Қрим сизники, Белгород кимники? – Чегарадаги Россия аҳолиси зарбалар остида қандай яшаяпти?

Белгород аҳолиси ўзини унутиб қўйилгандек ҳис қилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Белгород аҳолиси ўзини унутиб қўйилгандек ҳис қилмоқда.

9 мартдан бери Белгород ва Белгород вилояти ҳар куни ўққа тутилмоқда - ракеталар, миномётлар, дронлар. Вилоят губернатори баёнотига кўра, натижада камида 20 киши ҳалок бўлган ва юздан ортиқ киши жароҳатланган. Би-би-си Рус хизмати Белгород аҳолиси тинимсиз ҳужумлар остида қандай яшаётгани ва ҳукумат эътиборини ўз аҳволларига қаратишга уринаётгани ҳақида ҳикоя қилади.

Алоқадор мавзулар:

Ушбу мақоладаги барча шахслар исмлари уларнинг илтимосига биноан ўзгартирилди.

Зўравонлик бумеранги

Белгород ва яқин атрофдаги аҳоли пунктлари кунига уч-олти марта ўққа тутилади. Шаҳар кўчалари деярли бўш, одамлар ракета ҳужумларидан сақланиш учун ўз бошпаналарида масофадан ишлашлари мумкин бўлса ҳам, уйда қолишмоқда. Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков болалар эвакуация қилинишини эълон қилди - жами 9 минг болани бошқа ҳудудларга кўчириш мумкин.

Россия президенти Владимир Путин ҳозирча Белгород аҳолисига фақат "миннатдорчилик ва ҳайрат сўзлари"ни етказди. Вилоят аҳолиси ўзларини ташландиқ ҳис қилишаётгани ва ёрдам йўқлигидан шикоят қилмоқда.

«Ответка» сўзи Белгород аҳолиси орасида оммалашди, дейди София шаҳрида яшовчи аёл. Одамлар Украина ҳарбийлари Россиянинг Украинага босқини туфайли вилоятни ўққа тутаётганини тушунишади.

"30 декабрда, Янги йил олдидан ҳужум бурилиш нуқтаси бўлди, - дейди у. - Россиянинг ўққа тутишига жавобан ҳужумлар ҳам кучайиб бораётганини одамлар тушунишади. "У ердан бу ерга" зўравонлик бумеранги тобора катталашиб бормоқда. Ҳатто уйда бўлиш ҳам тобора хавфли бўлиб боряпти."

Белгороднинг Fonar.tv нашри ўққа тутилиши натижасида ҳалок бўлганлар ҳисобини олиб боради: бу рўйхатга биринчи исм 2022 йил майида киритилган, ҳозирда унда 129 киши бор.

Шу билан бирга, Россия Украинани ўққа тутмоқда, сўнгги кунларда унинг ҳужумлари ҳам кучайган. 22 мартга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Украинанинг энергетика инфратузилмасига йирик ҳужум уюштирди. Бир ойдан ортиқ танаффусдан кейин Россия Киевга кучли ракета зарбаси берди.

PAVEL KOLYADIN/TASS

Сурат манбаси, PAVEL KOLYADIN/TASS

"Эмпатия шунчаки ёнди"

Сўнгги ҳафталардаги вазиятни тасвирлаш учун Станислав белгородча ҳазилни эслайди: "Менга учта асосий сўзни айтинг" - "Ракета таҳдидини тўхтат".

Белгород аҳолиси таъкидлашича, ўққа тутилиш ҳозир режа бўйича амалга оширилмоқда. Тонг соат 8.00 да бошланади, кейин тушгача қисқа сукунат ва тушдан кейин соат бирларда янги ҳужум бўлади. Кейинги сокин муддат ҳам узоқ давом этмайди ва соат 17:00 атрофида шаҳар ва унинг атрофидаги ҳудудларда яна ракета хавфи эълон қилинади. Охирги ҳужум одатда кечқурун тўққизда содир бўлади.

"Шу вақтга келиб сиз ишдан уйга қайтволишингиз мумкин", дейди Станиславнинг рафиқаси Арина, аммо бу сўз унинг овозидаги ташвишни яширишга ёрдам бермайди.

