учун фойдаланди деб, тадбирни бойкот қилишди.

Келаси ойларда Ҳиндистонда сайлов бўлади ва Модининг сиёсий рақиблари қудратдаги Бҳаратия Жаната партияси аҳолининг 80 фоизини ҳиндулар ташкил қиладиган мамлакатда ибодатхона номидан фойдаланиб, овоз йиғишини таъкидлашади.

iqtibos

Расмийлар Айодҳядаги ибодатхона тўлиқ битса унга бир кунда 150 минг зиёратчи келишини кутишмоқда.

Айодҳя ҳинд афсоналарида Рам худосининг туғилган ери дея таърифланган.

"Умидимиз рўёбга чиқди. Гўёки ҳудонинг ўзи ўнгимизда намоён бўлгандек", дейди ҳинду аёллардан бири.

Бу шаҳар Ҳиндистоннинг тамал тошидек. У ислом ва ҳинд динларининг учрашган ерида жойлашган.

Ибодатхона бир вақтлар масжид бўлган жойда қурилди.

Кўплар буни ҳиндуизмнинг устуворлиги сифатида талқин қилишмоқда.

"Биз ҳеч кимнинг масжидини бузмоқчи эмасмиз. Аммо бу масжид бизнинг худомиз туғилган ерда қурилганди. Биз энди бунга тоқат қилмаймиз" дейди яна бир ҳинду аёл.

Бу жой ҳиндларга Олий маҳкама қарори билан берилган.

Айодҳялик мусулмонлар учун бу жуда оғриқли хотира

Анвари Бегумнинг эри Моҳаммад Айодҳяда ўлдирилган 17 инсондан бири эди.

Унинг Би-би-сига айтишича, эрининг қўл-оёқларини кесиб, жасадини қопга тиқишган. Ўша куни мен энг яқин суянчиғим, ҳаётдаги йўлдошимдан айрилдим дейди у.

Ўғли Суҳроб мамлакат раҳбарлари уларга ёрдам беради деб умид қилганди.

"Улар келиб, бу қилмишлар нотўғри, деб қўллов кўрсатишлари керак эди. Аммо бундай қилишмади", дейди Суҳроб.

Кўпларнинг Би-би-сига айтишларича, бу маросимдан кейин зўравонликлар яна авж олиши мумкин. Шунинг учун бир неча ҳафтага шаҳарни тарк этишмоқда.

"Мамлакатдаги ҳамма сиёсий кучлар бу каби диний-сиёсий танглик даврида тинчликка даъват қилишган, аммо Бош вазир раҳбарлик қилган Бҳаратия Жаната Партияси ўзининг ҳиндуизмни тарғиб қилишнинг тажовузкор сиёсати доирасида ибодатхона қурилишини қўллаган. Ана шу сиёсат туфайли ҳам бир неча 10 йил аввал кичик сиёсий ҳаракат бўлган БЖП ҳозирда енгиб бўлмас кўрилган йирик кучга айланган", дейди Би-би-си мухбири Йогита Лимайе.

Ибодатхона очилиши Бош вазир Модининг қайта сайланиш учун янги ҳаракатларининг ибтидоси сифатида кўрилмоқда.

Бу амаллар унга яна бир йирик ғалабани таъминлаши кутилмоқда. Аммо бу ғалаба мамлакат аҳолисини янада қутблаштириши мумкин.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.