Украинада Россия яратган етимлар қишлоғи қандай яшамоқда? Уруш, Янгиликлар

  • Жанна Безпиятчик
  • Би-би-си Украин хизмати
Дима Пантелеев бир ракета ҳужумида ҳалок бўлган онаси, отаси ва буви-буваларининг қабри устида
Сурат тагсўзи, Дима Пантелеев бир ракета ҳужумида ҳалок бўлган онаси, отаси ва буви-буваларининг қабри устида

Ўтган йил октябрида Украина шимоли-шарқидаги Гроза қишлоғига ракета ҳужуми оқибатида ўсмир Дима онаси, отаси, бобоси ва бувисидан айрилган эди.

"Мен буни ҳали ҳам қабул қила олмаяпман", дейди 16 ёшли ўсмир.

"Ҳозир мен уйимиз учун масъулман", дейди у.

Унинг қўшимча қилишича, у энг кўп синглисига ачинади: "Илгари уни қучоқласам, унга ёқмасди. Ҳозир у доим қучоқлашимни хоҳлайди".

2023 йилнинг 5 октябрь куни Украина шарқидаги Харков вилоятининг Гроза қишлоғидаги кафега ракета тушди ва 59 киши ҳалок бўлди, бу қишлоқ аҳолисининг бешдан бир қисмидир.

Ўшанда Украина армияси кўнгиллисининг дафн маросимида қатнашиш учун ҳар бир оиланинг камида бир аъзоси кафега йиғилган эди.

Алоқадор мавзулар:

У ерда вафот этганларнинг кўпчилигининг ота-оналари бор эди ва Гроза ҳозирда етимлар қишлоғига айланган.

Кафедаги ҳужум 2022 йил 24 февралда Россиянинг кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери украиналиклар учун энг ҳалокатли воқеа бўлди.

iqtibos

Россия ҳеч қачон ҳужумга тўғридан-тўғри изоҳ бермаган, давлат матбуоти эса рус қўшинлари ҳудуддаги ҳарбий нишонларга зарба бергани ҳақида хабар қилган.

Украина Грозада ҳарбий объектлар йўқлигини айтди. БМТ ҳисоботида бу ҳудудда ҳарбий хизматчилар ёки бошқа ҳарбий нишонлар мавжудлигига "ҳеч қандай ишора" йўқлиги таъкидланган.

Украина Хавфсизлик хизмати Россия томонига ўтган Украинанинг икки собиқ фуқароси Грозада режалаштирилган хотирлаш маросими ҳақида ҳарбийларни хабардор қилган, деб гумон қилмоқда.

Би-би-си буни тасдиқлай олмайди. Бироқ фронт чизиғига яқин ҳудудларда яшовчи украиналиклар Россияга маълумот узатишда айбланган бошқа ҳолатлар ҳам бўлган.

Дима ва опаси Дарина билан бобоси Валерий Козирнинг қўлида қолди
Сурат тагсўзи, Дима ва опаси Дарина билан бобоси Валерий Козирнинг қўлида қолди

Урушдан олдин Дима оддий бир ўсмирдек яшарди. У ота-онаси билан яшаган, дўстлари билан вақт ўтказган ёки телефонда гаплашган, баъзида опа-сингиллари билан жанжаллашган.

Энди ўз қишлоғи чеккасидаги қабристонда туриб, Дима ота-онаси ва бобо-бувисининг қабрларини қоплаган ёрқин гулчамбарларга тикилиб ўтирибди.

Уларда қабр тошлари йўқ. Ёғоч хочларга уларнинг табассумли юзларининг фотосуратлари ёпиштирилган.

Бу ерда зиёратчилар кам.

Гроза Россия чегарасига жуда яқин бўлиб, 30 км узоқликда жойлашган Купянск шаҳри атрофида шиддатли жанглар кетмоқда.

Қабр тошлари орасида кўк ва сариқ гуллар ажралиб туради - Украинанинг миллий ранглари. Сукунатни фақат узоқдан келаётган портлаш овози бузади.

Ота-оналари вафотидан сўнг қайғуга ботган Дима ва унинг опа-сингиллари ёрдам сўраб оналари ва бувиларига мурожаат қилишди.

"Ҳужум натижасида жуда кўп одам ҳалок бўлди. Қишлоқ бирдан бўшаб қолди», дейди Диманинг бобоси, 62 ёшли Валерий.

"Оғриқ ҳеч қачон унутилмайди. Уйимизда тўртта тобут турарди. Ақлим нима бўлганини тушунади, лекин юрагим ҳали ҳам бунга ишонмайди."

У менга қизи Ольга ва унинг эри Анатолийнинг сўнгги фотосуратини кўрсатади. "Улар бир-бирларини жуда яхши кўришарди", дейди Валерий.

Анотолий ва Олганинг сўнгги сурати

Сурат манбаси, Valeriy Kozyr

Сурат тагсўзи, Анотолий ва Олганинг сўнгги сурати

Валерийнинг айтишича, Анатолий бир гал ҳазиллашиб, агар Ольгадан олдин ўлсам, у тезда бошқага тегиб кетади деган эди.

