АҚШ: Россия сунъий йўлдошларга қарши “хавотирга соладиган” қуролни ишлаб чиқмоқда

  • Бернд Дебушман Жр
  • Би-би-си, Вашингтон
Мутахассисларнинг Би-би-сига айтишларича, ҳар қандай қурол сунъий йўлдошларга таянувчи АҚШ учун катта бошоғриқ бўлиши мумкин. (file image)

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Мутахассисларнинг Би-би-сига айтишларича, ҳар қандай қурол сунъий йўлдошларга таянувчи АҚШ учун катта бошоғриқ бўлиши мумкин. (file image)

Россия «хавотирга соладиган» сунъий йўлдошларга қарши янги қуролни ишлаб чиқмоқда, деди АҚШ, аммо Москва уни ��али ишга туширмаганини таъкидлади.

Оқ уй матбуот котиби Жон Кирби бу ҳақда вакиллар палатасидаги юқори мартабали республикачи "миллий хавфсизликка жиддий таҳдид" ҳақида огоҳлантирганидан бир кун ўтиб изоҳ берди.

Алоқадор мавзулар:

Қурол фазога жойлаштирилади ва сунъий йўлдошларни йўқ қилиш учун ядровий қурол билан жиҳозланган, деб хабар берди Би-би-сининг АҚШдаги ҳамкори CBS News.

Аммо жаноб Кирби буни тасдиқламади ва пайшанба куни ушбу таҳдид ҳақида аниқ маълумот беришдан бош тортди.

Москва Қўшма Штатлар ҳукумати Конгрессни Украинага кўпроқ ёрдам кўрсатишга мажбурлаш учун Россиянинг янги қуроллари ҳақидаги даъволарни уйдиряпти деди.

Яқинда президент Жо Байденнинг ёрдамчиси этиб тайинланган жаноб Кирби журналистларга АҚШ жамиятига бевосита таҳдид йўқлигини айтди.

"Биз одамларга ҳужум қилинадиган ёки Ерда ҳалокатга олиб келадиган қуроллар ҳақида гапирмаяпмиз", деди у.

Президент Байденга разведка маълумотлари ҳақида маълумот берилди ва унинг маъмурияти қурол масаласига "жуда жиддий ёндашмоқда", деди Кирби. Унинг қўшимча қилишича, президент таҳдидга жавобан "Россия билан тўғридан-тўғри дипломатик алоқалар ўрнатишга" буйруқ берган.

BBC

Вакиллар палатасининг разведка қўмитаси раиси Майк Тёрнер чоршанба куни миллий хавфсизликка жиддий таҳдид ҳақида огоҳлантириш эълон қилди ва бу мамлакат пойтахтида миш-мишларга сабаб бўлди.

Пайшанба куни Тёрнер ва бошқа қўмита аъзолари ушбу масалани яна муҳокама қилиш учун миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк ��алливан билан учрашди.

"Маъмурият бунга жиддий ёндашаётгани ва аниқ режаси борлигига ишондик", деди жаноб Тёрнер учрашувдан кейин. "Биз ушбу лойиҳани амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлаймиз."

Космик қуроллар илмий-фантастик романлар ва фильмларда учраса ҳам, ҳарбий экспертлар космос тобора урушнинг навбатдаги маконига айланиши мумкинлиги ҳақида анчадан бери огоҳлантириб келади.

Таҳдид ҳақида нима биламиз?

Жаноб Кирбининг изоҳларидан ташқари, АҚШ ҳукумати расмийлари ҳозирча таҳдид ҳақидаги аниқ тафсилотларни ошкор этмаган.

Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан чоршанба куни журналистларга АҚШ хавфсизлик идоралари таҳдид ҳақида разведка маълумотларини тўплаш учун "манбалар ва усулларни" биринчи ўринга қўйиши кераклигини айтди.

New York Times, ABC ва CBS хабарларига кўра, таҳдид Россиянинг фазодаги Америка сунъий йўлдошларини йўқ қилиш учун қўлланиши мумкин бўлган ядро қуролини яратиши билан боғлиқ.

Жаноб Кирби журналистларга қуроллар жойлаштирилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини айтди, аммо АҚШ таҳдидни "жуда жиддий" қабул қилганини таъкидлади.

Кўп йиллар давомида АҚШ расмийлари ва аэрокосмика мутахассислари Россия ва Хитой Қўшма Штатларга етиб олиш мақсадида коинотда ҳарбий салоҳиятини барқарор ривожлантираётгани ҳақида огоҳлантириб келади.

Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази ўтган йили эълон қилган ҳисоботда айтилишича, Россия бир қатор сунъий йўлдошга қарши қуролларни, жумладан, 2021 йил ноябрида совет давридан қолган сунъий йўлдошга қарши муваффақиятли синовдан ўтган ракетани ишлаб чиқмоқда.