Ҳужумлар давомида Белгород аҳолиси, бошқа фронтларнинг аҳолиси сингари, аниқ нима бошланганини овозига қараб аниқлашни ўргандилар.

"С-300 учиб келди, «Искандар»лар ёки ҳаво мудофааси ишлаяпти, улар дронни уриб туширишди, - деб санайди Станислав. - Одамлар бундай нюансларни шовқинидан ажратишади."

Станислав таъкидлашича, Белгородда "ғазаб ва цинизм" ҳукм сурмоқда. "Ичимиз бўшаб қолган, ёниб кетган, аввалгидек тетик эмасмиз", дейди у.

Декабрь ойи охиригача Белгород аҳолиси Украина Қуролли Кучлари ҳаракатларига умуман хайрихоҳлик билан қарашган, дейди Станислав. Унинг айтишича, маҳаллий аҳоли Украина ҳарбийлари Россия армияси ҳаракатларига жавобан ҳужумлар уюштираётгани, шу йўл билан Украина ўз ҳудудини ҳимоя қилиш ёки қайтариб олишга уринаётганини тушунишган.

30 декабрдаги ҳужум уруш бошланганидан бери энг катталаридан бири бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 30 декабрдаги ҳужум уруш бошланганидан бери энг катталаридан бири бўлди.

30 декабрь куни Украина шаҳарларига Россиянинг энг йирик ҳужумларидан бир кун ўтиб - Белгород ўққа тутилди, расмийлар буни уруш бошланганидан бери энг оғири деб аташди. Жами 25 киши, жумладан, беш бола ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ аҳоли жароҳатланди. Энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири шаҳар майдони бўлди, кун ярмида аҳоли янги йил байрами учун бозорлик қилгани чиққан эди.

"Ўшанда, улар айтганидек, ҳарбий нишонларни эмас, балки фитнес марказини, дам олиш масканини, мебель дўконини нишонга олганлиги аниқ бўлди". Аслида украиналик ҳарбийлар Россия ҳудудига берилган зарбалар ҳақида умуман изоҳ бермайди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа шароитида, баъзи снарядлар уриб туширилганда парчалар исталган жойга тушганда ҳужумларнинг ҳақиқий нишонларини аниқлаш қийин. Россия Мудофаа вазирлиги мунтазам равишда Белгород вилоятига отилган ракеталарнинг қанчаси уриб туширилгани ҳақида маълумот бериб боради, аммо ўтиб кетганлари ҳақида сукут сақлайди.

"Энди одамларда оддий ғазаб бор, баъзиларида нафрат", дейди Станислав. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, у "икки томондан ҳам буйруқ берадиганлардан" ғазабланмоқда. "Мен жуда ҳамдард одамман ва нафақат Белгород ҳақида, балки украиналик дўстларимга ҳам ачинаман, уларнинг аҳволини билиш учун хат ёзаман, - дейди у. - Аммо ҳозир ҳамдардлигим сезиларли даражада пасайган."

Бир оз тин олиб у қўшиб қўяди: "Эмпатия шунчаки ёнди".

15 март куни Станиславнинг дўсти оғир яраланди. Ракета ҳужуми вақтида у автотураргоҳда бўлган. Эркак снаряд парчасидан жароҳат олган ва касалхонага ётқизилган.

"Бу ҳолат тоқатни тоқ қилди, - дейди Станислав. - Яна болалар билан йўлакда тунашга тўғри келганида, умидим қолмади".

BBC

Эртаси куни эрталаб Арина Станиславга Белгороддан кетиш вақти келганини айтди. Бу вақт давомида улар уйда қолиб, отишма тўхташини кутишга қарор қилишди. Станислав яқин дўсти билан кетиш ҳақида гаплашган эди - у унга кетиш имконияти борлигини айтди, лекин Станислав буни хоҳламади ва охиригача қолмоқчилигини айтди. Бир неча кун олдин дўсти кетди.

"12 та ракета зарбаси бўлганда, тўққизт��си уриб туширилади, аммо учтаси етиб боради, - дейди Станислав. - Бу доим қўрқинчли, бунга кўниколмайсиз."

16 март, шанба куни Станислав ва Арина энг керакли нарсаларни тўплаб, болалари билан дўстларини кўриш учун жанубга жўнаб кетишди. Узоқ сафардан сўнг машинадан тушиб, Станислав йиғлай бошлади - у кўчишга мажбур бўлганидан, олдиндаги хавотирли номаълум нарсадан, чарчоқдан. "Мен энди чидай олмаслигимни англадим. Бу жуда оғриқли эди ", деб эслайди у.

Станислав ва Арина бир неча ҳафта олисда яшаб, кейин уйга қайтармиз деб умид қилишганди. "Аммо вазиятга қараймиз дегандик, - дея қўшимча қилади Станислав. - Кетган барча дўстларим ҳозир бир хил режимда яшашади - вазиятга қарашади."

Белгород аҳолиси асосан энг яқин шаҳарларга - Воронеж ёки Липецкка жўнаб кетади - бу биринчи имконият туғилганда уйга қайтишни осонлаштиради. Аммо ҳозирча отишмалар тўхтагани йўқ.

Ўт остида сайлов

PAVEL KOLYADIN/TASS

Сурат манбаси, PAVEL KOLYADIN/TASS

Белгород иккинчи йирик ўққа тутилгач (15 февралда етти киши ҳалок бўлган ва 19 киши жароҳат олган эди), шаҳар умуман тинч эди. Ҳужумлар бўларди, лекин аввалгидек тез-тез эмас.

Сайловга бир ҳафта қолганда вазият кескин ёмонлашди. 12-15 март кунлари Россия Мудофаа вазирлиги диверсантларнинг Белгород ва Курск вилоятларининг чегара ҳудудига бостириб киришга уриниши муваффақиятсизликка учрагани ҳақида хабар берди.

Асосий жанглар чегара отряди жойлашган Грайворон шаҳри чеккасида бўлган. Мудофаа вазирлиги 550 нафар украина аскари ҳалок бўлганини, 16 та танк ва 19 та зирҳли техника йўқ қилинганини маълум қилди, бироқ бу маълумот мустақил тасдиқлангани йўқ. Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков чегарадаги ҳужумдан кейин икки киши ҳалок бўлгани ва камида 20 киши яралангани ҳақида хабар берди.

Шу билан бирга, Белгороднинг кундалик тез-тез ўққа тутилиши бошланди. "Қаттиқ ҳужумлар пайшанба ва жума кунлари бўлди [14 ва 15 март] - сирена кунига камида 4-5 марта янгради. Ҳеч бунақа бўлмаганди, ҳатто даҳшатли ҳужумлар бўлганида ҳам», дейди Белгородлик Дмитрий.

Президентлик сайловлари бўлиб ўтаётган кунларда шаҳар 1 январь тонгига ўхшарди - кўчаларда одам жуда оз, дейди Дмитрий. Одамлар ҳеч бўлмаганда ҳафта охири шаҳар ташқарисига чиқишга ҳаракат қилишди.

16 март, шанба куни Дмитрий хотини София билан деярли бир ҳафта деганда биринчи марта уйдан чиқиб, энг яқин сайлов участкасида овоз беришди. Доимий отишмалар манзарасида улар ҳатто пиёдалар ҳаракати қоидаларини ишлаб чиқдилар: Харков томонида ёнингизда уйлар ёки бошқа тўсиқлар бўлиши керак. Шундай қилиб, жароҳат олиш эҳтимоли камроқ, дейди улар. "Балки ваҳимачи бўлиб қолгандирмиз", дейди София.

Сайлов кунлари сайлов участкаларида мунтазам ракета сигналлари эшитилди. 15 март куни тушдан кейин одамлар деярли ҳар ярим соатда бинолардан олиб чиқилди.

Овоз беришдан сўнг, улар ота-оналарини кўриш учун шаҳардан чиқишди - Белгороддан 85 километр шимоли-шарқда жойлашган Скородное қишлоғида бир неча кун туришди. "Бу аҳоли пункти чегарадан узоқроқда жойлашган, аммо у ер ҳам ноқулай эди", дейди София. "Самолётлар доимо жуда паст учади - бу ғувуллаш, шовқин."

"Мен реактив двигател овозини эшитдим ва Украина Telegram каналларига қарадим - уларда ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш бор эди, - дейди Дмитрий. - Бу қандай самолёт экани ва нима учун бу ерда учаётгани аниқ эди."

Дмитрий ва София Белгородга, ҳудудда хавфсиз жой барибир йўқлигини ҳис қилиб, уйларига қайтишди.

Белгород вилоятидаги сайлов натижалари уларни хафа қилди. Путиннинг кўпчилик овозни қўлга киритгани уларни ажаблантирмади, аммо амалдаги президент учун 90,66% овозни улар яққол «хато» деб ҳисоблашади. Путиннинг уруш бўйича позицияси можарони тезда тинч йўл билан ҳал қилишга умид ҳам қолдирмайди - тинчлик музокараларига қайтиш ҳақида гапираётгани ҳам йўқ, деб таъкидлайди София.

"Яъни, аниқ умид йўқ", дейди у.

Белгородда ҳаёт қандай?

PAVEL KOLYADIN/TASS

Сурат манбаси, PAVEL KOLYADIN/TASS

Белгородлик Елизавета сўнгги ҳафтада отишмалар кўпайганини президентлик сайловлари билан боғлиқлигига шубҳа қилади. "Агар бу сайловлар билан боғлиқ бўлса, нега яна ҳужумлар давом этмоқда? - дейди у - Кўпчилик учун бу сайловлар билан боғлиқ деб ишониш қулай: "Улар бизни синдирмоқчи" деб ўйлашади. Аммо сайловлар ўтди, отишмалар давом этмоқда".

Кучли отишмалардан сўнг Белгород деярли ҳувиллаб қолди. Одамлар кетишга ҳаракат қилишди - бошқа ҳудудларда уй ижарага олишади ёки яқинлари билан яшашади. Шаҳарда қолганлар уйларини тарк этмасликка ҳаракат қилишади.

Маринанинг айтишича, сўнгги ҳафтадаги ҳужумлар шаҳарда "ҳаётни тўхтатди". "Улар шаҳарнинг турли қисмларига зарба беришди, кейинги зарба қаерга бўлишини тахмин қилиш иложи йўқ, - дейди у. - Биз жуда хавотирдамиз. Ташқарига чиқиш қўрқинчли. Деярли ҳар бир ҳаво ҳужумидан кейин қурбонлар ва вайронагарчиликлар бўлади".

Баъзан кўчаларда синган ойна парчаларини йиғаётган кўнгиллиларни кўрасиз.

20 март, чоршанба кунидан ҳафта охиригача ҳукумат Белгород, чегара посёлкалари ва вилоят ғарбидаги Яковлевский тумани мактаб ўқувчилари учун таътил эълон қилди. Талабалар уйда ўқишади, ўқитувчилар ҳам масофадан туриб дарс беради.

Савдо марказлари ўтган ҳафта ёпилди ва бир неча кун олдин деярли барча курьерлик хизматлари ўз фаолиятини тўхтатди, фақат баъзи дўконлар озиқ-овқат маҳсулотларини ўзлари етказиб бермоқда. Баъзида интернетда Белгородда озиқ-овқат тугаб қолгани ҳақида хабарлар пайдо бўлади, аммо Би-би-си билан суҳбатлашган барча аҳоли танқислик йўқлигини таъкидлади. Баъзи қаҳвахона ва ресторанлар иш вақтини қисқартирган ёки вақтинча ёпилган.

Озиқ-овқат дўконига бориш ҳозир кўплаб белгородликларнинг кўчага чиқиши ва тезроқ уйига қайтиши учун ягона сабабдир. Ҳувиллаган кўчалар турли туйғулар уйғотади, дейди Дарина.

PAVEL KOLYADIN/TASS

Сурат манбаси, PAVEL KOLYADIN/TASS

"Буларни кўриб, ёлғизлик ҳис қиласиз. Жуда тушкун муҳит. Портлашдан қолган ўраларга қарайсиз. Олмани кемираётган қуртни кўрганмисиз? Уларнинг атрофидаги асфальтни қуртлар кемиргандек кўринади. Қўрқинчли."

"Менинг қалбим ҳам шаҳар кўчалари каби бўшаб қолган, - дейди Елизавета. - Саросимага тушасиз?"

Ракета хавфи тўғрисида мунтазам сигналларга қарамай, ҳамма иш берувчилар масофавий режимга ўтмаган ва кўплаб Белгород аҳолиси ҳар куни ишга боришлари керак. "Бугун (21 март) эрим уйдан чиқиб кетди ва ҳужумлар бошланди, - дейди Полина. - Яхшики, узоққа кетмаган экан."

Ксения шаҳар четида яшайди - у эри билан у ерга яқинда Белгороддаги Шебекинодан кўчиб ўтишган. У ер уруш бошиданоқ қаттиқ ўққа тутилган. Ксения янги жой хавфсиз бўлишига умид қилган, аммо, унинг айтишича, уй деворлари ҳужум вақтидаги титрашдан тўкила бошлаган.

"Ҳозир бу ерда ундан ҳам баттар, - дейди у кўчиб ўтгандан кейинги ҳаёт ҳақида. - Кетишни ўйлаяпмиз - лекин қаерга? Бу ерда иш, болалар ва неваралар бор. Агар бирон жойга борсанг, сени ўша ерда ўлдиришади. Уй тупроғида бўлган яхшироқ. Қўрқувда яшаяпмиз."

Ксения озиқ-овқат дўконида ишлайди, деярли ҳар куни ишга бориши керак. Автобус бекатида у бошқа шаҳарликлар билан бирга баъзан автобусни бир неча соат кутади - потенциал ракета таҳдиди бўлса, транспорт ҳам тўхтайди. Январь ойидан бери Белгороддаги баъзи бекатлар одамларни ўқдан ҳимоя қилиш учун қум қоплари ва бетон блоклар билан қопланган.

Ксения ўлим хавфи остида ишлашга мажбур бўлаётганидан жуда хавотирда. Савдо марказлари ва бошқа жамоат жойларига тез-тез снарядлар тушиши унинг хавотирини янада кучайтирди. Масалан, февраль ойида Плеханов кўчасидаги савдо марказига келганларнинг айримлари ўлди. "Ҳеч ким дўконга нима учиб келишига қизиқмайди, - дейди у. - Ракета таҳдиди туфайли яқин атрофдаги дўконлар бир неча соат олдин ёпилади ёки умуман очилмайди, лекин бизда ўлсанг ўл, лекин ишла."

Белгородликлар ҳукумат ва бошқа россияликлар эътиборини ўз аҳволларига қаратишга қандай уринмоқда

NIKOLAI GYNGAZOV/TASS

Сурат манбаси, NIKOLAI GYNGAZOV/TASS

Белгород аҳолиси таъкидлашича, Россия ҳудудида икки йилдан буён уруш давом этмоқда - минтақани биринчи ўққа тутиш 2022 йил баҳорида бошланган. Биз Россия ҳукумати ўзининг "янги ҳудуди" деб ҳисоблаган ҳудудлар ҳақида эмас, балки чегара ҳудудлари ҳақида гапиряпмиз. Маҳаллий аҳоли айтишича, Белгород вилояти янгиликлари қолган россияликларни қизиқтирмайди.

Би-би-си суҳбатдошлари айтишича, бу уруш йилларида Белгород ва вилоятнинг кўплаб аҳолиси руҳий ҳолати кескин ўзгарган.

Шундай қилиб, Дмитрий ва София тахминан олти ой олдин антидепрессантларни қабул қилишни бошлади. Дмитрийга ўртача клиник депрессия ташхиси қўйилган. "Бу мен учун жуда ғайриодатий, - дейди у. - Мен бутун умрим давомида жуда фаол бўлганман, муаммоларим бор - уларни ечаман. Кейин фикрларим тўзғиб кетаётганини пайқадим. Шунақа аҳвол. Орзуларми? Нима у орзу? Келажакни режалаштиришми? Эртага нима бўлиши номаълум."

Дмитрий айтишича, унинг Белгородда доимий яшаган, асли Луганск вилоятидан бўлган таниши яқинда ўз юртига қайтиб кетган ва у ер ҳозир тинчроқ деб ишоняпти.