"Аммо Ольга: "Йўқ, азизим Анатолий, биз бирга ўламиз", деганди. Аввалдан сезгандек», дейди Валерий кўзларига ёш келиб.

Валерий октябрь ҳужумидан кейинги воқеаларни "тезлаштирилган даҳшатли фильм" деб таърифлайди.

У қизини қидиришга шошилди, аммо улгурмади. Ольга вафот этганида унинг ёнида бўлган аёлнинг айтишича, унинг охирги сўзлари: "Мен яшашни истайман" бўлган.

Валерий ва унинг рафиқаси Любов Дима, 17 ёшли синглиси Дарина ва 10 ёшли синглиси Настьяни асраб олишганди.

"Невараларим мен билан шу ерда қолиши керак эди. Бу оиланинг парчаланишига йўл қўймасдим", дейди у ва агар болаларни олиб кетмаса, улар етимхонага тушиб қолиши мумкинлигидан хавотирда.

Валерий набираларига ғамхўрлик қилиш доим ҳам осон бўлмаслигини тан олса ҳам, бу оғир дамларда улар бирга эканликларини айтади.

"Дима боғда ёрдам беради, мол-ҳолга қарайди, - дейди у. - Дарина пиширишни ўрганди, Настья жуда ғамхўр ва меҳрибон."

Настя Грозада ракета зарбида ҳалок бўлган онаси Олга билан

Сурат манбаси, Valeriy Kozyr

Сурат тагсўзи, Настя Грозада ракета зарбида ҳалок бўлган онаси Олга билан

Ҳужум оқибатида қишлоқдаги 14 нафар бола камида битта ота-онасидан айрилган, саккиз нафар бола иккаласини ҳам йўқотган. Бобо-бувилар ёки бошқа қариндошлар болаларни меҳрибонлик уйларига юбормаслик учун уларга ўзлари ғамхўрлик қилишга қарор қилишди.

Кўпчилик ҳали ҳам содир бўлган воқеадан шокда. "Бу болалар бир-бирларининг қўлларини ушлаб, ёлғиз ва ожиз сукут сақлаб турган ўша дафн маросимини ҳеч қачон унутмайман", дейди менга маҳаллий аҳоли вакили Диана Носова.

Ҳужумдан кейин баъзи етимлар хавфсизроқ ҳудудга кўчиб ўтишга қарор қилишди.

Улар орасида онаси, бобоси, амакиси ва саккиз ёшли амакиваччаси ўлдирилганидан кейин холаси билан Украина ғарбига кетган 14 ёшли Влад ҳам бор.

У бувиси Валентинага видео қўнғироқ орқали "Мен сизни жуда соғиндим" дейди. "Мен ҳам", деб жавоб беради бувиси.

57 ёшли Валентина эри, қизи, ўғли ва набирасини ҳужумда йўқотганига қарамай, Грозада қолишга қарор қилди.

Мен у билан бутун умри ўтган қишлоқда сайр қиламан. Ҳозир ҳаммаси бошқача.

"Бу жуда қўрқинчли жой, - дейди у менга ракета келиб тушган бино ёнидан ўтаётганимизда. - Фарзандларингиз бу ерда ётганини билиш қийин. Улар шу ерда ўлган».

"Вақт ўтган сайин ўзимни ёмон ҳис қиляпман. Ҳеч кимим йўқ. Деярли ҳеч ким омон қолмади".

Валентинанинг айтишича, уни уй ҳайвонлари - икки ит ва Стефан исмли мушук юпатади.

Унинг айтишича, ҳозир унинг учун муҳими набираси Влад. Унинг яхши таълим олишини хоҳлайди. У тез-тез унга видео қўнғироқ қилиб туради, ахборот технологиялари бўйича қўшимча дарслар олиши учун пул тўлайди.

xarita

Лекин энг муҳими, у Владнинг хавфсиз бўлишини истайди. У 2022 йил февраль ойида уруш бошланганидан бери ҳужумардан бироз бўлса ҳам дам олган ��арков вилоятида йўқлигидан хурсандлигини айтади.

Бу ҳудуд, жумладан, Гроза ҳам босқиннинг аввалида рус қўшинлари томонидан босиб олинган эди. У 2022 йил сентябрида йирик қарши ҳужум натижасида Украина томонидан қайтариб олинган. Аммо уруш давом этар экан, бу ҳудудда Россиянинг дронлари ва ракеталари ҳужуми давом этмоқда.

Диманинг уйида опаси деворга вафот этган яқинлари фотосуратларини осиб қўйди.

Улар ўз ҳаётларини қайта тиклашга ҳаракат қилишмоқда, бобо Валерий кўнглилни чўктирмайди: "Ҳаммаси яхши бўлади", дейди у.

Бу хаёлпарастлик бўлиши мумкин, чунки урушнинг охири ҳали кўринмаяпти ва Россия яқин атрофдаги Купянск шаҳрида кўпроқ қўшин тўпламоқда.

Аммо бу ерда содир бўлган ҳамма нарсага қарамай, Валерий некбин.

"Набираларимнинг аҳволи яхши эканини, жилмайишаётганини кўрсам, енгил тортаман", дейди у.

"Тирик экансан, умидни сўндирма."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002