Ҳисобот муаллифларидан бири, Пентагон разведка хизматининг собиқ юқори мартабали ходими Кари Бингеннинг Би-би-сига айтишича, Украинадаги уруш пайтида Россия сунъий йўлдош алоқаларига тўсқинлик қилиш учун киберҳужумлар ва сигналларни тирбандлаштириш каби турли бошқа усулларни қўллаган.

"Бу аллақачон уларнинг ҳарбий доктринасининг ��ир қисмига айланган", дейди у.

Одамлар хавотирга тушиши керакми?

Олий мартабали қонунчилар, жумладан, Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон жамоатчиликни огоҳлантиришга ҳожат йўқлигини айтди.

АҚШ армияси навигациядан тортиб нишонга олиш технологияларида сателлитларга таянади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ армияси навигациядан тортиб нишонга олиш технологияларида сателлитларга таянади.

Майк Тёрнер ҳам таҳдидни эълон қилгани учун баъзи танқидларга дуч келди. Республикачи ҳамкасби Энди Оглес уни "Америка халқининг хотиржамлигига" «бепарволик»да айблади.

Бироқ экспертлар ва собиқ амалдорлар Америка сунъий йўлдошларига ҳар қандай таҳдид катта оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

АҚШ армияси кузатув ва ракета учирилишини аниқлашдан тортиб, денгиз ва аэронавигация, GPS орқали бошқариладиган бомбалар ва жанг майдонидаги алоқаларда сунъий йўлдошларга кўпроқ таянади.

АҚШ Мудофаа вазирлиги разведка хизматининг иккинчи мартабали ходими Бинген хоним қўшимча қилди: "Бизнинг ҳарбийларимизга, ҳарбийларимизнинг жанг қилиш усули ва қурол-яроққа сармоя киритишимиз космик имкониятларга боғлиқ", дея қўшимча қилди Бинген хоним. "Бусиз биз анча қийин вазиятга тушиб қолган бўлардик. Биз сўнгги 30-40 йил ичида ўрганган шаклда уруша олмай қоламиз".

Сунъий йўлдошларга боғлиқлик, шунингдек, GPS хизмати ва озиқ-овқат етказиб беришдан тортиб об-ҳаво прогнози, қишлоқ хўжалиги ва сунъий йўлдош вақтига таянадиган молиявий операцияларгача бўлган кундалик вазифаларда ҳам яққол намоён бўлади.

"Сунъий йўлдошлар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир", деб қўшимча қилди Бинген хоним. "Америкаликлар ва бутун дунё фуқаролари космосга таянади ва буни ҳатто ўзлари билишмайди."

Фазодаги қуроллар бўйича қоидалар борми?

АҚШ, Россия ва Хитой аллақачон бутун дунё бўйлаб сунъий йўлдошларга ҳужум қилиш имкониятига эга. Аммо назарий жиҳатдан улар у ерда ядро қуролидан фойдалана олмайди.

АҚШ Фазо кучлари 2019 йил декабрида расман АҚШ армиясининг бир қисмига айланди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ Фазо кучлари 2019 йил декабрида расман АҚШ армиясининг бир қисмига айланди.

Учала давлат ҳам 1967 йилдаги Космос тўғрисидаги шартномани имзолаган. Бу шартнома давлатларга орбитага "ядро қуроли ёки бошқа оммавий қирғин қуроллари ташувчи ҳар қандай объектни" юборишни тақиқлайди.

Мудофаа вазири ёрдамчисининг собиқ ўринбосари Мик Мулройнинг айтишича, бу шартнома ҳозирги геосиёсий шароитда хавфсизликни кафолатламайди.

"Россия ўзи имзолаган шартномаларга тўлиқ эътибор бермаслигини Украинада ҳарбий куч ишлатиб, амалда кўрсатди, бу эса барча халқаро қонунлар ва меъёрларга зиддир, - деди у. - Улар ваъдаларини ҳам, шартнома мажбуриятларини ҳам бажармайдилар."

Космос янги жанг майдонига айланадими?

Конгресснинг Стратегик позиция комиссияси аъзоси, Буш, Обама ва Трамп маъмурияти даврида мудофаа ва разведка бўйича собиқ амалдор Метю Кренигнинг Би-би-сига айтишича, коинот ҳарбийлар учун тобора муҳим аҳамият касб этиши табиий.

"Шу пайтгача одамлар космосни ўрганишган, - деди у. - Аммо биз ҳозир космосни тижорийлаштириш босқичига ўтмоқдамиз ва сафар бошидамиз, холос."

Кейинги босқичда, дея қўшимча қилди у, бутун дунё мамлакатлари космосни "ҳимоя қилиш"га эътибор қаратади.

"Биз денгизлар ва осмонлар эркин ва тижорий фаолияти учун очиқ бўлишини табиий деб биламиз, - деди жаноб Крениг. - Идеал ҳолда, биз 30 йилдан кейин ҳам саёҳат қилиш, бизнес қилиш ва ҳатто космосда яшаш учун тинч фазо бўлишини истаймиз."

"Биз бу хавфсиз ва ишончли ҳудуд эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз керак."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek