Авдиивка: Мингга яқин украиналик ҳарбий асирга тушдими – Киев жавоб берди Yangiliklar

kiyim

Сурат манбаси, Getty Images

New York Times нашри Авдиивкадан чекинаётганда мингга яқин украиналик ҳарбий асирга тушган бўлиши мумкинлиги ёзди. Расмий Киев бу хабарларга қатъий жавоб қайтарди.

20 феврал куни чоп қилинган мақолада 850 дан 1000 нафаргача бўлган аскар асирга тушган бўлиши мумкин ёки бедарак йўқолган хисобланмоқда.

"Украинанинг чекиниши ҳақида биладиган икки аскар, асирга тушган ёки бедарак кетган бўлиши мумкин бўлган 850 дан 1000 нафаргача аскарни санашди. Ғарблик расмий шахслар ушбу гаплар тўғри бўлиши мумкинлигини айтишди", деб ёзди нашр.

"Таврия" ҳарбий тезкор-стратегик гуруҳи вакили Дмитрий Лиховой Би-би-си Украин хизматига ушбу хабарни рад қилди.

"Бу ҳолатда New York Times Россия талқинини тарқатмоқда", деган у.

У Авдиивкадаги амалиётнинг сўнгги босқичида душманнинг қўли устун келиб босим остида қолиш натижасида Украинанинг бир қанча ҳарбийлари асирга тушганини билдирди. Аммо гап юзлаб ҳарбийлар ҳақида кетмаётганини таъкидлади.

Ойларча давом этган қақшатқич жанглардан сўнг Россиянинг кичик қўшини Украина шарқидаги вайрон бўлган Авдиивка шаҳарчасини эгаллади.

bino

Сурат манбаси, White Angels

Украина уруши: уруш вайрон қилган арвоҳ шаҳарча

Би-би-си мухбири Абдужалил Абдурасулов ўтган ой шаҳар учун қақшатгич жанглар кетаётган паллада, у ердаги вазиятни ўрганди.

Авдиивка Россия назоратидаги Донецк шаҳрига бориш учун дарвоза саналади. Бу шаҳарча 2014 йилда Украина шарқида можаро бошлангандан буён фронт ҳудуд бўлиб келган.

Рус қўшинларининг уни олишга бўлган уриниши муваффақиятсиз бўлаётган эди. Ҳозиргача.

Авдиивкадан қочган аҳоли ва бошқаларни эвакуация қилишга уринаётган кўнгиллиларнинг Би-би-сига айтишича, рус аскарлари яқинда шаҳар жанубидаги бир қанча кўчаларни эгаллади.

Исмини ошкор қилишни истамаган кўнгиллилардан бири уларни биринчи марта 19 январь куни чеккада кўришганини айтди.

"Баъзи одамлар бу ҳудудлардан чиқиб кетишга улгурди, аммо бу икки кун олдин эди", дейди у. "Ҳозир ҳеч ким чиқмаяпти. Кўчаларда жасадлар борлиги ҳақида маълумот оляпмиз, лекин у ерга бориш жуда хавфли".

xavfsiz joyga chiqayotganlar

Урушдан олдин Авдиивкада 30 мингдан ортиқ одам яшаган. Ўтган ёзда 1650 га яқин эди. Ҳозир 1000 дан сал кўпроқ қолди. Кўпчилик қочди, кўплари ҳалок бўлди.

Шаҳарча ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Барабашнинг айтишича, чекка ҳудудларга Россиянинг катта бўлинмалар эмас, балки кичик саботаж гуруҳлари етиб келган.

"Улар жиддий куч билан келишгани йўқ. Ҳа, улар қанчадир муваффақиятга эришди, лекин ҳамма гапираётган кўча - Соборная кўчаси бизнинг назоратимизда. Биз уларни чекинтирдик", дейди у Би-би-сига.

Бироқ руслар 2022 йил февралида кенг кўламли босқин бошланганидан бери биринчи марта шаҳарга киришга муваффақ бўлди.

Ўтган йил октябридан бери руслар тинимсиз артиллерия ва ҳаво ҳужумларини бошлади. Расмийлар айтишича, биргина январь ойида 300 дан ортиқ бошқариладиган бомба ташланган.

Бинолари вайронага айланганлиги сабабли, Авдиивка қабристонга, қандайдир, арвоҳ шаҳарга айланди.

bino

Ҳалок бўлганлар вайроналар остида қолмоқда, чунки вайроналарни тозалаш учун фавқулодда хизматлар ёки техника йўқ.

