Путин истамаган натижа: Швеция ва Финландия энг катта НАТО ҳарбий машғулотларида иштирок этмоқда - Видео

Швеция аскарлари Россиянинг Украинага тажовузи сабабли НАТОнинг янги ҳарбий режасига қўшилганлар.
Сурат тагсўзи, Швеция аскарлари Россиянинг Украинага тажовузи сабабли НАТОнинг янги ҳарбий режасига қўшилганлар.

Бир пайтлар НАТО ҳарбий машқлар чоғида Россияни тўғридан-тўғри тилга олмасликка уринар эди. Фақат провокациялардан қўрқиш туфайли эмас. Аммо Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ҳаммасини ўзгартирди.

Алоқадор мавзулар:

Ҳозир альянс машғулотлари Москвага қаратилган. «Мустаҳкам ҳимоячи» машғулотларининг асосий мақсадларидан бири Россияни тийиб туришдир. Бу Совуқ уруш тугаганидан бери альянснинг энг йирик, 90 000 аскарни қамраб олган машғулоти бўлиб, кейинги бир неча ой давомида Европа шарқида ўтказилади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

«Мустаҳкам ҳимоячи», шунингдек, ҳужум остидаги ҳар қандай иттифоқчини қўллаб-қувватлаш учун қўшин ва жиҳозларни тез кўчиришга мўлжалланган янги НАТО ҳарбий режаларининг илк синовидир. Бу НАТОнинг ўз олдига қўйган мақсади тасдиғидир, бирор аъзо давлатга қилинган ҳужумга барча бирдек жавоб қайтаради.

Доналд Трамп бу мақсадга шубҳа билан қараган бўлиши мумкин, аммо Америка бу ваъданинг асоси бўлиб қолмоқда ва буни исботлаш учун жуда катта ресурс ажратган.

BBC

Машқнинг биринчи босқичи Норвегия шимолидаги Финмарк вилоятининг олис ҳудудида бўлиб ўтади. Норвегиянинг Россия билан 200 километрлик чегарасидан унчалик олис эмас. Машғулот сценарийсида Финмарк Оккасус деб номланган хаёлий душман томонидан босиб олинган бўлади.

Норвегиялик тиббиёт факультети талабаси ва аскар 21 ёшли Эйворнинг айтишича, Иккинчи жаҳон уруши пайтида нацистлар бостириб кирганида унинг бобоси ва бувиси худди шу ҳудуддан қочишга мажбур бўлишган.

"Мен шу ерда қолиб, жанг қилишни истайман", дейди у. Унинг айтишича, у руслар бостириб киради деб ўйламайди, лекин "тайёр туриш керак".

Бу Швеция ва Финландия кучлари тўлақонли аъзо сифатида иштирок этаётган НАТОнинг биринчи йирик машғулотидир.

Эйвор - Норвегиянинг ички қўшинлари аъзоси.
Сурат тагсўзи, Эйвор - Норвегиянинг ички қўшинлари аъзоси.

Уларнинг аскарлари орасида дунёдаги энг йирик ҳарбий иттифоқнинг бир қисми эканликларидан ҳаяжон бор. Улар, шунингдек, таҳдидни ҳис қилишга кўпроқ тайёр.

У фьорд пляжига ҳужум қилишга тайёрланар экан, Финландия денгизчиларидан бири унинг ватани "Россияга қарши ёлғиз туриши" имконсизлигини айтади. Бошқаси шундай қўшимча қилади: "НАТО қайсидир маънода Россияни қўрқитади." Швециялик денгизчилардан бири мамлакати ниҳоят иттифоққа қўшилганидан кейин ўзини "жуда хавфсиз" ҳис қилаётганини айтди.

Бу фикрга мамлакат сиёсатчилари ҳам қўшилади.

Швеция, Финландия ва Норвегия мудофаа вазирлари машқларнинг бир қисмини назорат қилиб, ўзларининг янги Шимолий давлатлар бирдамлигини нишонладилар - улар сохта босқинчиларни қувиб чиқариш учун Финландия чегарасидан Норвегияга рамзий кесиб ўтишди.

Ракета отиш қурилмаси олдида улар жилмайиб суратга тушишди.

Швеция мудофаа вазири Пал Жонсон Россиянинг ярасига туз сепишдан қўрқмади. У Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлганини Москва учун " кутилмаган оқибатларнинг онаси" деб атади.

Унинг айтишича, Россия икки давлатнинг қўшилишига йўл қўймасликка астойдил ҳаракат қилди, аммо муваффақиятсиз.

Машғулотлар доирасида Норвегия фьйордларига ҳарбий кемалар ҳам чиқди.
Сурат тагсўзи, Машғулотлар доирасида Норвегия фьйордларига ҳарбий кемалар ҳам чиқди.