Полинанинг таъкидлашича, баъзи белгородликлар аллақачон отишмаларга ўрганиб қолишди, аммо у кўника олмаяпти. "Менда жуда қаттиқ ваҳима пайдо бўлди. Ҳар сафар навбатдаги ҳужумдан кейин титрайман - даҳшатли товушлар, портлашлар эшитилади, - дейди у. - Ҳатто деразасиз ҳаммомда ҳам деворлар силкиниб, ҳамма нарса ғувиллаб туради. Ҳаммаси ёнгинангизда бўлаётгандек, аммо кейинроқ у шаҳарнинг бутунлай бошқа ҳудудига тушган бўлиб чиқади.

Елизаветанинг айтишича, унинг кўплаб дўстлари ҳозир "бузилмас хотиржамликни" ҳис қилмоқда: ҳужумлар қанчалик тез-тез бўлса, улар шунчалик хотиржам бўлиб туюлади.

PAVEL KOLYADIN/TASS

Сурат манбаси, PAVEL KOLYADIN/TASS

"Бу ҳақиқатан ҳам ҳимоя механизми, - деб тушунтиради у. - Шунчалик кўп ваҳимага тушасизки, даҳшатли вазият юзага келганда, бошқа тушмай қўясиз, энди хотиржамсиз. Аммо биз бошдан кечирган ҳамма нарса ҳам ўзини намоён қилгани йўқ. Кеча [20 март] тинчроқ эди, атиги эрталабки ҳужум ва мен қанчалик кўп ҳис-туйғуларни бошдан кечирдим, қанчалик ғазабландим, сиқила бошладим, уришдим, лекин асл сабаб нима эканлигини англадим. Биз бир неча ойдан бери яшаётган бундай қийин вазият ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Мен жуда қўрқаман, ҳаётингиз ва соғлигингиз, яқинларингиз учун қўрқиш нормал ҳол.

Сўнгги уч ойда Би-би-си мухбири гаплашган Белгород ва минтақанинг барча аҳолиси кетиш ҳақида ўйлашган. Дмитрий ва София ҳозир кекса қариндошларига кўчиб ўтишга ёрдам беришмоқда, кейин эса ўзлари ҳаракатга тушади.

Анастасия бир неча ойдан бери кетишни хоҳлайди, аммо бунга қурби етмайди. Кузда ўз ҳаётидан шунчалик хавотирлана бошладики, у ишни ташлади, магистратурага университетга бормай қўйди. У яшайдиган қишлоқ деярли чегарада жойлашган, энг яқин автобус бекати очиқ майдонда ярим соатлик пиёда йўл бўлиб, иш жойида ҳеч қандай ҳимоя чоралари кўрилмаган.

Деярли олти ой у уйдан чиқмасликка ҳаракат қилди, аммо янги иш топа олмади, гарчи бунинг учун у қўрқувини енгиб бўлса ҳам, уйни тарк этишга тайёр. Ҳозир у яқин атрофда жойлашган хусусий клиникадаги бўш иш ўрни ҳақида жавоб кутмоқда. У аллақачон стажировкага қабул қилинган эди, аммо ҳужумлар кучайгани сабабли иш бошлай олмади.

Анастасия иш берувчи билан ёзишмалар скриншотларини кўрсатди, у ҳақиқатан ҳам бу бўш иш ўрнигааётганини ёзган. Улар имкон туғилганда маълум қилишларини айтишган. Агар Анастасия бу ишга ёлланса, у соатига 130 рубль олади. Бу унга ҳам мос келади, чунки ҳозир унга фақат отаси ёрдам бермоқда, у Белгородда 23 минг рубль маош учун қўриқчи бўлиб ишлайди.

"Ишсизлик, пулсизлик, оддийгина озиқ-овқат учун олинган кредитларим. Қўрқяпман, тез орада ейишга ҳам ҳеч нарса қолмайди ", дейди у ўз аҳволи ҳақида. У хавфсиз жойга кетишни истайман, аммо имконим йўқ дейди.

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

"Белгородликларда хавфсизлик, кетишингиз ва ҳаммаси яхши бўлишига ишонч берадиган бирор ёрдам йўқ, - дейди Юлия. - Биз аслида қочқинмиз, нега улар бизга моддий ёрдам бермайди, янги жойларда иш билан таъминлай олмайди? Ҳозир нима қилиш кераклиги умуман аниқ эмас - дўстларим ва танишлар орқали ўзим учун хавфсизлик ёстиқчасини яратишга ҳаракат қиляпман, лекин буни қилиш жуда қийин."