Тинч аҳолини эвакуация қилаётган кўнгилли Влад Маховский Би-би-сига бир неча кун аввал маҳаллий аҳолидан бирининг хабарини кўрсатди.

"Соборная кўчасида одамлар яшайдиган ертўла вайрон бўлди, кўп одамлар ҳалок бўлди", дейилади хабарда.

Кўнгилли у ерга бора олмади, чунки кўча ҳозир фронт чизиғига айланган.

Геннадий Юдин ва унинг ҳамкасби Дмитрий Соловий эвакуацияни ташкил қилувчи "Оқ фаришталар" полиция бўлинмаси аъзоси.

Улар кўпинча портлашлар содир бўлган жойга биринчи етиб боришади ва кейинги ҳужумлар нишони бўлишади.

Ўтган ой бошида, ҳаво ҳужуми содир бўлган жойдаги бир уйда улар кўп қон кетаётган аёлни топишди.

iqtibos

Унга қараётганларида яқин атрофда ўқ узилди. Кўп ўтмай, дрон бомба ташлади, у уларнинг машинаси ёнида портлади.

Ҳозир одамлар катта гуруҳ бўлиб ертўлаларда қолишдан қочади. Россия дронлари одамлар тўпланган жойларини аниқлаб, бомба ташлаши мумкин, дейди Виталий Барабаш.

Улар печлардан чиқаётган тутунни сезади, дея қўшимча қилади у.

Отишма ва чидаб бўлмас яшаш шароитларига қарамай, жойларини ташлаб кетишни истамайдиган одамлар ҳали ҳам бор.

Жаноб Юдиннинг айтишича, кўп одамлар янги жойга кўчиб ўтиш мавҳумлигидан қўрқишади.

"Оқ фаришталар" Би-би-си билан баҳам кўрган видеолардан бирида улар уйи яқинига бир нечта ракета тушган кекса аёлдан хабар олгани боргани тасвирланган. Улар набиралари олдига олиб кетишни сўрашди, лекин у рад этди.

"Йўқ, шу ерда ўламан", дейди у заиф овоз билан. У зўрға юради.

Кўплаб украиналиклар фронтдаги қишлоқ ва шаҳарларда қолганларни россияпараст фикрловчилар деб ўйлашади. Баъзан бу тўғри бўлиши мумкин, аммо ҳозир, ўлим эшик қоқиб турганда бунинг сиёсий сабаби бўлиши даргумон.

Шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, жанглар кучайгани сабабли кетаётганлар сони ортяпти - октябрдан бери уларнинг сони 400 кишини ташкил қилган.

Баъзилар жароҳат олгани ва шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожлиги сабабли кетади.

"Хотиним оғир касал, шунинг учун кетишга қарор қилдим, - дейди Виктор. - Унга ёрдам бериш учун ҳам кетишим керак."

Кўнгилли Влад Маховский билан бирга кетган олти киши орасида Виктор ҳам бор. Улар ўз шаҳарларидан 50 км узоқликда жойлашган Мирноградда қисқа тўхташ чоғида Би-би-си билан суҳбатлашди.

Йўлак бўйлаб юраётган одамлар светофорда кутиб турган машиналарга қизиқсиниб қарашарди. Улар деярли икки йил давомида бундай манзарани кўрмаган.

Ярим соат олдин, улар Авдиивкадан кетаётганларида иккинчи машина яқинида снаряд портлаган, бироқ хайриятки ҳеч ким жабрланмаган.

79 ёшли Екатерина Василевна ҳозирда "ҳаёт йўли" деб аталадиган йўл бўйлаб юришдан ҳали ҳам титрайди.

Унинг уйи ёнига снарядлар ва ракеталар уч марта тушди, аммо эрининг ўлими уйни тарк этишга мажбур қилди. "У нон сотиб олгани чиққанча қайтмади, - дейди у йиғлаб. - Мен ёлғиз қолдим. Зарбалар пайтида жуда қўрқиб кетдим, оёғим фалаж бўлиб қолди".

У юзидаги кўз ёшларини артди, хотиралар келаверади. "Уйим ёниб кетди, шифт қулади. Улар қўшни уйга зарба берганди - портлаш бўлди ва у бир уюм лойга айланди. Ундан ҳеч нарса қолмади."

Унинг ҳамроҳи Рома кетишни истамаган бобоси ва бувисини қолдириб келган. "Бувим фалаж, юра олмайди", дейди у.

"Майли, кетайлик энди! - дейди ҳайдовчи. - Худога шукур, бу ер тинч!"

Биринчи марта уруш даҳшатларини қолдирган йўловчилар юзларида табассум пайдо бўлади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002