Бироқ, ҳақиқатда Финландиянинг аъзолиги Россияни НАТОга яқинлаштирди - 1200 км.дан ортиқ умумий чегара бўйлаб иттифоқчилар ҳам ҳимоя қилишга тайёр туриши керак энди.

Хавф қанчалик реал?

Ҳеч ким Россия айни дамда таҳдид солаётганини айтмайди. Россия кучлари ҳозирда Украинада ботқоққа ботиб қолгани сабаблигина эмас. Бироқ, узоқ муддатда Россия НАТО давлатини ҳам нишонга олиши мумкинлигига ишонилади.

Швециянинг энг юқори мартабали ҳарбий қўмондонларидан бири Москванинг амбициялари Украинадан ташқарига ҳам қаратилганига шубҳа қилмайди.

Генерал-лейтенант Карл-Йоҳан Эдстромнинг айтишича, бу вақт масаласидир: "Ишончим комил, Россия таҳдид, ҳа, ва биз келгуси беш-ўн йил ичида кучлироқ бўлишимиз керак".

НАТО, дейди у, бу дарчадан қуролли кучларини кучайтириш учун фойдаланиши керак.

(Чапдан ўнгга:) Финляндия Мудофаа вазири Антти Ҳакканен, Норверия Мудофаа вазири Бйорн Арилд Грам ва Швеция Мудофаа вазири Пал Йонсон.
Сурат тагсўзи, (Чапдан ўнгга:) Финляндия Мудофаа вазири Антти Ҳакканен, Норверия Мудофаа вазири Бйорн Арилд Грам ва Швеция Мудофаа вазири Пал Йонсон.

Европанинг бир қанча бошқа ҳарбий раҳбарлари ва юқори мартабали сиёсатчилари ҳам Россия келаси ўн йил ичида ��АТО иттифоқчисига ҳужум қилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Машғулотларни назорат қилаётган АҚШнинг юқори мартабали ҳарбий раҳбарларидан бири, вице-адмирал Дуг Перрининг айтишича, "Европа қитъаси аллақачон уруш ҳолатида".

Ҳозирча бу фақат Украинага тегишли. Аммо унинг айтишича, НАТО "Россиянинг хатти-ҳаракати ва имкониятларини баҳолаши керак. Биз тайёр бўлишимиз керак."

Унинг фикрича, Финландия ва Швециянинг яқинда НАТОга аъзо бўлгани бу таҳдид кўзгусидир.

Скандинавия мамлакатлари, Болтиқбўйи давлатлари каби, хавфни кўпроқ ҳис қилганга ўхшайди. Россияга яқинроқ яшаш оқибати бу.

Улар мудофаа харажатларини бошқаларга қараганда тезроқ оширмоқда. Улар, шунингдек, ўтмишда босқинчиликнинг аччиқ тажрибасини бошидан кечирган, уруш талафотларини яхши тушунадиган давлатлардир.

Скандинавия мамлакатларида мудофаа ҳам аҳоли онгига сингдирилган - Европадаги бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, уларнинг барчаси ҳарбий хизматга қандайдир шаклда алоқадор, яъни ҳар бир авлод ҳарбий тажрибага эга ва кўпчилик захирада хизматни давом эттиради.

Европа шарқида бир ой давом этадиган машғулотларда 90 мингдан ортиқ аскар иштирок этяпти.
Сурат тагсўзи, Европа шарқида бир ой давом этадиган машғулотларда 90 мингдан ортиқ аскар иштирок этяпти.

Аммо НАТОда ҳамма ҳам у қадар яхши тайёргарлик кўрмаган. Европанинг бошқа жойларида, жумладан, Британияда армия янги ходимларни ёллашда қийналмоқда.

Ушбу машқларда иштирок этаётган профессионал ҳарбийлар орасида Норвегия ички гвардияси аъзолари ҳам бор.

Ушбу машқда улар душман ролини ўйнайдилар, қорли тепаликлар бўйлаб қор автомобилларида тезда ҳаракат қилишади ва нолдан паст ҳароратларда ташқарида ухлашади. Уларнинг аксарияти ёшлар.

21 ёшли, болалар боғчаси тарбиячиси Жозефина шундай деди: "Бизда ҳарбий тажрибага эга одамлар жуда кўп ва бу бизни хавфсизроқ қилади."

20 ёшли ҳамшира Элизабет шундай дейди: "Ҳаммамиз ўзимизни хавфсиз ҳис қилишимиз учун Норвегияни чиндан ҳимоя қилишни хоҳлайдиган одамлар бўлиши муҳим".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002