Юлия, бошқа кўплаб белгородликлар сингари, Би-би-си билан суҳбатда, "ташлаб қўйилганлик ҳисси" ҳақида гапиради. "Москваликлар ва умуман, бошқа шаҳарлар аҳолиси Белгород Россия эканлигини билишмайди, бизни ҳақиқатан ҳам шундай ўққа тутишаётгани ҳақида сўраб ўтиришади", дейди у.

"Менга шундай ёзишади: "Икки омборингиз бузилибди, шунга ваҳима ва хавотирдасиз». Жабрланганлар, ярадорлар, болалар-чи… улар менга қанақадир омборчалар ҳақида ёзишади, - дейди Дарина. - Ахборот гумбази яратилгандек туюлади: биз мана шу гумбаз ичидамиз, бизда жараён кечмоқда, унинг ортида эса эски ҳаётини яшаётган дунё турибди. Уруш, дард кимга қизиқ, шаҳримиз кимга қизиқ?".

Белгородликлар яқинда Биринчи каналнинг ижтимоий тармоқларини ана шундай саволлар билан тўлдиришди. Улар ўққа тутилгани ва вилоят аҳолиси нималарни бошидан кечираётгани ҳақида батафсил хабар беришларини талаб қилишди. Ушбу нашрлардаги энг машҳур хештеглардан бири бу #БелгородэтоРоссия.

Бунга жавобан "Биринчи канал янгиликлари" гуруҳи «ВКонтакте»даги постлари остидаги изоҳларни ёпди. 12 мартдан бери минтақада ўлим ҳолатлари ҳақида хабарлар келиб тушмоқда, аммо Биринчи канал янгиликлари ҳужумлар кўлами ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас, улар асосан маҳаллий аҳолига алоқадор саҳифаларда ёзилади. Минтақанинг ўққа тутилаётгани ҳақида хабар бериш ўрнига улар "Россияга қарши санкциялар Қўшма Штатларнинг бутун дунё олдида обрўсига путур етказмоқда" ва "ХХРда кенг тарқалган Масленица байрами" ҳақидаги ҳикояларни беришади.

Илгари Белгород «ВКонтакте» фойдаланувчилари Биринчи канал эътиборини Шебекинонинг ўққа тутилишига қаратишга ҳаракат қилиб, #ШебекиноЭтоРоссия хештегини оммалатишган эди. «Пепел» нашри таъкидлашича, натижада Биринчи канал Шебекино исмли шарҳларни автоматик равишда ўчириб ташлаган - спам фильтрларига «Шебекино» сўзини қўшди. Шаҳар номини нотўғри ёзсангиз, шарҳ қолади.

Хафагарчилик ва ғазабланиш ҳисси деярли ҳар бир йирик шаҳар жамоатчилигида, «ВКонтакте» ёки маҳаллий Telegram каналларидаги постлар остидаги муҳокамаларда сезилади. Белгород ўққа тутилаётган вақтда Москвада бўлиб ўтаётган турли байрамлар ва кўнгилочар тадбирлар одамларда алоҳида ғазаб уйғотмоқда.

"Бизнинг минтақамизда ҳеч қачон марҳумлар учун мотам эълон қилинмаган - 30 декабрь куни 25 киши ҳалок бўлган ҳужумдан кейин ҳам, 7 киши ҳалок бўлган 15 февралдан кейин ҳам, бу ҳафта ҳам, - дейди Полина. - Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда одамлар Москвадан байрам хабарларини кўришади - иккинчиси Қрим шарафига бағишланган концертга бағишланган. Кейин биз "Қрим сизники, Белгород эса кимники?" деган савол билан тред яратдик.

"Белгород шундай ўққа тутилиб, одамлар ҳалок бўлаётган бир пайтда Қизил майдонда қандай қилиб концерт ўтказиш мумкин? - дейди София. - 2022 йилда Шебекино ўққа тутилиши бошланганидан бери одамлар ғазабда. Бу, айниқса, кексалар, маҳаллий аҳоли орасида кучли - улар ғазабда, нега ҳеч ким минтақа ҳақида қайғурмайди, нега бизга ҳеч ким ёрдам бермайди?

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002